Тож ортидаги тафаккур: Турон давлатчилигида аёллар феномени


Сақлаш
13:10 / 16.04.2026 55 0

Давлатчилик тарихи, маърифат ва архитектура ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг тасаввурида эркак ҳукмдорлар, жанглар, салтанатлар гавдаланади. Аёллар эса одатда «ҳарам доираси»да тасвирланади. Аммо ХV-ХVI аср тарихчиси Хондамир ўзининг машҳур асари «Маосир ал-мулук» («Ҳамаср подшоҳларнинг муносиб ишлари»)да бу стереотипни буткул инкор этади. Унинг талқинида Турон аёллари – давлат бошқарувида қатнашган, бунёдкорлик қилган, илм-фан ҳомийси бўлган ва ҳатто сиёсий инқироз даврларида салтанатни сақлаб қолган кучли шахслардир. Аввало, фикрлар тасдиғини далиллаш Тўмарисдан (Томир хотун) бошланади. Дунё тарихида энг машҳур аёл саркардалардан бири сифатида танилган Тўмарис – милоддан аввалги VI асрда яшаган, массагетлар қабиласига ҳукмронлик қилган аёл ҳукмдор эди. Кўчманчи жамиятларда марказлашган бошқарув жуда камёб ҳодиса ҳисобланган ўша даврларда Тўмарис қабилалар иттифоқини бирлаштириб, мустаҳкам сиёсий қарорлар қабул қила олган. Бу давр қадимги туркий ва сак-массагет давлатчилигининг шаклланиш жараёнида муҳим босқич ҳисобланади. Тўмарис жангларда ўзига хос стратегик фикрлаши, очиқ жанг тактикаси, сабр ва пухта ўйланган ҳарбий режа асосида ғалаба қозонган. Унинг сиёсий қатъияти Кир II нинг никоҳ орқали босиб олиш режасини тушуниб, рад этганлигида яққол намоён бўлади. Тўмарис бугунги кунда рамзий куч, миллий мустақиллик тимсоли, аёллар лидерлиги рамзи, ўзбек давлатчилиги тарихий идентитетининг бир қисми ҳамдир.

 

Қутлуғ Туркон Хотун (тахминан 1150-1220 йиллар) Хоразмшоҳлар сулоласида аёлларнинг сиёсий ролини юқори даражага кўтарган малика ҳисобланади. У қипчоқ турк қабиласининг хони Қодирхоннинг қизи, Муҳаммад Хоразмшоҳнинг онаси эди. Унинг исмидаги «Қутлуғ» (бахтли) ва «Туркон» (турк маликаси) сўзлари келиб чиқиши туркийлигини ҳамда юқори мавқейини акс эттиради. Малика Хоразм империясининг ички сиёсати ва кенгайиши (ташқи сиёсати)да фаол иштирок этган, қабиласини империя армиясининг асосий кучига айлантирган, қариндош-уруғларини юқори мансабларга тайинлаган. Шунингдек, Туркон Хотун ўзи учун махсус тилла муҳр ясаттирган ва империя ҳужжатларини тасдиқлаган – бу ўрта асрларда аёллар учун ноёб ҳуқуқ саналарди. Малика ижтимоий ҳаётда ҳам фаол бўлиб, Кирмонда мадраса, масжид ва хонақоҳларни таъмирлатиб, ер-мулкларни вақф қилиб беради. Чунки ўрта асрларда вақф тизими иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий ҳимоя механизми эди.

 

Туркон Хотун тарихда меҳрибон она сифатида эмас, балки қатъий сиёсатчи сифатида танилган. Ҳатто ўғли Муҳаммадга қарши чиқиб, унинг валиаҳдлигини ўзгартиришга ва империяни қўлда тутиб туришга интилган. Буни унинг сарой ичидаги даражаси ва амбицияларини кўрсатувчи ҳол, деб билишимиз мумкин. Ва айтиш мумкинки, Туркон Хотун Хоразмшоҳлар сулоласининг чўққиси ва қулаши даврида марказий шахс бўлган. Унинг фаолияти шуни кўрсатадики, Турон аёллари давлатнинг ижтимоий-молиявий сиёсатини ҳам бошқарган.

