Озарбойжонга экспедиция: шахслар ва ғоялар


Сақлаш
14:52 / 24.07.2025 51 0

Сафаримиз таҳликали вазиятга тўғри келди. Озарбойжоннинг жанубий қўшниси Эрон осмонида ракеталар тутуни ҳали тарқамаган эди. Шимолдаги гегемон давлат билан муносабат ҳам таранглашган палла. Постсовет мамлакатларига сиёсий босим ўтказиш учун меҳнат муҳожирларига зўравонлик қилинишига кўникиб қолинган. Одатда бунақа найрангларга ён берилади, куч томони ғаразли ниятига эришади. Бироқ Бокунинг дадил жавоби барчани шошириб қўйди (отдан тушса-да, эгардан тушмаётганларни ҳам), усул эскирганини очиқ-ойдин кўрсатди. АҚШ хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз фуқароларига Озарбойжонни тарк этишни тавсия этаётгани сиздирилди. Хуллас, вазият қалтислиги ҳақида тўғри-нотўғри хабарлар урчиётган бир пайтда “шамоллар шаҳри” томон ишонч билан парвоз қилдик. Ишончимизга асос бор эди...

 

Умид муаллимнинг дарди дунёси

Бизни Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда ҳали кўпимизга нотаниш Умид муаллим кутиб олди. Ўрни билан айтиб кетай: унинг касб-кори ўқитувчилик эмас, балки бу ўлкада илмли ва ҳурматли зотларни исмига “муаллим” сифатини қўшиб эъзозлайдилар.

 

– Сиз ўз уйингизга келдингиз! Озарбойжон Сизнинг ҳам ватанингиз! Қайси эшикни қоқманг, Сизга ақроболарингиз пешвоз чиқади.

 

Умид муаллимнинг илк сўзлариданоқ кўнглимиздаги мубҳамлик, бегонасираш ҳислари тумандай тарқади. Бир ҳафталик сафаримиз давомида унинг гапи шунчаки мулозамат эмаслигига бот-бот ишонч ҳосил қилдик.

 

Аэропортдан чиқишимиз билан йўл четларида ҳилпираётган Ўзбекистон ва Озарбойжон байроқлари қадрдонлик ҳиссини чандон оширди. Кўк, қизил, оқ ва яшил ранглари, ой ва юлдузлари... тилимиз, дилимиз, динимиз, тарихимиз ва томиримиз бирлигини таъкидлаб турарди.

 

Шаҳар кўчаларидаги саранжомлик ва айни пайтда махсус хизматчиларнинг муҳим ҳодиса арафасидаги бесаранжомлиги. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташрифи кутилаётган эди. Озарбойжон халқининг сиёсий фаоллигига қойил: кўча-кўйда, йўлда-чўлда киракаш, сотувчи, ошпаз, йўловчи, олим, шоир, ёзувчи... расмий-норасмий кишилар бизни воқеалардан хабардор қилиб борди. “Президентингиз ҳам бугун Бокуга келар экан-ку!”, “Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилди”, “Оқ шаҳар мавзесида “Ўзбекистон” боғига тамал тоши қўйилди”, “Шавкат Мирзиёев ҳозир Хонкенди шаҳрида!”, “...Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашяпти”. Биз эшитган шу каби хабарлар оддий одамларнинг самимий ҳис-туйғуларига йўғрилгани билан янада қийматли эди.

 

 

Айниқса, Ўзбекистон томонидан 2023 йили Фузулий шаҳрида қурилган Мирзо Улуғбек номидаги мактаб тилларда достон. Эсламаган одам қолмади. Бир бор бориб кўрмаганлар ҳам оғзидан бол томиб мақтади. Қорабоғдаги энг йирик умумтаълим маскани экан. Юзлаб озар болалари ўқияпти, келажакка оппоқ орзулар қиляпти. Озарбойжоннинг қудрати бундай бинолардан мингтасини қуришга етади, албатта. Гап  шундаки, ишғолдан озод этилган ҳудудда қардош мамлакат томонидан мактаб барпо қилинганида жуда катта рамзий маъно кўрилмоқда. Ўзбек халқининг тинчликпарвар, маърифатпарвар қалбини тамсил этиб турибди бу ошён!

