Дўстлашдингми – ишон. Сенека мактублари шарҳи


Сақлаш
16:51 / 11.03.2026 12 0

Сенека Луцилийга салом йўллайди!

Менга аталган мактубларни дўстинг орқали юборганингни ёзиб, билганларим ҳақида у ила баҳам кўрмаслигимни сўраб, огоҳлантиргансан, зотан сенинг ҳам бошқаларга нисбатан бундай йўл тутиш одатинг йўқ. Шундай қилиб сен, бир мактубнинг ўзида уни ҳам дўстинг деб тан оласан, ҳам тан олмайсан. Агар сен худди сайловда барча номзодларни "мард эр кишилар" деб атаганимиздек ёки учраган одамнинг исмини эслай олмаганимизда "жаноб" деб мурожаат қилганимиздек, дўст сўзини одатий (расмий) ибора сифатида ишлатиб, "дўст" деб атаган бўлсанг, майли зиёни йўқ.

 

Агар сен кимнидир дўст деб билсанг-у, аммо унга ўзингга ишонгандек ишонмасанг, адашаяпсан ва ҳақиқий дўстликнинг моҳиятини англаб етмагансан. Ҳар қандай масалани дўст ила таҳлил қилишга интил, лекин аввало дўстингни яхшилаб таҳлилдан ўтказ. Дўстлашишдан олдин – ҳукм қил, дўстлашдингми - ишон. "Ҳукм чиқаргандан сўнг севиш ўрнига, севиб, кейин ҳукм чиқарадиган" инсонлар Феофрастнинг (юқорида тилга олинган) ўгитига зид иш тутиб, нимани олдин, нимани эса кейин қилиш кераклигини чалкаштириб юборадилар. У ёки бу киши билан дўст бўлиш тўғри-нотўғрилиги ҳақида узоқ ўйла, аммо қарор қилдингми, дўстингни бутун қалбинг билан қабул қил ва у билан худди ўзинг билан гаплашаётганингдек – дадил сўзлаш.

 

Шундай яшагинки, душмандан яшириш талаб этиладиган айбларинг борлигини ўзингга ҳам тан олишга тўғри келмасин (яширадиган, виждонга оғир ботадиган шарафсиз иш қилма). Аммо, нима бўлганда ҳам, ҳар бир инсонда яшириб юриладиган нарсалар бўлади, шундай ҳолда бор ташвишинг, барча фикрларингни фақат дўстинг билангина баҳам кўр. Уни содиқ деб билар экансан – содиқ ҳам қиласан. Кўпинча алдовдан қўрқиб алдовга ўргатишади ва шубҳа-гумонлар билан хиёнаткор бўлишга ҳуқуқ беришади. Нега мен дўстим ҳузурида у ёки бу сўзларни айта олмайман? Нега унинг олдида ўзимни ўзим билан ёлғиз қолгандек ҳис қилмаслигим керак?

 

Баъзилар фақат дўстга айтиш мумкин бўлган нарсаларни дуч келган одамга сўзлаб беришади, ким бўлса бўлсин – эшитувчи топилса бас, ичида тўпланиб қолган ҳамма гапни тўкиб солади. Бошқалар эса ҳатто энг яқинлари ҳам улар ҳақида бирор нарса билишидан чўчишади; булар иложини қилса ўзларига ҳам ишонмасди, шунинг учун ҳам ҳамма нарсани ичида маҳкам сақлашади. Бу икки ҳолатда бўлиш ҳам тўғри эмас: ахир, дуч келганга ишониш ҳам, мутлақ ҳеч кимга ишонмаслик ҳам нуқсон-ку, фақат мен айтардимки, биринчи нуқсон олижаноброқ, иккинчиси эса хавфсизроқ.

