Чингизхон енголмаган халқ – бошқирдлар тарихи қандай кечган?


Сақлаш
12:15 / 22.07.2025 14 0

Бошқирдларнинг тили менга бегона эмас. «Алпамиш ва Барсинхилу» достонини таржима қилганимда уларнинг тарихи ва тилини ўрганишга тўғри келган. Бошқирд дўстларим ҳам кўп. Улар билан кўп мулоқот қиламан. Аммо қардошларим қалбини Толстой асарлари орқали кашф этдим. У бошқирдларни жуда яхши кўрган. Турмуш ташвишларидан ҳориганда бошқирдларнинг Қоралиқ қишлоғига қочган. Бошқирд бўлишни орзу қилган. Бошқирдларда «юракдан чиққанигина юракка етар» деган отасўз бор. Толстой қардошларимиз ҳақида юракдан ёзган. Шунинг учун бўлса керак, унинг бошқирдлар дунёқараши акс этган «Илёс» ва «Инсонга қанча ер керак?» ҳикояларини ўзбек тилига севиб таржима қилдим. Ушбу мақолада қардош ва қондош элнинг ўзбекларга қанчалик яқин эканини ўқувчига имкон қадар кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан.

 

* * *

Бошқирдлар – туркий халқ. Дини – ислом, ҳанафия мазҳабида. Тили –туркий тилнинг қипчоқ лаҳжаси. Уларнинг умумий сони икки миллиондан ортиқ.

Бошқирдлар ўзларини бошқурт (бошқўрт) деб атайди. Бу сўзнинг келиб чиқиши қадимги туркийларнинг Ашина афсонаси билан боғлиқ бўлиб, «бошқурт» – бош бўрининг авлоди маъносини англатади. Қадимда бошқирдлар ҳозирги Бошқирдистон Республикаси, Ўринбурғ ва Челябинск вилоятлари, Татаристоннинг ва Саратов вилоятининг шарқий қисми, Удмуртиянинг жануби-шарқий қисми, Перм ўлкасининг жанубий қисми, Свердлов вилоятининг жануби-ғарбий қисми, Қўрғон вилоятининг ғарбий, Самара вилоятининг шимоли-шарқий қисмида эркин яшаган[1]. Ўрол тоғининг жанубий қисмини тўлиқ эгаллаган бу улкан ҳудуд ўз даврида «Бошқирд эли» деб аталган. Бошқирд миллати шу ерда шаклланган.

 

Бошқирдлар ҳақида маълумот милоддан аввалги VI асрлардан сақланган. Жумладан, Ҳеродотнинг «Тарих»ида бошқирдлар аргиппейлар (юнонча Ἀργιππαῖοι) номи билан тилга олинган. Заки Валидийнинг ёзишича, бошқирдлар милодий II асрда, Клавдий Птолемейнинг асарларида скифларнинг пасиртай уруғи сифатида тилга олинган[2].

 

Хитой манбаларида бошқирдлар «башқули» номи билан теле уруғларининг таркибида қайд этилган[3]. Телелар қадимги хунлар авлоди бўлиб, хитой манбаларида улар булғорлар ва башқулилар дея келтирилган[4]. Бошқирдлар ҳозирги номи билан IХ асрдан бошлаб араб саёҳатчи олими Саллам Таржуманнинг қайдларида пайдо бўлган. Таржуман 842-645 йилларда Бағдоднинг тўққизинчи халифаси Абу Жаъфар Ҳорун ибн Муҳаммад ал-Восиқ Биллаҳнинг топшириғи билан Яъжуж-Маъжуж яширинган Искандар деворини топиш учун сафарга чиқади. У Ҳазар денгизидан ўтиб, Ўрол тоғи орқали Олтойга, ундан Хитой деворига боради ва Хуросон орқали ортга қайтади[5]. Х асрда бошқирдлар ҳукмдорининг таклифига кўра халифа Муқтадир Биллаҳ томонидан Булғор ерларига юборилган элчига котиб бўлиб келган араб олими Аҳмад Фазлан биринчи бўлиб ўша даврда туркларнинг изнида бўлган бошқирд, рус ва славянларнинг этник тавсифини ёзиб қолдирган.

