«Туркийлар илм-фанга лаёқатсиз» даъвоси қандай пайдо бўлган?


Сақлаш
18:05 / 27.02.2026 17 0

ХIХ аср… Европанинг айрим илмий доираларида ғоят хавфли ва кибрли бир даъво пайдо бўлди: «Турклар илм-фанга лаёқатсиз». Бу фикр оддий илмий хулоса эмас, балки мустамлакачилик мафкурасининг назарий асосларидан бири эди. Гўёки цивилизациядан орқада қолиш – табиий қобилиятсизлик натижаси, гўёки илмий тараққиёт – фақат айрим халқларга хос имтиёз, деган маъно бор эди бу иддаода.

 

Тарих саҳифаларини варақласак, туркий халқлар фақат жанг майдонларида эмас, балки илм ва тафаккур майдонида ҳам фаол бўлганига гувоҳ бўламиз. Ал-Хоразмий алгебра асосларини яратди, Аҳмад ал-Фарғоний астрономия илмини ривожлантирди, Абу Райҳон Беруний илмий кузатув ва тажриба методини атрофлича ёритиб берди, Ибн Сино тиббиёт ва фалсафада бутун инсоният тафаккурига улкан таъсир кўрсатди, Мирзо Улуғбек эса расадхона ва аниқ ҳисоб-китоблар орқали бутун бошли Самарқанд илмий мактабини вужудга келтирди. Агар бир халқ бағридан шунча олимлар етишиб чиққан бўлса, бу олимлар мансуб бўлган миллатни илм-фанга лаёқатсизликда айблаш қанчалик тўғри? Бу даъвода қанчалик жон бор? Ўзи умуман «Туркийлар – илм-фанга лаёқатсиз», деган сохта ва абсурд қарашнинг туб илдизлари бизни қаерга олиб боради? Қуйида шу ҳақида фикр юритамиз.

 

Алоҳида қайд этиш лозимки, ХIХ асрга келиб Европа илмий муҳитида шаклланган классик ориентализм доирасида Шарқ, хусусан, мусулмонлар, жумладан, туркий этнослар асосан кўчманчи, ҳарбий-сиёсий фаолиятга мойил, бироқ, назарий тафаккур ва илмий ижодга камроқ қизиқадиган халқлар сифатида тасвирлана бошлади. Бу ориентализм намоёндалари ичида Эрнест Ренан, Артур Гобинау, Густав Лебон, Ҳюстон Чемберлен ва бошқа шу каби кўплаб олимларнинг борлигига гувоҳ бўламиз. Хусусан, ХIХ аср француз файласуфи ва шарқшуноси Эрнест Ренан Шарқ халқларининг, жумладан, туркийларнинг интеллектуал салоҳияти борасида кескин ва баҳсли қарашларни илгари сурган олимлардан биридир. У «Илм-фаннинг келажаги» асарида мусулмонларни, хусусан, туркийларни «фалсафий тафаккурга камроқ мойиллик»да айблаган. Шунингдек, француз дипломати ва ёзувчи Артур Гобинау (1816-1882) 1853-1855 йилларда ёзилган тўрт жилддан иборат «Инсон ирқларининг тенг эмаслиги ҳақида тажриба» асарида туркий халқларни тарихий-ижодий жиҳатдан иккинчи даражали халқлар сифатида белгилаб, уларни кўпроқ ҳарбий ёки маъмурий қобилиятга эга, бироқ мустақил юқори даражадаги цивилизация яратишга қодир бўлмаган миллат, деб ҳисоблаган.