 

Худди шундай, доимо хавотирда юрадиганлар ҳам, ҳамиша хотиржам қоладиганлар ҳам маломатга лойиқдир. Чунки бекорчи югур-югурга берилиш фаол руҳнинг эмас, балки узлуксиз ҳаяжонланишда қийналаётган қалбнинг белгисидир. Шунингдек, ҳар қандай ҳаракатни оғир деб билиш одати ҳам осойишталик эмас, балки эркаланганлик ва шалвираш аломатидир.

 

Шунинг учун Помпониядан ўқиган сўзларимни қалбингда асра: «Баъзилар зулматга шунчалик чуқур ботишганки, ёруғликка чўмган нарсаларни ҳам хира кўришади». Ҳар нарса уйғунликда бўлиши лозим: осойишталикни ёқтирувчи одам ҳам фаоллик кўрсатиши, серҳаракат одам ҳам осойишта бўла олиши керак. Табиатдан маслаҳат сўра: у сенга кун ва тунни яратганини айтади.

Саломат бўл.

 

ШАРҲ

Учинчи мактубда Сенека ахлоқ фалсафасида муҳим бўлган тушунча – дўстликни мафкуравий эмас, балки ахлоқий мезон сифатида таҳлил қилади. Сенека мактубни Луцилийнинг бир қарашда майдадек туюладиган, аммо мазмунан жиддий иккиланишидан бошлайди: у дўст деб атаган инсонига тўлиқ ишонмайди. Бу ҳол замонавий (ҳар қандай даврга хос) ахлоқий иккиюзламачиликни фош қилиш учун қулай мисол. Сенека шу ерда нозик фарқни кўрсатади: “дўст” сўзи икки хил маънода қўлланади. Биринчиси, ижтимоий-расмий бўлиб, бунда “дўст” дейиш аслида ҳеч қандай ички яқинликни англатмайди. Худди сайловларда барча номзодларни “мард эр кишилар” деб аташдек гап. Бу мулоқот одоби, холос. Бу ерда дўстлик йўқ, фақат тил одати бор. Иккинчиси эса ахлоқий, маънавий дўстлик. Бундай дўстликда фикрлар очиқ ва ҳолис бўлади, чунки бу муносабат манфаат ёки эҳтиётлиликка эмас, ишончга қурилади. Шу сабаб Сенека учун “дўст” дея туриб, унга тўлиқ очилмаслик – ички зиддиятдир. Мактубдаги муҳим фалсафий нуқта шундаки: дўстликни эҳтиёткорлик билан алмаштириб бўлмайди. Агар инсонни дўст деб тан олсанг, ундан ҳадиксирамайсан; агар ҳадиксираётган бўлсанг, демак, у ҳали дўст эмас. Сенека бу ерда мутлақ ишончни эмас, балки ахлоқий изчилликни талаб қилади: кимни дўст деб билсанг, унга нисбатан шубҳани тўхтат.

 

Бу фикр стоицизм ахлоқнинг марказий тамойилига боғланади: инсон аввало ўзи билан ростгўй бўлиши керак. Агар инсон дўстликни ном учун ишлатса, у аслида ўз тилини ҳам, муносабатини ҳам арзонлаштиради. Натижада жамиятда “дўст” деган сўз қолади, лекин дўстликнинг ўзи йўқолади. Шу маънода, Сенека Луцилийни айбламайди, балки уни фикрлашга мажбур қилади: сен бу одамни чиндан дўст деб билдингми ёки шунчаки одоб юзасидан шундай атадингми? Агар иккинчи ҳолат бўлса, бу айб эмас. Лекин биринчи ҳолат бўлса, унда ҳадиксирашни тўхтатиш лозим. Чунки ҳақиқий дўстлик ярим ишончни кўтармайди. Сенека дўстликни ҳиссий яқинлик эмас, ахлоқий қарор сифатида кўради. Дўстлик – кимнидир “дўст” деб аташмас, балки у билан ўзингни яширмасдан тутишдир. Агар киши бунга тайёр бўлмаса, у ҳали дўст орттирмаган, фақат сўз ишлатган бўлади.

