Беруний «Тафҳим» асарини бағишлаган Райҳона ким эди?


Сақлаш
15:37 / 15.04.2026 35 0

Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний қолдирган илмий мерос 152 китоб ва рисоладан иборат бўлиб, кўпчилик асарлари замонасидаёқ ўзига хос энциклопедия ҳисобланган. Улар Туронда қадим ва ўрта асрлардаги аниқ ва табиий фанлар ривожи, хусусан, астрономия, астрология, математика, геометрия, кимё, фармацевтика, тиббиёт тарихини ёритишда муҳим қомусий манбалар сирасига киради. Жумладан, «Мунажжимлик санъати (астрология) негизларини тушунтириш китоби» – «Тафҳим» унинг энг йирик асарларидан бири бўлиб, энциклопедик характерга эга. 1029 йили Ғазнада ёзилган асар бизгача форс ва араб тилларида етиб келган. Унда математика, астрономия, география, тарих, хронологиянинг умумий масалалари ва уларнинг мунажжимлик санъати (астрология)га татбиқи баён қилинган. Китоб одатда «Тафҳим», «Астрономия» ва «Астрология» номлари билан атаб келинади. Бунга сабаб асарнинг арабча номи «Китобу-т-тафҳим ли-авоили синоати-т-танжим» жумласида «Тафҳим», «синоати-т-танжим» («Астрономия» ва «Астрология») сўзларининг борлиги. «Синоати-т-танжим» ибораси Европа тилларига «Астрономия» ёки «Астрология» деб таржима қилинади. Лекин шарқда Берунийнинг бу асари «Тафҳим» номи билан машҳур. 

 

Мазкур асар хоразмлик Ҳасан исмли кишининг қизи Райҳонага атаб ёзилган. Афсуски, Райҳона тўғрисида кўп маълумотга эга эмасмиз. У ҳақида Беруний асарига ёзган сўзбошисида қуйидагича маълумот беради:

 

«Шунинг учун мен бу эслатма (китобни) бу (санъатнинг) толибаси хоразмлик Райҳона Ҳасан қизи учун савол ва жавоб тарзида туздим, чунки бу (усул) яхши ва тасаввур қилиш учун осондир. Мен ҳандасадан бошладим, сўнгра ҳисоб ва сонларга (ўтдим), кейин олам тузилишига, сўнг юлдузлардан ҳукм (чиқаришга) ўтдим, чунки (ҳар қандай) инсон ҳам ана шу тўрт фанни ўзлаштирганидагина мунажжим исмига лойиқдир».

 

Бу сўзларида олимнинг методологик принципи ва педагогик қарашлари аниқ сезилади. Беруний астрономия илмини энг содда усулларда тушунтириш билан ўз олдига аниқ педагогик мақсад қўйганини кўриш мумкин. «Тафҳим» айнан шу жиҳати билан Берунийнинг бошқа асарларидан ажралиб туради.

 

Китобдаги ҳар бир боб аввалида баён қилинадиган фаннинг асосий тушунчалари келтирилади, бериладиган материал мантиқий боғлиқликда баён қилинади. Ҳар бир бўлим ёки боб ўзидан олдинги ва кейингиси билан узвий боғланади. Бунда ёнма-ён келган боблар учун умумий бўлган бирор масала ёритилади. Берунийнинг таърифларни бундай тартибда жойлаштиришига чуқур илмий-мантиқий ва педагогик мақсад сабаб бўлган. Унга кўра, йўналиш энг содда абстракциядан мураккабга қараб бўлиши керак эди.

 

"Китобу-т-тафҳим" асарида келтирилган дунё харитаси

 

Асар 530 та савол ва жавобдан иборат саккиз бобни ўз ичига олади. Биринчи бобда 71 та савол-жавоб бўлиб, ҳандаса-геометрия ва унинг асосий тушунчалари, планиметрия, нисбатлар назарияси, стереометрия, сферика хусусида сўз юритилади. Бобда геометрияга таъриф берилганидан сўнг кетма-кет жисм, фазо ўлчамлари, томонлар, сирт, чизиқ ва нуқта тушунтирилган; улардан кейин сирт ва чизиқнинг хусусий ҳоллари – текислик ва тўғри чизиққа ўтилган.

 

48 савол ва жавобдан иборат иккинчи бобда арифметика, сонлар назарияси, ал-жабр, ҳарфий рақамлаш масалалари бўйича баҳс кетади. Беруний ҳисоб илмига оид бобда назарий ва амалий арифметикани баён қилган ҳамда алгебра ва абжад ҳисобининг бошланғич тушунчаларини берган.

