Шунчаки сафарнома эмас – “Бобурийнома” таассуротлари


Сақлаш
10:34 / 16.03.2026 8 0

Бу ғамда менки ишим фикрини не навъ этайин,

Не ерда сокин ўлай, не қилай, қаён кетайин.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

 

Дарёнинг нариги соҳилида бир баҳодир ором олиб ётибди. Аммо у менга Исо каби, Хизр каби ҳануз дунё кезиб юргандек туйилади. Ҳозир дарвоза қоқиб келадигандек туйилади... Бу йил Бобур Мирзо таваллудига бошқача тайёргарлик кўрдим, давралардан бироз чекиниб, “Бобурийнома”ни ўқидим. Қуроқ тузилиши-ю таркиби билан хуш ёқадиган бундай китоблар бизда кўп эмас. Унда сафарнома, “Бобурнома”, Бобур ғазалиёти, мактублару гўзал ҳикоятлар бирлашиб кетган. Бобур Мирзо ва унинг авлодлари изидан йўлга чиққан бир гуруҳ олимларнинг 18000 км.лик йўл хотиралари, Эрон, Туркия, Сурия, Иордания, Саудия Арабистони, БАА, Покистон, Афғонистон манзаралари қаламга олинади.

 

Талабанинг кундаликларидан бошланган сафарнома 1974-1996 йилларни қамраб олади. Улардан орзуларга тўла талабалик дунёсининг эпкинлари келиб туради. Таҳририятлар, нашриётлар ичида ёруғлик қидирган ёшлик эпкинлари. “Гулистон” журнали ҳақида гап кетар экан, менга кўпроқ таниш бўлган “Жаҳон адабиёти” журналининг олис ҳарорати юрагимга урилади. Сафар хотиралари 1992 йил 19 май Андижон тупроқларидан бошланади. 14 кишидан иборат Бобур номидаги биринчи Халқаро илмий экспедиция тарих томон йўлга чиқади.

 

Олимларга қўшилиб, Ашхобод, Машҳад, Теҳрон, Табриз, Анқара, Дамашқ, Макка, Мадина, Дубай, Зоҳидон, Мўлтон, Лоҳур, Исломобод, Жалолобод, Кобул, Мозори шариф, Деҳли, Ҳайдаробод, Агра тупроғини кезар эканман, “Йўлбарснинг туғилиши”, “Ой ботган паллада”, “Паноҳ”, “Тавба”, “Бобурнинг тушлари”, “Нуқта” ҳикоялар, “Саодат соҳили” қиссаси орқали Бобурнинг жонли ва жонга яқин қиёфаси гавдаланади, замонлар оша қоплаб ётган тарихнинг чанг босган пардалари ортга сурилади.

 

Ёзувчининг фикр тўлқинлари сиз шунчаки йўл эсдаликларини ўқимаётганингизни эслатиб туради. Йўлларда йўлиққану ҳайрат билан қараганларнинг ҳолатини у қуйидагича шарҳлайди: “...дунё бизнинг бундоғ енгил машиналарда миниб, сайру саёҳат қилишимизга ўрганмаган эди. Чунки биз хоҳ Чехословакия бўлсин, хоҳ Венгрия бўлсин, хоҳ Афғонистон бўлсин, албатта, оғир танк миниб борганмиз. Олам аҳли ҳам шунга кўниккан ва ҳар сафар бизнинг бу каби ташрифларимизни юрак ҳовучлаб кутадиган бўлиб қолган эди”.

 

Айниқса, кунимизда кўплаб “танклар” Ер юзини ҳар томондан зириллатиб юрганини ҳисобга олсак, улар инсон болаларини бир-биридан узоқлаштириб, бир-биридан безори жон қилиб юборганини чуқурроқ ҳис қиласиз. Бу мамлакатларнинг ўтмиши, фаровон ва аянчли ҳаёти, шаҳар ва инсон манзаралари биз китобларда ўқиб юргандан анча фарқли эканига амин бўласиз. Бу ўлкаларнинг ҳеч бири бизга бегона эмас, аммо турмуш ва тақдир йўлларидан мутлақо бехабар қолиб кетибмиз, афғонларини янглиш тушунибмиз.

 

Зиёратчиларимизга миннатсиз музқаймоқ тутганлар, қадим ўлкаларни хорликка чўктираётган ахлоқсиз аёллар, нон илинжида мактабларни тарк этган мурғак болалару, савдо устида ғавғо қилаётган ҳожилар, олис йўллардаги сарбонлар, қўриқчилик қилганлару ош-нон берганлар – бир-бутун асар қаҳрамонидек ёдингизда қолиб кетади.

 

Бобур Мирзо, Абдулла Қодирий тилига хос оҳанглар билан безак берилган услуб хаёлотни аллалайди. Сафарнинг оғир кезларини ифодалашда фойдаланилган – “уйқу эса, эчкининг йўталидай қисқа бўлди”, “ёнбошимиз ерга тегмаёқ пинакка кета бошладик”, “кўнгилни бамисоли афғоннинг иштонидай кенг қилиш керак”, “ҳеч бирорта тилни билмасанг, чет элларда номаъқулнинг нонини еб юрибсанми” каби қочиримлару, халқона иборалар, мақоллар – қайси заминда кетиб боришмасин, китобхонга уларнинг ўзбек эканлиги, ўзимизники эканлигини уқтириб туради, завқ уйғотади, ўзбекона ўктамликка қоришиб кетади.

