Абаканга борганимизда хакас қардошларнинг исм-фамилияси асосан славян-насронийча эканига ачинган бўлдим. Бугун дунёда атиги 60 минг атрофида хакас борлиги, она тилини билмайдигани ҳам кўплиги, руслашиб кетиш хавфи остида қолгани оғритади одамни. Дабдурустдан ўзимнинг исм-фамилиям форсий-арабий илдизга эгалигини эслаб, ичимда истеҳзоли кулдим.
Исм бу – мавжудлик белгиси.
Исм бу – мафкура.
Исм бу – сир!
Эски инончларда инс-жинслар Сизнинг исмингизни билиб олса, овлоқ жойда чақирганда қарасангиз, руҳингизга эгалик қилади, деб ишонилган. Бугун биз буни хурофот деймиз. Аммо неча асрлардан бери исмимизга эгалик қилиб, руҳимизга-да эгалик қилиб келишмоқда-ку. Мингйиллик форсий адабий, арабий исломий номенклатура ҳукмронлиги шахсан ўзимнинг исм-фамилиямда яққол кўринади. “Жаннат умиди” ва оҳангжамага ўчлигимизни деб исмий сарҳадларимизни тобора бой бериб бордик ва бу ҳануз давом этмоқда.
Туркийларда икки исмлилик қадимдан бор. Бола туғилганида биринчи оти қўйилган, улғайганида эса ўзига ўзи ном орттирган. Синовдан қандай ўтишига қараб. Масалан, Ҳакимбек бобосидан қолган ёйни кўтариб Алпомишга айланганидек. Икки исмлилик анъанаси кейинроқ диний (арабий) ва туркий аталиш билан сақланиб қолган (масалан, темурий шаҳзодаларда). Бора-бора туркий номимиз шунчаки мазахомуз лақабга ўрнини бўшатиб берган.
Ажнабий сўзларга ишқивозлигимиз сабабларидан бири туркий тилларда омонимлик, паронимлик хусусиятлари кучлигига ҳам боғлиқ деб ўйлайман. Бир ёзувчи акамиз ўғлига Билга (донишманд) исмини қўймоқчи бўлганида сингиллари йиғлаган экан: жиянимизни ҳамма “бурга” деб чақирсинми... Таёқнинг бир учи бизнинг билга эмаслигимизга, Билга ҳоқонни омматан танимаслигимизга бориб урилади. (Мана шу ерда ҳам ўз сўзимизни изоҳлаш учун қавс ичида ўзлашма сўзни ёзишга мажбур бўлдим.)
“Келажак соати” дарсига сценарийлар тайёрлаш чоғи ижодкор синглимиз таълимий ҳикоячасини ўқиб берди. Муҳокама қизиди. Муносабат билдириш навбати педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуроновга келди (домлани “Замонамиз Авлонийси”, дейишади, бу эътирофга қўшилиш-қўшилмаслик ҳар кимнинг ўзига тан).
– Яхши, яхши, – деди у салмоқлаб. – Лекин нега салбий образларингиз исми нуқул туркийча, ижобий образларингиз эса фақат ажнабийча аталади?
Сиз асрлар бўйи босқинчилар онгимизга сингдириб ташлаган мафкура босими остида иш тутяпсиз. Энди бунақаси кетмайди! Ҳикоянгиз худди совет филмларига ўхшайди: тубжой аҳоли ёмон, мустамлакачи яхши, деб нуқул пешонамизга ниқтаб турарди. Биз бугун болаларимиз онгига нимани сингдирмоқчимиз?
Яшанг, домла!