 

87 савол-жавобли учинчи бобда астрономия, олам тасвири, вақтни ўлчаш, сферик астрономия, ой ва сайёраларнинг кўринма ҳаракати, юлдузлар астрономияси, қуёш ҳаракати назарияси, ой ва сайёралар ҳаракати назарияси, ёриткичларнинг ўлчамлари ва масофаларига оид масалалар муҳокама этилган. Астрономия бобидаги маълумотларни бевосита кундалик ҳаёт билан боғлайди. Унда қуёш ва ойнинг йиллик, кунлик ҳаракатлари натижасида содир бўладиган ҳолат, ҳодисалар баён қилинган. Бу ҳолатлар мусулмон мамлакатларида диний маросимларни амалга оширишда катта аҳамият касб этган.

 

Тўртинчи боб 35 савол-жавобдан иборат бўлиб, география, ернинг ўлчамлари, ернинг маъмур қисми, математик география, гномоника, иқлимлар, мамлакатлар ва шаҳарлар хусусида баҳс юритилган. 26 савол-жавобдан иборат 5-бобда астрологик астрономия, астрологик уйлар, ёриткичларнинг бирлашишлари, астрономик тутилишлар тўғрисида сўз борган. 57 савол-жавобли кейинги бобда хронология, кунлар, ойлар, эралар, тақвимлар, яҳудийларнинг машҳур кунлари, христианларнинг байрамлари, мусулмонлар, форслар, румларнинг улуғ кунлари, суғдлар ва хоразмликларнинг машҳур кунларига оид масалалар кўриб чиқилган. Еттинчи боб 23 савол-жавобдан иборат бўлиб, устурлоб, ундан фойдаланиш, унинг тузилиши ва геометрияга татбиқига оид масалалар муҳокама этилган.

184 савол-жавобдан иборат 8-бобда астрология-аҳкоми нужум, буржлар, сайёралар, астрологик уйлар, қуръалар, юлдузлар ҳукми хусусида баҳс кетади. Бобда Беруний мунажжимликни ўргатишни эмас, балки унинг асл юзини очиб ташлашни кўзлаган. Масалан, Берунийга кўра, мунажжимлар «Бекорчилик масаласи» номли ишларида мижозга керакли ҳукмни айтиш учун олдиндан тузилган саволлар ёрдамида унинг мақсадини билиб олган ва ўз ҳисоблашларини керакли хулосага тўғрилаган. Ундан ташқари, мунажжимлар одатда катта ҳаёт тажрибасига эга, ўткир зеҳнли бўлишган. Бу эса савол бермасданоқ кишининг юзига диққат билан боқиб, унинг фикри, ният ва орзуларини билиб олиш имконини берган. Бундан кейин сўровчига мос келадиган хулосани айтиш қолган.

 

"Китобу-т-тафҳим" асарида келтирилган қуёш ва ой ҳаракати

 

Кўринадики, Беруний «Китобу-т-тафҳим»ни чуқур илмий-методик услубга кўра ёзган ва математик жиддийликка амал қилган: унинг бирор қисми асардаги бошқа материаллардан ажралиб қолмаган, яъни асар бутунлай ягона бир тизимдан иборат.

 

Берунийнинг бошқа асарларига нисбатан «Китобу-т-тафҳим»нинг қўлёзмалари бирмунча кўпроқ сақланган: Ҳозирги кунда унинг 20 та арабча, 22 та форсча нусхаси борлиги маълум. Демак, «Китоб ат-тафҳим» фақатгина Райҳона учун дарслик бўлиб хизмат қилмаган, ундан асрлар давомида кўплаб талабалар илм олишда фойдаланишган. Буни асарнинг қўлёзмалари Испаниядан Малайзиягача бўлган кенг ҳудудларда тарқалгани билан асослаш мумкин. Шу йўсин биргина хоразмлик олима қиз – Райҳона сабаб узоқ асрлар давомида дунё талабалари аниқ ва табиий фанлар бўйича яхшигина илм олиш бахтига муяссар бўлишган.

 

