Мўғул империясининг шаклланиш даврида қабилавий иттифоқлар ва оилавий алоқалар салтанатнинг мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутган. Бундай қабилалар орасида қўнғирот (ёки онггират, ҳонгирад) қабиласи – энг нуфузли қабилалардан бири бўлиб, уларнинг аёллари мўғул хонлари оиласининг асосий хотинлари сифатида танилган. Чингизхоннинг онаси Оэлун хотун ва биринчи хотини Борте Фучин ҳам қўнғирот қабиласидан бўлгани бу алоқани янада чуқурлаштирган. Қўнғирот қабиласи аёллари нафақат оилавий, балки сиёсий ва иқтисодий иттифоқларнинг асосий воситаси бўлган. Ушбу мақолада тарихий манбалар асосида қўнғирот қабиласидан бўлган маликалар ва уларнинг фаолияти таҳлил этилади.
Қўнғирот қабиласининг мўғуллар билан алоқалари ва Оэлун хотун
Қўнғирот қабиласи мўғулларнинг шарқий қисмида, ҳозирги Хулун кўли ва Халха дарёси атрофида яшаган. Уларнинг келиб чиқиши қадимги Вуку (Wугу) қабиласига бориб тақалади ва мўғул афсоналаридан «Эргуне Хун» ривоятида мўғуллар билан умумий аждодлик алоқаси тарихи тасвирланади. Қабиланинг субтрибал (субуруғ) тузилиши мураккаб бўлиб, таркибига олхонуд, икирес, горлос ва бошқа гуруҳлар кирган. Тадқиқотларда қўнғиротлар 12 та субтрибал гуруҳларга бўлиниши ҳақида сўз юритилади. Мазкур гуруҳлар орасида олхонуд субтрибаси айниқса муҳим, чунки Чингизхоннинг онаси, хотини ва кўплаб келинлари айни шу гуруҳга алоқадор бўлган.
Чингизхон мансуб хонадоннинг қўнғирот қабиласи билан алоқалари анча аввал бошлангани манбаларда ҳам эслатилади. Жумладан, ХИИ асрда Чингизхоннинг аждодларидан Қобулхон ва унинг авлодлари ҳам қўнғирот аёлларини хотинликка олган. Бу никоҳлар қабилавий урушларни олдини олиш ва ҳарбий иттифоқларни мустаҳкамлаш учун хизмат қилган. Шунингдек, Чингизхоннинг отаси Есугай Баҳодир ҳам қўнғирот қабиласидан бўлган аёлга уйланган. Манбалардаги қайдларга кўра, Есугай Баҳодир қабила сардорининг қизи Оэлун хотунни ўғирлаб кетган ва ўз никоҳига олган. Унинг исми манбаларда турлича ифодаланади. Жумладан, «Мўгулларнинг махфий тарихи» асарида Ҳоэлун-ужин, Жувайнийнинг «Тарихи жаҳонкушой»да Эсужин, Рашидиддинда Оэлун-фужин ва бошқалар. Исмлар орқасидаги учин, ужин, кучин, жин каби сўзлар олиймақом турк-мўғул аёллари исмига қўшилган хитойча сўз бўлиб, туркий «хатун» ёки «хотун» атамалари билан айнан бир хил.
«Мўғулларнинг махфий тарихи» асарида Оэлун хотуннинг шахсий ҳаёти ва фаолиятига доир муҳим маълумотлар бўлиб, унга кўра, маликанинг Есугай баҳодирдан беш нафар фарзанди – тўрт ўғли (Темучин, Жўчи-Хасар, Хачиун, Темуга-отчгин) ва бир қизи (Темулун)) бўлган. «Мўғулларнинг махфий тарихи» ва «Жомеъ ат-таворих» асарларида Оэлун хотуннинг Буту, Олар-гурген, Кунгидай нўён исмли ака-укалари бўлгани, улар кейинчалик Чингизхоннинг яқин сафдошлари сифатида мўғул қўшинида хизмат қилгани ҳақида ҳам сўз юритилган.
