
Яқинда Шерзод Комил Ҳалилнинг “Ўлим лабиринти” тўпламини ўқиб чиққан эдим. Ҳозиргина Темирпўлат Тиллаевнинг “Ўлим ўпқони” китобини ўқиб тугатдим. Қашқадарёлик ёзувчиларнинг услуб, поэтик макон яртишдаги кўп ўхшаш жиҳатлари бор. Агар Назар Эшонқул насрини қўшиб қиёс қилсак, манзара янада ойдинлашади ва кенгаяди.
“Ўлим ўпқони” тўплами бир нечта қиссалардан иборат бўлиб, 1980–1987 йиллар орлиғида қоғозга туширилган. Уларнинг айримлари аввал ҳам нашр этилган. Эндиликда янги давр ўқувчилари учун қайтадан, бойитилган ҳолда эълон қилинибди.
“Ворис” ҳикояси ҳозир ҳам айрим миллатдошларимиз осилиб яшаётган ақидалар тафтишига қурилган. Ота ўғлини мактабга қўйишни, унинг маданий дунёга яқинлашишини истамайди. Дунёни тасарруфидаги уч-тўрт бош мол-қўйининг олиқ-солиғидан иборат деб билади. Гўёки буларнинг барини ўғлининг истиқболи учун қилади-ю, аслида биттагина фарзандини шу мол-қўйга қоровулликка қўйилган чўпон итдек кўради. Боланинг дунёсини топтайдиган, таҳқирлайдиган бир манзара. Отанинг алами-ю абгорлигини кўтарармиди унинг бола жони. У ҳам “Оқ кема”га ошиққан бола каби адирлар ортида ғойиб бўлди. Ворислик шу тақлид ўтади ва аламзада, жоҳил, юраксиз дунё болалар ва болаликни маҳв этиб боради.
“Ўлим ўпқони” қиссаси, мен юқорида эслатган, қашқадарё насри тажрибаларини ўзида тўла акс эттиради. Яратилган мифо-поэтик олам, макон ҳамда замоннинг шу тарзда ҳал этилиши, ярим савдойи одамлар, қаҳрамонларнинг қоронғиликка тушиб бориши ва сюжетнинг шу асосга қурилиши, ифода тарзи, жумлаларнинг бурама шакллари, Кафка, Борхес, Достоевский асарларига очиқ берилиш – Назар Эшонқул услубини такрорлайди. Такрорлайди дейиш нотўғридир. Чунки ҳар икки ижодкорнинг бу йўналишда тажрибалар олиб боргани бир даврга тўғри келади. Уларни бир муддат битта лабораторияда ишлаган дейиш мумкин, эҳтимол. Темирпўлат Тиллаев бу асарида профессионал ёзувчи сифатида қалам суради, бу, айниқса қаҳрамоннинг ташқи қиёфаси ва ички кечинмаларини уйғун ифодалашда кўринади. Аммо бу ифодага ортиқча зўр бериш сунъийликни юзага келтирган. Бу сунъийлик сюжетга, ифодага, баёнга бевосита таъсир кўрсатган. “Кўк тангри”, “Кўк бўри”га алоқадор жумлалар, “Қуръон” оятлари матнга бегона бўлиб қолган, сингмаган. Бу олақуроқ майдонда – асар нима мақсадда ёзилган ўзи, деган савол кўндаланг бўлади.
“Басират туни” қиссаси ҳам Чингиз Айтматов асарларига мавзу жиҳатдан уйғун. Бу қиссадан ҳам бола елкасига тушаётган калтак саслари эшитилиб туради. Болалик дунёсининг катталар дунёси олдидаги ожиз ва ҳаяжонли овози, унинг ички ўлчамлари моҳирона тасвирланган. Аммо айрим диалоглардаги, сюжет нуқталаридаги сунъийлик асарнинг таъсир кучини қирққан.
“Паймона” қиссаси ҳам бошқа ҳикоялар каби қизиқиш билан ўқилади, уларнинг ҳеч бири маънан эскирмаган. Бунда ҳам матн моҳоратли ёзувчига тегишлилиги билиниб туради. Аммо бу қиссада ҳам айрим таҳрирталаб ўринлар бор. Жон беролмай алаҳлаб ётган чол жуда рован фикрлайди, ровийга айланиб кетади.
Ҳикояларда мантиқийлик бузилган ўринлар бор: “Кўкда юлдузлар совуқдан жунжиккандек чарақларди”, “...ойнадек ялтираб ётган Ойнакўл”, “Нима эмиш, менда эътиқод йўқ эмиш. Эътиқод-петиқодингдан ўргилдим... Нима, анови иймонсиз чолларга қўшилайми?!” (“Турналар оҳи”); “бийрон қўллар билан жун титиб” (“Басират туни”); “...туҳмат Худонинг аршидан улуғ”, “Аввалига ўт-ўланларни босиб-янчиб келаётган эшакнинг шивири, сўнг синчиклаб қарайвергач, қоронғилик ичида элас-элас қора кўринди” (“Паймона”) каби.
Китобни нашрга тайёрлашга доир камчилик ҳам кузатилади. Айрим жумлалар бир ўринда айнан такрорланган: “...хаёли ҳам тиниқлашиб борарди”, “...унинг тафаккури тиниқлашиб борарди”, “...идроки тиниқлаша бошлади”, “...тиниқлашаётган шуури” (139, 165-бетлар; “Турналар оҳи”); “инграб юбормаслик учун лабларини қаттиқ тишлади” (218, 219-бетлар; “Паймона”). Бутун хат боши такрорланган ўринлар ҳам мавжуд (219, 223-бетлар; “Паймона”). Нашрда матнга алоқадор бўлмаган “Қулбул раис билан жуда ўхшаш образ, муаллиф мулоҳазалари ҳам ўша ҳикоядаги каби такрорланган” жумласи қолиб кетган (232-бет; “Паймона”). Матн кирилл хатидан лотин хатига ўтказилганда юзага келган хатолар тузатилмаган. Бу каби техник хатоларга қарамасдан, китобни яхши кўриб ўқидим. “Ўлим ўпқони” ёш ёзувчилар, бошловчилар, эллик ёшдан ошса ҳам йўл тополмай юрганлар учун ўқилиши зарур бўлган китоблардан бири.
Шаҳнозахон НАЗАРОВА,
филология фанлари доктори, доцент
Таълим-тарбия
Адабиёт
Жараён
Жараён
Адабиёт
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