Шу ўринда хоразмлик олима қиз Райҳонанинг шахсий ҳаёти қандай бўлгани, у тўғрисида таниқли олимлар билдирган фикрларга ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. «Тафҳим»ни илк бор Лондонда 1934 йили инглиз тилида нашр қилган Р.Райт Райҳона Султон Маҳмуд томонидан Хоразмдан Ғазнага кўчирилиб олиб кетилганлардан бўлиши мумкинлиги айтади. Маълумки, Султон Маҳмуд Ғазнавий 1017 йилда Хоразмни эгаллаб, ўлкадаги таниқли олимлар, сиёсий арбоблар ва зодагонларни Ғазнага олиб кетган. Шу пайтда Абу Райҳон Беруний, унинг устози Абу Наср ибн Ироқ ва бошқа танишлари ҳам Ғазнавийлар пойтахтига кетишга мажбур бўлишган. Бунда Райҳонанинг отаси Ҳасан ҳам Ғазнага келган бўлиши эҳтимоли юқори. Райҳонанинг хоразмлик экани, бироқ унга аталган китоб Ғазнада ёзилгани ҳам бунга ишора қилади. Инглиз олими Р.Райт, шунингдек, Райҳона Ҳасаннинг эмас, балки Хоразмшоҳ Маъмун ибн Муҳаммаднинг (995 – 997) қизи, Абул-Аббос Маъмун ибн Маъмун ибн Муҳаммаднинг (1010 – 1017) синглиси бўлса керак, деган тахминни ҳам илгари суради. Лекин бу фикрга асос бўладиган аниқ факт шу пайтгача биз томонимиздан топилмади. Шу сабаб Райтнинг бу фикри тахминлигича қолмоқда.

 

Аммо Райт барибир Райҳона Берунийнинг Хоразмшоҳ Маъмун саройидаги дўстларидан бирининг қизи, деган тўхтамга келади ва келиб чиқишидан қатъий назар, Райҳона шарқ аёллари орасида илмий билимга зўр иштиёқи ҳамда унга атаб бир китоб ёзилгани билан ажралиб туришини таъкидлайди. Шунингдек, «Тафҳим»нинг хоразмлик Ҳасан қизи Райҳонага атаб ёзилгани Берунийнинг Хоразмшоҳ Маъмун саройи ва Хоразмнинг йирик зодагонлари билан яқин бўлганини ҳам исботлайди. Ҳар ҳолда унинг отаси Ҳасан Хоразмнинг йирик зодагонларидан бўлгани эҳтимолга яқин. Ҳасаннинг Маъмун ибн Маъмун саройига яқинлиги ва ғазнавийлар етакчиси билан юртини тарк этганини таниқли олим И. Ю. Крачковский ҳам ўз пайтида тахмин қилган.

 

Беруний астрологияга нисбатан «Геодезия»да хам, «Қонуни Масъудий»да ҳам, «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар»да ҳам танқидий қарашини очиқ айтган. У астрологияни «аҳкоми нужум», яъни «юлдузлардан ҳукм чиқариш» деб атаган. Аллома ҳақиқий рационалист олим сифатида фанни қоралаган бўлишига қарамай, ҳомийлари талаби билан бу ишга қўл урган. Афтидан, Райҳона Хоразмнинг ҳукмрон доираларига мансуб бўлган ва кейинчалик Ғазнага кўчирилиб олиб кетилган йирик зодагоннинг қизи экани тўғрисидаги фикр анча ишончлироқ кўринади. Шу сабаб зодагоннинг талабига кўра «Тафҳим»да кўпроқ астрологияга аҳамият берилган.

 

Шу ўринда олима қиз Райҳона тўғрисида ўтган асрда шаклланган ва ҳозиргача ўзбек жамоатчилигида давом этиб келаётган айрим қарашларга ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Айримлар Берунийнинг Абу Райҳон лақабидан келиб чиқиб, Райҳонани унинг фарзанди деб ҳисоблашади. «Абу Райҳон» араб тилидан Райҳоннинг отаси маъносини англатишиш тўғри, бироқ Райҳонани бу билан боғлаш асоссиз. Дастлаб, Беруний бу лақабни нега олганига тўхталиб ўтайлик. Биринчи тахминга кўра, унинг Райҳон (ёки Райҳона) исмли фарзанди бўлган, шу сабаб аллома мазкур лақаб билан танилган. Бироқ, Берунийнинг бундай фарзанди борлиги тўғрисида бирорта манбада шу пайтгача маълумот топилмаган. Яъни бу фикр асоссиз.

 

Иккинчи қараш – «Абу Райҳон» араб тилида «райҳонли киши» маъносини ҳам билдиради. Бу ерда райҳон деганда фақат бир ўсимлик турини эмас, умумий тушуниш керак. Яъни «Абу Райҳон» ўсимликларга қизиқувчи, уларни севувчи, улар билан кўп шуғулланувчи киши маъноларини ҳам англатади. Беруний ёшлигидан ўсимликларга қизиққани, ёнидан доим турли гиёҳлар топилгани сабаб шундай лақабланган ва бу анча асосли. Демак, аллома исмидаги қўшимчанинг Райҳона исмли олима қиз билан боғлиқлиги йўқ.