Жадидлар учун исм ҳам мафкура майдони эди. Улар яхши тушунган: бадиий асарда ижобий қаҳрамонлар миллий номлар билан аталиши ўзликни мустаҳкамлайди, салбий персонажларга ёт исмлар берилиши ҳам умуммиллий психологияга таъсир қилади (биргина мисол: Отабек, Кумуш, Зайнаб). Жадидлар туркий отларни асарларида ишлатибгина қолмай, ўзларига ва шогирдларига тахаллус қилиб танлаганлар. Бунга ўзликни тиклаш ҳаракатининг муҳим қисми деб қаралган. Бир аср илгари экилган уруғ ҳамон униб чиқмасдан, ер бағрида яширин ётиб биздан парвариш кутмоқда.
Қачон туркий ном кўтарганлар кўпаяди, қачонки масалани жамиятда ижобий маънода дискурсга олиб кирсак. Ўзи қанақа исмлар бизники, Болтавой ва Тешавойдан бошқа, деб куладиганлар ҳамон кўп орамизда. Аввало, бунақаларга мана деб кўрсатиш учун туркий антропонимикани бир ерга жамлашга керак. Илк уринишлар бор. Икки-уч йил илгари Oyina.uz порталида Абдувоҳид Ҳайит, Улуғбек Ҳамдам йиққан рўйхат нашр этилган эди.
Орзу қиламанки, тарихдаги барча туркий номлар тўпланиб, шахслари ҳақида қисқача маълумот берилиб, энсиклопедик манба яратилса. Ким фарзандига исм танламоқчи бўлса, китобни варақлаб, сайтни титкилаб, излаганини топса. Рўйхатдаги киши отларининг ибратли илдизини кўрсатсак, ота-оналарда рағбат уйғонади, болаларга тарбиявий таъсир қилади. Исмлар ўғил-қизларимизни буюк ўтмишимиз билан боғлаб турса...
Қандай исмлар кўпайиб бораётгани жамиятда ўша маданият кучайиб бораётганини англатади. Ўзбекистонда кейинги йилларда эълон қилинган статистик маълумотларга бир кўз ташлаб қўйинг. Кишининг кимлигини, қандай муҳитнинг мевасилигини номи ҳам айтиб туради. Қолаверса, исм-фамилияларимиз орқали дунёга ўзлигимизни танитамиз. Шу маънода болаларимизга от қўйиш мафкуравий масалаки, халқнинг онг остидаги тушунчалар ҳал этади буни.
Кескин қарорлар қабул қилиш, масалан, “исм тозалаш” кампаниясини бошлаш тарафдори эмасман. Ўзбекнинг ўзлиги серқатлам, фақат шу қат-қаватлар орасида туркийлик сиқилиб қолмасин дейман. Бу нега керак? Бир ҳовуч хаёлпараст зиёлиларнинг утопик орзулари рўёбга чиқиши учунми? Йўқ! Жаҳоннинг беқарор геосиёсий майдонида ўйин эмас, ўйинчи бўлишдек реал мақсаднинг миттигина мурвати бу!..
…Тўғри, биз бор-йўғи 60 минг эмасмиз, лекин жон бошига ҳисобланганда аҳволимиз хакаслардан яхшими? Камсонли халқларда ўзликдан узоқлашиш жараёни очиқ кўринади. Бизда эса яширин, аста-секин, лекин кенг миқёсда кечади. Хакаслар “йўқолиб кетмаслик” ҳақида қайғуради – ўзбекнинг эса парвойига келмайди. Чунки кўпмиз-да. Кўплигимиз бизни ҳамиша ҳам ҳимоя қилолмайди. Маданий барқарорлик сон билан эмас, онг билан ўлчанади. Қадимда нуфуси мўл, ўзлиги заиф бўлган халқларни бугун фақат тарих дарсликларида учратиш мумкин.
Мен болаларимга туркий исм қўйдимми?
Ҳар ким ўзига ўзи бериши шарт шу саволни. Энди кеч бўлса, набираларга улгурасиз!
Фаррух ЖАББОРБЕК
Ўхшаш мақолалар: Аттила, Денгиз, Ёмғир, Кўкалп – унутилаётган ўзбекча исмлар
Тарих
Жараён
Тарих
Тил
Тарих
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