Бугунги кундаги энг мукаммал, сўнгги русумдаги аэробусдан кўра таркиби ва тузилишига кўра оддий асалари мураккаброқ экан. Замонавий илм-фан буни исботлади.
* * *
Қуёшдан бир секундда ажраладиган энергиянинг 2 миллиарддан бир қисми бизга етиб келади. Шугина нур ҳам ҳаётимиз учун кифоядир. Қуёшдан ажралувчи нурнинг қолган қисмини ўртадаги 150 миллион километрлик масофадаги етти қават парда (охиргиси Озон қатлами) ўзида тутиб қолади. Икки юз миллион йилда ўз маконини бир бора айланиб чиқувчи бу нур манбаси ерга ва бошқа ёндош сайёраларга ўз ёғдусини аямай сочаверади. Миллиард йиллардан буён бу ёруғлик ва тириклик теваси ҳоримай йўл тортади. Ер бағрида фасллар алмашинади. Ниҳол улғаяди. Майса кўкка талпинади. Одам болаларининг улуғ тарбиячиларидан бири ҳам шу бобо қуёшдир. Одам танасидаги кўплаб хасталикларни одамнинг ўзига сездирмай қуёш даволаб беради. Қуёш ҳақида хаёл қилсангиз, адоғига етолмайсиз. Аммо бир-иккита жўнгина савол пайдо бўлади. Қуёш ўзи нима, қандай жисм? У ўз бағридаги оташни қаердан олади?
Буюк табиат қуёш бағрига шундай бир муҳаббат оташини жо айлаганки, ундаги олов абадийдир. Қуёшда қачонлардир шундай бир мунтазам такрорланувчи жараён ҳаракатга келтирилган: битта протонга эга бўлган водород (Н2) атоми газидан гелий (2Не) атоми ҳосил бўлади. Сўнгра ҳосил бўлган гелий парчаланиб водородни ҳосил қилади. Бу ерда иккита – бир-бирига тескари бўлган, аммо бири иккинчисининг бардавом бўлишига халал бермайдиган реакция амалга ошади. Ва ҳар иккисида ҳам ақл бовар қилмас даражада катта энергия ажралиб чиқади.
4Н + a (альфа заррача) = 4Не + Q (Q – ҳарорат белгиси).
Бу реакциялар ниҳоятда содда, аммо одатдаги лабораторияда амалга ошириб бўлмайдиган жуда қийин жараёнлар бўлиб, ядровий радиоактив реакциялар ҳисобланади ва бунга қуёш орбитасигина дош бера олади. Ёнмоқ – қуёшга тақдир! Қуёшнинг энергия манбаси шу. Одамлар қуёш маъбудига сиғиниб юрганида бу далиллар бўлмаган.
* * *
Йўқолган нарса, албатта, топилади. Қўлдан кетган нарса қайтиб келади. Топган нарсанг бир кун келиб, албатта, йўқолади. “Омад берган нарса бизники эмас!” дейди Сенека. У – омаднинг ўзиники. Хуллас, ҳеч бир нарса йўқолмайди. Фақат икки тушунча бундан мустасно. Булар Вақт ва қилинган Меҳнат. Вақт қайтмасдир. Меҳнат эса ўзгалар удда қилолмаган нарсани сеникига айлантиришдек мўъжизакор кучга эга. Бу тушунчаларни кимё фани шундай изоҳлайди: Реакция учун сарф бўлаётган моддаларнинг массаси ҳосил бўлаётган моддалар массасига тенг. Бу буюк мувозанат оламларни ушлаб туради. Ердан кўтариладиган миллиардлаб тонна чанг-ғубор, ерга кўкдан тушаётганига охирги пайсасигача тенгдир. Шу боисдан ер ўзининг мангу йўлидан оғишмайди.