 

Суюрғатмишнинг синглиси Сафаватуддин Подшоҳ Хотун ҳокимиятни қўлга олгандан кейинги кескин қарорлари ва қатъийлиги билан ажралиб турган. Аммо Хондамир уни фақат ҳукмдор сифатида эмас, балки нафис табиатли, шеъриятга ошно аёл сифатида ҳам тасвирлайди. Бу ерда бир феномен юзага чиқадики, Турон аёллари бир вақтнинг ўзида ҳам сиёсий стратег, ҳам ижодкор бўла олган.

Давлатчиликда генеалогия ва муқаддаслик рамзи бўлган Аланқува ҳақидаги ривоят тарихий хотира ва сиёсий легитимликнинг муҳим қисми ҳисобланади. Нур орқали ҳомиладор бўлиш унинг покизалиги ва илоҳий танланганини ифодалайди. Ривоятга кўра, Аланқуванинг авлодидан Бузунжархон, ундан эса тўққизинчи авлодда Чингизхон, ўн тўртинчи авлодда эса Амир Темур етишиб чиққан. Бу ривоят генеалогик асос яратади. Яъни аёл сиймоси бутун салтанатларнинг сиёсий легитимлиги марказида туради. Аланқува шахсий поклик тимсоли бўлиш билан бирга, тарихий давомийлик рамзи ҳамдир.

 

Соҳибқирон давридаги аёллар бунёдкорлигини Хондамир алоҳида таъкидлайди. Айниқса, Сароймулкхоним давлат ишларида маслаҳатлари билан иштирок этган, салтанат бошқарувидаги муаммоларни ҳал этишда фаол бўлган. У Амир Темур билан бирга ҳарбий юришларга чиққан камсонли маликалардан бири ҳисобланади. У 1394 йилда Арманистон ва Кавказга бўлган жангларда Темурнинг бошқа аёллари билан биргаликда иштирок этган, 1398 йили Ҳиндистон юришида Кобулгача ҳамроҳ бўлиб борган ва кейин Самарқандга қайтган. Бибихоним Темурнинг ишончли маслаҳатчиси бўлиб, салтанатда регентлик қилган «Буюк хоним» унвонига эга бўлган. Сароймулкхоним ҳатто хорижий элчиларни (масалан, 1402 йили Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихони) кутиб олган ва зиёфатлар уюштирган. Бибихоним дипломатияда темурий салтанатининг нуфузини оширишда ҳам муҳим роль ўйнаган – малика чингизийлар наслидан бўлиб, сулолага қонуний ҳуқуқ мақомини берган.

 

Темурийлар даврида аёлларнинг сиёсат ва ижтимоий ҳаётдаги ўрни чиндан ҳам юқори бўлган. Масалан, Амир Темурнинг суюкли аёли Туман Оғо бегим томонидан мадраса ва работ қурдирилиши сулола даврида аёлларнинг иқтисодий мустақил бўлганини кўрсатади. Шунингдек, бу оддий ҳомийлик эмас, балки ўша вақтдаги ижтимоий инфратузилма яратиш жараёнидаги иштирок дегани ҳам эди.

Шоҳрух Мирзонинг рафиқаси Гавҳаршод бегим ҳам илм-фан ҳомийси сифатида машҳур бўлган. Юқори дид, зиёлилик, тадбиркорлик, меҳрибонлик, қатъийлик, истеъдодлилик (шоира бўлган) маликанинг алоҳида ажралиб турувчи жиҳатлари эди. Т.Файзиев асарида келтирилишича, у «билқиси узмо» (билими чексиз) ва «юқори мақомли» деб улуғланган.