 

Қорабоғ манзили мактаб дарсликларимиздан Амир Темур номи билан боғлиқ ҳолда ҳаммамизга таниш. Кейинги ўттиз-ўттиз беш йилда Озарбойжоннинг дарди дунёсига ва шараф-шонига айланиб кетди Қорабоғ. Фаторат топган қизил империя энг сўнгги фитналаридан бирини шу ерда амалга оширди. Оқибатда бугун мамлакатда бирор оила йўқки, кўнглида Қорабоғ фожиасидан қора доғ қолмаган бўлса. Озар элининг ҳар бир суҳбати бориб-бориб, албатта, Қорабоғ хотираларига уланади. Шаҳидлар ёдга олинади: кимнинг отаси, кимнинг акаси, боласи...

 

“Биз ҳам маънан шаҳидмиз! Ичдан шаҳидмиз!” деганида Умид муаллимнинг шоир юраги ҳақида ўйлаб қолдим. У 1961 йили Фузулий районида туғилган. 1982–1987 йиллари Москвадаги Адабиёт институти поэзия бўлимида таҳсил олган. Сўнг Озарбойжон Ёзувчилар иттифоқи нашри – “Адабиёт ва инжасанъат” газетасига ишга киради. Мамлакатда алғов-далғовли кунлар бошланиб, миллатга шоирдан кўра жангчи кўпроқ зарур бўлиб қолади. Ватан сендан қон, жон сўраганида “гул”га “булбул”ни қофия қилиб юриш ярашмайди.

 

Собиқ Иттифоқнинг парчаланиши асносида этник можаролар авж олгани ёдимизда. Ўша фожиалар бизда сиёсий қуролга айлантирилмагани оқилона қарор бўлган. Халққа тез-тез эслатилиб, иззат-нафси билан ўйнашиш яхшиликка олиб бормасди, албатта. Кавказда ҳам муаммолар етарли эди. Минтақа 1813 йили бошида оқподшо таъсирига ўтгач, икки юз йил мобайнида диний ва миллий қарама-қаршиликлар “парвариш” қилиб келинди. Заққум оғочи ХХ аср адоғида заҳарли мевалар тугди. Умид Мирзаевнинг кўз ўнгида миллий фожиалар занжири рўй берди. Озарбойжон таркибидаги Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти мустақил республикаликни даъво қилди. Мамлакат ҳудудий яхлитлигига дарз кетди. Сохта давлатча гегемон кучлар кўмагида қўшимчасига яна етти районни босиб олди. Этник тозалаш, миллий қирғин уюштирилди. Айниқса, Хўжали қабоҳати бутун дунёни ларзага солди. Ишғол этилган ҳудудлардан ярим миллион аҳоли уй-жойини ташлаб, бош олиб кетишга мажбур бўлди. 1994 йили Озарбойжон сарҳадларининг бешдан бирини бой берган эди.

 

Умид муаллим ҳақсизликларни кўриб турар, бироқ хориж оммавий ахборот воситалари тескари маънода хабарлар тарқатаётганига ҳайрон боқарди. Жаҳон афкор оммасига оқни қора, мазлумни золим деб тақдим этишларига чидай олмасди. Аммо чорасиз эди. Журналистика фақат назарий китобларда холисликни сақлаши, амалда эса манфаатлар ўйинига хизмат қилишини англади. Ахборот катта куч эканини танасида ҳис этиб кўрди. Ахийри 1992 йили Халқаро Евроосиё матбуот фондига асос солди. Турли давлатлардан журналистларни жалб қилиб, Қорабоғ фожиасининг атрофлича ёритилишига, ичкаридаги асл вазият ҳақида халқаро доираларда ҳаққоний тасаввур шаклланишига ҳисса қўшди. Нодавлат фонд бугун кенг қанот ёйган, фаолият доираси ва жуғрофий кўлами ҳам кенгайган. БМТ тузилмалари, Европа Комиссияси каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг доимий ҳамкори ҳисобланади.

 

– Жудаям қийин кунларни бошдан кечирдик. Рости, аввалига ёлғизланиб қолдик. Ёш мустақил давлатлар ўз муаммолари билан андармон эди, тўғри тушуниш мумкин. Бироқ қардош мамлакатлар ҳамиша ёнимизда эканини ҳис этдик. Айниқса, ўзбек халқи доим биз билан биргалигини ҳам расмий, ҳам норасмий доирада намоён этиб келди. Бу юртнинг етакчиларидан тортиб, оддий аҳоли вакилларигача ҳар қанча таъзим қилсак арзийди.

