Велосипедчилар “бошқарадиган” шаҳарлар. Илғор мамлакатлар веломаданиятни қандай шакллантирган?


Сақлаш
18:03 / 16.03.2026 197 0

Велоспорт бу шунчаки машғулот эмас, тоза экология, барқарор саломатлик ва европаликлар учун – ҳаёт тарзига айланган фойдали машғулот ҳамдир. Афсуски, биз ўзбекистонликлар транспорт деганда асосан жамоат транспортлари ёки автомобилни тасаввур қиламиз. Велосипедга эса одатда, фақатгина кўнгилочар ускуна сифатида қаралади. Камҳаракатлик оқибатларини бўлса ҳар биримиз атрофимиздагиларда, ҳатто ўзимизда келиб чиқаётган турли касалликлар ёки ортиқча вазн муаммоларида кўриб турибмиз.

 

Саналган муаммоларга ечим ёки дуч келмаслик мақсадида ривожланган мамлакатлар велосипед транспортидан фаол фойдаланишни йўлга қўйган. Ушбу қарор соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан бирга, йўллардаги тирбандликларни камайтиришга, мамлакат экологияси, иқтисодиёти ва соғлиқни сақлаш тизимига ҳам сезиларли таъсир кўрсатган.

 

Улар веломаданиятни қандай шакллантирди? Ёш-у қари велосипедчилар учун давлат қандай имконият ва рағбатларни таклиф қилади? Мавзуга тегишли шу ва бошқа саволларга жавобларни дунё тажрибаси асосида кўриб чиқамиз.

 

Велосипед – замонавий Европа шаҳарларининг бир қисми сифатида

 

Европада велосипед – оддий спорт ёки якшанбалик машғулот эмас, у йиллардир, қулай транспорт тури сифатида ҳам кўрилади. Ушбу тенденциянинг мантиқий асоси – тезкорлик, камхаржлик ва экологияга қайғуриш билан бирга, тез қариш ва касалликларга қарши курашиш саналади. Велосипеддан максимум фойда олиш учун эса биринчи навбатда, унга мос инфраструктура талаб этилади.

 

Европа мамлакатлари бу борада ҳам яхши намуна бўла олади.

 

Сув орасидан ўтган, қуёш ва ҳаракатдан энергия олиб, қоронғуда ёнадиган велойўлаклар

 

Мамлакатлар велойўлакларга шунчаки йўл сифатида эмас, шунчалик ижодкорона нуқтаи-назардан қараганки, унда ҳаракатланаётган йўловчи нафақат бир манзилдан бошқасига осон ва хавфсиз етиб олади, балки бу вақт давомида йўлакдан ва ундаги ҳаракатидан завқ ҳам олади.

 

Велойўлаклар тарихига қарасак, Голландия уни XIX асрнинг иккинчи яримидаёқ барпо этган. Бу мамлакат ўзининг кўп сонли, асосий ҳаракатланиш воситаларидан бири бўлган велотранспортлари билан машҳур саналади.

 

XX асрга келиб, АҚШ, Англия, Дания ва Германияда ҳам велойўлаклар қурила бошлади.

 

Уруш давридан кейин Финландия ва Швецияда ҳам тратуарлар билан бирлаштирилган велойўлаклар пайдо бўлди.

 

Польшада қуёш энергиясининг оммалашуви ортидан қуёшдан қувват олиб, қоронғуда ёнадиган қопламали велойўлак лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шунга ўхшаш йўлак Нидерландиянинг Эйндховен шаҳри тажрибасида ҳам бўлиб, йўлакда қоронғу тушиши билан кўзга зарар бермайдиган ёруғлик ва айланма нақшлар пайдо бўлади. Ушбу технология асосида кун давомида қуёшдан энергия оладиган фосфор тошининг ўта майда зарралари ётади.

 

 

Лондонда бўлса ташландиқ пиёдалар йўлаги тўлиқ ишлайдиган велосипед йўлакларига айлантирилган. Унинг ўзига хослиги шундаки, йўлакдаги ҳар бир ҳаракат энергияга айланади.