 

Учинчи қараш бўйича олсак, араб тилида «райҳон» сўзи раҳм, шафқат, меҳр маъноларини ҳам англатади. Беруний мулойим, меҳрибон, раҳмдил киши бўлгани учун Абу Райҳон (яъни раҳмдил киши) лақабини олган ва бу ҳам асосли, дейиш мумкин.

 

СССР адабиёти ва кинематографиясида Райҳона образига совет мафкураси нуқтаи назаридан қаралган. Масалан, Беруний ҳақда олинган фильмда у чўри қиёфасида тасвирланган бўлса, Одил Ёқубовнинг асарида насроний қиз сифатида кўрсатилган. Ва ҳар икки асарда ҳам асли ўзбек олимаси бўлган қизни мискин, бегона қиёфада тасвирлаш орқали ҳақиқатга тескари бориб, райҳон тақдири тузумга хизмат қилдирилган. Хайриятки, ҳозирги ўзбек адабиётида Райҳонага тўғри, тарихий ва манбавий томондан асосли қарашлар аста-секин шаклланиб боряпти. Хусусан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг «Абу Райҳон Беруний» номли тарихий-биографик романида Райҳона алломанинг хоразмлик дўсти Ҳасаннинг қизи экани, Беруний унинг илтимоси билан асар ёзгани айтилади. Шунингдек, романда Беруний ва Райҳона ўртасида ҳеч қанақа севги, ўлдим-куйдим саҳналари ҳам йўқ. Шу жиҳатдан мазкур роман Райҳонага турли ғоялардан ҳоли, тарихий жиҳатдан тўғри ва асосли ёндашилган илк асар саналади.

 

Ўрта асрларда Турон ҳудудида ҳукмрон доиралар ҳамда зодагон табақа ўртасида геометрия, математика, география, хронология, айниқса, астрономия, мунажжимлик санъати (астрология)га қизиқиш кучли бўлган. Абу Райҳон Беруний «Тафҳим»ининг ёзилиши ҳам ўзбек халқининг турли қатламлари, хусусан, ҳукмрон ва зодагонларнинг тарих, аниқ ва табиий фанларга бўлган қизиқишлари, фарзанд тарбияси, айниқса, қизлар таълимига бўлган эътибори қанчалар кучли бўлганини исботлайди.

 

Ислом БЎРИЕВ

Фанлар академияси Шарқшунослик институти кичик илмий ходими

 

Фойдаланилган манбалар ва адабиётлар рўйхати

Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад. Мунажжимлик санъати (астрология) негизларини тушунтириш китоби (Тафҳим). Сўз боши, таржимон, изоҳлар ва кўрсатгичлар муаллифи Ашраф Аҳмедов. – Тошкент-Урганч-Хива, 2006.

Abul-Rayhan al-Biruni, The Book of instruction in the elements of the astrology, ed. and transl. By R. Wright, London, 1934.

Абу Райҳон Беруний. Китобу-т-тафҳим ли-авоили синўати-т-танжим. Қўлёзма. Лондон. Британия кутубхонаси. Шарқ қўлёзмалари. Ор. №8349.

Абу Райҳон Беруний. Китобу-т-тафҳим ли-авоили синўати-т-танжим. Теҳрон. 1317 – 1316 ҳижрий.

Абу Райҳон Беруний. Китобу-т-тафҳим ли-авоили синўати-т-танжим. Қўлёзма. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик Институти қўлёзмалар фонди. Асосий фонд қўлёзма асарлари. №3423.

Абу Райҳон Беруний. Китобу-т-тафҳим ли-авоили синўати-т-танжим. Қўлёзма. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик Институти қўлёзмалар фонди. Фотокопиялар фонди. №142.Абу Райҳони Берунй. Китоб-ут-тафҳим ли-авоили синоъат-ит-танжим. Душанбе: Нашриёти «Дониш», 1973.

Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар. И жилд. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар (Таржимон А. Расулов, изоҳлар муаллифи И. Абдуллаев ва А. Расулов). Тошкент: «Фан» нашриёти, 1968.

Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар. III жилд. Турар жойлар (орасидаги) масофаларни аниқлаш учун манзилларнинг чегараларини белгилаш (Геодезия). Муқаддима, таржима ва изоҳлар муаллифи Ашраф Аҳмедов. Тошкент: «Фан» нашриёти, 1982.

Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. I жилд. Тошкент: «Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси», 2000.

И. Крачковский. Арабская географическая литература. Избранные сочинения. Том ИВ. Москва-Ленинград, 1957.

Одил Ёқубов. Кўхна дунё (роман). Тошкент. 2015.

Исажон Султон. Абу Райҳон Беруний (тарихий-биографик роман). Тошкент. 2023. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Ватандош

15:04 / 14.04.2026 0 83
Муқаддас масофаларни сақлаб





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33597
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//