
Ушбу мақолада қардош ва қондош элнинг ўзбекларга қанчалик яқин эканини ўқувчига имкон қадар кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан. Мақоланинг 1-қисмини бу ерда ўқинг.
Бошқирд тили
Бошқирд тили бошқа қипчоқ тилларидан ч, с, э каби товушларнинг талаффузига кўра фарқ қилади ва бу тилни тушунишни қийинлаштиради.
Ўзбекча барча ч товуши ўрнига с, с товуши ўрнига һ, э ва е товуши ўрнига и, и товуши ўрнига эса е қўлланади:
Чой ичасанми – сәй эсәбеҙ;
Сариқ сандиқ – һары һандыҡ;
Элнинг эрки эркаклар иши – ил иrkи ирҙәр эше.
Ишлаганга иш керак, эт(гўшт) еганга тиш керак – эшләүсе кешегә эш, ит ашаусыға теш кәрәк.
Ўзлашма қатлам сўзларда эса айни трансформация қўлланмайди. Человек (рус), салом (араб) каби сўзлар ўзгармайди.
Бошқирд тилида бошқа туркийларга бегона бўлган ҙ товуши бор ва у юмшоқ, з (ауыҙ-оғиз), л (кермәйҙәр-кирмаслар), айрим ҳолатларда эса д (әҙәм-одам) ўрнида ҳам қўлланади. Л ўрнига ҙ сингармонизм билан боғлиқ бўлиб, бундай талаффуз ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида ҳам бор: борасизлар – борасизар.
Бошқирд тилида араб тилидан ўзлашган ع (айн) товуши ўрнига г+а товушини қўллаш қабул қилинган: Аббас – Габбас, Абдулла – Габдулла, Абдураҳман – Габдурахман, Айша – Гайша ва ҳ.
Бошқирд тилининг шаклланиши тўрт даврни қамраб олади:
1. Олтой даври.
2. Қадимги турк тилининг шакланиш даври.
3. Қипчоқ тилининг шакланиш даври.
4. Бошқирд тилининг шакланиш даври[1].
Қадимги турк тилининг шаклланиш даврида бошқирд тилига ўғуз ва булғор тилининг, Х асрдан бошлаб араб ва форс тилининг, ХVI асрдан кейин эса рус тилининг таъсири катта бўлган. Бу асосан ёзма манбаларда кўзга ташланади. Аммо фолклорда соф қипчоқ сўзлари ва стилистик хусусиятлар сақланиб қолган.
ХХ асрга қадар бошқирдлар Ўрол-волгабўйи туркий тилидан[2] фойдаланган. 1920-йилларда эски бошқирд тили ҳамда фолклор лексикасига асосан янги бошқирд адабий тили шакллантирилади. Бунда асосан Қувақан ва Юрмати лаҳжаларига таянилган. Шимоли-ғарбий лаҳжа татар тилига яқин бўлгани учун, бошқирд ва татар тилларини фарқлаш мақсадида ундан фойдаланилмаган.
Бошқирд тилининг лексикаси юқорида қайд этилган фонетик фарқларни ҳисобга олмаганда ўзбек тилига жуда яқин.
Ўзбекча |
Бошқирдча |
Салом. |
Сәләм. |
Ишларингиз қалай? |
Хәлдәрегеҙ(ешегез) нисек? |
Раҳмат, яхши. |
Рәхмәт, яҡшы. |
|
|
Исмингиз ким? |
Исемегеҙ кем? |
Менинг исмим Али. |
Минең исемем Али. |
Мен Тошкентданман. |
Мин Ташкенттан. |
Мен 25 ёшдаман. |
Минең йәшем 25. |
Ҳа. |
Эйе. |
Йўқ. |
Юҡ. |
Мумкинми? |
Мөмкинме? |
Кўришгунча хайр. |
Күрешкәнгә тиклем. |
Соғ бўлинг. |
Һау бул. |
Хайрли тонг. |
Хәйерле иртә. |
Хайрли кун. |
Хәйерле көн. |
Хайрли оқшом. |
Хәйерле кис. |
Фолклор
Бошқирдлар «Алпомиш»ни сақлаб қолган олти элнинг биттаси. Бундан ташқари бу эл «Ўрол ботир», «Оқбўзот», «Бабчақ ва Қучақ» каби ўнлаб достонларни, шунингдек, турли айтимлар, мақоллар, тезайтиш ва топишмоқларни ҳам миллий генофондида сақлаб қола олган.
Бошқирдлар дўмбирани ўз номи билан сақлаган. Дўмбира чалиб достон айтадиган оқинларни улар сесен, яъни чечан деб атайди. Ўзбекларда «гапга чечан» деган ибора бор. Асли импровизатор бахшилар чечан деб аталган.
