Марказий Осиё янги давр остонасида


Сақлаш
10:53 / 13.11.2025 18 0

Марказий Осиё ўз тараққиётининг янги, тарихий аҳамиятга молик босқичига қадам қўймоқда. Бугун биз чинакам бирдамлик босқичига ўтяпмиз. Бизнинг минтақамизда узоқ йиллар давомида илк бор биргаликда олдинга қараб боришимиз учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити шаклланмоқда.

 

Бу ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган жараён эмас, балки умумий тақдири ва биргаликда тараққий этиш салоҳиятини англаб етган мамлакатларимиз етакчила­рининг аниқ мақсадга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси натижасидир. Айни пайтда бу жараён ўзаро ишонч муҳитида тобора қизғин тус олаётгани Марказий Осиё мамлакатлари халқлари томонидан қўллаб-қувватланаётган мин­тақавий ҳамкорлик кенг кўламдаги зару­ратга айланганидан далолатдир.

 

Ҳамкорлигимизни минтақавий яқин­лашувнинг янги босқичига олиб чиқиш учун давлатларимиз даражасида шароит яратилганини кўриб турибмиз. Олдимиз­да эришилган келишувларни фуқаролар ва бизнес учун аниқ натижа ва қулайликларга айлантиришдек стратегик вазифа турибди. Марказий Осиё қарорлар шунча­ки ҳужжат сифатида эмас, балки минтақа мамлакатларида барқарор ривожланишни таъминлаш ва одамларнинг кундалик ҳаётини яхшилаш учун қабул қилинадиган, имкониятлардан биргаликда фойдалани­ладиган умумий маконга айланиши керак.

 

Нисбатан қисқа муддатда минтақавий ҳамкорлик ва ишончли мулоқотнинг са­марали механизмига айланган Марка­зий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақамизда бўлаётган ўзгаришларнинг ёрқин тимсолидир. Ушбу учрашувлар Марказий Осиёнинг бугунги тараққиёти ва келажа­гига дахлдор стратегик масалалар бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун асосий мулоқот майдони сифатида шаклланди.

 

Бўлажак Тошкент саммити барқарор, ўзаро боғлиқ ва фаровон Марказий Осиёни биргаликда барпо этишда янги муҳим босқични бошлаб беради.

 

Давлат раҳбарларининг Тошкентдаги учрашуви биз бошлаган йўлнинг давоми сифатида мамлакатларимизнинг ўзаро англашув ва шериклик руҳига содиқлигини тасдиқлаши, минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришда туб бурилиш ясаши керак.

 

Жаҳон тартиботининг кенг кўламда трансформацияга учраши, глобал иқтисодиётни парчалашга қаратилган хатарлар, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар­нинг кескинлашиб бораётгани саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш йўлидаги интилишимизни кучайтирди.

 

Буларнинг барчаси Марказий Осиё дав­латларидан янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишни тақозо этади. Айнан шунинг учун ҳам бугунги кунда ҳамкорли­гимизни мустаҳкамлаш шунчаки сиёсий мақсад эмас, балки стратегик заруратдир. Марказий Осиё барқарорлик ва бунёдкорлик ҳудудига, минтақавий ўзаро боғлиқлик барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганининг намунасига айланди.

 

Маслаҳат учрашувлари формати йўлга қўйилган 2017 йил минтақавий ҳамкорлик тарихида туб бурилиш ясади. Минтақа етакчилари кўп йиллар мобайнида биринчи марта ташқи воситачиларсиз тизимли ва мунтазам мулоқотни бошладилар. Бу ишончга, очиқлик ва умумий манфаатларни англашга асосланган янгича сиё­сий тафаккур рамзига айланди. Айнан Маслаҳат учрашувлари доирасидаги мулоқот туфайли эски даврдан қолган бир қатор келишмовчиликларни бартараф этиш ва ишончсизликдан ҳақиқий ҳамкорликка ўтишга эришилди.

 

Минтақавий ҳамкорлик борасида бошланган янги босқичнинг энг муҳим ютуқларидан бири — чегара масалалари узил-кесил ҳал этилганидир. Яқин-яқин­гача имконсиз туюлган бу муаммонинг ечими бугун реал ҳолатга, бир пайтлар бизни ажратиб турган чегаралар эса дўст­лик ва ҳамкорлик кўпригига айланди. 2025 йил март ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч давлатнинг чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги Шартнома ва Хўжанд декларациясининг имзолангани тарихий аҳамиятга молик ҳодисадир. Буни ҳақли равишда оламшумул воқеа деб аташ мумкин.