 

Бельгия веломаданият билан бирга, велосипед туризмини ҳам ривожлантириш мақсадида, ўзининг “велосипедлар жаннати” номини олган Лимбург шаҳрида “Сувда велосипедда саёҳат” лойиҳасини ишлаб чиққан. Унга кўра, йўловчи De Wijers қўриқхонасидаги катта ҳовуздан кўприк орқали эмас, балки 2016 йилда очилган “Cycling Through Water” йўлаги орқали ҳовуз орасидан велосипедда ўта олади.

 

 

Ушбу 200 метрли бетон йўлак сув сатҳидан пастроқда бўлиб, сув юзаси велосипедистнинг юзи билан тенг даражада чуқур қурилган. Шунга қарамай, бетоннинг икки четидаги сув қуруқ йўлакка сизиб чиқмайди – бетон деворлар ховуздаги сувни ушлаб туради. Йўл остидаги тоннеллар бўлса амфибия ва бошқа ҳайвонларнинг икки томонга ҳам ўтиб, эркин ҳаракатланишини таъминлайди.

 

Велосипедлар сони аҳолидан кўп мамлакат – Голландия тажрибаси

Голландияликлар оммавий тарзда икки балонли транспортга ўтиб, янги шаҳар муҳитини яратган ва бундан миллиардлаб фойда олишни ўрганган мамлакат саналади. У ерда велосипедлар сони аҳолидан ҳам кўп, ҳатто мамлакат бош вазири ҳам ишига тез-тез шу транспортда бориб туради. Мамлакатда сафарларнинг чорак қисми, шунингдек, 7,5 километрдан кам масофага бўлган ҳар учинчи сафар велосипедда амалга оширилади.

 

2022 йил ҳолатига кўра, 17 миллион нафар аҳолиси бўлган нидерландларга 23 миллионта велосипед тўғри келган. Бу, албатта, уларнинг ушбу транспортга бўлган аҳамиятини акс эттиради.

 

Тор кўчалар, автомобиллар учун жуда оз тураргоҳ ва икки балонли транспортда ҳаракатланиш анъанаси – XIX асрдаёқ ўз ишини бажарган: бу ерда қатнов кўпайган вақт жиддий тирбандликларни баъзан велосипедлар шакллантиради. Аҳоли кунлик барча вазифаларини велосипед билан осон уддасидан чиқади: болаларни мактаб ё боғчасига олиб бориш, дўстлар билан сайр қилиш, дўкондан озиқ-овқат олиб келиш ва ҳатто, мебель ташиш ҳам махсус багажли велосипедларда амалга оширилиши мумкин. Ва атрофдагиларга сен нимада кетаётганингнинг умуман аҳамияти йўқ. Велосипед қиммат, чиройли, оддий, янги ёки эски бўлиши мумкин, асосийси, у эгасининг мақсадига етиштириши саналади. Йўллардаги тартиб бўлса, барча учун тенг.

 

 

Мамлакатда шаҳарни велосипедчилар “бошқаради”, машина ҳайдовчилари бўлса уларни табиий равишда ҳурмат қилади, пиёдалар ҳам эҳтиёткорлик билан уларга йўл беради.

 

Таққослаш учун, копенгагенликлар учун велосипед – ҳаёт тарзининг бир қисми бўлса, амстердамликлар учун ҳақиқий транспорт эҳтиёжидир.

 

Шаҳар бош режасини ўзгартирган ҳаракат

 

1970 йилларга келиб, бошқа Европа мамлакатлари каби бу ерда ҳам автомобиль бошқарувчилар сони барқарор тарзда ўсиб борган. Голландия кўчалари машиналарга тўлиб кетган. Рақамларда айтганда, 500 нафар фуқарога 100 та машина тўғри келган. Асосан ўрта асрларда қурилган тор кўчалар транспортларнинг бундай интенсив ҳаракатига мослаштирилмаган эди ва кўплаб пиёдалар машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлган:

 

1971 йил 3000 дан ортиқ одам ЙТҲда вафот этган. Қурбонларнинг 500 нафарини болалар ташкил этган. Бунинг ортидан “Stop de Kindermoord” (“Болаларни ўлдиришни бас қилинг”) ҳаракати вужудга келган.

 

 

Жамоатчиликнинг кўплаб ўлимга қарши ушбу ҳаракати 1973 йилги нефть инқирози билан бир вақтга тўғри келади. Ўша вақтларда нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК)нинг баъзи аъзолари ишлаб чиқаришни қисқартириб, айрим мамлакатлар экспортига эмбарго (чеклов) қўяди.