 

Ҳюстон Чемберленнинг (1855-1927) бу борадаги қарашларини асосан «ХIХ аср асослари» асарида баён қилган бўлиб, китоб ХIХ аср охиридаги ирқий-детерминистик тарих фалсафасининг энг муҳим асарларидан бири ҳисобланади. Чемберлен тарихий тараққиётни иқтисодий, сиёсий ёки ижтимоий омиллар билан эмас, балки биологик-ирқий омил билан боғлайди. Унинг фикрича, инсоният тарихи бу – ирқлар ўртасидаги руҳий ва биологик кураш тарихидир. Ҳар бир ирқ ўзига хос психологик, маънавий ва ижодий салоҳиятга эга бўлиб, цивилизация яратиш қобилияти ҳам айнан шу табиий хусусиятларга боғлиқ ҳисобланади. Чемберлен ўз изланишлари асосида «Орий» тушунчасини тилшуносликдаги ҳинд-европа категориясидан олиб, уни биологик ва маданий устунлик мезонига айлантирди. Унинг ёзишича «Орий ирқ, айниқса, герман халқлари, Европа цивилизациясининг ҳақиқий яратувчиларидир. Илм-фан, техника, сиёсий институтлар ва юксак маданият герман-орий руҳининг маҳсули ҳисобланади. Немис халқи эса бу тарихий миссияни амалга оширишда энг ҳақли миллатдир». Шу тариқа Чемберлен Европа тараққиётини деярли тўлиқ немис миллати билан боғлайди.

 

Чемберлен инсониятни маданий-ижодий салоҳиятига кўра иерархик тарзда табақалаштирди. Унинг концепциясида немис-орий миллати фаол ва кашфиётчилик қобилиятига эга субъект сифатида кўрсатилди, бошқа халқлар эса иккиламчи ёки пассив тарихий ролга эга деб баҳоланди. Жумладан, у туркларни кўпроқ ҳарбий-интизомий ёки сиёсий ташкилотчилик хусусиятларига эга эканлигини қайд этаркан, бироқ мустақил ва юксак цивилизация яратишга қобилиятсиз миллат, деб эълон қилди.

 

Чемберлен келиб чиқишига кўра инглиз миллатига мансуб бўлса-да, Германияда яшаши давомида немис миллатчилиги тарафдорига айланган. Шу боисдан кейинчалик ҳокимият тепасига келиб фашизм деб аталмиш оғу билан бутун бошли немис миллатини заҳарлаб миллионлаб инсонларни қурбон бўлишига сабабчи бўлган Адолф Гитлер ҳам Чемберленнинг асарларини севиб ўқиган ва ундан илҳомланган. Гарчи кўпчилик дунё тадқиқотчилари туркийларни илм-фанга лаёқатсизликда айблашни ХIХ аср билан боғлашса-да, бироқ аслида бу иддаонинг тарихи анча қадимга бориб тақалашига гувоҳ бўлдик.

 

Мақолани ёзиш жараёнида мавзу юзасидан адабиётлар устида изланар эканмиз, бир манбага кўзимиз тушди. Бу асарнинг номи «Китабут-таъриф би табақотул-умам» («Халқларнинг табақалари ҳақида таништирув китоби») бўлиб, унинг муаллиф Саид Андалусийдир. Андалуснинг турли ҳудудларига қилган сафарлари давомида учрашган олимлари ҳақида қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган Саид Андалусий умрининг охирларида Тулайтула қозиси этиб тайинланади. Шу сабабли у кўпинча манбаларда «Қози Саид» номи билан тилга олинган.

 

Саид Андалусийнинг бизгача етиб келган ягона ва машҳур асари «Китабут-таъриф би табақотул-умам» бўлиб, қисқача «Табақотул-умам» номи билан шуҳрат қозонган. Муаллиф уни вафотидан икки йил аввал ёзган. Асар тўрт боб ва ўн фаслдан иборат бўлиб, унда инсон жамоалари ирқ, тил, дин, маданият ва илмий тараққиётга қўшган ҳиссаси нуқтаи назаридан икки гуруҳга: «Илм билан билан шуғулланган» ва «Илм билан шуғулланмаган» миллатларга ажратилган.

 

Муаллиф асарнинг кириш қисмида қуйидагиларни ёзади: «Қози Абул-Қосим Саид ибн Аҳмад ибн Саид шундай дейди: Билгилки, ер юзининг шарқида, ғарбида, жанубида, шимолида яшовчи инсонлар бир турга мансуб бўлишларига қарамай [яъни инсон турига] ахлоқ, шакл [ташқи кўриниш], ранг ва тил борасида бир-бирларидан фарқ қиладилар».