 

Темурий ренессансида маданият ва санъатни ривожлантиришда фаол иштирок этган Гавҳаршодбегим шоирлар, рассомлар ва файласуфларни саройга жалб қилган. Шунингдек, унинг архитектура ва шаҳарсозликдаги истеъдоди ноёб – Ҳирот ва Машҳадда йирик қурилиш лойиҳаларини шахсан бошқарган, уста Қавомиддин Шерозий каби катта меъморлар билан бирга ишлаган эди. Шоҳрух Мирзонинг ёнида салтанат ва девон ишларини бошқарган, сиёсий қарорларда аралашган, ворислик масалаларида таъсир кўрсата олган.

 

Ўрта асрларда фақатгина эркак ҳукмдорлар Масжиди Жомеъ (жума масжидлари)ни қурдириш ҳуқуқига эга эди, аммо Гавҳаршодбегим Ҳирот ва Машҳадда иккита йирик жума масжидини айнан аёллар учун бунёд эттирган. Кейинчалик улар нафақат ибодат маскани, балки нуфузли сиёсий ва диний марказларга айланган. Хондамир Гавҳаршодбегимни «оқила ва тадбирли» сифатлари билан тилга олади.

 

Яна бир илм-фан жонкуяри бўлган аёл – Мулки Оройим Оғо қурдирган «Дор ул-ҳадис» ва «Дор уш-шифо» мадрасаларини ўрта аср ижтимоий ҳаётининг намунаси, дейиш мумкин. «Дор уш-шифо» тиббий муассаса бўлиб, халққа бепул хизмат қилиш учун барпо этилган. Бу факт Турон аёлларининг соғлиқни сақлаш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратганини кўрсатади.

 

Тўти Оғо томонидан Шерозда қурдирилган юксак устунли мадрасани Хондамир Кайвон (Зуҳал) сайёрасига қиёслайди – бу ўша вақтдаги баландлик ва буюклик рамзи эди. Ушбу қурилиш замирида ҳам Турон аёлларига хос бўлган бунёдкорлик анъанаси ётади.

 

Шу тариқа Хондамирнинг «Маосир ал-мулук» асарида Турон аёллари уч йўналишда намоён бўлади:

 

Сиёсий стратегик аёллар– ҳокимиятни бошқарган ва низоларни бартараф этган;

Молиявий ҳомий аёллар – вақф тизими орқали барқарорлик яратган;

Маърифатпарвар бунёдкор аёллар – мадраса, масжид, работ, шифо масканларини қурдирганлар.

 

Бу далиллар ўрта аср Турон жамиятида аёллар фақат рамзий қиёфа эмас, балки давлатнинг асосий устунларидан бири бўлганини кўрсатади. Турон аёлларининг тарихий тажрибаси бугунги кунда гендер тенглик модели, хайрия ва ҳомийлик анъанасининг илдизи, лидерлик тамойиллари сифатида намоён бўлиши билан ҳам аҳамиятли. Шу маънода Турон аёллари шунчаки ўтмиш сиймолари эмас, балки давлатчилик, маърифат ва адолатнинг тарихий моделидир.

 

Гулизор ШОДМОНОВА,

Фанлар Академияси Тарих институти таянч докторанти

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

Ғиёсиддин Хондамир. «Маосир ал-мулук», Теҳрон, 1993.

Азамат Зиё. «Ўзбек аёллари тарих саҳнасида», Тошкент, «Фан», 2002.

Файзиев Т. «Темурий маликалар». – Тошкент: «Фан», 1995.

Аҳмедов Б. «Ўзбекистон халқлари тарихи манбалари». – Тошкент: «Ўқитувчи», 1991.

Уватов У. «Турон заминнинг буюк аёллари». – Тошкент: «Маънавият», 2002.

Шодмонова Г. «Тарих силсиласида гендер тенглик ёхуд Турон аёлларининг тарихдаги ижтимоий-сиёсий фаоллиги». «Голден браин», ИССН 2181, 72-75-бетлар, 2024.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33763
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//