 

Сенека фикрни қаттиқ оҳанг билан бошлайди: агар сен кимнидир дўст деб билсанг-у, аммо унга ўзингга ишонгандек ишонмасанг, адашяпсан. Бу ерда у дўстликни оддий яқинлик, суҳбатдошлик ёки манфаатли алоқа сифатида қабул қилишни рад этади. Дўстлик бу инсоннинг иккинчи “мен”идир. Шу сабабли дўстликда ярим ишонч бўлиши мумкин эмас: ишонч бор ёки дўстлик йўқ.

 

Шу нуқтадан келиб чиқиб, Сенека дўстликни икки босқичга ажратади. Биринчи босқич – ҳукм қилиш, яъни дўст танлашдан олдин уни синчковлик билан баҳолаш. Бу ерда “ҳукм” деганда айблаш ёки шубҳа эмас, балки ахлоқий синов назарда тутилади: бу инсоннинг характери қандай, у ростгўйми, барқарорми, қийин пайтда қандай йўл тутади? Стоикча айтганда, дўст танлашда шошилиш – ўз ҳаётини хавф остига қўйишдир. Иккинчи босқич – ишонч. Агар инсон дўст сифатида қабул қилинган бўлса, ҳадиксираш тугаши керак. Сенека шу ерда қатъий қоида қўяди: “дўстлашдингми – ишон”. Чунки дўстликда доимий синов ва шубҳа қолса, у муносабатни емириб юборади. Бу ҳолатда муносабат ахлоқий эмас, қандайдир ҳисоб-китобга айланиб кетади.

 

Матнда Феофрастга ишора қилиниши бежиз эмас. Феофраст “олдин ҳукм қилиб, кейин севиш” қоидасини таклиф қилган. Сенека эса уни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва тескари йўл тутувчиларни танқид қилади: яъни аввал севиб, кейин ҳукм чиқарадиганлар нимани аввал, нимани кейин қилиш кераклигини адаштириб юборадилар. Бу муҳим фикр: ҳиссиёт билан бошланган муносабат кўпинча ақлни сукутга михлайди, кейин эса кеч бўлади. Сенека дўстликни шошилинч қарор сифатида эмас, балки узоқ ўйланган ахлоқий танлов сифатида кўради. У ёки бу киши билан дўст бўлиш тўғри ёки нотўғри экани ҳақида узоқ ўйлаш керак, дейди у. Лекин қарор қабул қилингач, иккиланиш тугаши лозим.

 

Бу ерда дўстликнинг энг юксак таърифи берилади: дўст билан суҳбат – ўзинг билан суҳбат. Бу нафақат сирлаша олиш, балки фикрни яширмаслик, ўзингни ниқобламаслик, қалбни ҳимоя ҳолатида ушламаслик демакдир. Стоик нуқтаи назарда, инсон фақат ана шундай муносабатда ахлоқий камолотга яқинлаша олади. Сенека дўстлик этикасини аниқ белгилайди: дўстликдан олдин – ақл; дўстликда – тўлиқ ишонч; дўстлик ичида – ниқобсиз ростгўйлик.

 

Агар бу тартиб бузилса, дўстлик ё ҳиссиёт ёки эҳтиёткорлик қурбонига айланади. Сенека эса инсонни ҳар иккаласидан ҳам озод қилиб, дўстликни ахлоқий жасорат даражасига кўтаради. Сенека фикрига кўра, шундай яшагинки, душмандан яширишга тўғри келадиган айбларингни ҳатто ўзингга ҳам тан олишга мажбур бўлма. Бу ерда гап эҳтиёткорлик ёки обрў ҳақида эмас. Гап ички поклик ҳақида.