 

Шундан сўнг муаллиф, халқларнинг миллат сифатида шаклланишидаги энг асосий омил – тил бирлиги бўлганини, бошқа омиллар эса шу асосга таянишини урғулайди. Унинг таъкидлашича, қадимги даврларда ер юзида еттита асосий миллат яшаган бўлиб, булар калдонийлар (бобил аҳли), юнонлар, мисрликлар (қибтийлар), турклар, форслар, ҳиндлар ва хитойликлардир. Уларнинг барчаси бутпараст бўлиб, айримлари санамларга, бошқалари эса етти сайёрадан бирига сиғинган.

 

Саид Андалусий асарнинг иккинчи бобини «Миллатларнинг фаолиятига кўра турлари ва даражалари» деб номлаб, жумладан, унда қуйидагиларни ёзади: «Саид дерки: қабилаларнинг кўплигига, динларининг фарқлигига қарамай, бу миллатлар икки тоифага айрилади. Биринчи тоифа илм билан шуғулланган ва турли илмларни майдонга келтирганлардир. Ана шу тоифадаги миллатлардан турли илм йўналишлари пайдо бўлган. иккинчи тоифа эса илм билан шуғулланмаган, ундан насиба олмаган миллатлардир. Бу охирги тоифадан ҳикмат (илм)га оид нарсалар ривоят қилинмаган, [улар томонидан айтилган] фикрларнинг натижалари китобларга қайд этилмаган».

 

Шундан сўнг у илм билан шуғулланган миллатларни санар экан қуйидагиларни келтириб ўтади: «Илм билан шуғулланган 8 миллат қуйидагилардир: ҳиндлар, форслар, калдонийлар, юнонлар, румлар, мисрликлар, араблар, ибронийлар».

 

Бизнинг мавзуйимизга дахлдор масала бевосита асарнинг учинчи бобидир. Саид Андалусий ушбу бобни «Илм билан шуғулланмаган миллатлар» деб номлайди. Унда қуйидагиларни ўқиймиз: «Илм билан шуғулланмаган миллатларнинг энг пешқадамлари чинлар ва турклардир. Турклар ҳам кўп сонли миллатдир. [Улар] Ислом оламига қарашли Ҳуросоннинг шарқидан то Чиннинг ғарбига қадар, шунингдек, Ҳиндистоннинг шимолигача бўлган маъмур ҳудудларнинг энг шимолий қисмидаги кенг ҳудудларда яшайдилар. Улар моҳирлик билан эгаллаган ишлар – урушлар ва уруш қуролларини ишлата олишдир. [Улар] моҳир чавандозлар бўлиб, қурол ишлатиш ва ўқ отишда энг моҳир миллатдир».

 

Саид Андалусийнинг «Табақотул-умам» асарининг илк саҳифаси. Ушбу асар қўлёзмаси ҳозирда Туркия Миллат қўлёзмалар кутубхонасида Инв. № 1472 рақами остида сақланмоқда.

 

Саид Андалусий ўз асарининг тўртинчи боби бўлмиш «Илм билан шуғулланадиган миллатлар» бобида ушбу табақага мансуб миллатлар Аллоҳ томонидан танлаб (!) олинган халқлар эканини таъкидлаб, туркийларнинг илм-фанга лаёқатсизлигини бу ўринда яна бир бор таъкидлаб ўтади. Жумладан у «Илмлар билан шуғулланган миллатларга келсак, булар Аллоҳ томонидан танлаб олинган халқлардир. Зеро, улар ўз ғайратларини инсонни инсон қиладиган ва унинг табиати ҳамда қувватини мустаҳкамлайдиган фазилатларни эгаллашга сарфлаганлар. Улар чинликлар, турклар ва уларга ўхшаган бошқа миллатларга ўхшаб душманликка мойил хулқлар ҳамда ҳайвоний қувватларга овуниб яшашга кўнгил қўймаганлар».