 

Эътироф этиш лозим, Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигига эришиш йўлидаги ўттиз йиллик мужодаласи ва 2020, 2023 йилги ғалабаларида ҳукумат, мудофаа ва бошқа соҳа вакиллари қатори Умид муаллим сингари зиёлиларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Миллат ойдинларининг миссияси ғояни тирик сақлаш, халқнинг қалбидаги чўғни ўчириб қўймаслик, бунинг учун такрор-такрор айтиш, ёзиш, чизиш... ижод қилишдан иборат.

 

Дарвоқе, ҳамроҳимиз айтиб берган бир воқеа бизга Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романи мотивларини эслатиб юборди. Отаси майитини Фузулийдаги қабристонга қўйишни васият қилган экан. У пайтлар вазият ҳамон қалтис эди. Қанчалик қийин бўлмасин, отанинг сўнгги сўзи ерда қолмаслиги керак. Эплади. Жасадлари ҳам Ватан учун курашадиган миллатни енгиб бўладими?!

 

Ишғолдан қарийб ўттиз йил ўтиб она шаҳри Фузулийга борган Умид муаллим нималарни кўрди? Буткул вайронага айланган, фақат бетонлари қолган ота ҳовлисини, марҳум бобосининг қабртошдаги яккаю ягона сурати ҳам қўпориб ташланганини, болалигида тирик кўрган қариндош-уруғларининг топталган қабрлари, кўзлари ўйиб олинган расмларини, таниб бўлмас хароба ҳолидаги мактаблар, кутубхоналар, хиёбонлар, дўконларни... Фузулий шаҳрининг кейинги йиллардаги тикланиш даври ҳақида сўзлаганида эса Ўзбекистон қуриб берган Мирзо Улуғбек номидаги мактабни, албатта, бир бор эслатиб ўтишни канда қилмайди.

 

Улуғ маърифатпарвар шоирлардан Мирза Алакбар Собир (1862–1911) ҳайкалини зиёрат этдик. Майдоннинг орқа томони Ичкари шаҳар, қадимий қалъалар. Ўнг тарафда эса ХХ аср бошида қурилган маҳобатли бино, ҳозир Озарбойжон Фанлар академияси жойлашган. Шундай қилиб, ёдгорлик ўрнатилган ер ҳам мажозий маънога эга. Худди шоир мумтоз шеърий анъаналар йўлида ўз даврининг ўткир муаммоларини кўтариб чиққанига ишора қилаётгандек. У ҳажвий шеърлари билан шуҳрат қозонган. Ижодида айирмакашликнинг барча кўринишларини қоралаган. Масалан, “Мусулмон-ла арманилар бейнина душду фасод, Йўқму бир соҳиб ҳидоят, йўқму бир аҳли рашод?” дея муаммони ақл билан ҳал қилишга чорлайди.

 

Икки йўлдош, икки қўшни бир ватанда ҳамдиёр,
Асрларки умр этиб, сулҳ ичра топмишлар қарор.
Фитнаи иблиси малъун бўлди ногоҳ ошкор,
Кўр, жаҳолатдан на шакла душду вазъи рўзғор.
Қатлу ғорат, бешумор-у шаҳру қишлоқ торумор,
Ал-амон, бу фитнага чора қил, эй парвардигор, –

 

дея Яратганга ёлворади шоир. Бундай қилмишлар инсон боласининг қўлидан келишига ақл бовар айламайди. Унинг на муслимиятга ва на арманиятга дахли бор. Шубҳа йўқки, жаҳолатдан ёинки ғафлатдан, адоватдан куч олмоқда ва охири залолат билан тугайди. Мирза Алакбар Собир 1905 йили ёзган шеърида кейинги бир аср давомида содир бўлажак мусибатларнинг олдини олишга интилади. Икки элнинг ўзаро ёвлашиши оқибатларидан огоҳлантиради. Афсуски, халқлар оқил ўғлонлари сўзига ҳамиша ҳам қулоқ солавермайди.

 

Шоирнинг яна бир ҳикматомуз шеърини эслагим келди: ўргимчак ҳам, ипак қурти ҳам тўр тўқийди. Аммо бирининг меҳнати зиён-заҳматга, бириники эга зебу зийнатга хизмат қилади.

 

Фаррух ЖАББОРОВ,

Тил ва адабиёт таълими журнали бош муҳаррири.

“XXI аср” газетаси, 29-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Санъат

13:07 / 25.07.2025 0 30
Дунё хунук эди…





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19614
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//