Умумийлик, муайян устивор йўналишга чамбарчас боғланиб қолмаган бугунги Оврўпа адабиётида услуб ва жанрлар хилма-хиллиги, бири бошқасининг ҳудудига тап тортмасдан бостириб киришни табиий жараён тарзида истифода этаётган мактаб ва йўналишларнинг ўзаро таъсирларини кўрамиз. Мақолада ушбу адабиётнинг асосий услуб ва йўналишларни ажратиб, ўрганиб чиқамиз.
Услуб ва йўналишлар
Пост-постмодернизм. Айрим тадқиқотчилар бугунги адабиётда постмодернизмга ўрин қолмади ҳисоб, унинг қоида ва қарашларидан чекиниб бўлинди, қабилидаги қарашларини илгари суришса-да, бу йўналиш, айниқса, интеллектуал адиблар доирасида ўз таъсирини ҳамон сақлаб қолган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин шакллана бошлагани айтиладиган Оврўпа постмодернизми сюжетлар ноизчиллиги, узуқ-юлуқ воқеалар мажмуи, метапроза ва ўзликнинг чуқур тадқиқи, истеҳзо ва калака, улуғвор чўпчак-нарративларга ишончсизлик каби жиҳатлари билан сифатланган бўлса, бугунги адабиётда бу сингари ёндошув бирмунча эврилишга учраб, постмодернизм тажрибасини ҳам инкор этмаган ҳолда, тирикликдан маъно ва мазмун излаган модернизм ўзанига яна қайтиш белгилари кўринмоқда, эндиги эътибор этик-ахлоқий, тарихий ва ҳиссий муаммолар томонга йўналмоқда. Истеҳзо оҳанги ҳам бир қадар юмшаб, ўрнини самимият, беқарор ва талотўпли замонда инсонга (персонажга) дардкашлик ва ахлоқий масъуллик сезимлари эгаллагандай бўлди. Матн ичра матнни бирламчи билган аввалги юксак постмодернизм интилишларидан бу нав оғишни, одатда, пост-постмодернизм ёки метамодернизм деб номлаш урфга кирди.
Ижтимоий фаол реализм. Ушбу йўналиш жамият ҳаёти ва долзарб ижтимоий масала-муаммоларни диққат марказига олиб чиқади. Кўпгина замонавий муаллифлар ўз асарларида жамият канорасида қолган маргинал қатламларга минбар беради, ижтимоий нотенглик, гендер масаласи, мигрант-муҳожирлар ҳаёти ва социумдаги зўравонликлар сингари замонанинг ўткир муаммоларини ўрганиш орқали китобхоннинг жамиятдаги ўрни ҳақида мулоҳаза юритишга ундайди. Ортиқча мажозийликдан холи вазмин тил ва услуби ҳамда ҳужжатлардан ўрнида истифода этилиши бадиийликдан кўра ҳужжатли асар таассуротини беради.
Фусункор реализм. Ўтган асрнинг 20-йилларида Олмон адабиётида (Франтс Кафка, Томас Манн) асотир ва миф унсурларидан истифода қилиниши баробарида дебоча олиб, сўнгра Лотин Америкаси адиблари ижодида (Х-Л. Борхес, Хулио Кортасар, Габриэл Гарсиа Маркес, Мигел-Анхел Астуриас, Алехо Карпентиер ва ҳоказо) айниқса чўққига кўтарилган ва хаёлот билан воқелик, асотирлар билан чин турмуш манзараларини ажабтовур тарзда омухта қилишга қаратилган бу услуб ҳали ҳамон ўз мавқеини бой бермасдан, замонавий Оврўпа адабиётининг таркибий белгиларидан бири бўлиб қолмоқда.
Адабий фикция – шартли равишда literary fiction деб олинган йўналиш руҳий ва ғоявий теранликка йўналтирилган юксак бадиий адабиётни назарда тутади. Персонажларнинг ички олами теран таҳлил этилиб, муҳим экзистенциал, ижтимоий ва фалсафий масалалар кўтарилгич бу сингари асарларда воқеанависликдан кўра тил ва услуб асосий мезон сифатида кўрилади ҳамда муайян бир жанрнинг қатъий қоидаларига риоя этиш талаб этилмайди. Мураккаб ёки пухта стилистика, оҳанг, ташбеҳлар ва тагмаъноларга эътибор, баён ва ифода шакллари устида дадил қўлланган тажрибалар, ўзини муттасил тафтиш қилишга мойил персонажларнинг муфассаллиги каби белгиларидан юксак адабиётга тааллуқли бу асарларни таний оламиз.