* * *
Зараутсой – Сурхондарёнинг шимоли-ғарбидаги Кўҳитанг тизмасида жойлашган, тарих билан тиллашган қадим манзил. У ерда дунёдаги энг кўҳна ғор суратлари омон сақланган. Зараутсой қоя суратлари ёшига кўра, Испаниянинг Алтамир тоғидаги қоя суратларидан кейин иккинчи ўринда туради. Ҳануз қад кериб турган бу қоялар кўксида қарийб қирқ минг йиллик тарих муҳрланган. Бу ердаги қояларнинг бирида шундай сурат бор: бир киши ғор деворига ниманингдир суратини чизаяпти, қўлида қизғиш тош – чизғич, девор рўпарасида эса тош курсиларда уч-тўрт киши уни тинглаяпти, ов сирлариними, ниманидир ўрганаяпти. Суратда атрофи ўраб олинаётган ёввойи шохдор буқалар галаси. Ўтирганларнинг нигоҳи сурат чизаётган, яъни ўргатаётган кишида. Ўртада – олов!
Бу манзара одамзоднинг нафақат ижтимоий, балки маданий қатлами ҳамдир. Негаки, бу манзилда мустақиллик йилларида атоқли педагог Бекмурод Қодиров ташаббуси билан бир неча маротаба халқаро педагогик конференция ўтказилган эди. Бу бежиз эмас, албатта.
Энди кўз олдингизга одмигина бугунги кун синфхонасини келтиринг. Ўқитувчи ва ўқувчилар ҳолатини тасаввур этинг. Ўқитувчи доска олдида тик турган ҳолида мисол-масалаларни ёзиб, ўқувчиларга тушунтираяпти. Ўқувчилар курсида устоз ўргатаётган нарсаларни ёзиб олаяпти, ўрганаяпти. Ёқангизни ушлайсиз! Орадан ўн минглаб йиллар ўтибди-ю, ушбу манзара ўзгармабди. Фақат турмуш тарзи, жойи бироз сайқалланибди. Гўё орада шунча катта вақт масофаси йўқдек.
“Дунёда фақатгина қилиниши лозим бўлган касбларгина қолса, миллион-миллион кишилар очликдан ўлиб кетган бўлар эди”. Бу фикр олмон файласуфи Георг Лихтенбергга тегишли. Сершовқин шаҳарларнинг кўчаларини кезаётган одам жуда кўплаб “лозим бўлмаган” янги “касб”ларнинг хизматидан фойдаланиши мумкин. Ботинка тозаловчи, ботинка тозаловчига керак бўлган ашёларни тайёрловчи, унинг банд қилган ўрнини таъминловчи, тирноқ бўёвчи, соч йиғувчи, шаҳар айлантирувчи, тилмоч; машина тозаловчи, машина тозаловчига зарур ашёларни етказиб берувчи, у матоҳларни ишлаб чиқарувчи, сотувчи, буларни ҳисоб-китоб қилувчи ёки оддийгина турпдан тайёрланадиган газак-салатга неча кишининг қўли текканини биласизми? Буни роса ҳисоблаб чиқишибди: олтмиш кишининг! Исломий ақидага бу маълумот жудаям мос. Ризқимиз олтмиш қўлдан ўтиб келади, дейилади манбаларда... Санаб тугатиб бўлмайди.
Лекин кишилар шу каби “касб” эгаларисиз ҳам кўп асрлар яшаб келган. Бугун эса шу каби хизматлар амалга ошмаса нимадир кемтикдай.
* * *
Стол четида турган шам ва гугурт қутисини кўрган болакай ҳам улардан қандай фойдаланиш лозимлигини билади. Гугуртни ёқиб пиликка тутади ва атроф ёришади. Токи чақмоқтош пайдо бўлмагунича оловга қўлини теккизса куйишини сезган илк одамлар уни ўчирмай асрларни ўтказганлиги билан бу болакайнинг иши йўқ.
Шу бола қуёшнинг ер атрофида эмас, ернинг қуёш атрофида айланишини, галактикадаги ягона суви бор сайёра Ер эканини қўлидаги беш бармоғидай билар, эҳтимол. Чунки бу далиллар ҳар қандай табиатшунослик дарслигида бир-иккита жумла билан ифодаланган. Аммо поляк астрономи Николай Коперник бу далил учун жонини тикканини, уни исботласа-да, тан олинмаганини билмаслиги мумкин.