 

 

ХI асрда Маҳмуд Кошғарий бошқирдлар ҳақида ёзиб, қирғиз, қипчоқ, ўғуз, тухси, йағма, чигил, иғрақ, яруқ тиллари туркча экани, уларнинг тилига бошқирд тили яқинлигини кўрсатиб ўтган[6]. ХII асрдан бошлаб бошқирдлар манбаларда кўпроқ тилга олина бошлайди. ХIII асрнинг бошида Чингизхон қўшинлари Ўрол тоғига етиб келади ва бошқирдларнинг кучли қаршилигига учрайди. Чингизийлар то 1234 йилга қадар бошқирдларни енга олмайди. Ғалабадан умидини узган чингизийлар сулҳ тузишга мажбур бўлади ва бошқирдлар бийлик бошқарувида ўз мухториятини сақлаб қолади[7]. Чингизийлар, хусусан Ботухон ва унинг лашкарбошиси Субутай ботир ҳам бошқирдлар билан аҳдини бузмаган. XIII асрдан бошқирдлар Олтин Ўрда таркибига киради. Ўзбекхон ҳукмронлиги даврида тўлиқ исломни қабул қилади. Олтин Ўрда парчаланиб кетгандан сўнг бошқирдларнинг тарихий ерлари Қозон, Сибир ва Нўғай хонликларига бўлиниб кетади.

 

XVI асрдан уч хонликка бўлиниб кетган Бошқирдистон ерлари Иван Грозний томонидан босиб олина бошлайди. У аввал Қозон ва Нўғай хонликларини босиб олади. Иван Грозний лашкарлари бошқирдларни муросага келтириб бўлмайдиган жангари халқ сифатида таърифлайди. Инчунин, рус қўшинларига энг кўп талофат етказган халқ бошқирдлар бўлган. Натижада руслар муроса қилишга мажбур бўлиб, Иван Грознийнинг махсус ёрлиғи билан ерларига ўзлари эгалик қилиш ҳуқуқида Русия таркибига қўшилади. 1574 йили Уфа губернияси ташкил этилиб, Уфа шаҳрига асос солинади. Сибир хонлиги бўйсундирилгач, Ўрол ортидаги бошқирдлар ҳам Уфа губернияси таркибига киради[8].

 

Бошқирдларнинг этник шаклланиши

Бошқирдларнинг асли турк. Аммо уларнинг этник шаклланишида Идил ва Ёйиқ дарёларининг водийлари, Ўрол тоғи бағрида яшаган булғор (ўғур), оғуз, фин-угор, шунингдек, мажор (венгер) халқларининг ҳам таъсири катта бўлган.

 

Ўзбек манбаларида «ўн икки бовли бошқирд уруғлари» тилга олинади, Бошқирдларнинг ўзлари эса уруғларни етти бовга бирлаштириб таснифлашган:

1. Қадимги бошқирд қатлами (бурзян, уран, усерган ва бошқа уруғлар);

2. Фин-угор-самодий қатламиизғи, терсак, уваниш ва бошқа уруғлар);

3. Булғор-мажор қатлами (буляр, танип, юрмат ва ва бошқа уруғлар);

4. Ўғуз-қипчоқ қатлами (айле ва бошқа уруғлар);

5. Қипчоқ қатлами (қангли, қушчи, қипчақ, минг ва бошқа уруғлар);

6. Нўғай қатлами (нўғай-бурзян, нўғай-юрматлар ва бошқа уруғлар);

7. Волга, Ўрол ҳамда Ўрта Осиё халқлари таъсирида шаклланган қатлам (қозоқ, мишар, татар ва бошқа этнослар).