Манбалардаги тахминий санага кўра, Оэлун хотун 1140 йилда туғилган. У ўн олти ёшида бу даврнинг йирик қабилаларидан бири бўлган маркит қабиласи сардори Тўхтоа-бекининг укаси Чиледуга унаштирилади. Маркитлар билан Есугай баҳодир хонадони ўртасидаги тўқнашувда янги куёв Чиледу тузоққа тушиб қолиб, Оэлун хотунни ташлаб қочишга мажбур бўлади. Есугай баҳодир Оэлун хотунни ўз қабиласига ўғирлаб келиб, уйланади. Есугай баҳодир йирик қабила етакчиси сифатида катта обрў-эътиборга эга шахс эди. Аммо, у 1171- йилда тўсатдан вафот этгач, қўл остидаги саркардалар ва қабиланинг бошқа раҳбарлари Оэлун хотун ва унинг болаларини ташлаб кетишади. Оэлун бир неча йил мобайнида болалари билан қашшоқликда умр кечиради. У қаттиққўл ва тадбирли она сифатида барча қийинчиликларни енгиб ўтгани «Мўғулларнинг махфий тарихи» асарида кўп ўринларда эслатилади. Манбада таъкидланишича, Оэлун хотун ўзининг фарзандларидан ташқари яна бир нечта асраб олинган ёки Есугай баҳодирнинг бошқа хотинларидан бўлган болаларни ҳам тарбиялаган. Хусусан, уларнинг исмлари Кучу, Кокочу, Борохул, Шиги-Хутуҳу бўлгани манбада қайд этилган. Шунингдек, Оэлун хотуннинг асранди қизи ҳам бўлиб, унинг исми Альтани эди. «Мўғулларнинг махфий тарихи»да Альтани Чингизхоннинг кенжа ўғли Тулининг қутқарувчиси сифатида улуғланади.
Оэлун хотун ўн йил мобайнида Есугай баҳодирдан қолган хонадонни ва унинг ёнида қолган қабила аъзоларини бошқаради. 1280 йиллардан бошлаб Темучин отаси Есугай баҳодирнинг тарқалиб кетган қабиласини қайта бирлаштириш учун майдонга чиқади ва бу йўлда онаси уни доимо қўллаб-қувватлайди. Темучин кейинчалик Оэлун хотуннни Хонхотан қабиласидан Мунлик-эчигега турмушга беради.
Темучиннинг туғилиши ва унинг империя ташкил қилишгача бўлган жараёнлардаги дастаги аёлни бутун империя ҳаётида «Империя онаси» сифатида улуғланишига олиб келади. Шунингдек, Оэлун хотун қўнғирот қабиласи билан Чингизхон оиласи ўртасидаги боғланишларни янада кучайтирган тарихий шахс ҳам ҳисобланади. Қўнғирот қабиласидан ташкил топган ҳарбий гуруҳлар Чингизхоннинг дастлабки ҳарбий ҳаракатларидаёқ уни қўллаб-қувватлаган асосий кучлардан бири экани манбаларда кўп марта эслатилади. Хусусан, 1178 йилда Оэлун хотун қўнғиротларнинг 3000 кишилик отлиқ бўлинмасини ўғлига топширади. Бу бўлинма мўғул армиясининг биринчи «ташқи легиони» сифатида баҳоланади.
1181 йилда Темучин ва онаси бошқарувидаги ҳудудга тойжиут қабиласи бостириб келади. Бу даврда ҳам қабиланинг асосий бошқарувчиси Оэлун хотун бўлгани манбаларда таъкидланади. Жумладан, ал-Умарийнинг «Масолик ал-абсор» асарида Оэлун хотун мўғуллар тарихидаги биринчи расмий ҳукмдор аёл сифатида гавдаланади. Оэлун хотун ўзининг ўн йиллик бошқаруви билан Чингизхон империясида кейинчалик ҳам амал қилган «матриархал регентлик» бошқарувини бошлаб берган тарихий шахс бўлиб, мўғул империясининг «кўринмас архитектори»га айланади. У бошлаб берган мўғул хотунларининг бошқаруви билан боғлиқ ислоҳотлар унинг вафотидан кейин ҳам қўнғирот қабиласининг бошқа вакилалари томонидан давом эттирилган. Шунингдек, Оэлун хотун Темучин ва бошқа фарзандларини бирлаштириб, манбаларда тилга олинган «Беш ўқ» тизимини ташкил қилади. «Беш ўқ» тизими Оэлун хотуннинг барча фарзандларини бирлаштириб, мўғул империясини ташкил қилиш йўлидаги дастлабки ҳаракатларини англатади. 1206 йилда қабул қилинган Чингизхон «Яса»сида келтирилган «беш қанот» қўшини ибораси ҳам «Беш ўқ» тизимига асосланган. Онон дарёси бўйидаги қурултойда ҳам қўнғирот қабиласи янги ташкил топган империянинг асосий қўллаб-қувватловчиларидан бири бўлади. Қурултойда Оэлун хотун фаолияти турк-мўғул қабилаларининг бирлашувида муҳим аҳамият касб этиши эътироф этилган.
Чингизхон ХИИИ аср бошларида парчаланиб бораётган Найман давлати етакчиси Кучлукхонни енггач, найманларни ўғиллари ва яқин қариндошлари ўртасида тақсимлайди. Хусусан, онаси Оэлун хотун ва кичик укаси Отчигинга ўн минг, Жўжига тўққиз минг, Чиғатойга саккиз минг, Ўқтойга беш минг, Тулига беш минг, укалари – Хасарга тўрт минг, Алчигидайга икки минг, Белгутайга минг найманни беради. Мазкур маълумот Чингизхоннинг кейинги йилларда ҳам босиб олган ҳудудларидан онаси Оэлун хотун асосий ҳиссадор бўлганини кўрсатади.