Бу бола пишқириб оқаётган дарёнинг хавфли эканини билади, аммо сув маъбуди ҳақидаги чўпчакларни тинглашга ҳафсала қилмайди. Булар шунчаки чўпчак эмас, балки қачонлардир одамлар тирик вужуд дея топинган сув неъмати эканини унинг шуури ҳазм қилолмайди. Бу бола сувнинг зичлиги одам танаси зичлигидан кичиклигини назарий билади. Лекин бу илмий бирликларнинг ҳар бирини топишга кимнингдир азиз умри харж бўлганини англамас.
Бола чироқни пульт билан ёқади. Симдаги электр манбасига шамол, қуёш, ҳаракатдаги сув доя эканини ҳам билади у. Аммо бу муваффақиятлар қандай қўлга киритилгани билан қизиқмайди.
Бу бола дарахт баргидаги яшиллик илдиздан кўтарилиб бораётган сув ва баргда тўпланган заҳарли газ – карбонат ангидриднинг бирикишидан ҳосил бўлувчи глюкоза эканини кўп ҳам илғамас, аммо дарахтнинг қандай мавжудот эканини, унинг нима учун зарурлигини билади.
* * *
Оловга қўлини теккизса куйишини, ернинг қуёш теграсида айланишини, дарёнинг ғарқ қилишини, қоронғудан ҳайиқишни, кундуздан ризқ умид қилишни минг йиллар бурун ўрганган одамлар олов ёқишдан то омочда ер ҳайдашни ўргангунича роса ўн минг йиллик вақт йўлини босиб ўтган. Вақт ва ҳаётий эҳтиёж занжири одамларни муваффақиятга етаклаган. Аммо уларни бунга мудом ундагувчи куч нима бўлган? Бирор-бир улгусиз ҳам яшайвериш мумкинмикан?
* * *
Қаршимда, ўқитувчи столи ортида алланечук тортиниб, табиатан камсуқум бир муаллим ўтирибди. Мен эса ўқувчилар курсисида. Замонавий ўқув ашёлари билан жиҳозланган кимё кабинети. Хонада иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ, ўқувчилар танаффусда. Кимёвий унсурларнинг ҳиди бироз уриб қолган бу хонани тарк этганимга анча йиллар бўлган. Мен у пайтда ўқувчи эдим. Муаллим ҳам анча ёш эди. Ҳозир ҳам қаримаган, аммо сочларида қорасидан оқи кўпроқ. Ажин чалган чеҳрасида педагогга хос бироз истеҳзоли, таниш, қадрдон табассум. Ўқувчининг курсисида шундай хусусият борми, ҳарқалай, бироз довдираб қолдим. Домланинг сусти босгандир ёки... қолаверса, собиқ муаллимим.
Бойсун туманидаги 28-мактабнинг кимё фани муаллими, “Шуҳрат” медали соҳиби, халқ таълими аълочиси Ашур Ҳакимовнинг бу илм ўчоғига ишга келганига чорак асрдан зиёдроқ вақт ўтди. У бугун ўзи ўқитган ўқувчиларининг фарзандларига дарс ўтаяпти.
1989 йили Ўзбекистон Миллий университетининг кимё йўналишини тамомлаган Ашур ака таълим тизимида иш бошлаганида Менделеев даврий жадвалида 103 та кимёвий элемент бор эди. Ҳозир уларнинг сони 118 тага етди. 15 та янги кимёвий унсур кашф этилди. Бу орада Ашур Ҳакимовнинг ўқувчилари республика ва халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлишди. Имтиёз билан тиббиёт академияси, кимё технология, кимёгарлар олийгоҳларида таълим олишди. Уларнинг айримлари муаллим, кўпчилиги шифокор, юртимиздаги кўплаб завод ва ишлаб чиқариш корхоналарининг етакчи мутахассислари сифатида фаолият юритаётир.