 

Ушбу икки воқеа қироллик ҳукуматини машиналарнинг эркин ҳаракатланишини таъминлашга қаратилган шаҳар режасидан воз кечишига ишонтириш учун етарли бўлади.

 

“Машиналар бу йўлда меҳмон”


Бугун эса Нидерландияда қарийб 40 минг км велосипедчилар йўлаги мавжуд. Мамлакатда шунингдек, автомобилистлар билан бирга велосипедчилар тенг ҳаракатланадиган, лекин асосий устунлик барибир велосипедчиларга бериладиган йўллар ҳам бор. Бундай йўлакларнинг аксариятида “fietsstraat auto te gast” – “Машиналар бу йўлда меҳмон” деб ёзилган ишораларга кўзингиз тушади.

 

 

Нидерландиядаги айланма йўллар – шаҳар режаси велосипедчи ва пиёдаларга қанчалик устунлик беришига яна бир яхши мисол бўлади. Мамлакатда тахминан 60% ҳалқа йўли чорраҳаларида велосипед ҳайдовчилар учун алоҳида қисм ажратилган.

 

Аксарият шаҳар ҳудудларида велосипедчиларга биринчи юриш устунлиги берилган, автомобиллар эса уларни ўтказиб юбориши керак бўлади. Велосипед эгалари учун хавф даражасини камайтириш мақсадида кўплаб чорраҳалар ҳам қайта лойиҳалаштирилган.

 

Бундан ташқари, ҳукумат велосипедларга парковка ташкиллаштириш учун ҳам етарлича ресурс сарфлаган. 2019 йилда Голландиянинг Утрехт шаҳрида дунёдаги энг йирик, бир вақтда 12 500 та велосипедни сиғдира оладиган кўп қаватли велопарк барпо этилган. Мамлакатда шунингдек, автомобилларни қолдириб, велосипедда ҳаракатни давом эттириш имконини берувчи манзиллар ҳам бор. Кўплаб темирйўл станцияларида велопарковкалар ташкил этилган. Баъзи поездларда бўлса велосипедчилар учун махсус вагон ёки улар хавфсиз ҳаракатланиши учун вагон ичида алоҳида жой мавжуд.

 

Кўплаб мамлакатлар веломаданиятни шакллантириш бўйича ҳали-ҳануз Нидерландия муваффақиятини такрорлашга уринади. Чунки моторсиз ҳаракатланишни ривожлантириш қиймати – миллиардлаб долларлик манфаатларга тенг кўрилади.

 

2016 йил Буюк Британияда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатганки, велосипедда ҳаракатланиш нафақат соғлиқ учун фойда, балки унумдорликни ошириб, жамиятга ижобий таъсир кўрсатади, шунингдек, давлат Соғлиқни сақлаш тизими харажатларини ҳам кескин камайтиради.

 

“Тур де Франс” буюртмасига асосан тайёрланган Decisio хисоботига кўра, голланд велотранспорти мамлакатга йилига 1,2 дан 3,8 миллиард еврогача фойда келтиради. Ишлаб чиқариш, савдо, техник хизмат кўрсатиш ва велосипедлар ижараси эса тўлиқ бандликни таъминловчи 13000 та ишчи ўрнини яратган.

 

Ҳукумат шунингдек, 200 мингдан ортиқ эҳтиёжманд болалар ва ёшларни велосипед билан таъминлайди.

Велосипедлар пойтахти – Дания тажрибаси

2018 йил ҳолатига кўра, Данияда ўртача аҳоли йилига 893 км масофани велосипедда босиб ўтади. Таққослаш учун, ушбу кўрсатгич велоинфратузилма жуда яхши ривожланган, маҳаллий велоҳайдовчилар йўлда ўзини худди  автомобил ҳайдовчилари ёки пиёдалар каби тўлақонли йўл ҳаракати иштирокчисидек хис қиладиган Германияда ҳам 300 км ни ташкил этган.