 

Минтақа мамлакатларининг мустақил ривожланиш тарихида илк бор ўзаро чегараларнинг барчаси ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилди, ўнлаб йиллар даво­мида кескинлик манбаи бўлиб келган ма­салага нуқта қўйилди.

 

Шу йил октябрь ойида бўлиб ўтган Фарғона тинчлик форуми мамлакатлари­мизнинг Фарғона водийсида тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга бўлган ўзаро интилишининг яққол амалий тасдиғи, Марказий Осиёда кечаётган бунёдкорлик жараёнларининг ифодаси бўлди.

 

Илгари кескин келишмовчилик ва зид­диятларга сабаб бўлиб келган сув-энергетика соҳасида ҳам принципиал ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги битим минтақанинг сув-энергетика ресурслари­дан биргаликда фойдаланиш амалиётида янги саҳифа очгани қардошларча ҳамкор­ликнинг ёрқин далилидир.

 

Тошкент ва Бишкек ўртасида Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги келишув оқилона муросага мисол бўла олади.

 

Ўзбекистон ва Тожикистон иштироки­да Зарафшон дарёсида Ёвон ва Фондарё ГЭСларини қуриш бўйича ҳамкорлик ол­динга силжимоқда, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида Баҳри Тожик сув омборини вегетация даврида кели­шилган тартибда ишлатиш бўйича кели­шувларга эришилди.

 

Туркманистон билан ҳукуматлараро битим доирасида Амударё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича келишувга эришилди. Бу сув ресурслари­ни биргаликда бошқаришни яхшилайди ҳамда экологик муаммолар хавфини ка­майтиради.

 

Буларнинг барчаси ишонч, ўзаро ман­фаатдорлик ва умумий ресурсларга адо­латли ёндашувга асосланган янги ҳам­корлик руҳини шакллантирмоқда. Бундай лойиҳалар аҳолининг иқтисодий фаолли­гини қўллаб-қувватлаш ва минтақанинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очмоқда.

 

Шу билан бирга, чегара тартиб-тао­миллари ва гуманитар алоқалар соҳасида жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда. 2023 йил сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ID-карталар асосида чегарадан ўтаётгани одамларнинг эркин ҳаракатланиш ҳудудини шакллан­тириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Қо­зоғистон ва Тожикистон билан ҳам шундай келишувлар ишлаб чиқилмоқда. Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар кенгаймоқда, чегара­олди савдо ҳажми ошмоқда, гуманитар ва маданий алоқалар мустаҳкамланмоқда.

 

Ҳамкорликни институционал жиҳат­дан расмийлаштириш бўйича қадамлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада 2023 йилда Душанбе шаҳрида ўтказилган бе­шинчи Маслаҳат учрашувини қайд этиш лозим.

 

Мазкур учрашувда давлат раҳбарлари­нинг келишувларини тайёрлаш ва амалга оширишнинг доимий механизми сифа­тида Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу механизмнинг ишга туширилиши Маслаҳат учрашувлари фор­матига тизимли тус бериш ва биргаликда илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишда изчилликни таъминлаш имко­нини берди. Шунингдек, парламентлараро мулоқот ва Хавфсизлик кенгашла­ри котиблари даражасида мунтазам уч­рашувлар йўлга қўйилган.

 

2022 йилда бўлиб ўтган Чўлпонота уч­рашуви якунлари бўйича суверен тенглик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва минтақа кела­жаги учун биргаликдаги масъулият тамойилларини мустаҳкамлаган XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақ­садларида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома­нинг имзоланиши шартномавий-ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлашга хизмат қил­ди. 2025 йилда Тожикистоннинг бу ҳуж­жатга қўшилгани минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўл­ди. Биз ушбу қарорни олқишлаймиз ҳамда яқин истиқболда Марказий Осиёда ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳини узил-кесил мустаҳкам­лашга хизмат қиладиган мазкур шартнома минтақанинг барча давлатлари томонидан имзоланишини кутиб қоламиз.

 

2022 йилда давлат раҳбарлари томо­нидан Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама форматлар доираси­даги ҳамкорлиги концепцияси ҳам тасдиқланди. Унда минтақа мамлакатла­ри халқаро платформаларда, жумладан, “Марказий Осиё плюс” форматларида ўзаро мувофиқ ҳолда ҳаракат қилишининг йўналишлари белгилаб олинди.

 

2024 йилда Остона саммитида қабул қилинган “Марказий Осиё 2040” минтақавий кооперацияни ривожлан­тириш концепцияси муҳим дастурий ҳужжат бўлди. Унда минтақавий хавф­сизликни таъминлаш ва мамлакатларимиз тараққиётига қаратилган ҳамкорликнинг узоқ муддатли устувор йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилди.