 

Лекин Сенека ердан узилмайди. У инсон табиатини тан олади: “барибир одамларда яшириб юриладиган нарсалар бўлар экан”. Шу ерда у иккинчи, жуда нозик ахлоқий қоидани қўяди: агар инсонда айтилмайдиган ташвишлар, оғир фикрлар бўлса, уларни бутунлай ичида сақлаш эмас, балки фақат дўст билан бўлишиш керак. Чунки инсон ёлғиз қолганда оғирлик чуқурлашади, дўст билан бўлишилганда эса у маънавий тартибга тушади. Сенека дўстликка фаол ахлоқий вазифа юклайди: сен кимни содиқ деб билсанг, унга содиқлик билан муомала қил. Яъни ишонч заиф кутиш эмас, балки фаол қарордир. Агар сен дўстга доимий шубҳа билан қарасанг, уни эҳтиёткорлик билан “синовда ушлаб турсанг”, охир-оқибат муносабатни бузасан. Шу маънода Сенека руҳий тизимни очади: кўпинча одамлар алдовдан қўрқиб, ўзлари алдов муҳитини яратиб қўяди. Шубҳа хиёнат учун рухсатнома вазифасини бажаради.

Охирги саволлар эса бутун мактубнинг чўққисидир: нега мен дўстим ҳузурида айрим сўзларни айта олмаслигим керак? Нега унинг олдида ўзимни ўзим билан ёлғиз қолгандек ҳис қилмайман? Бу ерда дўстликнинг юксак таърифи берилади: дўст давраси инсоннинг ниқобсиз қола биладиган макони. Агар дўст ҳузурида ҳам инсон ўзини назорат қилиб, гапини ўлчаб, қалбини беркитиб ўтирса, у муносабат дўстлик эмас, ижтимоий рол ўйнашдир. Сенека уч босқичли ахлоқий талаб қўяди: ўз олдингда рост бўл – айб билан яшама; дўст олдида очиқ бўл – ташвишни ёлғиз кўтарма; ишончни ҳимоя қил – шубҳа билан муносабатни емирма. Шу маънода, Сенека учун дўстлик – инсоннинг виждони текшириладиган жой. Ким дўст ҳузурида ҳам ўзини ёлғиз қолгандек ҳис қила олмаса, у ҳали на дўст орттирган, на ўзи билан рост бўлишни ўрганган бўлади.

 

Мактубда дўстлик, ишонч ва ички тартиб фалсафаси янада нозик руҳий даражага олиб чиқилади. У ерда Сенека инсон табиатининг икки оғиши – чексиз очиқлик ва мутлақ беркитилганликни бир вақтнинг ўзида танқид қилади. Сенека аввало биринчи тоифани тасвирлайди: баъзилар учун сир деган нарса йўқ. Улар фақат дўстга айтиш мумкин бўлган гапларни ҳам дуч келган одамга сўзлаб ташлайдилар. Бу ерда гап ички тартибнинг йўқлиги ҳақида кетяпти. Бундай инсон учун эшитувчи ким экани муҳим эмас; муҳими – ичида тўпланганни тўкиб солиш. Унда дўстлик мезони ҳам, ишонч чегараси ҳам йўқ. Шу маънода, у гўё очиқдек туюлади, аслида у ўз гапининг қийматини билмайди. Иккинчи тоифа эса бутунлай қарши қутбда жойлашган. Бу одамлар ҳатто энг яқинларидан ҳам қўрқадилар, ўзлари ҳақида бирор нарса билишидан чўчишади. Улар иложи бўлса, ўзларига ҳам ишонмас эдилар. Шунинг учун ҳам барча фикр ва ташвишларни ичида маҳкам сақлайдилар. Бу ерда Сенека инсон бошқаларга эмас, ўзига ҳам ишонмай қолганини кўрсатишни ният қилади. Бу ҳолат ташқи жиҳатдан эҳтиёткорликка ўхшайди, аммо ички жиҳатдан у доимий қўрқув ва яккаликка олиб келади. Ҳар икки ҳолат ҳам нуқсондир. Чунки биринчи ҳолда одам ишончни арзонлаштиради, иккинчисида эса ишончни бутунлай йўқ қилади. Биринчиси – ахлоқий тартибсизлик, иккинчиси – руҳий ёпилишдир. Шу билан бирга, Сенека ҳаётий хулоса қилади: агар танлашга тўғри келса, у биринчи нуқсонни олижаноброқ, иккинчисини эса хавфсизроқ деб атайди. Бу жуда муҳим фарқ. Олижаноблик – инсоннинг очиқликка, ишончга мойиллиги; хавфсизлик эса ўзини ҳимоя қилиш истагидир. Биринчи ҳолатда инсон ўзини хавф остига қўяди, лекин у ҳали ҳам инсонлар билан боғланиш истагини сақлаб қолган бўлади. Иккинчи ҳолатда эса инсон ўзини сақлаб қолади, лекин инсоний яқинликдан воз кечади. Ғоя шуки, ҳақиқий дўстлик бу – икки чегара орасидаги ахлоқий мувозанатдир. Инсон ҳаммага ишонмаслиги керак, лекин ҳеч кимга ишонмай яшаш ҳам мумкин эмас.

