1996 йилнинг 18 октябрида Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Тошкент маркази – буюк саркарда номи билан аталувчи хиёбонда “Темурийлар тарихи музейи” барпо этилган. Орадан 30 йил ўтиб, соҳибқироннинг 690 йиллиги арафасида Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан музей реконструкция қилиниб, хориждан харид қилинган экспонатлар билан бойитилди ва замонавий технологиялар билан янгича қиёфа акс этди.
Амир Темур қабри очилганида музей учун берилган экспонат ва Темурийлар давридаги гендер масалаларининг музейдаги акси — Oyina.uz Темурийлар тарихи музейидаги асосий ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилади.
XIV-XVI асрда ҳукмронлик қилган улуғ сулола тарихи ва маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу музей Ўзбекистон давлат ноёб илмий объектлари рўйхатига киритилган. У ўзида сақлаган тарихий экспонатлардан ташқари, биносининг классик, шарқона ва замонавий меъморчилик услуби билан ҳам алоҳида санъат асари сифатида кўрилади ва Тошкентнинг асосий диққатга сазовор манзилларидан саналади.
Яшил гумбаз остида меҳмонларни Амир Темурнинг туғилганидан то вафотига қадар босиб ўтган ҳаёт йўли, давлат бошқаруви ва бунёдкорлик ишлари акс этган “Буюк соҳибқирон Иккинчи ренессанс асосчиси” номли катта панно-миниатюра қарши олади. Панно мамлакатнинг машҳур миниатюрачи рассомлари томонидан музейнинг марказий зали девори бўйлаб тасвирланиб, унинг ҳар бир бўлимида алоҳида тарих ифодаланади. Аввал бу панно 3 қисмдан иборат бўлган, реконструкция ишлари доирасида улар 12 тага етказилиб, 3 бўлимда Амир Темур, давомида эса унинг авлодлари ҳукмронлиги ва Темурий маликалар тасвирини кўришингиз.
Уч қаватли музей экспозицияларига ёрқин тус бериб турадиган «Зумрад» қандил эса музейнинг деярли рамзига айланган: ташриф буюрувчиларнинг аксарияти, айниқса, хорижлик меҳмонлар айнан шу қандил ва 12 бўлимли панно олдида туриб, суратга тушишади. 500 та ёритгични жамлаган биллур қандилнинг оғирлиги икки тоннадан ошиқлигининг ўзи унинг нақадар муҳташамлигини билдиради.
Тарихни улуғвор ҳашамат ва замонавий технологиялар билан уйғунлаштирган мазкур музей меҳмонларининг аксариятини ёшлар ташкил этади. 9 апрель куни музей реконструкциядан кейин қайта очилгач, 3 кун очиқ эшиклар куни ўтказилди. Шу кунларнинг ўзидаёқ меҳмонлар сони 10 мингга етган ва уларнинг аксар қисмини ёшлар ҳамда хорижликлар ташкил қилган.
“Музей реконструкциясида кўпроқ рақамлаштиришга эътибор қаратилди. Хусусан, 3D экспонатлар, сунъий интеллект, монитор, интерактив-киоск, лэд-экран, проекция ва иннерсив шоу каби инновацион технологияларнинг жорий қилиниши келадиган ёшлар оқимини кўпайтирди”, – дейди музейнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Шаҳноза Миралиева.
Аслида, музейнинг марказий жойлашуви ва таълим масканларига яқинлиги ҳам ёшларнинг узлуксиз ташрифини таъминлаши табиий. Бундан ташқари, қонунчиликка кўра, 18 ёшгача бўлган болалар учун давлат музейларига бепул кириш тартиби белгиланган. Яна баъзи таълим муассасаларида ёшларга маданият ва тарихни тарғиб қилиш, уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш мақсадида давлат музейлари, тарихий обидалар ва театрларга режали ва тизимли ташрифлар жадвали жорий этилган.
Бироқ уларнинг айни дамдаги ташрифи бу режалар билан боғлиқ эмас.
“Иш графигига кўра, музей соат 18:00 да ёпилади. Лекин бу вақтдан ўтиб ҳам ёшлар эшик олдида “киритиб юборинг, очиб беринг” деб сўрашади. Агар мажбурий бўлганида иш вақти тугаганини билиб, бажонидил ортга қайтардилар. Бундан ташқари, бизга ҳали-ҳануз доимий қўнғироқлар бўлиб, музей реконструкциядан кейин очилган ёки йўқлигини сўрашяпти”, – дейди музей мутахассиси.
Бунга қадар маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчилар орасида ёшлар озчиликни ташкил қилган. 2025 йилда музейга қарийб 200 минг нафар меҳмон ташриф буюрган бўлса, уларнинг аксарияти сайёҳлар бўлган.
Амир Темурнинг 690 йиллиги муносабати билан Ислом цивилизацияси марказида халқаро конференция ўтказилди. 200 нафардан ортиқ иштирокчи тадбирнинг давоми сифатида янгиланган музейга эксперт сифатида баҳо ва хулоса бериш учун ташриф буюрди. Шу тариқа, музей қайта очилганидан кейин энг кўп меҳмонларни 9 апрел санасида қарши олди.
