Туркистон минтақасидаги Россия империяси ва совет ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати аҳолининг бошига не-не фалокатларни ёғдирди. Кўплаб инсонлар мустамлакачилик сиёсатининг қурбони бўлди. Яна бир қанча инсонлар таъқиб ва зўравонликлар оқибатида ўз юртини ташлаб муҳожирликни танлашга мажбур бўлди. Туркистонликларнинг бу равишдаги кўчишига бир неча сабаблар бор эди: Ўлим хавфининг ортиши, истиқлолчиликка қарши кураш, озиқ-овқатнинг мажбуран тортиб олиниши, хусусий савдони тақиқлаш, аҳолининг урф-одат, анъаналарига менсимай қараш, динга қарши кураш, коллективлаштириш ва мулкдорларни қулоқ қилиш сиёсати натижасида кўплаб туркистонликлар ўзга юртларга чиқиб кетишга мажбур қолишганди.
Манбаларда акс этган маълумотлар ва хотираларга таяниб, туркистонлик муҳожирларнинг ўлкани тарк этиш йўли Қошқар, Шимолий Афғонистон, Эрон, Озарбойжон орқали амалга ошганини кўриш мумкин. Уларнинг бир қанчаси Туркияга боришган ва умри якунига қадар яшаб қолишган. Улар гарчанд юртидан олисда бўлсалар-да, она ватан тили, маданияти, урф одатлари ва маросимларини сақлаган ҳолда яшайди. Туркистон ҳақидаги янгиликлардан воқиф бўлиш учун ўзбек тилидаги газета ва журналлар нашр этишади. Туркияда жадид ойдинларидан бўлмиш Усмон Хўжа муҳаррирлигида нашр этилган «Янги Туркистон» (1927–1932), Берлин ва Парижда чиқарилган Мустафо Чўқай раҳбарлигидаги «Ёш Туркистон» (1929-1939) мажмуалари шулар жумласидан. Бу журналларда Туркия ва Германияда ўқиб ўша ўлкаларда қолишга мажбур бўлган талабалар, зиёлилар Туркистоннинг ижтимоий, иқтисодий, маданий, сиёсий фаолиятига доир мақолалари билан иштирок этди.
Муҳожирликдаги туркистонликлар бир-бирларига кўмак бериш ҳамда турли ижтимоий, иқтисодий, маданий мақсадларда уюшиб ҳаракат қилиш учун маърифий жамиятлар тузади. 1927 йилнинг 29 июлда Истанбулда тузилган «Туркистон турк ёшлари бирлиги» («Türkistan Türk Gençlik Birliği») номли уюшма улардан бири эди. Уюшма низомномасининг 2-моддасида: «Бирликнинг мақсади ва ғояси – Туркистон турк ёшларининг миллий ҳарат аҳбор билан юксалишини ва билим ила қуролланмасини, уюшма аъзоси орасинда кўмакга муҳтож булгонларга моддий ва маънавий ёрдамда бериш таъминидан иборатдир», деб кўрсатилган (1).
«Туркистон турк ёшлари бирлиги» уюшмаси фаолияти жараёнида «Туркистон куни», «Турон кечаси», «Шарқ кечаси» номи остида бир қанча тадбирлар, сайиллар ташкил этди. Муҳожирликда бўлса-да, Ватан соғинчи билан унинг урф-одатлари ва анъаналарини ўзида ифода этган кечаларда иштирокчилар Туркистон муҳитини яратишга ҳаракат қилди.
Туркистон турк ёшлари бирлигининг 1933 йилдаги «Шарқ кечаси»
«Туркистон куни» кечалари учун тайёрланган зал деворлари буюк аждодларимиз – Ибн Сино, Алишер Навоий, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли кабиларнинг суратлари билан безатилган. Туркистон харитаси ҳамда Туркистонга оид суратлар билан безатилган катта зал ўлкани эслатувчи турли ашёлар, либослар ва меҳмондорчиликлари билан бир муддат бўлса-да ҳурликдаги юртни эслаш имконини берган (2).
Туркистон харитаси
Тадбирларда нафақат Туркиянинг турли шаҳарларида яшовчи, шу билан бирга, Берлин, Париж, Арабистон ва Ҳиндистондан келган туркистонликлар ҳам иштирок этган. Ҳаттоки кечада Кавказ, озорбойжон, турк, татар ва бошқа халқлардан ҳам меҳмонлар ташриф буюрган.