Асарларнинг баҳс мавзулари
Турфа хиллилик ва инклюзивлик. Жамият ва қадриятларга қарашлари турфа хил бўлган, аммо аввалги адабий жараёнларда нуқтаи назарлари етарлича тамсил этилмаган гуруҳ, қатлам мансубларидан персонажлар шакллантириш ва анъанавий адабий мезонлар билан беллашиш уринишлари бугунги адабий интилишларнинг кўзга ташланаётган сифатларидан саналади. Бошқача қилиб айтганда, турли маданиятга мансубларни, ақлий ва жисмоний чекланган кишилар ёки гендер ўзгачалик эгаларини ҳам асарларда мутаносиб акс эттириш, ҳукмрон андозаларга қасдма-қасд, уларнинг хос овозларини тақдим этиш орқали жамиятнинг тўлақонли ва ҳаққоний суратини чизишга интилишлар бугунги Оврўпа адабиётининг яққол белгиларидандир.
Экологизм ва иқлим ўзгариши. Экологик муаммоларнинг чуқурлашиб бориши манзарасида инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни ўрганиш, инсон омили туфайли юзага келаётган ёки юзага келиши кутилаётган фожеаларни тасвирлаш ва тахмин қилишга чоғланган қатор адиблар Cli-Fi (иқлимий фантастика) жанрида қалам тебратишади. Бундай асарларда айнан инсон фаолиятининг оқибати ўлароқ содир бўлажак глобал катаклизмларнинг инсоният тақдирида тутажак ўрни ҳақида, фожеаларга қай тарзда мослашув тахминлари борасида утопик манзаралар чизилади.
Глобаллашув ва ўзлик. Бугунги адабиёт глобаллашув, технологик тараққиёт ва оммавий ахборот воситалари таъсирида ўзлик, яъни муайян бир жамият ва маданиятга мансублик тушунчасининг сидирилиб бориши сингари замона мураккабликларини ифодалашга қаратилган мавзуларга ҳам теранроқ эътибор қаратмоқда. Глобаллашув, бир томондан, амалдаги миллий ва маданий чегараларни шаффофлаштираётган бўлса, бошқа тарафдан, бунинг натижасида турлича маданиятлар мулоқоти ўзаро омухталашувга етакламоқда. Бу эса хусусий, маданий ва умумоврўпавий ўзликларни қайта мушоҳада қилишга туртки беради. Айниқса, муҳожирлар авлодидан бўлган адиблар кўп тиллилик, турли маданиятга мансублик ва анъаналар тўқнашуви мисолида ўзликни англашнинг янги кўринишларини тақдим этишади ҳамда уларнинг асарларида турли тиллар ва маданий ўзига хосликларнинг ўзаро қоришуви табиийлик касб этади.
Қўрқув ва хавотирлар. Оврўпа адабиётининг азалий диққат марказида бўлиб келган экзистенциал инқироз, маданий эврилишлар, тириклик маъносининг мавҳумлашуви ва ноаён хатарлар билан рўбарў келиш қаршисидаги қўрқув мавзуси айни пайтда аниқроқ кўринишга келиб, энди иқтисодий бўҳронлар, миллатчилик кайфиятларининг ўсиб бориши ва умумий беқарорлик муҳити қаршисидаги хавотирлар шаклини ола бошлаганини кўриш мумкин. Тобора либераллашиб бораётган жамиятни кескин танқид остига олган фаранг адиби Мишел Уллебек (Michel Houellebecq) 1960-йилларда бошланган ишқий инқилоб мисолида Ғарб тамаддуни ҳалокат сари бораётганини башорат қилади — “Кураш кўлами қулоч ёйсин” (“Extension du domaine de la lutte”). Италян адибаси Элена Ферранте қаламига мансуб туркум романларда эса (“L’amica geniale”, “Storia del nuovo cognome”, “Storia di chi fugge e di chi resta”, “Storia della bambina perduta”) 1970-йиллардаги оғир ижтимоий муҳит, синфий нотенглик ва зўравонлик шароитида шахснинг шаклланиши, хотин-қизларнинг ўзаро ҳамдўстлиги ҳақида ҳикоя қилинади.
Ўтмиш хотираси ва руҳий жароҳат. Замонавий Оврўпа адабиётида, шунингдек, кенг кўламли фожеалар, уруш ва этник қирғинлар хотираси ва улар қолдирган оммавий руҳий жароҳат масаласи ҳам қамровли ёритилади. Бу сингари асарларда шуур ўпирилишларини ифода қилиш воситаси ўлароқ, воқеаларнинг изчил давомийлигидан фарқли тарздаги баён услубидан фойдаланилиб, ўтмиш ҳодисаларини қайта тафаккур қилишга ҳаракат қилинади, фожеа қурбонларига минбар тақдим этилиб, буларнинг кейинги авлодлари зеҳниятида ҳам хотиралар хотираси сақланиб қолиниши ва шу воситасида уларда янгича ўзлик шаклланишига уринилади. Винфрид Георг Зебалд (W. G. Sebald) урушдан кейинги Олмония аҳолисининг мажруҳ этилган тафаккури манзараларини наср, бадиа ва фотосуратлар омухтасида тасвирлаб беради. Моника Марон “Маъюс жонивор” романида ўтиш даврининг талотўплари манзарасида кишилар бошидан кечирган жароҳат тажрибаларидан ҳикоя қилади. Белорус адибаси Светлана Алексиевич қаламига мансуб ва Иккинчи жаҳон ва афғон уруши хотираларига асосланган бир қатор асарларни ҳам, шартли равишда, хотира ва жароҳат ҳикоялари дея таснифлаш мумкин.