Ашур ака Ҳакимов тоғли Бойсуннинг Пулҳоким қишлоғида чорвадор чўпон хонадонида туғилиб вояга етди. Болалик пайтлари анча китобхон эди. Мактабдан бўшади дегунча чорвадор отага эргашиб, қўй ортидан Қўшбулоқ, Бобоқозоқ қирларига йўл олувчи болакайнинг ҳамроҳи китоблар эди. Нафақат мактаб дастурига оид китоблар, балки адабий асарлар ҳам бола қалби учун оламга дарича эди. Белбоққа тугилган китоб оддий вақт ўтказиш воситаси эмас, чинакам йўлдош эди. Кейин қир-адирлар бағрида, қаршингда бир отар қўй яйраб юргани ҳолида, хаёлнинг бир бандини бирор асар қаҳрамони банд этиб туришида ўзгача бир романтика ҳам борки, буни бошдан кечирмаган киши ҳис қилиши қийин. У китоблар олис шаҳару диёрлардан, ўзгача одамлар оламидан ҳикоя қилиб, жажжи юракларга кўринмас қанот бағишлаб туради. Ашур ака ана шундай муҳитда вояга етди. Кейин мактабдаги кимё ўқитувчиси, беназир устоз Сафар Раҳмонов ўқувчида катта таассурот қолдирган.
Пулҳоким қишлоғи ҳақида кимки эшитган бўлса, қишлоқни шифокорлар, аниқроғи, кимёгарлар қишлоғи деб таърифлайдилар. Бу эътироф ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Мактабда узоқ йиллар кимё фанидан сабоқ берган Сафар Раҳмоновнинг номи бутун республикадаги соҳага оид даргоҳларда маълум эди. Сафар Раҳмоновнинг кўплаб шогирдлари тиббиёт соҳасида, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент тиббиёт академияси, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Жиззах давлат педагогика институти, Термиз давлат университети ва бошқа кўплаб нуфузли даргоҳларда бугун ҳам фаолият юритмоқда. Ҳа, Сафар Раҳмоновнинг кимё йўналишида ўқиган бутун бир авлодда устозлик ўрни бор. Муаллим кўп, устоз эса жуда ноёб бўлади.
Худди шу устоздан илмларнинг бениҳоя мўъжизакори бўлган кимёни пухта ўрганган Ашур ака университетни тугатгач, мактабга, устоз қадами теккан қадрдон гўшага қайтиб келди. Бунга ҳам йигирма етти йил вақт ўтибди. Қишлоқда шундай гап бор: одамлар Ашур Ҳакимга қараб соатини тўғирлаб олишади. У ҳануз битта мактабда, битта фандан сабоқ беради. Туман, вилоят, ҳатто республика олимпиада комиссиялари вакиллари ҳам гап кимё фанига келганда, “Пулҳоким мактаби бор ҳали, хулосага шошмайлик” деган кўникмага келиб қолишган.
Тарновдан тушадиган баҳор ёмғирига умид боғлаган, битта молини бозорга чиқариб сотса, бир неча муддат кўнгли хуфтон бўлиб юрадиган, асрий тошларни ёриб ўсган арчадан табиий инстинкт билан улгу олувчи бойсунликлар ҳаётида илмнинг ўрни бўлакча. Қолаверса, камтарин турмуш тарзига, айни пайтда беқиёс ғурур ва ориятга таянган бу одамларнинг бор бисоти фарзандлар камоли билан узвийдир. Фарзанд камолини муайян ҳаётий муқим хулосаларга келиб бўлган ота-оналар ва чинакам устозлар таъминлайди. Агарда фарзанд шу устозга етиша олса.