Бошқирдларнинг қурай деб аталадиган найи бор. Уни севиб чалишади ва жуда ардоқлашади. Қурай қуруқ қамишдан қилингани учун шундай аталган.
Бундан ташқари, қўбиз, темирқўбиз (чанқовуз), сибизғи, бизилдақ, япрақ, хорнай (сурнай), салғи, қўнгирав, шақилдақ каби ўнлаб мусиқа асбоблари борки, уларнинг ҳар бири фолклор тарихида муҳим ўрин тутади.
Бошқирдлар бутун олтой халқлари учун умумий бўлган чертиб (нохунсиз) чалинадиган мусиқий асбоблардан бири – етағанни ҳам сақлаб қолишган. Етаған қозоқларда жетиген, қалмоқларда ятха, мўғулларда ятға, хакасларда чатхан, Хитойда кунҳоу, японларда като, карисларда қаяғим, ўзбеклар етаған шаклида номланган[3]. Етаған етти торли асбоб бўлгани учун уни шундай номлашган.
Бошқирд фолклорининг, умуман туркий фолклорнинг асосий ютуғи шундаки, унда қадимий сўзлар асл шаклида сақланиб қолган ва уларнинг тадқиқи лексиканинг архаик табиатини англаш, шу билан бирга, тиллар орасидаги умумийлик ва фарқларни аниқлаш учун имкон яратади. Бу асосан достонларнинг матнлари ва мақолларда кўзга ташланади.
Мақоллар
Бошқирд мақолларининг негизи туркий, шунинг учун уларнинг кўпчилиги ўзбек мақоллари билан айнидир:
Ҡоро ҡашыҡ ауыҙ йырта
(Қуруқ қошиқ оғиз йиртар).
* * *
Ҡунаҡ алдына аш ҡуй, ике ҡулын буш ҡуй
(Меҳмоннинг олдига ош қўй, икки қўлини бўш қўй).
* * *
Мал эйәһенә оҡшамаһа, харам ула
(Мол эгасига ўхшамаса ҳаром ўлади).
* * *
Тама-тама күл була
(Тома-тома кўл бўлар).
* * *
Эйелгән башты ҡылыс сапмай
(Эгилган бошни қилич кесмас).
* * *
Әйткән һүҙ – атҡан уҡ
(Айтилган сўз – отилган ўқ).
* * *
Ятып ҡалғансы, атып ҡал
(Ётиб қолгунча, отиб қол).
Айрим мақоллар шаклида жузъий ўзгаришлар кузатилади. Ўзбекча «Тўйга борсанг тўйиб бор, ёмонлигинг қўйиб бор» мақоли бошқирдларча «Туйға барһаң туйып бар, ебәк әйбер кейеп бар» (Тўйга борсанг тўйиб бор, ипак кийим кийиб бор» шаклида учрайди. «Ит ҳурар, карвон ўтар» мақоли эса «Эт өрөр, буре йөрөр» (Ит ҳурар, бўри юрар), «Кенгашли тўй тарқамас» мақоли «Кәңәшле ил тарҡалмаҫ» (Кенгашли эл тарқамас) шаклида келади.
Бошқирд мақолларида шу элнинг турмуш тарзи тўлиқ акс этган. Аввало мақолларда кўчманчи элларга хос бўлган номадик элементлар – от, сигир, қўй, товуқ, бўри, қуён образлари кўп учрайди.
Һыйыры барҙың һыйы бар
(Сигири борнинг сий(лов)и бор).
* * *
Айһыҙ атты, йылһыҙ ҡатынды маҡтама
(Ой ўтмай йилқини, йил ўтмай хотинни мақтама).
* * *
Ат – тешенән, егет эшенән билдәле
(От тишидан, йигит ишидан билинар).
* * *
Ҡара тауыҡ та аҡ күкәй һала
(Қора товуқ ҳам оқ тухум туғади).
* * *
Эт яманы буранда ҡотора
(Итнинг ёмони бўронда қутуради).
* * *
Көтөү аҙашмай, көтөүсе аҙаштыра
(Пода адашмайди, подачи адаштиради).
* * *
Йүгән кемдә, ат шунда
(Юган кимда бўлса от шунда).
Ўрта Осиёнинг кўчманчи элларидан фарқли бошқирдларнинг мақолларида ўрмон, дарахт билан боғлиқ мавзулар кўп учрайди:
Урман – кейекһеҙ, әҙәм көйөкһөҙ булмаҫ
(Ўрмон кийиксиз, одам куйук(дард)сиз бўлмас).
* * *
Кеше күңеле – ҡара урман
(Бегонанинг кўнгли – қоронғи ўрмон).
* * *
Ҙур урманда ҡарға булғансы, бер ҡыуаҡта былбыл бул
(Катта ўрмонда қарға бўлгунча, бир гулзорда булбул бўл).
* * *
Ағасына ҡарата балтаһы
(Дарахтига қараб болтаси).