Оврўпа минтақалари кесимида ўзига хосликлар
Кучли интеллектуаллик ва юксак мунаққидлик анъанасига эга бўлган Франция адабиётида ижтимоий фаол реализм, фалсафий наср ҳамда хотира ва синфий тафовутлар мавзулари устун мавқени эгаллайди. Адиблар: Анни Эрно (Annie Ernaux), Мишел Уллебек (Michel Houellebecq), Эдуар Луи (Édouard Louis).
Олмония, Австрия ва Швейцария адабиётида яқин ўтмишдаги миллий хотира ёки шахсий кечмиш воқеаларига эътибор марказий мавзулардан биридир. Erinnerungsliteratur деб аталган бу йўналишда мемуар ва таржимаи ҳоллар, шахсий кундалик ва шоҳидлар ҳикоялари асосида бадиий матнлар яратилиб, ўтмиш фожеалари, жаҳон уруши оқибатларига баҳо берилади. Адиблар: В. Г. Зебалд, Женни Эрпенбек, Петер Ҳандке.
Буюк Британия ва Ирландия. Адабий анъаналари яқин ҳисобланган бу икки мамлакат адабиётида мустамлака тизимидан кейинги воқеликка асосланган постколониал наср, маданиятлар турфа хиллиги акс эттирилган мултикултурализм мавзулари жанрларнинг ўзаро омухталашуви услубида қаламга олинади. Адиблар: Зэди Смит, Иен Макэван (Ian Russell McEwan), Салли Рунэй (Sally Rooney).
Ҳозирги Италия адабиётида ўзига хос минтақавий ўзлик, жиноий гуруҳларнинг жамиятга таъсири, оилавий қадриятлар ва хотин-қизлар турмуши мавзуларига эътибор қаратилади. Янгича неореализм ва ижтимоий наср йўналишлари устун мавқега даъвогарлик қилади. Адиблар: Элена Ферранте, Роберто Савиано.
Испания ва Португалиянинг яқин ўтмиши ҳарбий диктатуранинг қора кўланкаси остида кечгани бадиий адабиётда ҳали ҳамон ўз инъикосини топиб келмоқда. Хавиер Мариас, Антониу Лобу Антунеш сингари адиблар ижодида ўша ўтмишнинг қора меросини тафаккур қилиш, диктатура бошқаруви қолдирган сиёсий жароҳатларни тарихий наср шаклида ва ташбеҳларга асосланган реализм йўналишида намойиш этиш устун.
Норвегия, Швеция ва Дания каби Скандинавия мамлакатлари адабиётида психологик реализм, экзистенциал наср ва минимализм услуби алоҳида ажралиб туришини кузатамиз. Карл Уве Кнаусгор (Karl Ove Knausgård) ва Юн Фоссе каби қаламкашлар асарлари бунга ёрқин мисол.
Яқин ўтмишда социалистик тузум исканжасида яшаган Марказий ва Шарқий Оврўпа мамлакатлари адабиётида эса шу тоталитар тузумдан кейинги ижтимоий эврилишлар, Иккинчи жаҳон уруши фожеалари аксини топади. Архив манбалари асосида битилган ҳужжатли асарлар экзистенциал наср намуналари билан ёнма-ён мутолаагўйлар орасида оммавийлашган. Таниқли адиблар: Ольга Токарчук, Имре Кертес, Ласло Краснаҳоркай (Krasznahorkai László).
Умуман олганда, бугунги Оврўпа адабиёти, шу тариқа, турлича жанрлар қоришуви, турфа хил ғоя ва қарашларни ўзида акс эттириши, ягона ва дахл этилмас қоидага қарам бўлмаган ҳолда турли таъб ва дидларни қондиришга интилиши ҳамда ҳозирги замоннинг долзарб ижтимоий, сиёсий ва экзистенциал (ҳаётий муҳим, ноаён) чақириқ ва таҳдидларига нисбатан фаол муносабат билдириши билан тавсиф этилади. Ушбу адабиёт намуналарида бугунги Оврўпа воқелиги ва ўзлигининг мураккаблиги инъикосланиб, муттасил излам йўлида давом этилмоқда.
Шарифжон АҲМАД
Адабиёт
Тарих
Ватандош
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