Аҳмад Яссавийнинг отаси Тошкентдаги Иброҳим ота мақбарасига дафн этилганми?


Сақлаш
17:44 / 16.04.2026 70 0

Хожа Аҳмад Яссавий тасаввуф илмининг буюк намоёндаси, “Яссавий” тариқасининг асосчиси, туркий шеъриятининг йирик вакилларидан биридир.

 

Яссавийнинг қандай зот бўлгани, 1105 йилда Қозоғистоннинг Сайрам қишлоғида туғилиб, 1166 йилда Туркистон шаҳри (қадимги Ясси)да вафот этгани, “Ҳикматлар” шеърий тўпламини ёзиб қолдиргани кўпчиликка маълум.

 

Унинг Қозоғистон республикаси, Чимкент вилояти Туркистон шаҳрида жойлашган мақбараси эса, шубҳасиз, мусулмон меъморчилигининг мўъжизаларидан бири саналади. Бу ёдгорлик соҳибқирон Амир Темур буйруғига асосан 1385–1405 йилларда авлиёнинг ўлимидан тахминан 233 йил ўтиб бунёд этилган. Ўз маҳобатига кўра Самарқанддаги Бибихоним масжиди билан тенглаша оладиган ушбу меъморий обида 2003 йили UNESCO умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

 

Аҳмад Яссавий мақбараси. Туркистон.

 

Бу улуғ мутафаккирнинг ота-оналари ким бўлгани, қаерда яшагани, сўнгги манзили хусусида маълумотлар деярли йўқ. Яссавий Сайрамлик Иброҳим Шайх оиласида таваллуд топгани, онасининг исми Ойиша Мусо шайх қизи бўлгани, ота-онадан эрта айрилгани (отаси ўлганида у етти яшар эди) қайд қилинади.

 

Шайх Иброҳим XI асрда Марказий Осиё халқлари орасида ислом дини тобора тарқалиб бораётган бир даврда Сайрамда (Қозоғистон) яшаган. Моҳир деҳқон бўлган. Шу билан бирга, халқ орасида ўзининг авлиёлик ва башорат қила олиш қобилияти билан машҳур эди.

 

Иброҳим ота номи билан аталувчи мақбара уч жойда Тошкент, Сайрам ва Турбатда (Қозоғистон) мавжуд. Аҳмад Яссавий асарида отасининг қабри Оқтурбатдалигини ҳам қайд қилган. Демак бу шахсга оид қабр уч жойда бор ва уччаласи ҳам ҳозирда зиёратгоҳ саналади.

 

Иброҳим Шайхнинг асл қабри Сайрамнинг шимоли-шарқида жойлашган. Қабр устига ХII–ХIV асрларда қурилган дастлабки мақбара вақт синовига бардош беролмаган. ХIХ аср ўталарида қурилган янги мақбаранинг гумбази ҳам 1950 йилдаги зилзила натижасида қулаб тушган.

 

Иброҳим ота мақбараси ўлчами 7х7 метр, баландлиги 8,25 метрли иншоот. 1990 йилда Қозоғистон ҳукуматининг ташаббуси билан қайта таъмирланган ва обод зиёратгоҳга айлантирилган.

 

Иброҳим ота мақбараси. Сайрам.

 

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Қозиюрт райони Турбат қишлоғида Хожа Аҳмад Яссавий ва отаси Иброҳим Шайх билан боғлиқ яна бир муқаддас зиёратгоҳ мавжуд. Ҳар йили минглаб инсонлар бу ердаги Исмоил ота зиёратгоҳига ташриф буюрадилар.

 

Исмоил ота мақбараси ҳақида ҳам бир қанча ривоятлар мавжуд. Шуларнинг бирида айтилишича Турбатда дафн этилган Исмоил Аҳмад Яссавийнинг амакиси, яъни Иброҳим Шайхнинг акаси бўлган.

 

Бошқа бир манбада эса мазкур мақбара XIV асрга оид ёдгорлик бўлиб, Амир Темурнинг амрига биноан Иброҳим отанинг ўғли сўфий Исмоилнинг қабри устида барпо этилган пештоқ-гумбазли иншоотдир. Турбат қишлоғидаги ушбу ёдгорлик мажмуаси таркибига мақбара, масжид ва эски қабристон киради.

 

Исмоил ота мақбараси. Турбат.

 

Ушбу мақоланинг ёзилишига Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган “Иброҳим ота” номи билан аталувчи яна бир тарихий обида сабаб бўлди.

 

“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 4-жилдида (2002 йил. 64-бет) берилган маълумотларга кўра Тошкентнинг меъморий ёдгорликларидан бири бўлган Иброҳим ота мақбараси XV–XVII асрларга мансуб иншоот бўлиб, мақбара (тархи 6,7х9,34 м, бал. 4,5 м) бир хонали, олди пештоқли (баландлиги 5,65 м), гумбаз томли. Тарзлари безаксиз, ичкариси ганч сувоқ қилинган. Полига ғишт ётқизилган. Эшик тепасидаги туйнукка панжара ишланган. Мақбаранинг ғарбида ер сатҳидан 1,5 м чуқурликда чиллахона ҳам бор. Мақбара кейинги асрларда бир неча марта таъмирланган.