 

Туркистон тарихини ўрганган, ўрганаётган хорижлик ва ўзбек олимлари, уларнинг энг муҳим тадқиқотлари ҳамда ноёб манбалардан хабардор бўласиз. “Бобурнома”, “Зафарнома”, “Тарихи Муҳаммадий” билан уйғун тасвирлар олис 137 йиллик темурийлар, 350 йиллик бобурийлар, деярли ярим аср ҳукм сурган бир сулола тарихи, неча-неча кечмишлар ичига олиб кириб кетади. Баъзан ғарб адабиётидан воқеликнинг қайсидир жиҳатларига алоқадор ўринлар эсланадики, тафаккурнинг бу ўйини менда жуда хуш ёқади.

 

Ровий Бобур Мирзо асарларини мукаммал ўргангани, тарихий асосларини аниқлагани англашилади. Сафарнинг ҳар одимини Бобур билан руҳоний бирликда ташлайди, ўзини ҳар қачон Бобур ҳазратлари кузатиб тургандек ҳис қилади ва ёзади. Қадамба-қадам сиз ҳам Бобур Мирзо асарларини, ҳаёт саҳифаларини, мактублари-ю, муомала муносабатини ўрганиб борасиз. Бу ўрганиш – Бобур авлодлари мероси, тарихи, ҳаёт йўллари, аждод-авлодлар ўртасидаги руҳоний боғланишларни ўрганишга қадар кенгайиб боради. Бобур Мирзо ижодидан Камрон Мирзо ижодига сизиб ўтган нозиклигу изтироблар, аламлар авлодлар тақдиридаги уйғун ва аянч нуқталарни кўрсатиб беради. Каъба йўлидаги ҳар турли ирқлару, миллатлардан иборат тўс-тўполон улкан оқим ичида кетиб борасиз, аслида ҳам дунёмиздан шундай кетиб боряпмиз. Ҳар муқаддас заминнинг шукри ҳам тавбаси билан.

 

Ровий “...Бобур Мирзо ҳам (Ҳазрат Алишер Навоий каби) бизнинг одатий турмушимиздан, кундалик майда ҳою ҳаваслар ила хиралашган, самовий сирлардан, илоҳий жозибадан маҳрум бўлиб, бениҳоя ғариблашиб, ҳувуллаб қолган ҳаётимиздан нақадар юксакда!” – дейди. Ёзувчи буларни айни менинг ёшимда қоғозга туширгани, шонли ўтмишга, ота-боболарнинг ёруғ йўлига муҳаббат билан боғланганини ҳисобга олсак, китобнинг хуш ёққани ва мутаассир қилгани бир жиҳатдан ойдинлашади.

 

Зиёратчиларнинг узоқ, машаққатли, хатарнок йўлдан келиб, Бобур зиёратига етганларида китобхон юрагида бир симиллаш уйғонади. Олис аждодларингга муҳаббат ҳам иймондандир: “Бисмилло айтиб, юрагимиз ҳаяжондан энтикиб, зиналарга қадам қўйдик. Мана, баландда, юксак тоғлар пойида жойлашган оқ мармар мақбара. Мўъжазгина, худди Бобур Мирзонинг ўзи янглиғ ортиқча ҳашам ва дабдабалардан холи, сипо ва камтарин бир оромгоҳ. Беихтиёр кўзларингиз намланиб, бўғзингизга хўрсиниқ тиқилиб кела бошлайди. Мана шу совуқ сағана остида, икки газ қора тупроқ қаърида шиддат-шижоати билан оламга сиғмаган шеъри мард ётибди...” Ватандан кўз узмаган, эҳтимол, ҳар тонг Ватан зиёратига келадиган жўмард баҳодир.

 

Китобнинг кейинги саҳифаларида Бобур номидаги халқаро илмий экспедициянинг навбатдаги сафарлари ҳам тилга олинади. Умуман, экспедициянинг 1992-1996 йилларда 100 000 км.дан зиёд йўл босгани, ўндан ортиқ мамлакатлар бўйлаб темурий ва бобурий аждодлар йўлидан юрилгани ҳикоя қилинади. Бобур Мирзо авлодлари билан учрашув, уларнинг шонли тарих ҳақидаги хотиралари, неча асрлик қувғин ва қатллар, азоб-уқубатларга қарамай, бобурийлар шаънини ҳеч ўкситмай кўтариб юрганлари, Ота юртга бўлган сўнмас интилиши менда чексиз муҳаббат уйғотди. Сулола соҳибаси Лайло Уммахоний 1993 йил Тошкентга йўллаган мактубида “... ёш насллар тарбияси борасида сизлар кўп меҳнат қилишингиз лозим”, дея васият қилади. Бу буюк сулоланинг шарафи, номусини сақлаган, авлодларни шу руҳда тарбиялаган улуғ ёшдаги онахоннинг сўзлари. Эндигина мустақилликка эришган навқирон Ўзбекистон фарзандларига бўлган оналарча меҳр ва авлодлар олдидаги масъулиятнинг ифодасидир.

 

Китобдан олган энг муҳим хулосам шу бўлдики, инсонни – фаолиятсизлик заифлаштиради ва хароб қилади. Бобур Мирзо бўлса, жаҳоний фаолият майдонларида сурон солиб яшади, ижод қилди ва мислсиз ибрат намунасига айланди.

 

Шаҳнозахон НАЗАРОВА,

филология фанлари доктори, доцент

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 32067
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//