 

Лекин, Саид Андалусий ушбу асарида илм билан шуғулланмаган миллатларни санар экан, бу борада туркийларни камситиб хатога йўл қўйган. Чунки, у ушбу асарида илм билан шуғулланган миллатлар, хусусан араблар ва мусулмонлар тўғрисида ёзаркан, халифа Маъмун даврида гуллаб-яшнаган «Байтул-Ҳикма» ва унда фаолият олиб борган олимлар ва уларнинг асарлари тўғрисида тўхталар экан, айни шу академияда ўз илмий изланишлари билан довруқ қозонган Марказий Осиёлик олимларни қайд этиб ўтишни негадир «эсдан» чиқаради. У фақат Абу Наср Фаробий ва Аҳмад ибн Муҳаммад Касир ал-Фарғонийларнинг ҳаёти ва фаолиятини қисқача қайд этиш билан чекланиб, уларнинг миллати тўғрисида маълумот бермайди. Ваҳоланки, Маъмуннинг «Байтул-Ҳикма»сида илмий тадқиқотлар олиб борган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий (783-850), Аҳмад ас-Сағоний (914-990), Яҳё ибн Абу Мансур (вафоти 832 йил), Аҳмад ас-Сарахсий, Абул Фадл ибн Турк ал-Хутталий, Холид ал-Марварудий, Аҳмад ал-Марвазий (770-870), Аҳмад ал-Фарғоний (797-865), Абдумалик ибн Амажур ат-Туркийларнинг барчаси турк эди. Наҳотки, Саид Андалусий буни билмаган бўлса?..

 

Шу тариқа туркийларнинг илм-фанга лаёқатсиз экани тўғрисидаги сохта даъво ва иддаолар аста-секинлик билан китобдан китобга, даврдан даврга кўчиб ХIХ асргача етиб келди ва Европа олимлари томонидан гўёки илмий жиҳатдан «исботланди».

 

Жадидчилик ҳаракатининг ғоявий раҳнамоси Исмоилбек Гаспирали 1894 йилда «Ислом маданияти» асарини ёзиб, айни европалик «олимларга» ўзининг ўткир раддияларини бериб ўтган: «Турк қавми зеҳн ва фаҳмда ноқис ва қутсиз [бахтсиз], истеъдод ва ақл талаб қиладиган ишларда ночор ва ҳолсиз эканлиги Европа олимлари томонидан таъкидлангани сабабли бу масалага диққат қаратишни лозим топдик.

Асл турк ва туркий тилларда сўзлашувчи халқлар – илм-фан ва маорифда етарли куч ва тараққиётга эришиш қобилиятига эга эмас, улар фақат чўпонлик, мол боқиш ёки оддий қора меҳнатга хос касб-ҳунарлар билангина шуғулланишга яроқлидирлар, деган даъво ростми? Ахир, киши ўқиб, ўрганиб сўнгра билар, бунга ким шубҳа қилади?

Бугунги маданиятли ва маърифатли халқлар энг ибтидо [дастлаб] чўпон ва қора хизматчи эдилар. Зеро дунёга ҳар киши тилсиз келур, сўнгра тил ўрганур.

Ҳар миллатнинг, ҳар халқнинг қарор ва даражасини у етиштирган уламосидан, ҳукамосиндан ва устозларидан зоҳир бўлур.

Дарҳақиқат, турклар орасидан олимлар, адиблар ва машҳур доно зотлар етишиб чиққанми? Агар шундай бўлса, уларнинг буюк намояндалари кимлар?

Бошқа баъзи халқларга нисбатан фунун ва саноэда [санъатларда] улардан кўра кўпроқ қобилиятга эга бўлган ўзга халқлар борлигини инкор этмаймиз. Аммо шу билан бирга айтамизки, Худойи таоло бизга ҳам яхши идрок ва истеъдодни берган. Бу бизга кифоя қилмайдими?

Орамизда ахлоқ ва одоб лозим даражададир. Садоқат, тўғрилик, мусофирчилик ва марҳамат турк қавми орасида умумий фазилатлар экани сайёҳлар – кезувчилар тарафидан мақталгандир. Ўзганинг моли ва номусига ҳурмат кўрсатиш, зиён етказмаслик табиати миллиятимиз [миллий характермиз] бўлиб, турк-татар халқлари яшовчи тинч шаҳарларда хирссизлиқ ва ўғри йўқлиги аҳли тижорат тарафидан ҳам эътироф этилгандир.