Мустақилликнинг илк йиллари айрим ўқитувчилар мактаблардан кетиб қолдилар. Бу ҳолатга сабаб ҳам бордек эди, гўё. Маош ҳаминқадар, оила-рўзғор ташвишлари бу фидойи кишиларни бироз гангитиб қўйгандек эди. Бу ҳолат Пулҳокимда ҳам озми-кўпми ўз изини қолдирди. Кимдир савдога қўл урди, яна бировлар пастга – обикор туманларга кўчиб кетишди. Аммо ботинида устоз бўлиш машаққатига чидам, эккан ниҳолларининг ҳосилини кўришдек тотли завқдан умид ҳисси бегона бўлмаган кишилар учун мактаб ўз муқаддаслигини йўқотгани йўқ. Аслида, устоз сўзининг моҳиятида комиллик жам бўлар, эҳтимол. Модомики шундай экан, комилликнинг илк шарти қаноат бўлади. Бу иборалар билан эгиз бўлган тағин шундай жумлалар бор: “Томчи тошни тешади!”, “Билим қалб таомидир!”, “Билиш завқи кимгаки эш бўлса, у – билади. Амалиёт эса бошқа масала”. Ушбу сўзлар бир-бирини бойитгани ҳолда чинакам ўқитувчининг ҳаётини, қалбини бетимсол мазмун билан тўлдиради. Бу мазмундан топиладиган ҳаловатни ўқитувчи зоти бошқа ҳеч қаердан тополмайди.
– Бизлар ҳам бир дипломи бор, кўп қатори ўқитувчи бўлдик-да, – деб гап бошлади Ашур ака, – бу мактабда кимлар ишламади. Қандай зотлар бу ерга келиб кетмади. Сафар Раҳмонов, Хоним Тошбоев, Малла Норқобилов, Турсоат Холиёров... Улар устозлар эди. Уларнинг рўпарасидан келиб қолсанг, беихтиёр қаерда турганингни, кимлигингни ёдга олардинг. Бу бир анчайин қўрқув эмас, биз улардан қўрқмасдик, ички бир иззат-ҳурмат билан ҳайиқиб, одоб сақлардик. Ахир, уларнинг ҳеч қайсиси бизга тарбиявий соат ўтгани йўқ. Бири кимёдан, бири физика-математика, яна бири биологиядан, бошқаси бўлса информатикадан сабоқ беришган. Устозларнинг хулқ-атворида чинакам педагоглик бор эди. Улар тарбиячи эди. Катта-катта курашларда тўполон бўлиб кетган пайтда, баковул эплолмайдиган вазиятларни оддий мактаб директори тинчитиб юборганини кўрганмиз. Энди ўйласам, мактаб директори, мактаб ўқитувчиси дегани оддий одам эмас, оддий одам бўлмаслиги керак экан-да. Мен ўзим ҳам ўн йилдан ошиқроқ вақт шу мактабда раҳбарлик қилдим, ўша вақтда ҳам дарсга, айниқса, индивидуал сабоққа фурсат ажратдим. Озми-кўпми тажрибадан хулоса шундай бўлди: ўқувчининг руҳиятидаги илмга бўлган катта интилишни тарбиялаш учун илмнинг ўзи жуда камлик қилар экан. Бунинг учун ўқувчи билан устоз ўртасидаги ҳеч нарса (моддий манфаатлар, таниш-билишлар) рахна сололмайдиган муқаддас масофани сақлай билиш керак бўларкан. Баъзан рус ёки европа асарларида, фильмларида ўқувчи ва ўқитувчи муносабатларини кўриб ҳайрон бўламан. Қанчалар эркин, бемалол! Ҳаётнинг турли жиҳатлари ҳақида суҳбатлашишаверади. Дейлик, бирор кафега муаллим кирса, у ерда ўқувчисини кўриб қолади-ю, иккаласи бемалол чақчақлашаверади. Аммо бу омилларни бизнинг шарқона тарбиямизга тарғиб этиб бўлармикан? Менимча, бунинг иложи йўқ. Бу “эркинлик” анча қалтис. Чунки одам ҳар йили бир янги қатлам ҳосил қиладиган дарахтдай гап. Ниҳол билан чинорнинг физиологик фарқи, ҳаётдан завқ қилиш тарзида тафовутлар бор. Буни инкор этмаслик шарт. Табиатимиздан, атрофимизни ўраб турган табиат қонунларидан узоқлашмаслик керак. Осмонда қуёш битта, лекин рамзий маънода Маънавият деган қуёш ҳам бор бўлиши керак. Бу офтоб одамларнинг ичидан, юрагидан балқиб чиқади. Бу қуёшнинг чиқиш ва ботиш жойининг ўзгариши ўқитувчига, оддий мактаб ўқитувчисига боғлиқ.