 

Шу тариқа кўп қиррали ўзаро ҳамкорлик архитектурасини барпо этар эканмиз, ривожланиш учун улкан манбаларни кашф этдик.

 

Давлатларнинг саъй-ҳаракатлари би­лан минтақада янги иқтисодий воқелик шаклланмоқда. Сўнгги саккиз йил даво­мида Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти қарийб икки ярим баробар ўсиб, 520 миллиард долларга, ташқи савдо ҳажми эса икки каррадан зиёд кўпайиб, 253 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, минтақа мамла­катлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2 марта ошиб, қарийб 11 миллиард дол­ларга, ўзаро инвестициялар эса 5,6 ба­робарга етди. Биргина мамлакатимизни оладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг мин­тақа давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилда 7,2 миллиард дол­ларга етди, қўшма корхоналар сони эса 1800 дан ошди.

 

Саноатда Марказий Осиё барқарор ра­вишда йилига 6 фоиз атрофидаги ўсишни намойиш этмоқда, бу жаҳондаги ўртача ўсиш суръатидан икки карра юқори. Бун­дай муваффақият ишлаб чиқариш коо­перациясининг янги шаклларини йўлга қўйиш — қўшма инвестиция фондларини (жумладан, Ўзбекистон — Қирғизистон, Ўзбекистон — Тожикистон ва Қозоғистон — Қирғизистон) ташкил этиш, автомо­билсозлик, электротехника, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш билан боғ­лиқ. Минтақа мамлакатлари томонидан тасдиқланган 2025-2027 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси ҳамкорликнинг муҳим воситасига айланмоқда. Кичик ва ўрта бизнеснинг ўсишига кўмаклашади­ган чегараолди савдо зоналари ва халқаро саноат кооперацияси марказлари фаол ривожланмоқда.

 

Гуманитар соҳада ҳам кейинги йил­ларда алоқалар мустаҳкамланмоқда. Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ва Ёшлар платформаси таъсис этил­ди, 2022 йилдан бошлаб ректорлар ва олимлар форумлари ўтказилмоқда, ўза­ро маданият йиллари, кўргазмалар, кон­цертлар ва спорт тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.

 

Энг муҳими, қардош халқларимиз бўлаётган барча ижобий ўзгаришларни ўз кундалик ҳаётида ҳис этмоқда. Янги ўтказиш пунктлари очилгани, авиақатновлар, темир йўл ва автобуслар йўналишлари йўлга қўйилгани ўзаро борди- келдиларни бир неча бор ошириш, маданий- гуманитар алоқаларни кенгайтириш имконини берди. Минтақа мамлакатларининг умумий сайёҳлик оқимида ички минтақавий туризмнинг улуши 80 фоиздан ошди.

 

Яқин-яқингача орзу бўлиб туюлган эркин ҳаракатланиш, ўзаро ҳурмат, яқинлик ва ишонч туйғуси бугун амалдаги ҳақиқатга айланмоқда.

 

Аста-секин Марказий Осиёнинг янги минтақавий ўзига хослиги вужудга кел­моқда. Бу фарқли жиҳатларимизни эъти­роф этиш ва айни пайтда халқларимизнинг умумий тарихи, муштарак маданиятини, тақдирларимиз ўзаро боғлиқ эканини чуқур англашга асосланади. Қўшничилик — хавф эмас, имконият, бир тарафнинг муваффақияти — барчанинг ютуғи деган ягона минтақавий маконга мансублик ҳис­си шаклланмоқда.

 

Мана шундай ишонч, ўзаро англашув ва умумий келажак руҳи бугунги кунда мин­тақавий жипслашувни янада мустаҳкамлаш, яъни барқарор ва ўзаро боғлиқ, фа­ровон Марказий Осиёни биргаликда барпо этиш бўйича Марказий Осиё жараёнини бошлаш учун энг муҳим таянч асосдир.

 

Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати ўз саъй-ҳаракат­ларини иқтисодиётни ривожлантириш, ишончни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтириш орқали минтақамиз барқарорлиги ва фаро­вонлигини таъминлашга сезиларли ҳисса қўшмоқда.