Ҳар бир тадбирдаги жараёнларда миллийлик, ўзбекларга хос одат ва анъаналарга катта эътибор берилган. Уларда дастлаб ёши улуғлар ва меҳмонларни сўзга чорлаш, чой ташкил этиб, меҳмондорчилик қилиш ҳамда хурсандчилик базми (мусомара) уюштирилган. Туркистонликлар одати бўйича тадбирни ёши улуғлар очиб берган. Хусусан, 1930 йил 10 августда уюшманинг 4 ёшга тўлиши муносабати билан Истанбулда ташкил этилган кеча Усмон Хўжанинг сўзга чиқиши билан бошланган. У маърузасида ўтмишга назар ташлаш ва ўз юртимиз тарихини яхши англаш, ундан ибрат олиш лозимлиги хусусида фикрларини билдирган(3).
«Туркистон куни» тадбирларидан бирида Истанбулда таълим олган туркистонлик ёш – Солиҳ Исмоилбек эса «Бизнинг бир хусусиятимиз бор. Биз ёлғиз жаҳонгир Темурларнинг эмас, илм дунёсининг ҳар доим ёд этдиги, табобатда ҳола дастурлари жорий бўлғон буюк олим ва файласуф Ибн Синонинг ўғулларимиз. Илк дафа ўлароқ турк тилининг бойлиғини исбот қилиб турк тили инқилобини очқон Навоийнинг ўғулларимиз. Туркистонда чор қамчиси ва қобо чизмаси остида бизга матбуот, янги мактаб очишда буюк бир азм ва ирода кўрсатган Мунавварқориларнинг ўғулларимиз. Милионларини Туркистон турк ҳарси йўлида сарф қилғон, жаҳолат ила бўғушқон ва ниҳоят жоҳилларнинг қурбони бўлғон Беҳбудийларнинг ўғилларимиз»(4), дея таъкидлаб ўтади.
Туркистонликлар тадбирларда миллий кийимларда бўлишга ҳаракат қилишган: йигитлар дўппи, этик, яктак, чакмон кийган бўлса, қизлар бошида дўппи билан атлас ва адрасдан тикилган либосларда қатнашган. Кечада иштирок этувчиларга миллий кийим етмай қолган пайтларда, ҳеч бўлмаса бошларида дўппи, кўксида Туркистон байроғи тасмасини илган ҳолда иштирок этишга ҳаракат қилган(5).
Ускудардаги «Туркистон турк ёшлари бирлиги»нинг тадбирида миллий куй-рақс 1933 йил.
Кечаларнинг меҳмондорчилик қисми танбур, дутор, тор, най каби миллий мусиқа асбобларида чалинган қўшиқлар садоси остида ўтган, ўзбек миллий емаклари тайёрлашга ҳаракат қилинган. Манбаларда ёзилишича, аксарият кечаларда меҳмонларга палов, қовурма, ҳалвойитар тортилган (6).
Ушбу кечалар муҳожирликдаги туркистонликларни бир-бирлари билан таништириш, ҳамжиҳат бўлишга чорлаш мақсадида ташкил қилинган. Шунингдек, муҳожирликда туғилиб, вояга етаётган ёшларга Туркистон ҳақида маълумотлар бериб, ватан мафкурасини англатишга қаратилган эди.
Туркистон кечаларининг асосий қисмида шеър, ашулалар, театр томошалари ва лапарлар ижро этилган. «Ўртоқлар», «Ўйнанг ёр», «Вало-вало тўрам», «Ана шунда бир гап бор», «Уёнига ташлаб ўйнасун», «Фабриқа йўлинда», «Сув бўйида ўтирғон йигит» каби ашулалар яккахон ва гуруҳ ҳолида ижро этилиб, ҳаттоки иштирокчилар ҳам бу қўшиқларга жўр бўлган. Айрим қўшиқлар аввалдан мавжуд қишлоқ хўжалиги ва халқ ҳунармандчилиги анъаналари билан боғлиқ бўлиб, улардан бири «Пахта» қўшиғидир. Ашулада ерни ҳайдаш, чигит экиш, жўяк олишдан тортиб пахтанинг кийим-кечак бўлишига қадар бошидан ўтган бутун жараён рақс орқали ижро этилган. «Ёр-ёр келин тушди» ашуласи ҳам Туркистоннинг миллий тўй маросимларини акс эттирган ҳолда қизлар томонидан куйланган. Катта олов ёқилиб, келин тўйда бўлгани каби гулхан атрофида айланиб, «Ёр-ёр» айтиб ўйналган.