Ушбу қатламлар таркибидаги уруғлар қуйидагилардан иборат:

 

Айли

Йилан         (жилан)

Қирғиз

Тамйан

Бадрак

Елдик

Қумруқ

Танғаур

Байлар

Еней

Қипчақ

Танип

Балиқчи

Иректи

Минг

Терсак

Бикатин (бақатин)

Қалмақ

Мурзалар

Уваниш

Бешул

Қангли

Салйут (салжиут)

Ун

Билар

Қаршин

Сизғи

Упай

Бурзян (барян)

Қатай

Сингран

Уран

Ғайна

Қушчи

Сирзи

Усарган (Мўйтан)

Гирей

Қувакан

Табин

Юрмат (дярмат)

Дувана (девона)

Кудай

Таз

Юрми

 

Айли уруғининг келиб чиқиши печенег(ўғуз)ларга бориб тақалади. Ғайна, сизғи, терсак, уваниш, ун, упай, юрми уруғлари фин-угор халқларига; билaр, тaнип, юрмат(дярмат) уруғларининг илдизи эса булғор-мажорларга боғланади. Қолган уруғларнинг ҳаммаси туркий уруғлар.

 

Венгерлар, яъни мажорларнинг келиб чиқиши ҳам айнан Волгабўйи булғорлари ва Ўрол тоғи бағрида яшаган бошқирдлар билан боғлиқ. Бошқирд уруғлари орасида мажор уруғи ҳам бор.

Қувакан уруғининг таркибида ўзбек этноси; тобин уруғи таркибида кўса, тилав этнослари; усерген уруғи таркибида найман, арғин, туркман, тожик этнослари; кудай уруғи таркибида қозоёқ, товли; тобин уруғи таркибида қирқлар; қушчи уруғининг таркибида тўғиз ва сарт этнослари бор.

Бошқирд уруғлари орасида дувана (девона) уруғи бўлмаган. Кўпчилик олимлар унинг келиб чиқишини мўғулларнинг дурбан уруғи билан боғлашга уринишади. Аммо бу уруғнинг шаклланиши Ўзбекхон даврида Ўролга келган сўфий девоналар билан боғлиқ экани қайд этилмаган. Инчунин, бошқирдлар ҳам барча қипчоқлар каби девонани дувана шаклида талаффуз қилишади. Аҳмад Заки Валидий ҳам шунга яқин фикрларни айтган[9].

 

 

Бошқирдлар барча туркийлар қатори ўз уруғини ва етти отасининг номини билишга ҳаракат қилади ва аксарияти ўз уруғини билади. Улар шу билан бирга уруғидан чиққан ботирлар, тотем дарахтлар ва ҳайвонларнинг номини, тамғасини ҳам билади ва авлоддан авлодга ўтказиб сақлаб келади. Бошқирд сизга ўзини тахминан қуйидагича таништиради:

 

Иривум-қипсақ,

Батырим-Бапсақ,

Ағасибиҙ-қарағай

Қош тигәнем-қарсиға

Тамғабыҙ булир Даға.

Уруғим – қипчоқ,

Ботирим – Бопчоқ,

Оғочимиз – қарағай,

Қуш тамғам – қарчиғай,

Тамғамиз бўлар тақа.

 

 

 

 

 

 

 

 

Бошқирдлар ва ўзбеклар

 