Бир халқнинг ёки бир қавмнинг ахлоқ касб этиши унинг ақлий истеъдодидан дарак беради. Зеро, ноқис ақлдан мақбул ахлоқ ва одоб туғилмас.

Бу кунда маданиятли ва зиёли эллар бўлмиш халқлар ва ёки фикрий истеъдод ва қуввати ақлияга даъво қиладиган миллатларнинг орасидан дунёга келмиш машҳур уламо, ҳукамо, удабо, фозил, шоир, файласуф ва кашшофлар буларнинг истеъдодига далил ва бурҳондир.

Бизлар, яъни турк халқлари кимлар ила ифтихор этажакмиз? Орамиздан улум, фунун, фаҳм ва маишат [ҳаёт] боғчасини гуллаб-яшнатган, зулмат пардасини ўз зиёлари билан йиртиб улоқтирган ҳукамо, уламо ва удаболаримиз борми?

Мол асрамоқ, чўпонлик қилмоқ ва йўл босмоқ ҳамда қорабур сочмоқ [уруш олиб бормоқ] илмидан яхши ҳунаримиз бўлгани ҳолда, самавит [самоед], чуваш ва чанкана (чийғон) [циган, лўли] халқлари каби зеҳн ва ақл асарларидан маҳрум бир халқмизми, ёки?!

 

Исмоил Гаспиралининг «Ислом маданияти» асари. 1894 йил, Боғчасарой.

 

Ҳайр, минг маротаба ҳайр! Бундай деб ўйловчилар тарихни билмайдиганлардир. Билганлар эса иқрордан ожиз ва маҳрум қолганлардир. Чунки, туркларнинг улум ва фунун, саноэ ва маишат майдонида асарлари, хизматлари бордир. Бу ҳақида узундан узоқ ва кўп ёзмоқ муродимиз бўлмай, оз сўз ила масалани исбот этайлик.

Туркларнинг дини ислом билан мушарраф бўлмасдан олдинги ҳоллари аниқ маълум бўлмаса-да, мусулмон бўлгач номлари бутун оламга машҳур бўлганликлари маълумдир. Ораларидан одил ва комил ҳукмдорлар зуҳур этиши билан бирга уламо ва удабо ҳам майдонға чиқмишдир. Буларнинг бари араб ёки форс бўлмай, татар ўғли татарлар, турк ўғли турклардир! Бу ўринда барчасини эмас бир озгинасини кўрсатайлик:

Ислом оламида машҳур ва Европа Фарангистон олимларига маълум «Муаллими соний» номини касб этмиш Абу Наср Фаробий ҳазратлари турк ўғли туркдирки, у уламо ва ҳукамоларнинг биринчиларидандир.

Али Ҳусайн Ибн Сино ҳазратлари Европада Авиценна номи ила машҳур бўлган олим турк ўғли туркдир. Юнон қавми Буқрот каби табиб ва Арасту каби файласуф ила ифтихор этса, Ибн Сино ҳам табиб, ҳам нодир файласуф эди! Ибн Сино Арастунинг акси ёки шогирди эмас эди. Лекин у ўзининг ақлий истеъдоди ва зеҳнияти ила Арастуга тенглашгандир. Ибн Сино Бухоро мевасидир. Унинг замонида эса Бухорода Арасту асарлари ва фалсафаси маълум эмас ва ўқилмас эди. Ибн Сино томонидан таъсис этилган баъзи иложлар [даъволаш усуллари] ва дорилар бугунги кунга қадар Европада истеъмол қилинадир.

Ғазнавийларнинг ва Темурийларнинг саройлари уламо ва ҳукамо жамоатлари билан шарафлангани тарих китобларида ёзилмишдир. Бу жамоатларда араб ва форс олимларининг сони кўп бўлган эса-да, турк ва татар жинсидан [миллатидан] уламо ва удаболар ҳам оз эмас эди.

