У ҳар куни дўстлари билан инглизча сўзлашади, TikTokʼда корейс стилидаги либосларда рақс тушади, турк таомлари жону дили. Аммо шу билан бирга унга миллий либос кийиш эриш туйилади, халқона оҳангдаги қўшиқдан уялади. У ғарбча ҳаёт тарзи ва ўзбекона қадриятлар ўртасида сарсон бўлаётган, ўзини топа олмаётган, «Қайси томонда туриш керак?» деган савол билан яшаётган авлод. Уни доим бир нарса ўйлантиради: «Агар мен замонавий бўлсам, миллатга хиёнат қилаётган бўламанми?» ёки «Миллийлигимни сақлаб, замонавий жамиятда ўз ўрнимни топа оламанми?»
Хуллас, миллийлик ва замонавийлик ўртасида мувозанат топиш бугунги авлод учун оддий танлов эмас, балки доимий ички тортишувдир. Улар ким бўлишни истайди? Замонавий дунёга мос, лекин миллий илдизлардан узилмаган шахсми? Ёки глобал стандартларга тўлиқ мослашган, бироқ ўзлигини йўқотган инсонми?
Психолог ва маданиятшунослар бу ҳолатни «идентитет конфликт» деб аташади. Бу инсон ўзини турли маданиятлар, қадриятлар ва жамият талаблари ўртасида ўзлиги йўқолаётгандек ҳис қиладиган жараён.
Психолог Абдурашид Маматқулов бу ҳолни идентитет инқирози деб таърифларкан, «Ўзини тан олмаган, танимаган ёки тан олишдан уялганнинг қадр-қиммати йўқолади. Айнан шунинг учун ҳам кўпчилик ёшлар ўз шахсиятини хорижий маданиятлар орқали ясамоқчи бўлади. Бунда эса ички мувозанат йўқолади, шубҳа, руҳий беқарорлик кучаяди», дейди.
Бу жараён нафақат ўзлик инқирозига, балки умумий авлод ишончсизлигига олиб бориши мумкин. Ўзбеклигидан уяла бошлаган, илдизини фақат байрамлардагина эслайдиган, бироқ уни ички қадрият сифатида қабул қилолмаётган ёшларнинг руҳий дунёси тобора икки йўлдан бирини танлашга мажбур бўлмоқда: ё ўзини рад этади ё ўзлигини йўқотади. Бу беқарорлик нафақат шахсий, балки авлодлараро алоқа, ота-она ва фарзанд ўртасидаги узилиш, мураккаб тушунмовчиликларни келтириб чиқаряпти. «Биз сенларни шундай тарбиялагандикми?», дея норозилик билдираётган ота-оналарнинг қаршисида ёшлар «дунё ўзгарди, сизлар тушунмайсизлар», деб турибди. Ачинарлиси эса бу жарлик тобора кенгаймоқда.
Замонавийлик ва миллийлик қарама-қарши тушунчалар эмас
Бошқа томонда айрим ёшлар миллий қадриятлар билан замонавий дунё ўртасида мувозанатни топишга ҳаракат қиляпти. Бу эса доимий психологик босим, танбеҳлар, яккаланишларга сабаб бўлиши мумкин. Бунда кўпчилик ўзини топиш ўрнига, ёлғизлик, тушкунлик, ҳатто идентитет инқирозига тушиб қолади. Бундай қарама-қаршиликлар нафақат шахсий ҳаётда, балки жамият онгида ҳам парокандалик келтириб чиқаради. Ўзбек жамияти ҳали глобализмга аниқ муносабат билдира олмаган: на тўлиқ рад этмоқда, на тўлиқ қабул қиляпти. Бу эса ёшлар учун аниқ йўналиш бермайди. Уларга «шунақа бўл» дейилган, аммо қандай бўлиши ҳақида тушунча берилмаган. «Замонавий бўл» деган даъватлар Ғарбга ўхшашга ундаш, «миллий бўл» деган талаблар эса қадриятларни мажбуран сақлаб қолиш ҳолатига айланиб қолгандек гўё. Ваҳоланки, бу икки тушунча қарама-қарши эмас. Улар уйғунлашиши, бир-бирини бойитиши мумкин.
«Бир пайтлар менга «сен жуда замонавийсан» дейишганида фахр билан кулардим. Офисда фақат инглизча гапирардим, кенг футболка, ўсган соч имижимга айланганди. Вақтлар ўтди, бир кун уйга қайтиб, жимжит хонага кирганимда ўзимни тамоман бегона ҳис қилдим. Бу мен эмас эдим. Ўзбекча гапиришга қийналадиган даражагача етгандим. Маданий қатламларим бирин-кетин тўкилиб кетаётганини тушундим. Шундан сўнг халқ оғзаки ижоди бўйича лойиҳада ишлашни бошладим. Илк бора мукаммал код ёзиш эмас, балки бир ўзбек эртагини қайта ёзиш мени бахтли қилди. Тушунганим шу бўлдики, замонавий бўлиш учун ғарбга ўхшаш шарт эмас. Ўзингни таниш – энг катта замонавийлик. Мен энди миллийликни ташқаридан эмас, ичдан излаяпман. Бу қийин йўл, лекин чинакам ўзлигимни айнан мана шу йўлда топяпман», – дейди Умиджон Эргашев.