Турколог Шамил Исянгулов бошқирдлар ва ўзбеклар ҳақида бир мақола ёзган. Унда Аҳмад Закий Валидийга таянган ҳолда бошқирд ўлкасидан жуда кўп киши Шайбонийхоннинг чақириғи билан Мовароуннаҳрга кетгани ҳақида ёзади. Валидийнинг ёзишича эса Абулхайрхон давридаёқ Жигиз ва Жал исмли ботирлар ўзбекларга қўшилган. XV асрда кўплаб туркий уруғлар, жумладан, Тўрахон исмли бекка бўйсунган қўнғиротлар тўлиқ кўчиб кета бошлаган ва бу даврда Бошқирдистонда биронта қўнғирот қолмаган[10]. Қозоқ олими Турсун Султоновнинг ёзишича, Уфа шаҳри ўрнида аввал Қўнғирот деб номланган қалъа бўлган. Қўнғиротлар Мовароуннаҳрга кетгандан сўнг қалъа буткул бўшаб қолган. Шунинг учун бўлса керак, бошқирдлар таркибида минг, балиқчи, салжиут, бақати, қангли, бешул, қаршин, мўйтан, қушчи, табин, кўса, тилав, қипчақ, найман, арғин, қозоёқли ва ҳатто ўзбек уруғлари ҳам сақланиб қолган бўлса-да, қўнғирот уруғи йўқ.

 

Туркий элларнинг Ўролдан Мовароуннаҳрга кўчишининг асосий сабаби XV асрдан бошланган туркий хонликларнинг кучсизланиши ва Рус давлатининг кучайиши билан боғлиқ. Бу даврда бирин-кетин Олтин Ўрда ерларини эгаллаб келаётган Рус давлати мусулмонларга насронийликни қабул қилиш талабини қўя бошлагач жанубга ва шарққа кўчиш кўпайган.

 

Бошқирдларни ўзбеклар билан боғлайдиган яна бир факт бор. Бошқирд фолклорчиларининг айтишича, халқ оғзаки ижодида Алпомишнинг бойсунлик экани ва Ўрол тоғига келгани ҳақида ҳам сўзлар бор. Қолаверса, бошқирдлар орасида Байсинов, Байбуриев, Байсариев каби фамилиялар ҳам кўп учрайди. Ўзбекхон давридан бошлаб бошқирд фақиҳ ва уламоларининг ҳам кўпчилиги Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Мадраса таълими орқали тасаввуф адабиёти кириб борган. Бу эса кейинчалик ўзбек чиғатойчаси билан умумий лексиканинг шаклланишига сабаб бўлган.

 

 

 

Бошқирдлар юз қиёфасига кўра ҳам кўпроқ ўзбекларга ўхшайди. Улар орасида хоразмликларга ва қипчоқ ўзбекларига ўхшайдиганлари кўпроқ. Умуман олганда, икки халқни бугунги кунда умумий тарих, этнология, тил, адабиёт, фолклор ва дин бирлаштиради.

 

Дин

Бошқирдлар то IX асрга қадар генотеистик[11] хусусиятли тангричилик динида бўлган. Улар Тангри ва қиш, ёз, ёғмур, довул, дарахт, одам, от, сув, тун, кун, ўлим, ер ва осмон каби ўн иккита илоҳага сиғинган, аммо ўша даврдаги бошқирдларнинг хони мусулмон бўлган. Бу ҳақда Ибн Фазлан ёзиб қолдирган ва ўша хон ал-Муқтадирга халқини исломга киритиш истагини билдириб мактуб йўллаган.

 

Ўрол атрофидаги шаҳарларга ислом VIII асрлардан бошлаб кириб келган ва бу археологик манбаларда ҳам қайд этилган. Ишимбой туманидаги қабристонлардан бирида ўтказилган қазишмаларда милодий 703, 712 йилларда дафн этилган мусулмон қабрлари топилган. 922 йилда Волга булғорлари хони Алмушхон исломни қабул қилган. Бошқирдларнинг кейинги исломлашув босқичи XIV асрда – Олтин ўрдада Ўзбекхоннинг ислоҳотлари билан якун топади.

