
Бирлик, бирлашиш ҳақида сўз кетганда биз одатда беш республикани назарда тутамиз. Каспий денгизи ғарбий чегарамиздек туюлади. Бироқ озарбойжонлик қардошларимизнинг саноғи олтита экан. Улар Марказий Осиё билан интеграцияни аниқ мақсадга айлантиргани расмий-норасмий давраларда баралла айтилаётганига гувоҳ бўлдик.
Тарихга боқсак, Туркистон ва Кавказ турклари доим бир-бирига интилиб яшаган. Озарбойжон Фанлар академияси раҳбари Исо Ҳабиббейли ва бошқа зиёлилар ҳам бот-бот такрорлаганидек, Алишер Навоий Низомий Ганжавийни ўзига устоз деб билди. Фузулий эса Навоийга шогирдликдан фахр туйди. Ҳазрат Алишернинг озарий муҳиб-мухлислари сафи қалин. Бу зотга эргашиш бутун туркий оламда тенденцияга айланган аслида.
Бокуга сафаримиз аввалида Озарбойжон Фанлар академиясининг бош биносига лангар ташладик. Музей каби иморат. Балки ундан ҳам ортиқ. Исмоилия қасри. Шаҳарнинг энг гўзал ва рамзий иншоотларидан бири. Озарбойжоннинг машҳур саноатчи миллионери Мусо Нагиев буюртмаси асосида 1908–1913 йиллари қурилган. Венеция готикаси услубида лойиҳаланган. Шарқона безаклар ила зийнатланган.
Мамлакатга келган туристлар Исмоилия қасрини ташқи томондан бўлса-да, албатта, томоша қилмай кетмайди. Тарихий бинога қизиққан киши борки, саховатли бой номини тилга олади. Унинг маҳзун ҳикоясини тинглайди, ўқийди. Нефт магнати оиласида кетма-кет оғир фожиалар рўй бериб, олдин қизи, кейин ўғли барвақт вафот этган. Йиллар ўтса-да, айрилиқ доғидан қутулолмаган ота охири шаҳарда муҳташам сарой бунёд эттиришга қарор қилади ва уни санъатсевар ўғлининг шарафига Исмоилия деб аташни буюради. Шоядки, тарихдан номи ўчмасин. Мусо Нагиев ўша даврда давлати бўлмаган миллат учун кўплаб хайрли ишларни амалга оширган. Бокудаги кўзга кўринган иншоотларни, меҳмонхона, шифохона ва ўқув масканлари қурдирган. Илм-фан, таълим, маданиятга ҳомийлик қилиб, меценат номини олган. Исмоилия қасри ҳам, мана, бир асрдан бери Озарбойжон илм-фани ўчоғи вазифасини ўтамоқда.
Фанлар академиясида бўлганимизда бошқа китоблари қатори “Девону луғотит турк”нинг махсус нашрини алоҳида эҳтиром билан бизга туҳфа этдилар. Сабаби, уни қарийб 90 йил илгари ўзбек ўғлони араб тилидан озар тилига ўгирган. ХХ аср бошларида бизнинг юртдошимиз Кавказга қандай қилиб бориб қолган, дейсизми? Бунинг ҳам қизиқ тарихи бор.
Холид Саид ким эди?
ХХ аср бошида Туркистонда кечган миллий уйғониш ҳаракати бошқа кўплаб манбалар қатори Озарбойжондан ҳам куч олди. Илм-фан, таълим, театр, санъат, борингки, сиёсат, миллий бирлик масалалари... хусусида фикр юртилганда, албатта, бу юртни эслаймиз. Боку юз йил илгари туркий халқларнинг маданий марказларидан бири сифатида йирик қурултойларга мезбонлик қилди. Ўша пайтда неча-неча ўзбек ўғил-қизлари Озарбойжонда таҳсил олган. Уларга Холид Саид бош-қош бўлган. Чунки ўлкага аввалроқ келиб ерлашган эди.