Ирода Комилова эса «Тўғрисини айтсам, миллийлик ҳақида ўйлаш менга аввал бошда бироз қарама-қарши туйғулар берган. Чунки болалигимдан бу сўзга жиддийлик, совуқлик, ҳатто бироз мажбурият сингдирилган эди. Институтда «Замонавийлик ва анъанавийлик» мавзусида мақола ёзишимиз керак бўлиб қолди. Ўша мақолани ёзиш жараёнида биринчи марта ўзимга савол бердим: «Мен ўзлигимни қандай тасаввур қиламан?» Ғарб маданияти, модаси, тили – булар қизиқ, чиройли, аммо улар менга ҳеч қачон «ўзимники»дек туюлмаган. Ўзбекликни эса юрагимда ҳис қиламан, лекин негадир тан олишга бироз уялардим. Энди тушуняпман, миллийлик бу фақат дўппи ёки атлас эмас, бу юрагингдаги тил, оила, ўзингни эслаш. Менимча, биз замонавий бўлишдан олдин ўзимиз бўлишни ўрганишимиз керак», дейди бу борада фикрлари билан бўлишаркан.
Миллийлик замонавийлик бўла олмайдими? Бундай зиддиятли шароитда жамиятнинг ўзи ҳам йўқотганини қайта кашф этиши керак. Миллийликни бугунги контекстда қайта талқин қилмасдан туриб, ёш авлоддан уни тушунишини кутиш ноҳақлик. Биз анъаналарни қадрлашимиз керак, тўғри, лекин уларни эски кўринишда сақлашга мажбурмизми? Аксинча, уларни замонавий контекстда қайта талқин қилиш, ёшлар онгига қизиқарли, эстетик ва амалий шаклда сингдириш керак эмасми? Чунки бугунги авлод визуал фикрлайди, эстетикани қадрлайди.
Балки доира рақсини 3D анимацияда кўриб ҳайратланган, мақомни неофолк услубида тинглаб илҳомланган ёшлар орқалигина биз ўша «йўқолган» маданиятни қайтадан жонлантира олармиз. Шу боис фақат танқид қилиш эмас, балки муқобил вариант яратиш ҳам керак.
Масалан, Ўзбекистон санъатида янги-янги ҳаракатлар кўзга ташланяпти: баъзи ёш рассомлар миниатюра санъатини замонавий поп-арт билан уйғунлаштирмоқда, мусиқа соҳасида мақом оҳанглари билан электрон жанрни синаб кўраётганлар бор, миллий нақшлар билан ишлаб чиқилган «стреэтwэар» брендлар пайдо бўляпти. Бу уринишлар, эҳтимол, ҳали оммавий эмасдир. Аммо улар йўналишни белгилайди. Чунки ёш авлодга ўзлигини фақат таълим орқали эмас, балки маданият, мода, контент орқали ҳис қилдириш керак. У «миллийлик – замонавийликмас» деган стереотипдан воз кечиши учун ўз олдида замонавий миллийликнинг ёрқин мисолларини кўриши керак. Шу маънода, бугун жамиятга ҳам савол бор: «Сиз ёшларга қандай миллийликни кўрсатяпсиз?»
Агар биз улар учун миллийликни фақат мажбурлов, тақиқ ва дидактикага айлантирсак, ёшлар уни рад этади. Бугунги ёш фақат танқид эмас, муқобилга муҳтож. Миллийлик замонавий бўла олмаслиги ҳақидаги стереотипни бузиш учун эса
- замонавий дизайндаги миллий брендлар (кийим, мусиқа, санъат);
- янги авлод ўқитувчилари, блогерлар, санъаткорлар орқали миллийликни қайта талқин қилиш;
- ижтимоий тармоқларда «мен шундайман ва бу замонавий» деган ижобий акс-садо яратиш;
- таълимда миллий идентитетга оид амалий лойиҳаларни жорий этиш лозим.
Чунки ёшлик бу ўзлигини топиш жараёни, аммо бу ўзликни йўқотиш эвазига бўлмаслиги керак. Шу боис энди биз Ғарбга эргашаётган эмас, ўзига эргаштира оладиган ёшлар тарбияси ҳақида ўйлашимиз керак.
Шаҳруза САТТОРОВА
Тарих
Фалсафа
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