 

Мамлакат пойтахти Копенгагенни бўлса “дунёнинг велосипедлар пойтахти”, деб ҳам аташади. Бу ерда жамиятнинг барча аъзоси – мактаб ўқувчисидан то вазирларгача велосипедда ҳаракатланади. Шаҳарда 390 километрдан ортиқ кенг велойўлаклар, йўлларни тўхтамасдан кесиб ўтиш имконини берувчи “яшил тўлқин” ҳосил қиладиган ақлли светофорлар, шунингдек, минглаб ўринга эга велопарковка, метроларда бўлса велосипедларни ташиш имкониятлари мавжуд.

 

 

Лекин энг ажабланарлиси – маҳаллий аҳолининг велосипедларга муносабати, дейиш мумкин: қатор копенгагенликлар учун велосипед педалини айлантириш йил фаслидан қатъий назар пиёда юришдек гап. Маҳаллий аҳолининг ярмидан кўпи ҳар кун ишига ё бошқа манзилга велосипедда қатнайди, шаҳарда 550 мингдан ортиқ аҳолига 650 минг велосипед ва 125 минг дона автомобиль тўғри келади.

 

40-йиллар, Копенгаген. Велосипедда учрашув

Ўзбекистон

Офис ишчиларида турли касалликлар авж олиб, экология кундан кунга ёмонлашяпти. Ортиқча вазн муаммоси давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ташкилотларда мажбурий бадантарбия-ю ходимларнинг вазнини назорат қилиш талаблари пайдо бўлди. Автомобиллар нархи ҳам ошса ошсин, лекин ҳақиқий ўзбекистонлик қарз олиб, узоқ навбатда туриб бўлса-да машина сотиб олиши керак.

 

Велосипед-чи? Велосипед бешик тўйи, туғилган кунда совға бўлиб келадиган, ёз-баҳорда, дам олиш кунлари бир айлантириб келинадиган ускуна. Нари борса, етказиб бериш хизматини амалга ошириш учун арзон тушадиган транспорт.

 

Ушбу транспортга ўзбекистонликларнинг муносабатига бир қарашда шундай баҳо берилиши мумкин, лекин умуман олганда, велосипеднинг Ўзбекистонда оммалашиши-ю веломаданиятнинг тўғри шаклланиши фақатгина аҳолига боғлиқ эмас.

 

Аслида, ундан бажонидил фойдаланиш истагидаги кўнгиллилар шаҳарда ҳам, вилоятларда ҳам етарлича. Бироқ улар ҳаракатини тўлақонли хавфсиз амалга ошириши учун элементар шароит, аниқроқ айтганда, велоинфраструктура деярли мавжуд эмас. Бу эса кўнгиллиларга анча қимматга тушиши мумкин. Чунки йўллардаги эхтиётсизлик оқибатида велосипедистлар билан содир бўлган авариялар анчагина. Уларнинг аксарияти (1, 2, 3…), афсуски, ўлим билан якун топган. 

 

Бу биринчи навбатда, велосипедчилар учун мос йўл инфратузилмаси йўқлигини кўрсатса, бошқа тарафдан, уларга нисбатан йўл ҳаракатининг тўлақонли иштирокчиси сифатида қаралмаслигидан, яъни, жамият аъзоларида веломаданият етишмовчилигидан дарак беради.

 

Велойўлакларга тўхталсак, ҳа, уларнинг сони тобора ортиб боряпти. Лекин улар билан боғлиқ вазият ҳам кўнгилдагидек эмас:

 

 

Велойўлакларнинг аксарияти ноқулай, тор, баъзан хавфли ташкил этилган. Тўғри яратилганларида бўлса тегишли чизиқларга пиёдалар диққат қилмайди. Бунинг оқибатида ҳам турли кўнгилсизликлар юзага келган.

 

Чорраҳалардаги пиёдалар ўтиш йўлакларининг аксариятида велосипедчилар учун алоҳида бўлак бор бўлса-да, одамларнинг бунга риоя қилиши ҳалигача муаммо, аксарият ҳолларда пиёда ва велосипед қарама қарши келиб қолади.

 

Хулоса қилиб айтганда, қайси давлатда бўлмасин, ҳар қандай маданиятнинг шаклланиши имконият, шароитдан ташқари, жамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланишига, асосийси, белгиланган тартиб қоидаларига доимий амал қилинишига боғлиқ. Жараён қанчалик интенсив олиб бормасин, бир томонлама ҳаракат ҳеч қачон кутилган натижани бермайди.

 

Муқаддас МУСАЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 35288
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//