 

 

Тангричилик динидаги етти, қирқ, йил маросимлари ҳам сақланган. Аммо ислом таъсирида жаноза куни йиғилганларга таом улашиш тақиқланган. XVI асрнинг иккинчи ярмига келиб, Бошқирдистон Рус таркибига киргандан сўнг бошқирдларни христианлаштиришга уринишлар бўлган. Жумладан, Уфа губерниясида солиқлар ва йиғимлардан озод қилиш, турли унвонлар бериш, жумладан княз, бояр каби рутбалар бериш орқали насронийликни қабул қилдиришга ҳаракатлар бўлган. Аммо бошқирдларни исломдан қайтариш осон кечмаган. 200 йиллик уринишлардан сўнг турли аврашлар орқали атиги 300 нафар бошқирд насронийликка ўтказилган. Бироқ бу бошқирдларнинг бир неча марта  қўзғолон кўтаришига сабаб бўлган[12]. Натижада улар ислом динини сақлаб қолишди ва ҳозирги кунгача ислом улуғ қадрият саналади.

 

Турмуш тарзи

Бошқирдлар ҳақиқий чорвадор халқ. Кўчманчилик турли табиий шароитларга мослашиш заруратини юзага келтирган. Натижада тўрт фаслнинг бошқирдча номадик шакли пайдо бўлган, улар ёзлов (яҙлау), яйлов (йәйләү), кузлов(көҙләү) ва қишлов (ҡышлау) деб аталган. Кўчманчи бошқирдлар уруғ-уруғ бўлиб ёки яқин қариндошларнинг беш-ўнтаси бирикиб кўчиб юрган. Бу гуруҳлар қўш, уларнинг тўхташ жойи қўшхона дейилган. Бошқа кўчманчилар қатори бошқирдлар ҳам кўпроқ ўтовларда яшаган. Улар ўтовни терма (тирмә) уй деб аташади. Термалар беш турга бўлинади:

1. Терма – анъанавий ўтов.

2. Аш терма – ошхона ва бошқа хўжалик ишлари учун ўтов.

3. Қунақ терма ёки ақ терма – меҳмон кутиладиган ўтов.

4. Ўн ике қанатли ақ терма – оқсоқоллар кенгаши, беклар, хонларнинг маъмурий мақсадга мўлжалланган ўтовлари.

 

Шунингдек чайла (кыуыш) ва алачиқ(аласық)лардан, ўрмонда ёғоч уйлардан ҳам фойдаланилган. Бошқирдлар одатда уйларининг эшигини шарққа қаратиб қурган ва бу чорвадорлар учун вақтни аниқлаш имконини берган. Эшикларнинг устига уруғларининг тамғаси ва тақа осилган. Овулларда ўтовлар ҳам тақа шаклида жойлаштирилган ва бу қўққисдан келадиган босқинчиларга қарши ҳимояланишда қўл келган.

 

 

Бошқирдлар қишни қишлоқларда ўтказган ва баҳор келиши билан экин экиш мавсуми бошланган. Қишга захира хашак жамлаш учун маълум бир жойларда чорва ўтлатилмаган ва бундай жойлар «ўтар» деб номланган. Ўтроқлашув бошланган даврлардан деҳқончилик, асаларичилик ва балиқчилик ривожланган. Аёллар ўрмондан доривор гиёҳларни, қўзиқорин, мева ва резаворларни йиғишган.

Эркаклар темир, тош ва ёғочдан меҳнат ва жанг қуроллари тайёрлашни яхши билган. Бошқирдлар ясаган эгар, жабдуқ ва қиличларнинг қиймати баланд бўлган. Аёллар гилам тўқиш, кигиз тайёрлаш ва бошқа тикув ишларини бажарган. Ҳанузгача бошқирд аёллари тўқиган маҳсулотлар ўзининг услуби, безаклари ва оригиналлиги билан ажралиб туради. Бошқирдлар ўтов ясашда ҳам уста бўлишган. Асосий усталар Баймоқ, Хайбуллин ва Абжалил туманларидан етишиб чиққан ва бу усталар силсиласи ҳозиргача давом этиб келади.