Мамлакат чайқалиб ётарди. Чор Россияси ағдарилгач, аввалдан илдиз отиб келаётган миллий озодлик ҳаракати авж олди. Бунга эса қизил мустамлакачилар тиш-тирноғигача қаршилик қилди. Минтақадаги доминант миллат – озарбойжон туркларини парчалаб ташлашга тиришдилар. Миллий қирғинлар уюштирилди. Шунга қарамай, сиёсий фаол қардошларимиз мусулмон Шарқидаги илк парламентар демократик руспубликани яратишга эришдилар – Озарбойжон Халқ Жумҳурияти пайдо бўлди. Ўлкадаги беқарорликка барҳам бериш, янги давлат мустақиллигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида Усмонли империяси билан ҳамкорликда Кавказ ислом ўрдуси тузилди. Баъзи манбаларда ёзилишича, Истанбул университети битирувчиси Холид Саид ушбу қўшин сафида Озарбойжонга келган. Яъни уни ғоя эргаштириб келган.
Холид Саид (1888-1937)
Холид Саид 1888 йили Тошкент шаҳри яқинида туғилган. 1914–1918 йиллари Истанбул университетида таҳсил олган. Кейин Ганжа ва Бокуда ўқитувчилик қилган (бу икки шаҳар Озарбойжон Халқ Жумҳуриятига бирин-кетин пойтахт бўлган). Олим 12 тилни билгани айтилади. Илмий фаолиятини туркий лаҳжаларни қиёсий ўрганишга бағишлаган: “Турк тилларининг муқоясали грамматикаси”, “Усмонли, ўзбек ва қозоқ тилларининг муқоясали сарфи”, “Янги алифбо йўлларида эски хотира ва туйғуларим”, “Турк тилининг тарихий грамматикаси”, “Ўрхун китобларининг изоҳли тадқиқи” каби асарлари бор. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ва Рашод Нури Гунтегиннинг “Чолиқуши” романини озарбойжончага ағдарган. Унинг энг катта хизматларидан бири Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” китобини таржима ва тадқиқ қилгани бўлди.
Олим 1935 йил сентябрда шарафли ишга киришиб, 1937 йил апрелида тамомлайди. 1500 саҳифалик тайёр қўлёзмани бир неча нусхада кўпайтириб, Ленинграддаги муҳаррирлар – Крачковский билан Маловга юбормоқчи эди. Бахтга қарши, Холид Саид 1937 йил июнда қамоққа олиниб, октябрда отиб ташланди. Ўлимидан олдин Турон давлатини қуриш ҳаётдаги олий мақсади бўлганини таъкидлаган. “Девон” таржимасини эса НКВД мусодара қилган. Юқори эҳтимол билан, бошқа минглаб қийматли манбалар қатори буни ҳам йўқотиб юборган. Боиси, туркий бирлик тимсоли бўлган асар, мустамлака халқни теран томирларига боғлайдиган китоб босқинчи ҳокимиятга потенциал хавф туғдирарди.
Шу-шу, “Девону луғотит турк”нинг озарбойжонча таржимаси тилларда достон эди, у ҳақда афсус ила афсоналар айтиларди... Орадан 86 йил ўтиб, қўлёзманинг бир нусхаси Озарбойжон Фанлар академияси Имодуддин Насимий номидаги Тилшунослик институти архивидан топилди. Ва нашр қилинди. Ва бизга совға қилинди. Ўзбекистондан боболар изини излаб борган ёшларга!
Маҳмуд Кошғарий меросининг яна бир нашри туркий халқлар маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Таассуфки, бизда Oyina.uz портали дохил саноқли сайтлар бу ҳақда қисқагина хабар берди, холос. Холид Саиддек зиёли олимимиз фаолияти ҳам ўзимизда чуқур ўрганилмаган. Яқинларгача ҳатто илмий жамоатчиликка нотаниш қолган.
