Қашқадарё қандай пайдо бўлган? Икки ривоят


Сақлаш
17:59 / 11.11.2025 71 0

Афсона ва ривоятлар халқ тафаккурининг нақадар чуқур ва образли бўлганини яққол кўрсатади. Масалан, «Қашқадарёнинг яратилиши ҳақида афсона»да сувнинг пайдо бўлиши, ҳаёт манбаи сифатида тасвирланиши, халқнинг табиат билан уйғун яшаш истаги ва эътиқодий қарашлари мужассам ифода топган. Афсонага кўра, қадим замонларда Қашқадарё ўлкаси кенг чўллар, қуруқ текисликлар бўлган, ҳаёт сувсизлик туфайли азобга тўлган. Шу пайтда тоғлар орасида яшовчи меҳрибон авлиё чол халқнинг аҳволини кўриб, Тангридан раҳм сўраб, ибодат қилади ва Тангрининг марҳамати билан ер бағридан қудратли чашма отилиб чиқади. Бу чашма водий бўйлаб оқиб, ҳаётни қайта тиклайди. Одамлар бу сувни «қашқа» яъни оппоқ, тиниқ сув деб атаб, уни «Қашқа дарё» деб номлашади. Шу воқеа асосида бутун ўлка Қашқадарё деб аталган.

 

Ушбу афсона халқ тафаккурининг муҳим жиҳатларини очиб беради. Биринчидан, унда табиат ҳодисалари илоҳий қудрат билан боғланади. Яъни, халқ дунёқарашида сув бу – Тангрининг марҳамати, ҳаёт манбаи сифатида қабул қилинади. Иккинчидан, афсона халқнинг эзгулик ва миннатдорлик ҳиссини ифода этади: одамлар сув пайдо бўлишини Аллоҳнинг раҳмати деб билиб, унга эҳтиром билан қарайди. Учинчидан, афсонада халқ тафаккурининг метафорик (рамзий) тафаккур шакли яққол кўзга ташланади: «қашқа» сўзи сувнинг оппоқлигини эмас, балки унинг поклигини, ҳаётбахшлигини билдиради. Бу эса халқ тилининг бадиий ва семантик бойлигини, сўз орқали чуқур маъно ифодалаш қобилиятини кўрсатади.

 

Халқ ривоятларида эса бадиий тўқима билан бир қаторда ахлоқий ва тарбиявий ғоялар кучли ифодаланган бўлади. «Қашқадарё номи келиб чиқиши ҳақида ривоят» ана шундай намуналар сирасига киради. Унда Қашқа исмли гўзал ва фидойи қизнинг образи орқали халқнинг маънавий қадриятлари, инсонийлик, фидойилик, ватанпарварлик ва меҳр-оқибат ғоялари юксак даражада ифода этилган. Ривоятда айтилишича, қурғоқчилик юртни қамраб олган, барча булоқлар қуриган, одамлар умидсизликда қолган. Шу пайтда Қашқа қиз халқни ташлаб кетмай, ўз ҳаётини қурбон қилиш эвазига юртни сувга тўйдиради. У Тангридан халқни қутқаришни сўраб, «жонимни ол, лекин бу ерда сув оқсин» деб дуо қилади. Натижада ер бағридан дарё отилиб чиқади, аммо қизнинг ўзи шу дарёга сингиб кетади. Шу сабабли халқ бу дарёни Қашқа дарё, ўлкани эса Қашқадарё деб атай бошлайди.

 

Мазкур ривоятда ҳам халқ тафаккурининг бир неча қатламлари мужассам. Аввало, у халқнинг табиатга нисбатан меҳр-муҳаббатини, сувни ҳаёт рамзи сифатида қабул қилишини кўрсатади. Шу билан бирга, ривоятда аёл образининг муқаддаслаштирилиши, унинг фидойилиги, халқ манфаатини ўз ҳаётидан устун қўйиши бу – ўзбек халқининг маънавий дунёқарашидаги муҳим фазилатлардир. Қашқа қиз тимсолида халқ «фидойилик», «садоқат», «эзгулик» тушунчаларини тимсол сифатида ифода этган. Демак, халқ ривоятларида бадиий образлар орқали халқнинг ахлоқий идеалини кўриш мумкин.