Бундай тадбирларнинг кўплаб ташкил этилиши ҳукуматнинг ҳам эътиборини тортган. Улар ўзларининг миллий чиқишлари билан бир қатор кечаларда иштирок этган. «Ёш Туркистон» газетасининг 42-сонидаги мақолада «... Бундан кейин «Бирлик» бир кўб ерларга чоқирилмоқдадир. Масалан 20 нисонда Истанбул театриси (Дор ал Бадойи) салонида «Турк миллий талаба бирлиги» томонидан Истанбулга келган роман ва юнон талабалари шарафига бир «Турк талаба кечаси» тартиб қилинди. Биз унга юқорининг орзуси ила чоқирилдиқ. Кетдик. Мувофақият қозондиқ. Яна 2 нчи майда (мойс) «Малик Синамас» салонида берилатурғон мусомара учун Истанбул волисидан рухсат сўрағонларида «Туркистон турк ганчилар бирлиги» нингда қушулишини волибек истаганлар»(9), дея ёзилган маълумот юқоридаги фикрни тасдиқлайди.
Баҳор ва ёз фаслларида туркистонликлар кеча ва сайлларини Туркиянинг Адана шаҳрида кўпроқ нишонлаганлар. Чунки ушбу ҳудуд Туркистон табиатига яқинлиги билан муҳожирликдаги туркистонликларга маъқул бўлган. Очиқ дала ва водийликда ташкил этилган сайлларда ўйин-кулги ва томошалар билан бирга «Туркистон миллий кураши»и ҳам уюштирилган. Унда кўплаб туркистонлик ёш-у қари кураш тушган (10). Кураш мусобақасига қизиқиш кучлилигини аввалдан сезган ташкилотчилар, уни тартибли ўтиши учун алоҳида назоратчилик гуруҳларини тайин этган ҳолда ташкиллаштирган.
Аданадаги Туркистон Миллий кураши, 1934 йил
Ўз ватанидаги сиёсий вазиятнинг қалтислиги боис иложсизликдан ўзга юртда яшашга мажбур бўлган туркистонликлар она юрт келажагини ўйлаб, унинг озод бўлишига ишониб яшайди. Шунинг учун ўзаро бирлашиб, бир-бирларига кўмак бериб, аҳилликда яшашади. Уларнинг бундай кечаларни ташкил этишлари бир кун, албатта, Туркистоннинг озод бўлиши ва юртларига қайтиб содиқлик билан унга хизмат қилиш умидида бўлганликларини билдиради.
Абдували ЙЎЛДАШЕВ,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Манбалар:
1. Ёш Туркистон. Туркистон турк ганжилари (6 нчи дунуми муносабати ила) // «Ёш Туркистон» журнали. 1933 йил. 45-сон. 6-8-бетлар.
2. Дуқтур Элтар. Бирликнинг 6 нчи йил // «Ёш Туркистон» журнали. 1933 йил. 46-сон. 23-бет.
3. Элтар. Истанбулда Туркистон куни // «Ёш Туркистон» журнали. 1930 йил. 12-сон. 33-бет.
4. Дуқтур Элтар. Бирликнинг 6 нчи йил // «Ёш Туркистон» журнали. 1933 йил. 46-сон. 24-бет.
5. Дуқтур Элтар. Истанбулда биринчи топқир ёсолғон «Туркистон кечаси» // «Ёш Туркистон» журнали. 1933 йил. 42-сон 28-29-бетлар.
6. Дуқтур Элтар. Истанбулда туркистонликларнинг бир жамоаси // «Ёш Туркистон» журнали. 1933 йил, 43-сон. 22-бет.
7. Дуқтур Элтар. Истанбулда Туркистон куни // «Ёш Туркистон» журнали. 1932 йил. 36-сон. 26-33-бетлар.
8. Нон емас ўғлу. Отнодаги Туркистонлиларнинг кўзгусининг аклинжаси // «Ёш Туркистон» журнали. 1934 йил. 51-сон. 38-бет.
9. Дуқтур Элтар. Истанбулда биринчи топқир ёсолғон «Туркистон кечаси» // «Ёш Туркистон» журнали. 1933 йил. 42-сон. 31-32-бетлар.
10. Нон емас ўғлу. Отанадаги Туркистонлиларнинг кўзгусининг аклинжаси // «Ёш Туркистон» журнали. 1934 йил. 51-сон. 39-бет.
Таълим-тарбия
Тил
Жараён
Санъат
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