Эйнштейн айтганидек, ҳар ким билади, нимадир бўлиши керак. Лекин ҳеч ким билмайди, нима бўлиши керак. Бир киши чиқади ва ўша ишни қилади. 1937 йили миллат ойдинлари бошида қора булут қуюқлашганида ўша кимдир юрак ютиб, ноёб қўлёзмани ҳатто катологларга ҳам қайд эттирмасдан, келажак авлод учун сақлаб қолиш кераклигини англаган (номаълум қаҳрамоннинг маънавий жасорати олдида бош эгса арзийди). Шу ерга келганда машъум қатағон йилларидан бирорта нодир асаримиз омон чиқмаганини надомат ила эслайман. Абдулҳамид Чўлпон романи – “Кеча”нинг “Кундуз”ини топиш бизга армон. “Кундуз”сизмиз ҳамон.
Яна қайтариб айтаман: ғояни тирик сақлаш зиёлиларнинг вазифасидир. Номинг тарихда қолиши кейинги масала. “Девону луғотит турк” асари ягона нусхаси қандай топилганининг ўзи бир афсона. Унинг туркий тилларга энг биринчи таржимаси бизгача қандай етиб келишида ҳам катта ҳикмат бор. Кул остида асралган чўғ мисоли. Холид Саид бир умр хизмат қилган ва сўнгги нафасида калима қатори такрорлаган ғоя бугун ҳам тирик. Тириккина эмас, аллақачон уруғ босқичидан чиқиб, реал ҳаракатга, реал кучга айланган.
Мақсадидан қайтмаган Мақсуд
Фикрларим исботи сифатида яна бир қаҳрамон ҳақида гапириб беришим керак. У ҳам миллий озодлик, туркий бирлик гулханида пов этиб ёнган-у, давр довуллари кучайиб кетгач, чўғни ўчириб қўймаслик пайида яшаган. Холид Саид ўзбек бўлиб, озарбойжон илм-фанига хизмат қилган. Мақсуд Шайхзода эса озарбойжон бўлиб, ўзбек адабиётига умрини бағишлаган.
Бокудан қарийб 200 чақирим йўл босиб Оқтошга бордик. Чоғроқ шаҳар экан. Мамлакат пойтахтида ҳам Мақсуд Шайхзодани танимаган зиёлини учратмадик. Оқтошда-ку ҳамма билар экан. Фахр туяр экан.
– Ўзбекистондан келдингларми? – деди бир киши. – Мақсуд Шайхзоданинг ўзбекларга нима алоқаси бор?!
У бизни шоир номи билан аталадиган мактабга бошлаб борди. Кумушранг бюст олдида суратга тушиб, видео олаётганимизни бир ўткинчи аёл кузатиб, кимлигимиз билан қизиқди. Ўзи йўлиқтирганини қаранг – Мақсуд Шайхзода уй-музейи ходими экан. Айтишича, мактаб орқасидаги кўчада шоирнинг ота уйи бўлган. Музей дастлаб ўша ерда очилган, эски бино зилзилада қулаб тушгач, бошқа манзилга кўчирилган.
– Мақсуд Шайхзодани қачондан бери биласиз? – деб сўрадим.
– Эсимни таниганимдан бери, – дея жавоб қилди. – Ҳали ўқиш-ёзишни ўрганмасимиздан шоирни таниганмиз. Катталар унинг номини ҳурмат билан тилга оларди.
Мақсуд Шайхзода (1908-1967)
Мақсуд Шайхзоданинг отаси Озарбойжоннинг ғарбидаги Қозох вилояти Салоҳли туманидан бўлган, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Оқтош шаҳрига оилавий кўчиб келган. Бўлажак шоир 1908 йили шу ерда туғилган. Табиийки, юрт тақдиридаги оғир кунларни кўзи билан кўриб, юрагидан кечириб улғайган Мақсудда озодлик ғояси кучли эди.