 

Орнаментлар

Бошқирд орнаментларининг асосини туркий безаклар ташкил қилади. Хусусан, қипчоқ халқларига хос бўлган астрал, зооморф ва ўсимлик гулли нақшлар устунлик қилади. Кўчманчи эллар «осмон илми»ни билиши зарурат саналган. Улар юлдузларга қараб саҳроларда йўл топишган, ҳаво райини аниқлашган, кези келганда инсон тақдири ҳам юлдузларнинг ҳаракатига боғлиқлигига ишонган. Астрал безаклар орасида кун ва ой тасвири, зооморф безаклар орасида қўчқор муйиз, ўсимлик гуллари орасида ҳаёт дарахти, геометрик безаклардан омоч тасвири кўп учрайди. Ромб ёки ҳаёт дарахти тасвирларида ҳосилдорлик илоҳаси Умайнинг мажозий образи акс этган.

Бошқирд безаклари ҳам бошқа туркийларникига ўхшаш, фақат уларнинг турмуш тарзида ўрмон муҳим ўрин тутгани учун ўсимлик тасвирлари анча ривожланган. Айрим ҳолатларда эса дарахтлар, гулларнинг таналари, бутоқлари ва япроқлари ягона композицияга бирлаштирилган.

 

 

Бошқирд  таомлари

Бошқирдлар озиқ-овқатни ош-сув (аш-һыу) деб атайди ва албатта улар орасида гўштли ва сутли таомлар асосий ўринни эгаллайди. Гўштли таомлардан қайнатма шўрпа, бешбармақ, қази-қарта, тўлдирма (қазининг тури), биштек (қовурма), қуллама (биқтирма), бостурма ва қоқланган эт кўп истеъмол қилинади.

 

 

Сутли маҳсулотлардан эса айрон, бўза, қимиз, қаймоқ, қатиқ, қурут, иримчак оммалашган. Бошқирдлар янги туққан оналарга талқон, атала, бешик тўйига қўрмоч тайёрлашади.

 

Анвар БЎРОНОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2-сон

“Қалби ва туғи бир эл” мақоласи

 

2-мақолани ўқинг

 



[1] История башкирского народа: в 7 т./ гл. ред. М. М. Кульшарипов; Ин-т истории, языка и литературы УНЦ РАН. Т. I.. М.: Наука, 2009. 400 с.

[2] Заки Валиди Тоған. Башҡорттарҙың тарихы. – С. 4, 5.

[3] Вэй Чжэн. Хроника государства Суй. Пекин, Бона, 1958, Гл. 84, С 18б, 3.

[4] Кузеев Р. Г. Происхождение башкирского народа. М., Наука, 1974, С. 428.

[5] Мажитов Н. А., Султанова А. Н. История Башкортостана с древнейших времен до XVI века. – Уфа: Китап, 1994. 359 с.; Коновалова И. Г. Восточная Европа в сочинении ал-Идриси. М., 1999.

[6] Кошғарий М. Девону луғотит турк. I қисм. – Тошкент: Фан, 1967. – 66-б.

[7] Мажитов Н. А., Султанова А. Н. История Башкортостана с древнейших времен до XVI в. Уфа, 1994. 360 с.

[8] История башкирского народа: в 7 т. – Уфа: Гилем, 2011. – Т. 3. – С. 4458. 476 с.

[9] Ахметзаки Валиди Тоган. История башкир. - Уфа : Китап, 2010,С.51,

[10] Ахметзаки Валиди Тоган. История башкир. – Уфа: Китап, 2010. – 352 с.

[11] Генотеизм, энотеизм (юнонча. ἑνός шакл εἱ̃ς «бир» + θεός «худо») – диний тафаккур шакли. Унга кўра бир нечта илоҳга сиғинилган ҳолатда, ушбу илоҳларни яратган ягона худонинг борлиги эътиқод қилинади.

[12] Сергеев Ю. Н. Христианизация народов Южного Урала в конце XVIII середине XIX веков (на примере Оренбургской епархии) // Проблемы востоковедения. 2009. №3.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19491
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//