Адабий танқиднинг кундан кунга кўмилиб бораётган тор сўқмоғидан ўтиб олсам, у ёғи кенглик. Шундаймикин?
Ўзимдан тўрт-беш ёш катта, тўрт-беш ёш кичик ижодкорлару ҳаваскорларнинг ёзганлaрини ўқиб, шундай ҳиссиёт туяман. Ҳеч кўнглим тўлмайди, нега улар умрида китоб ўқимагандек ёзишади. Нега ёзганларида, жаҳон адабиёти дурдоналари-ку майли, Ойбек, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, ҳатто Ўткир Ҳошимовни ўқигани сезилмайди.
Адабий танқидчими, шоирми, носирми – ўзини ўз авлоди сафида кучлироқ сезади, ўзини кўпроқ намоён эта олади, тарбияланади, маслакдошлари билан адабиётни янгилайди. Охирги адабий авлод сифатида тан олинадиган 70-йиллар авлоди шундай эди, улар ҳозир ҳам шундай. Биз, яъни мендан тўрт-беш ёш катта-ю, тўрт-беш ёш кичик ижодкорлар авлод сифатида шаклланмадик, бунга яқин ҳам бормадик ва табиий тарзда тўда-тўда ҳаваскорлар бўлиб қолиб кетдик. Роман ёзишни эса енгил бир шамоллашдек кўплар юқтириб ҳам олди. Шахсан ўзим улар ичидан фикримга фикри билан, ғайрат-шижоатимга ғайрат-шижоати билан жавоб берадиганларни излайман. Ахир катта ақл эгалари бўлса-да, тўқсонга яқинлашаётган Иброҳим Ғафуров билан, етмиш бешни қоралаётган Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад ёки олтмишга кираётган Жаббор Эшонқул билан тенгдош эмасман. Ўз авлодим ва авлодимнинг фикр оламида яшашни истайман. Бунинг учун фикрда кееееееееенглик керак, жуда-жуда керак.
Шу кунларда Шерзод Комил Халилнинг “Ўлим лабиринти”ни ўқиб чиқдим (Ҳикоялар. “Янги аср авлоди” нашриёти, 2024 йил. 2000 адад). Ва ўзим истаётган кенгликларга умид уйғонди. Ҳозир эса дарё ва ўрмон туркумидаги ҳикоялар ҳақида ёзмоқчиман.
Олдиндан айтиб қўя қолай. Бу ҳикояларнинг ҳаммаси бир манзил билан боғлиқ, қаҳрамонлар тақдири бир маконда уюрмадек айланади. Муаллиф ўзини худди ўз Йокнапатопасини яратган Фолкнер ёки ўз Макондосини яратган Маркес каби сезади, уларга очиқдан очиқ эргашади. Ҳисор ўрмонзорлари, Оқсувдарё бўйлари, Китобу Шаҳрисабзда кечган тақдирлар бир-бири билан печак гулдек туташиб кетади.
Гарчи тақлидан бўлса-да, яратилган макон – фикр кенгликларига боғланади, вақт оқимида сеҳрланиб қолгандек бўласиз. Муаллифнинг тангу торликни унутиб, шаклланган гўзал, бўлиқ ифода тилида ёзиши, сокин гўшаларнинг сокин манзараси ва бу сокинлик ортида сурон солиб гурлаётган ҳаёт ўқувчини мафтун қилиб қўяди.
Бу манзил-маконлар гўзал табиати, сокин кўллари, ўрмонзорлари билан сизда сакинат уйғотса, баъзида улар шу қадар бало-ю офатнинг тагида қоладики, улкан илон майитларни ямламай ютади, думли юлдуз касофати билан бутун қишлоқ қутуриш касалига йўлиқади. Ёзувчи модернизм, сеҳрли-реализм тасвир ва ифода воситаларидан фойдаланади. Қаҳрамонлари – ўрмончи, овчи, милтиқ кўтариб юради. Ва қаттиқ феъл-атвори билан ўз табиатини кўз-кўзлаб туради. Бу саҳифаларда ажиналар, ажинадан ёмон одамлар, фолбинлар, қон сирқираб турган тақдирлар кезиб юради.
Энди айрим мулоҳазали ўринларни айтиб ўтмасам ҳеч бўлмайди. Ёзувчи ҳайратсираб, тегирмонхона, кўлга қараб кетадиган йўлак каби ифодаларни қўллайди. Бу ясалган сўзлару ифодалар ғализлик туғдиради. Яхши муаллифга яхши бир муҳаррир зарур. Матнда такрорлар, услубий хатолар бор. Хатолар ўқувчининг оёғидан чалаверса, бу саҳифалардан бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлади. Мисоллар келтираман. “Туман ажинаси” номли ҳикояда бир саҳифанинг ўзида икки ўринда “бир нималар демоқчи бўлди-ю” жумласи қўлланган. Ёки “У ўқларни милтиққа бир пайтлар бобоси ўргатганидек қилиб ўқламоқчи ҳам бўлди”, “Бола чироқ ёруғида чолни, ҳақиқатан ҳам, милтиқни ўқлаб, токчага қўйиб қўяётганига эътибор қаратди” каби. Ёxуд бошқа ҳикоялардаги “Ахийри, оққушларни тирик тутишга кўзим етмаслигига ақлим етганди”, “Қамоқда шунча йил ўтириб чиқдим, лекин у ердан тирик чиқдим”, “Ўрмон сариқ рангга бўяб қўйилгандек дарахтлар сап-сариқ” каби. Бундай услубий хатолар баъзи ҳикояларда 5-6 ўринда учрайди ва ошдан чиққан тошдек безор қилиб юборади.