Озарбойжон асрий сарҳадларидан чекина-чекина охири ҳозирги ҳудудида бўлса-да, иттифоқ таркибидаги қарам субъект бўлса-да, бир давлат тузишни уддалагани тарихий ютуқ деб қабул қилиниши мумкин. Аммо халқ мағлубият аламига чидай олмай, курашчиларнинг янги-янги авлодини тарбиялашга киришади. Босқинчилар эса миллат гулларини ўриб битиришга қасд этади. Мақсуд Шайхзода ана шундай қатағонларнинг бирида қўлга тушиб, унга сургун ҳукми ўқилади. Жазони ўташ учун манзил ташлаш имкони берилганида, маърифатли онаси Фотимахонимнинг тавсиясига кўра Тошкентни танлайди. 20 ёшида Ўзбекистонга келган озар йигити “жиноят”дан иноят топиб, умрини эзгулик йўлига бағишлайди. Ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшади. Бугун мактаб дарсликларимиздан мустаҳкам ўрин олган шоирни ҳеч ким бошқа миллат вакили деб билмайди. Ҳар йили миллионлаб ўқувчиларимиз унинг шеърларидан баҳраманд бўлади.
Эътибор қилинг, Мақсуд Шайхзоданинг шоҳ асарлари номига: “Жалолиддин Мангуберди” тарихий драмаси, “Тошкентнома” лирик достони, “Мирзо Улуғбек” трагедияси, яна ўнлаб тоза шеърлар... Айниқса, “Умрлар бўладики...”, “Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг!” деб бошланувчи шеърлари эл аро машҳур. Мени эса “Искандарнинг шохи бор” деган халқ эртаги асосида достон битишга шоирни нималар ундагани ўйлантиради кўпроқ. Жуда кўп ҳақиқатларни айтолмаслигини шу йўл билан изҳор этгандир, балки. Эҳтимол, руҳдош оғаси Ойбек иккиси овлоқ, кимсасиз гўшаларда Ватан озодлигини орзулаб мириқиб-мириқиб гурунглар қилгандир. Икки халқ (аслида бир миллат) фарзандининг мумтоз адабиётимиз тарихи, хусусан, Алишер Навоий мероси, ўзбек халқ оғзаки ижоди борасидаги илмий изланишлари ҳам таҳсинга сазовор.
Энди айтинг, Мақсуд Шайхзодани сургун қилган советлар ўз мақсадига тўла маънода эриша олдими?! Уни Озарбойжондан узоқлаштирганлари билан барибир маслагидан қайтара билмадилар. Оқибатда 1950-йиллар қатағонига ҳам учради. Диктаторнинг ўлимидан сўнг яна Тошкентга қайтишга мушарраф бўлди. Шоир ҳаётдаги олий мақсадини ҳеч қачон унутгани йўқ. Курашдан ҳам тўхтамади, фақат курашиш усулини ўзгартирди, холос.
Кавказ озодлик ўрдуси сафига ихтиёрий ёзилган, кейин қардош халқ илм-фанига чин дилдан хизмат этган Холид Саид билан бугун моддият илинжида Украина тупроқларида босқинчилар сафида жанг қилаётганлар орасида ер ва осмонча фарқ бор. Маҳрумиятни муяссариятга айлантириб, умрининг қирқ йилини қардош халқ адабиётига бахшида этган Мақсуд Шайхзода билан бугун моддият илинжида миллат ва ватанга беписанд муомалада бўлаётган, кучлилар ҳисобига ўзлигидан тонаётганлар орасида ер ва осмонча фарқ бор. Шоир ёзганидек:
Умрлар бўладики,
Тирик одам ўликдир,
Умрлар бўладики,
Ўлган одам тирикдир.
Тошкент – Боку – Оқтош
Фаррух ЖАББОРОВ
“XXI asr” газетаси, 32-сон
“Озарбойжонга сафар: шахслар ва ғоялар” мақоласи
Жараён
Адабиёт
Санъат
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