Отам раҳматли чўпон эди. Бир гапни кўп айтарди: “Улим, ўқи, одам бўл! Илмли одам ҳеч қачон хор бўлмайди. Амал ликиллаган ризқ, олимлик билқиллаган ризқ”. Бу гапдаги “ликиллаган”, “билқиллаган” деган сўзларни сизлар яхши тушунасизлар.
Кимёда бир маълумот бор: уран деган радиоактив элементни биласиз, эшитгансиз, албатта. Ана шу элементнинг бир килограмми 100 миллион йилда 15 граммини йўқотади. Ўн беш грамм уран бошқа нарсага айланиб кетади. Бир килограмм уран парчаланиб кетиши учун олти юз олтмиш олти миллион йилдан кўпроқ вақт керак. Қанчалик сабрли-я, табиат! Ана шу нодир металл ҳам одамдан, унинг азиз умридан азиз эмас-ку! Тўғрими? Шундай бўлгач, одамийлик деган жуда катта, Оллоҳ насиб этган сирли қатлам – маънавиятга путур етмаслиги керак-да?! Бу қатлам руҳиятимиздан кетса, бизнинг даштда ўтлаб юрган жонивордан фарқимиз қоладими? Биз ўқитувчи бўлсак, ўқувчи онгига шу нарсани сингдира олишимиз керак. Элни эътиқод суяйди...
Домла сўзлашдан тўхтади. Бу вақтда мен кимё хонасида эканимни энди унутиб қўйгандек бир ҳолатдаман. Орадаги жимлик жудаям овозга тўла бўлади.
Одам тийнатида ҳам жуғрофий жиҳатга мос лалми ва оби ҳудудлар бор. Одамнинг обикор ва лалми майдонлари бор. Ана унинг лалмисини обод қилишдек вазифалар мавжуд. Бу ишни чинакам устоз адо этади. Ашур ака учун, мактабнинг кимё фани ўқитувчиси учун бу жумлалар бироз ғалат эшитилар, бироқ у бу тушунчаларнинг моҳиятини қалбан ҳис этади, амалда кўра билади. Муаллим, айниқса, қишлоқ муаллими учун қийин бир жиҳат бор. У ҳамиша, ҳамма жойда намуна бўлмоғи керак. Ўз ўқувчиларига-ку, бутунлай, ўзидан ёши улуғлар учун ҳам у “домла, устоз” деган мақомда, ёзилмаган қонунга кўра, ички бир ҳурмати бўлади. Бу нуфузни оқламоқ эса кўп мушкул. Қишлоқда бир-бирига бегона, қариндош бўлмаган одамнинг ўзи йўқ. Тўй бор, маърака бор. Элчилик. Эл билан елкадош бўлиш, унинг яхши-ёмон кунида бирга туришнинг теран бир шартлари бор. Бу шартларни бажариш бошқа касб эгасидан кўра ҳам муаллимга қийинроқ кечади. Чапани, бир қоп ёнғоқдай гулдираган одамларнинг оғзидан гоҳ насиҳат, гоҳ ҳазил тарзида чиқиб кетадиган сўзларнинг ҳеч бирини муаллим айтолмайди. Битилмаган қонун амалда: муаллим намуна бўлиши керак! Атрофида ҳеч бўлмаганда, икки-учта ўқувчиси бор-да...
* * *
Ашур Ҳакимов педагогик фаолияти давомида кўплаб йигит-қизларга устозлик қилди. Унинг ўқувчилари вилоят, республика, халқаро Менделеев олимпиадаларида бир неча бор олтин медаллар олиб қайтдилар. Қишлоққа йўли тушганида мактаб остонасидан кириб келувчи ҳар бир собиқ ўқувчи, албатта, домланинг икки оғиз суҳбатини тинглашга интилади. Домла эса одатига кўра, дарсда ёки кимё тўгарагида машғулотда бўлади. У кишининг кичик ўғли домланинг соҳасини танлади – Термиз давлат университетида талаба. Каттаси... каттасининг ҳам ўзига яраша ташвишлари бор. Оиланинг кундалик муаммолари домлага ҳам бегона эмас. Бу юмушлардан ташқари ёмон ўзлаштираётган қай бир ўқувчисини ўйлашга вақт топиш ҳам унинг гарданида.