Рашидиддиннинг «Жомеъ ат-таворих» асарида келтирилишича, Оэлун хотун узоқ умр кўрган ва 1220 йилда вафот этган. У Хентий тоғларидаги Бурхи-Холдон деган жойга дафн этилган. Ҳозирги кунда ҳам айни шу жойда «Оэлун-хоним» зиёратгоҳи мавжуд. Унинг вафотидан кейин ҳам узоқ йиллар авлодлари улуғ момосини эъзозлаб келади. Жумладан, Хубилайхон улуғ момоси Оэлун хотунга «Империя онаси» унвонини беради. Оэлун хотун мўғуллар тарихида мазкур унвон билан улуғланган ягона малика ҳисобланади.
Чингизхоннинг қўнғирот хотинлари ва уларнинг роли
Чингизхоннинг оилавий ҳаёти қўнғирот қабиласи билан чамбарчас боғлиқ. Темучиннинг болалигидаёқ унаштирилган биринчи ва асосий хотини – Борте Фучин қўнғирот қабиласи етакчиси Дай Сеченнинг қизи бўлиб, ўша вақтда у 9 ёшда бўлган. «Мўғулларнинг махфий тарихи»га кўра, Есугай баҳодир хотини Оэлун хотуннинг қабиласидан келин олиш учун ёш Темучин билан йўлга чиқади ва ўғлини тоғасининг қизи билан унаштиради. Шундан сўнг келин куёвнинг хонадонига олиб кетилади. Темучин эса бир неча йилга қайнотаси Дай Сечен хонадонида қолдирилади. Аммо, бир муддат ўтиб, Есугай баҳодир тўсатдан вафот этгани сабаб Темучин уйига қайтади. Турмушининг дастлабки йилларида Борте Фучин маркитлар томонидан ўғирланади. Маркит қабиласи буни бир вақтлар Есугай баҳодир томонидан Оэлун хотуннинг ўғирлаб кетилиши учун қасос деб атайди. Темучин хотини Борте Фучинни қутқариш учун керайитлар билан иттифоқ тузади ва маркитлар билан жанг қилиб, ғалаба қозонади. Рашидиддиннинг «Жомеъ ат-таворих» асарида Борте Фучиннинг маркитлар томонидан ўғирлаб кетилишига доир бироз фарқли маълумот келтирилади: маркитлар Борте Фучинни ўғрлаб, Ванхонга жўнатишади. У эса қизни Темучинга қайтариб юборади.
Манбаларда ва тадқиқотларда Чингизхоннинг ҳарами жуда катта бўлгани ҳақида сўз юритилади. Борте Фучин Чингизхоннинг кўплаб бошқа хотинларидан фарқли равишда бутун умри давомида аждодлари яшаган ҳудудларда – Онон ва Керулен бўйларида яшайди ва марказдан туриб давлат бошқарувида ҳам иштирок этади. Чингизхон унга ҳам босиб олинган янги ўлкалардан улуш ажратади. Жумладан, манбаларда татар қабилалари яшаган улкан ҳудудлар Борте Фучинга берилгани ҳақида маълумотлар келтирилади.
Борте Фучин билан Чингизхон никоҳидан империянинг қонуний меросхўрлари, тўрт ўғил – Жўжи, Чиғатой, Ўқтой, Тули, ҳамда беш қиз – Хожин беки, Чечегин, Алагай беки, Темулен, Альталун туғилади. Борте Фучин ҳам қайнонаси Оэлун хотун каби нафақат она, балки ҳукмдорнинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида ҳам танилган ва империянинг ички сиёсатида фаол иштирок этган. Борте Фучин ҳаётининг сўнгги йиллари ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар кузатилмайди. Аммо, айрим тадқиқотларда Борте Фучин империя пойтахтида яшаб, 1221-1224 йиллар оралиғида вафот этгани ҳақида сўз юритилади. Борте Фучин вафотидан анча йиллар ўтиб, унинг набираси Хубилайхон маликага «Нурли император» унвонини беради.
Чингизхоннинг кўп сонли хотинлари орасида Есуй, Қулан каби қўнғирот қабиласидан келган бошқа аёллари ҳам бўлган. Хулоса қилиб айтганда, қўнғирот қабиласи аёллари Мўғул империясининг барқарорлигида ҳал қилувчи роль ўйнаган. Улар нафақат оилавий, балки сиёсий иттифоқларнинг рамзи бўлиб, қабилавий ресурсларни империяга интеграция қилган. Бу анъана кейинчалик, Ўрта Осиё хонликларида ҳам давом этган.
Севинч УЛАШОВА
Алфраганус университети доценти
Адабиёт
Тарих
Тил
Жараён
Жараён
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