Мақолларда ватан, она юртга ва халқига муҳаббат туйғулари, бирлик, тилга эътибор каби мавзулар бўй кўрсатади. Масалан, «Туйған ерҙән тыуған ер яҡшы» – «Тўйган ердан туғилган ер яхши» ёки «Сит илдә солтан булғансы, үҙ илеңдә олтан бул» – «Чет элда султон бўлгунча, ўз элингда ултон бўл» ёки «Илдең итәге киң» – «Элнинг этаги кенг», «Алтын-көмөш яуған ерҙән, тыуған-үҫкән ил яҡшы» – «Олтин-кумуш ёққан ердан, туғилиб ўсган эл яхши»
мақолларида ватанга садоқатнинг туркона руҳи сезилади.
Бошқирд мақолларида ҳам панд-насиҳат жанри муҳим ўрин тутади. Ва айнан шу жанр кўчманчилар тарихида номадик этнопедагогиканинг асоси бўлиб келган:
Тауға ҡарап таш атма
(Тоққа қаратиб тош отма).
* * *
Эсең тулы ут булһа ла, кеше алдында уф тимә
(Ичинг тўла ўт бўлса ҳам бировнинг олдида уф дема).
Мақолларда меҳнат, жўмардлик улуғланади, ялқовлик, тиланчилик қораланади:
Йомарт (сахий) ҡулға мал керер
(Жўмард қўлга мол келар).
* * *
Көлгә аунаһаң да, үҙ көнөңдө үҙең күр
(Кулга ағнасанг ҳам ўз кунингни ўзинг кўр).
* * *
Эшләһәң – тир сыға, тир менән сир сыға
(Ишласанг тер чиқар, тер билан дард чиқар).
* * *
Иген ер һыуына үҫмәй, тир һыуына үҫә
(Экин ер сувидан эмас, тер сувига ўсади).
* * *
Харам мал харап итәр
(Ҳаром мол хароб этар).
* * *
Үлемдән оят көслө
(Ўлимдан уят кучли).
Шубҳасиз, туркий оламнинг мақоллари ранг-баранг. Улар бир-бирига ҳамоҳанг. Бир-бирига ўхшаш. Аммо ҳар элнинг ўзига хос хусусиятлари борки, улар шу билан миллат ўлароқ фарқланади. Шу ўринда бошқаларда учрамайдиган мақолларга эътибор қаратамиз:
Артыҡ аҡыл баш тишәр
(Ақлнинг ортиғи бош тешар).
* * *
Асыҡ ишекте шаҡып кермәйҙәр
(Очиқ эшикни тақиллатиб кирмаслар).
* * *
Ағыу менән дарыу бер заттан
(Оғу билан дори бир зотдан).
* * *
Аҡты ҡарайтыуы еңел
(Оқни қорайтириш енгилроқ).
* * *
Бер ҡатын алдында икенсеһен маҡтама
(Бир хотиннинг олдида иккинчисини мақтама).
* * *
Итексенең итеге тишек, тимерсенең балтаһы китек
(Этикчининг этиги тешик, темирчининг болтаси кемтик).
* * *
Кейәү холҡо – көҙгө көн
(Куёвнинг хулқи – кузги кун).
* * *
Киллер ҡунаҡтың ҡарыны киң
(Келар қўноқнинг қорни кенг).
* * *
Тинтәктең таяғы ҡырҡ, береһе теймәһә, береһе тейер
(Тентакнинг таёғи қирқ: бири тегмаса бири тегар).
* * *
Урлаған бер ғәйепле, урлатҡан мең ғәйепле
(Ўғрининг бир айби, ўғирлатганнинг ўн айби бор).
* * *
Үгеҙ үлһә – ит, арба ватылһа – утын
(Ҳўкиз ўлса – эт, арава синса – ўтин).
* * *
Хәтер – тишек иләк
(Хотира – тешик элак).
* * *
Халыҡ теле – хаҡлыҡ теле
(Халқнинг тили – ҳақнинг тили).
Анвар БЎРОНОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2-сон
“Қалби ва туғи бир эл” мақоласи
[1] Дыбо А. В. Хронология тюркских языков и лингвистические контакты ранних тюрков. //Сравнительно-историческая грамматика тюркских языков: Пратюркский язык-основа: Картина мира пратюркского этноса по данным языка. – М.: Наука, 2006. – С. 816.
[2] Татарлар ва бошқирдлар фойдаланган эски бошқирд (татар) тили.
[3] Традиционная культура народов Поволжья. Материалы Всероссийской научно-практической конференции. Изд. КГУ 2014 г. С.242 – 243.
Маслов А. Л. Иллюстрированное описание музыкальных инструментов, хранящихся в Дашковском этнографическом музее в Москве. М., 1909, С.11.
Тарих
Тарих
Тарих
Маънавият
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