 

Бу икки мисолда ҳам халқ тафаккури метафорик ифода, эътиқодий қарашлар ва ижтимоий қадриятлар асосида шаклланганини кўрамиз. Афсона ва ривоятлар халқ дунёқарашининг турли даврлардаги қатламларини сақлаб қолган тарихий манбалардир. Улар орқали биз қадимги инсоннинг дунёни қандай англагани, қандай эътиқодларга эга бўлгани, ҳаётни қандай тушунганини биламиз. Шу маънода, афсона ва ривоятлар – халқнинг «оғзаки фалсафаси»дир. Улар ёзма манбалардан олдин пайдо бўлган, аммо ўз ичида чуқур фалсафий мазмунни сақлаган. Масалан, кўпгина ўзбек афсоналарида сув, дарахт, тоғ, қуёш, ой каби табиат унсурлари ҳаётий куч, барака, поклик тимсоли сифатида тасвирланади. Бу эса халқ тафаккурининг табиат билан уйғунликда шаклланганини кўрсатади.

 

Шунингдек, афсона ва ривоятларда яхшилик ва ёвузлик кураши, инсон ва табиат ўртасидаги боғлиқлик, меҳнат, сабр, фидойилик сингари умуминсоний қадриятлар ифодаланади. Масалан, «Кўксарой булоқ» ёки «Орол денгизи» ҳақидаги афсоналарда инсоннинг табиатга бепарволиги ёки очкўзлиги оқибатида келадиган офатлар ҳақида огоҳлантирувчи фалсафий мазмун ётади. Бу ҳол халқ тафаккурининг ахлоқий-дидактик хусусиятини очиб беради. Халқ ўз оғзаки ижоди орқали авлодларга сабоқ берган, улар онгида эзгулик, сабр, меҳр-оқибат, табиатга эҳтиром туйғуларини шакллантирган.

 

Афсона ва ривоятларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, улар тарихий хотирани сақлаш воситаси бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир ривоят ортида муайян тарихий воқеа ёки шахс туради. Халқ уларни бадиий шаклда ифодалаш орқали ўз тарихини унутмасликка интилган. Масалан, «Биби Сешанба», «Қизлар қалъаси», «Чортоқ суви» каби ривоятлар халқ хотирасидаги воқеалар, диний эътиқодлар ёки қадимий одатлар билан боғлиқдир. Уларнинг барчаси халқ тафаккурининг ижтимоий хотира сифатида сақланишида муҳим ўрин тутади.

 

Бугунги кунда фольклоршунослик фанида афсона ва ривоятлар нафақат бадиий мерос сифатида, балки «миллий идентитет (ўзлик)»ни ўрганиш манбаи сифатида ҳам ўрганилмоқда. Чунки бу жанрлар халқ тафаккурининг ўзига хос модели, халқнинг ўз тарихига, табиатга, инсоний қадриятларга муносабатини ифода этади. Уларни таҳлил қилиш орқали халқнинг қадимий фалсафий дунёқараши, ижтимоий идеал ва эстетик қарашлари тикланади. Масалан, Қашқа қиз ҳақидаги ривоят орқали халқ аёлни нафақат гўзаллик, балки ҳаёт манбаи, меҳр ва фидойилик тимсоли сифатида кўрсатганини англаймиз. Бу ўз навбатида ўзбек халқининг аёлларга бўлган қадимий эҳтиромини, жамиятда уларнинг муқаддас ўрни борлигини кўрсатади.

 

Хулоса қилиб айтганда, афсона ва ривоятлар халқ тафаккурининг тарихий қатламларини, эътиқодий ва маънавий дунёқарашини ифодаловчи энг қадимий манбалардан биридир. Улар инсониятнинг дунёни бадиий идрок этиш босқичларини ёритиб беради, халқнинг ички руҳий оламини, орзу-умидларини, эътиқодини ва ҳаётга қарашини ўзида мужассам этади.

 

Гулсевар РАҲМОНҚУЛОВА

 

ФОЙДАЛАНГАН АДАБИЁТЛАР

1.     Жўраев М., Саидова Р. Бухоро афсоналари. – Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2002.

2.     Имомов К. Афсона // Ўзбек фольклори очерклари. 2-том. – Т.: Фан, 1989.

3.     Ўзбек халқ асотирлари. Ўзбек асотирлари, ҳикматлари, ривоятлари. Ўн жилдлик. 3- жилд. – Т.: А.Қодирий номидаги ҳалқ мероси нашриёти, 1993.

4.     Афсона ва ривоятлар // Раззоқов Ҳ., Мирзаев Т., Собиров О., Имомов К.

5.     Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. Дарслик. – Т.: Ўқитувчи, 1980.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 24940
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//