Бутун коинотни муқим қонун асосида тутиб турадиган кучлар ҳақида бироз илмийроқ тилда мулоҳаза юритдик. Буларнинг барчаси кимёвий жараёнларга боғлиқ эканини англадик, менимча.
Биз бир кимёгар муаллимнинг ҳаёт йўлига нигоҳ ташладик. Бу йўл эса кимё билан, кимёвий ва одамий жараёнлар билан узвий эканига амин бўлдик. Билим қалб таомидир, деган сўзга дуч келдик. Қалби тўқ одамнинг нақадар давлатманд эканига гувоҳ бўлдик. Бир пайтлар чўпон бобо айтган “Олимлик билқиллаган – кетмас давлат” эканига ишондик.
Билиш завқи азалдан қизиқувчан бўлган одамзодни тинч қўймаган. Аксинча, ҳаётдан маъно кетган бўлур эди.
Одам болалари ана шундай даъво билан дунёнинг аввалида йўлга тушишган. Жуда кўп нарсани ўз фойдасига илмий жиҳатдан ҳал этишган ҳам. Аммо тараққиётнинг қадам олишига боқиб туриб шундай ўй хаёлга келади: кун келиб бугунги эришган ютуқларимиз ҳам оддий, ибтидоий турмуш тарзи бўлиб қолиши мумкин. Шу ўринда тараққиётнинг, илм ютуқларининг тарбия билан эгизак бўлиши нақадар муҳим эканини англайсиз. Глобаллашган давр фарзандларининг ҳаёти нақадар мураккаблигига амин бўласиз. Ва беихтиёр мактаб ўқитувчисининг жамиятимизда нақадар тенгсиз ўрни борлигини тушунасиз.
Муаллим дунёга берилган саломдир! Бу саломга – эзгу тилакка жавобни ҳар бир давр ҳар хил фасон ва оҳангда айтади. Бу саломга олинган алик даврга, жамият кишилари камолига қуёш нуридек бевосита таъсир этади. Бундан улуғ Суқротнинг бир хулосаси ёдга келади: “Эътиборсиз шогирд ўзи учунгина зарур бўлган нарсани йўқотади. Уни жалб этолмаган устоз эса келажагини бой беради!”
Бугун дунёнинг айрим буржларида либос, машина, самолёт, ҳаттоки иззат-икром ва обрў ҳам ижарага берилаётир. Бу инсоннинг ибтидоий ва энг юксалган қиёфасига жуда бегона нарса. Шундай бир вазиятда “Иллатни ошкора танқид қилиш унинг тарғиботидир”, “Баъзиларда фикр, баъзиларда ҳамфикр бор”, деган хулосалар билан қутлуғ масофаларни сақлаб, ўзликни ҳар нарсадан баланд қўйиб, касбига содиқ бўлиб яшаётган Ашур Ҳакимовдек фидойи устозларнинг ўрни беқиёс эканини теран ҳис этасан, киши.
* * *
Устознинг урган жойи қиёматда куймасмиш. Бу муборак калимани биринчи маъносида қабул этмаслик зарур. Иккинчи, рамзий маъноси ҳам етади. Зеро, устоздан олинган сабоқнинг ҳар бирида эзгуликка даъват яшайди.
Шу ва шу каби хулосалар билан кимё кабинетидан ташқариладим. Доимо устоз бўлиб қолувчи собиқ ўқитувчимга ич-ичимдан ташаккур айтиб, у билан хайрлашдим. Кун пешиндан анча оғиб қолган, осмонда қуёш бир зайлда нур сочарди.
Шодмонқул САЛОМ
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Ватандош
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