Шаҳноза Миралиеванинг таъкидлашича, музей фондида 7000 дан ортиқ экспонат сақланади. Лекин уларнинг барчасини экспозицияларга жойлаш имкони йўқ, фақат мингдан ортиғигина кўргазма учун намойиш этилади.
Музей меҳмонлари орасида энг кўп Амир Темурнинг шахсан ўзига тегишли экспонат ҳақида сўралади. Бундай экспонат айни дамда унинг қош толалари саналади.
Бундан 85 йил аввал – 1941 йилда собиқ Совет иттифоқи олимларидан иборат гуруҳ Амир Темур қабрини аниқлаш ва Ўрта асрларда яшаб, фаолият юритган Темурийлар сулоласини илмий асосда текшириб ўрганиш мақсадида Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасида экспедиция ўтказади. Экспедиция давомида Амир Темурнинг майда қош бўлаклари музей кўргазмалари учун олинган.
“Шу каби кўплаб экспонатлар музей фондида сақланар эди. Эндиликда “Махсус хона” деган бўлим очилиб, қош бўлаклари махсус ҳароратга эга витринада, алоҳида қутида намойиш этилмоқда”, – дейди Миралиева.
Музейдаги Темурийлар даврига оид буюмларнинг деярли барчаси оригинал. Реконструкциядан кейин ҳам музейга Темурийлар ва Бобурийлар даврига оид бўлган энг ноёб, оригинал экспонатлар, ҳарбий қурол-аслаҳалар, қиличлар ва ажойиб амалий санъат намуналари совға қилинган.
Бундан ташқари, музейнинг санъат бўлимида Президентнинг хорижга чиқиб кетган буюмларни қайтариш масаласи бўйича топшириғи асосида қайтарилган экспонатлар, мовий керамикадан бўлган махсус кўзалар ўрин олган. Мазкур топшириқ билан Ислом цивилизацияси маркази жаҳонга машҳур Sothebyʼs ва Christieʼs аукционларидан кўплаб тегишли буюмларни ўз экспозицияси учун босқичма-босқич харид қилиб, улар орасидан Темурийлар ва Бобурийлар даврига оидларини музейга совға қилган.
Бироқ Амир Темурнинг шахсий буюмлари, хусусан, уч қиличи ҳамон хорижда – Эрондаги Миллий ва Ҳарбий музейларда, “Рости-русти” (куч адолатдадир) деб ёзилган узуги – Американинг Метрополитен музейида сақланмоқда.
Маълумот ўрнида, музей очилганида унинг фондида 600 та экспонат бўлган. Бугун эса уларнинг сони 7000 тага етган.
“Биламизки, Темур тузуклари – давлат бошқаруви акс этган, худди бош қомусимиз каби китоб саналади. У аввалги экспозицияда ҳам бўлган, лекин ичида нима борлигини ҳеч ким билмасди. Ҳозир унинг олдига катта проекция қўйилиб, ёшлар учун тушуниш осон бўлганлари сараланган ва уч тилда, мукаммал маълумотлар жамланмаси шаклида қўйиб борилади”, – дейди мутахассис.
Шаҳноза Миралиеванинг таъкидлашича, музей реконструкциясида Президент топшириғи билан Темурийлар давридаги гендер масалаларига ҳам эътибор қаратилди: мазкур машҳур паннога Темурий ва Бобурий маликалар ҳам қўшилиб, бу орқали маликаларнинг ўша давр сиёсатидаги иштироки, зеҳни ва донолиги билан давлат бошқарувига қўшган ҳиссасини кўрсатиш мақсад қилинган.
Сайёҳлар орасида “Мовороуннахр жавоҳири” деган ном билан машҳур бўлган музейда жами бешта – иккита илмий бўлим, маънавият ва маърифат, фонд ва архив ҳамда экскурсиялар бўлими мавжуд. Уларда 65 нафар мутахассис фаолият кўрсатади.
“Одатда, музейда ишлайман, деганлар фидойи бўлади. Деярли барча ходимлар узоқ йиллардан буён шу музейда фаолият юритади. Баъзилари ҳатто, бу йил музей билан бирга иш фаолиятининг 30 йиллик юбилейини нишонлайди”, дейди Шаҳноза Миралиева музей мутахассисларининг иш жойига лойаллиги ҳақида гапираркан.
“Бизнинг музей нафақат маънавий-маърифий, балки илмий тадқиқот маскани ҳам саналади”, – дейди мутахассис. Унга кўра, жорий йилда қабул қилинган 390-сонли Президент қарори билан Темурийлар тарихи музейи тадқиқот йўналишига қаратилди. Яъни, илмий ходимлар энди фақатгина экспозициялар билан кўргазмалар қилиш, маънавий тадбирлар ўтказиш билан эмас, алоҳида илмий мавзулар олиб, дастур доирасида тадқиқот билан шуғулланади. Шунингдек, монография, китоб, илмий мақолалар нашр қилиб, конференция материалларини ҳам тайёрлайди.
Муқаддас МУСАЕВА тайёрлади,
Мумтозбегим суратга олди
Тарих
Адабиёт
Жараён
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