 

Сенекага кўра, доимо хавотирда, шошқалоқ ҳаракатда юрадиган одам фаол эмас. Унда ҳаракат бор, лекин бу ҳаракат онгли мақсаддан эмас, ички изтиробдан келиб чиқади. Бекорчи югур-югурлар иродали фаолликмас, балки қалбнинг тинчлана олмаётганидан далолат. Бундай инсон ҳаракат орқали ўз қўрқувини, бўшлигини ёки ички тартибсизлигини босмоқчи бўлади. Шу маънода, шошқалоқлик – куч белгиси эмас, балки руҳий чарчоқ аломатидир. Лекин Сенека иккинчи қутбни ҳам кескин рад этади. Ҳар қандай ҳаракатни оғир деб билиш, “осойишталик” ниқоби остида ҳаракатдан қочиш ҳам ҳақиқий хотиржамлик эмас. Бу эркаланганлик, шалвираш, ҳаёт юкини кўтаришга тайёр эмасликдир. Яъни сукунат ҳам, агар у иродадан эмас, қочишдан туғилса, фазилатга айланмайди.

 

Шу тариқа, асосий хато – ҳаракатни ёки сукунатни мутлақ қадриятга айлантиришдир. Фазилат муайян ҳолатда эмас, балки улар ўртасидаги тўғри нисбатда. Шунинг учун у Помпонийдан иқтибос келтиради: “Баъзилар зулматга шунчалик чуқур ботишганки, ёруғликка чўмган нарсаларни ҳам хира кўришади”. Инсон бир ҳолатга ҳаддан ортиқ кўникиб қолса, у ҳаракат бўладими ёки сукунат, бошқа ҳолатни тўғри баҳолай олмайди. Зулматга кўникиб қолган одам учун ёруғлик кўзни қамаштирувчи хираликдай туюлади. Худди шундай, доимий безовталикда яшаган инсон осойишталикни ялқовлик деб ўйлайди; доимий сукутга ўрганган одам эса фаолликни безовталик деб қабул қилади.

 

Сенека шу ерда табиатга мурожаат қилишни таклиф қилади. Бу муҳим, стоиклар учун табиат – ахлоқий муаллим. Табиат бизга кун ва тунни яратганини кўрсатади. Яъни ҳаётнинг ўзи ҳаракат ва дам олиш, фаоллик ва осойишталикдан иборат мувозанатдир. Бу ритм бузилса, ҳаёт ҳам бузилади. Шу маънода, ҳақиқий донишмандлик шундай таърифланади: осойишталикни севувчи инсон фаоллик кўрсата олиши керак; серҳаракат инсон эса осойишта бўла билиши шарт. Бу иккаласи бир-бирига қарши эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи ҳолатлардир.

 

Ҳамид СОДИҚ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 31880
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//