 

Мақбаранинг атрофидаги 2,28 гектар майдонни эгаллаган “Иброҳим ота” қабристони ХVIII–ХIХ асрларда ташкил топган. Шу ердаги маҳалла ҳам Иброҳим ота номи билан аталади. Қабристон ҳудудида эски масжид бўлиб, маҳалла кексаларининг айтишича, масжид тарихи ХV–ХVI асрларга бориб тақалади. 1956 йилда масжид ҳашар йўли билан қайта барпо этилган. 2006 йилда эса яна бир бор қайта таъмирланиб, кўркам ҳолатга келтирилган. Бу жараёнда ҳам маҳалла аҳли фаол иштирок этган.

 

2024 йилда қабристон ҳудудидан бир оз тепада икки қаватли бутунлай янги “Иброҳим ота” масжиди бунёд этилди ва ҳозирда жамоат номозлари шу ерда адо этилмоқда. Қабристон ичидаги эски масжид эса фаолият юритаётгани йўқ.

 

Ойим билан қабристонни тозалагани чиққанимизда “Хури бувинг фарзандли бўлавермагач 7 йил давомида Иброҳим ота қабри атрофини супириб-сидириб, қабристон хизматчиларига эҳсонлар улашиб Худодан фарзанд сўрагани, Худога илтижолари етиб, кетма-кет уч фарзандни (бир ўғил, икки қиз) дунёга келтирган”и ҳақида кўп сўзлаб берарди.

 

Хури бувимиз узоқ йиллар мунтазам равишда Иброҳим ота мақбарасини тозалаб, ободонлаштириб юрган, маҳаллий аҳоли вафот этганларида бувини шу мақбара олдига дафн қилади. Фарзандлари томонидан қўйилган ёдгорлик тошида “Хури Биби Тошмуҳаммад қизи. 1832–1949 йй.”, деб ёзилган. Агар ундаги саналар тўғри бўлса, бувимиз 117 йил умр кўрган эканлар.

 

Иброҳим ота мақбараси эшиги ёнига лавҳ осилган, унда қуйидаги маълумотлар бор: Иброҳим ота бир муддат Тошкентда яшаган. Камсуқум зот бўлиб, гиёҳлар билан озуқланиб кам овқат ер экан. Қуръоннинг “Ихлос” сурасини севиб ўқиган. Қизилни яхши кўрган, бу рангни яратганга чин муҳаббат рамзи санаган.

 

Иброҳим ота мақбараси. Тошкент.

 

Иброҳим ота Қуръони карим ва пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадислари битилган китобларни туяда Тошкентга олиб келади. Диний ва дунёвий илимлар, хусусан, кимё ва табобат илмини пухта эгаллаган. Самовий илмлардан ҳам хабардор бўлган. Унинг оқ туяси бўлиб, унга миниб борор манзилни айтган ва туя ўзи ўша ерга олиб бориб қўяркан. Иброҳим ота чиллахонасидан Қорасаройгача ер ости йўли қурдирган бўлиб, бу йўллар Хастимомгача борган экан. Ер ости йўлини нима сабабдан қурдиргани жумбоқли, балки ташқи хавф туғилганда, бирон душман бостириб келганда ҳимояланиш учундир. Зеро, бу зотнинг Тошкентга келишидан ҳам асосий мақсад аҳолига ислом аҳкомларини етказиш ва уларнинг тинчлигини таъминлашдан иборат бўлган.

 

Иброҳим ота табобат билан шуғулланиб, оғир касалликларни ҳам даволаган. Ўз даврининг Луқмони ҳакими дея аталган. Эрта баҳордан кеч кузгача доривор гиёҳларни йиғиб, дори тайёрлаб беморларга тарқатган.

 

Шунинг учун ҳам кейинчалик бош оғриги (мигрен), оёқ томирларида хасталиги борлар (ворикоз), шунингдек, иши юришмаганлар, фарзанд талабидагилар авлиёнинг мақбарасини зиёрат қилиб Оллоҳда шифо ва кушойиш сўраган.

 

Тошкентдаги қабр хусусида айтсак, ривоятларга кўра Иброҳим отанинг шогирдлари Шош (Тошкент)га келгач устозлари руҳига ҳурмат юзасидан Сайрамдаги қабридан тупроқ олиб келиб, рамзий қабр қилган экан.

 

“Рамзий қабр” арабча “рамз, белги, ишора” сўзидан олинган бўлиб, ўзбек тили этимологик луғатига кўра, “ишора қилиб турувчи” маъносини билдиради.

 

Маълумот учун: Ўзбекистон ҳудудида бир қанча азиз авлиёлар, табаррук зотларнинг рамзий қабрлари мавжуд. Жумладан, Қарши шаҳрида ислом динини биринчилардан бўлиб қабул қилган, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг энг буюк саҳобаларидан бўлган Абу Убайда ибн Жарроҳнинг рамзий мақбараси бор. Амир Темур 1401 йилда Шомни эгаллаганда бу зотнинг асл қабридан тупроқ келтириб Қаршида рамзий қабр қилдирган.

 

Иброҳим ота рамзий қабри. Тошкент.

 

Азалдан халқимиз томонидан табаррук зотлар, азиз-авлиёлар эъзозланиб, уларга чуқур эҳтиром кўрсатиб келинган. Юртимиз ҳудудида яшаган, ислом оламида шайх, хўжа, саййид мақоми билан авлиё даражасига кўтарилган зотлар қабрлари муқаддас зиёратгоҳ саналади. Ўзбекистонда ислом дини уламолари ва саҳобалар номи билан боғлиқ рамзий қабрлар кўп бўлиб, диний-маърифий қадриятларимизнинг бир бўлаги сифатида улар ҳам жамиятимизда тарбиявий-ахлоқий маданиятни ривожланишда ўринли.

 

Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Қатағон қурбонлари хотираси давлат

музейи директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33765
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//