Баъзи ҳикояларда муаллиф ифода ва тасвирда сеҳрли-реализмнинг таъсирига, ташқи ифода воситаларига берилиб, инсоний асосига ҳеч нарса қўймасдан ўтиб кетади. Назаримда, “Талваса” ўшандай ҳикоя бўлиб қолган. Умуман, яратилаётган услубга халақит бераётган бир неча жиҳатлар бор. Бири, юқорида айтганимиз, алоҳида тасвир ва алоҳида ифодага берилиб кетиб, инсоний асосдан узоқлашиш. Иккинчиси, услубларни бирлаштиришда баъзи тажрибаларнинг муваффақиятсиз чиқиши. Масалан, “Қайтиш” ҳикоясида ўнлаб ҳикояларни, юзлаб тақдирларни бир нуқтада жамлаш тамойили – ҳеч бир ҳикоясини бир-бирига боғлаб бўлмайдиган, бундай мақсад ҳам қўйилмаган “Минг бир кеча” сюжет йўсини билан қоришиб кетган. Учинчидан, ровийнинг нутқи баъзида жуда тарвақайлаб кетади. “Найранг” ҳикоясида ошпаз “...пулларни сарфлаб бўлгач, Рембрандтнинг “Оқпадар ўғилнинг қайтиши” картинасидаги йигитга ўхшаб, уйга шумшайиб қайтдим”, дейди. “Мен у картинани мактабдаги тарих дарслигида кўрганман”, дея тағин ишонтиришга уринади. Матн, қаҳрамоннинг руҳий, маънавий ҳолати ҳамда нутқ мароми бу жумлаларни кўтармайди, сунъий ва ярашиқсиз туйилади. Ёки “Наъматак” ҳикоясида овчи киракашга бирдан ёрилади ва тинимсиз вайсайди. Осонгина ёриладиган дард бўлса, дард ҳам эмас экан-да, деб ўйлаб қоласиз. Овчига ичидаги неча йиллик тошдек ботиб ётган оғриқларни айттиришдан олдин, уни бироз “қизитиб олиш” керакмиди.
Шунга қарамасдан, китобни қизиқиш ва ҳавас билан ўқиб чиқдим. Муаллиф менга ёзувчиликнинг чинакам қора меҳнати билан ўсаётган, услуб яратаётгандек туйилди. Булар 10–12 йил олдинги қораламалар эканлигини ҳисобга олсак, ҳозир муаллиф насрда камолотнинг қайси нуқтасига етди экан, тақлидлар ижодкорликка айландимикан, тажрибалар ўзини оқладимикан, деган саволлар туғилди.
Шундай қилиб, китобдаги якуний “Ўлим лабиринти” ҳикоясини ўқир экансиз, барча воқеалар ва уларнинг қаҳрамонлари муаллиф яратган лабиринт ичида айланаётганини тўла тушуниб етасиз. “Улкан илон қишлоғимиздан чиққан йили фолбин хотиннинг азал сувига қараб очган фолига қараганда, у ҳаммамиздан ҳам узоқ умр кўрадиган кимса эмиш; унинг пешонасига тақдирнинг ўзи мангулик муҳрини босган эмиш; эҳтимол, у ўлмаслиги ҳам мумкин эмиш” жумлаларини ўқиганда бу ўзимизнинг Маркес эканлигига амин бўласиз. Ровий бекорга “Тўғри, ичимиздан Шерзод Комил Халил деган ёзувчи ҳам чиққан”, дея бекорга писанда қилмайди. Қадим ёғоч кулбанинг моғор босган оғир эшигини куч билан очиб қаҳрамонлар билан бирга ичкарига кирар экансиз, ўргимчак тўри қоплаган, зах ва уфунат тўлган кулбада сизни Фолкнер кутиб олади. Фақат энди дангасалик ва кибр сеҳрини ишга солиб, Шерзод Комил Халил деган ёзувчини ўрмондаги қадим ёнғоққа боғлаб, ўрмон чумолилар ихтиёрига қолдириб кетмаса бўлди.
Шаҳнозахон НАЗАРОВА,
филология фанлари доктори, доцент
Муаллифнинг “У шаҳарга чопонининг енгида қишлоғининг чўлоғи-ю, бева хаёллари билан келган – Жонтемирга мактуб” мақоласини бу ерда ўқинг.
Адабиёт
Санъат
Тил
Жараён
Маънавият
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