Осиё қитъасининг энг машҳур жаҳонгирларидан оқсоқ Темур татарларнинг Искандаридир. Унинг уламога ва ҳукамога кўрсатган рағбати сабабидан ўз насабидан олим етишиб чиқмиш. Яъни ўғлининг ўғли Улуғбек ҳазратлари илми нужум ва ҳайъатда китоб соҳибидир. Бу олим ҳукмдорнинг атрофида бўлган уламо ва удабо ҳам турклар эди. Ҳасан Чалабий, Қозизода, Али ибн Муҳаммад Қушчи ва бошқалар турк уламоси ва мутафанниларидир (кўплаб фанларни эгаллаган билимдон кишилардир). Биргина Алишер ҳазратларига ишорат этайликки, у чиғатой туркийсида машҳур шоир ва машҳур адибдир.

Турк ва татар халқларининг оғиздан-оғизга ўтиб келаётган кўплаб зарбулмасал ва шеърлари тўпланадиган бўлса қирқ китоб бўлур. Булар уларнинг истеъдоди ақлияларига ва назокатдан бебаҳра қолмаганларига яна бир далилдир. Чунки, маълумдирки ақл ва фаҳмдан нуқсони бор халқларда шеър ва масал бўлмас ва ёки жуда ҳам оз бўлур.

Замонамизга яқинроқ вақтларда хонлардан ва яна хотинлардан девон соҳиби бўлган шоир ва шоиралар чиқмишдирки, уларнинг тотли тил ва дилтортар асарларини ўқир эканмиз, улуғлар саройида ҳам хотинлар боби ҳам фаҳм-фаросат юксак даражада бўлганлигига амин бўламиз».

 

Афсуски, не-не улуғларни етиштириб берган гўзал Туркистон дастлаб Чор Россияси, сўнгра Совет большевиклари томонидан икки бор босиб олингач, маҳаллий халқ бўлмиш туркийларни қолоқликда айблаш, ўзларини илм-фан ва маданиятни бу ўлкага олиб келган миллат сифатида кўрсатиш сиёсати олиб борилди. Яъни улар Туркистон халқига фан ва маданиятни олиб келиш орқали цивилизаторликни даъво қилдилар.

 

Советлар, биз туркий халқларнинг илм-фанга лаёқатсиз, қолоқ миллат эканлигимиз тўғрисидаги таълимотни шу даражада онг ва шууримизга сингдириб ташладики, натижада ўтган ХХ асрда ўз ичимиздан чиққан баъзи «олимлар» миллий тарихимизга «рус кўзойнаги» остидан қараган ҳолда ўзимизни, ўзлигимизни таҳқирловчи, уламо ва удаболаримизни ҳақоратловчи асарларни ёздилар, қолоқ ва маданиятсиз эканлигимиз тўғрисида «оламшумул кашфиётлар» қилдилар. Мен ушбу мақолани Ўткир Ҳошимовнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китобчасида келтирилган қуйидаги аламли сўзлар билан якунлашни лозим топдим:

«Тўққизинчи аср. Муҳаммад ал-Хоразмий алгебра фанига асос солди.

Ўнинчи аср. Абу Наср Форобий Аристотелнинг «Метафизика» асарига энг мукаммал шарҳ ёзиб, «Иккинчи устоз» унвонини олди.

Ўн биринчи аср. Абу Райҳон Беруний Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчади.

Ибн Сино тиббиёт Қомуси – «Тиб қонунлари»ни яратди.

Ўн тўртинчи аср. Соҳибқирон Амир Темур Евросиёнинг ярмини тасарруфга олди. Аҳли илм бошини силаб, ўлмас обидалар яратди.

Ўн бешинчи аср. Улуғбек 1019 юлдузнинг ҳаракат жадвалини тузди. Алишер Навоий ўлмас «Хамса»сини ёзди.

Ўн олтинчи аср. «Бобурнома» оламга тарқалди.

Ўн еттинчи аср. Шоҳжаҳон дунёдаги йетти мўъжизанинг бирига татигулик «Тожмаҳал»ни бунёд этди.

Йигирманчи аср. Ўзбек совет олимлари мисли кўрилмаган «ихтиро» қилдилар: тарих «хато»сини тузатиб, ўтмишда биз ёппасига «саводсиз» бўлганимизни исботлаб бердилар...».

 

Муслимбек АЛИЖОНОВ

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 31440
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//