 

Қозоғистон транспорт йўлакларини фаол ривожлантирмоқда, чегара пункт­ларини модернизация қилмоқда, савдо тўсиқларини бартараф этмоқда ва мада­ний-гуманитар алмашинув бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда. Қирғизистон ва Тожикистон музликларнинг эриши би­лан боғлиқ масалаларда изчил ҳамкорлик қилмоқда, энергетика тизимларини модер­низация қилиш ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйи­ча лойиҳаларни амалга оширмоқда. Турк­манистон тинчлик ва ишончни мустаҳкам­лаш, минтақанинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш, БМТнинг Орол ҳавзаси ва иқлим технологиялари бўйича дастурини қабул қилишга доир муҳим та­шаббусларни илгари сурмоқда.

 

Амалий ҳаракатларимиз, келажак учун масъулиятимиз, яхши қўшничилик, дўст­лик ва ўзаро манфаат тамойилларига со­диқлигимиз шуни исботлади: Янги Мар­казий Осиё тинчлик, барқарор тараққиёт ва яратувчан шериклик йўлини танла­моқда. Рамзий маънода айтганда, биз де­вор эмас, кўприк барпо этмоқдамиз.

 

Минтақавий жипслашув борасидаги ютуқлар туфайли бугунги кунда Марказий Осиё халқаро муносабатларнинг ўз ман­фаатлари ва тараққиёт йўлларини аниқ та­саввур этадиган мустақил ва масъулиятли иштирокчиси сифатида қарор топди.

 

“Марказий Осиё плюс” ҳамкорлик фор­матлари минтақанинг халқаро ҳуқуқий субъект сифатидаги мавқеи кучайиб бо­раётганининг ифодаси ҳамда барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим маркази сифати­даги ролининг эътирофи бўлди.

 

Илгари ташқи ҳамкорлар алоқаларни асосан икки томонлама асосда қурган бўл­са, бугунги кунда дунёнинг етакчи давлат ва бирлашмалари Марказий Осиё билан муносабатларни яхлит минтақавий шерик сифатида ривожлантирмоқда.

 

Бу минтақанинг бошқа ҳамкорлар билан муносабатларини янги босқичга олиб чиқади: Марказий Осиё ташқи ҳам­корлар билан халқаро муносабатларнинг ягона субъекти сифатида мулоқот қилса, унинг овози баландроқ ва ишончлироқ янграйди, позициямиз кучлироқ бўлади, инвестицияларни жалб этиш, бошқа мам­лакатлар билан барча йўналишларда ҳам­корликни кучайтириш бўйича вазифалар­ни янада самарали ҳал қила оламиз.

 

Дунёга очиқлигимиз, ниятларимизнинг шаффофлиги ва мулоқотга мойиллигимиз халқаро майдонда Марказий Осиёни янги­ча қабул қилиш учун асос бўлди.

 

Айни пайтда Марказий Осиёни дунё­нинг етакчи давлатлари ва бирлашмалари билан боғлайдиган ўндан ортиқ “Марказий Осиё плюс” форматлари фаолият кўрсат­моқда. Жорий йилнинг ўзида “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи”, “Марказий Осиё — Хитой”, “Марказий Осиё — Рос­сия” ва “Марказий Осиё — АҚШ” сам­митлари бўлиб ўтгани минтақанинг глобал сиёсатдаги шиддати ва стратегик аҳамияти ортиб бораётганини тасдиқлайди.

 

Янгидан-янги “Марказий Осиё плюс” мулоқотлари давлат раҳбарлари даражасига кўтарилаётгани уларнинг амалий аҳамияти ва сиёсий қиммати ортиб бораётганидан далолат беради. Бир қатор форматларда эса энергетика, транспорт, “яшил иқтисодиёт” ва рақамлаштириш соҳаларида аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ ва котибиятлар ташкил этилмоқда.

 

Афғонистон билан боғлиқ масалаларни ҳал этмасдан туриб, минтақавий барқарор­ликни мустаҳкамлаб бўлмайди. Бу мамла­кат умумий минтақамизнинг бир чеккаси­да эмас, балки унинг табиий бир қисми­дир. Бутун Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкам бўлиши кўп жиҳатдан Афғонистоннинг тикланиши ва ривожланишига боғлиқ.

 

Афғонистоннинг жафокаш халқи чуқур гуманитар инқироз шароитида яшашда давом этмоқда. Шу муносабат билан минтақа мамлакатлари Афғонистонни минтақавий ва халқаро жараёнларга изчил жалб этиш зарурлигидан келиб чиқмоқда. Бу эса ушбу мамлакат тараққиёти ва кенг минтақамизда барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган Трансафғон темир йўлини барпо этиш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши савдо, инвестициялар ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик учун янги имкониятлар яратади, шунингдек, Афғонистоннинг иқтисо­дий тикланиши учун асос бўлиб хизмат қилади.

 

Шу билан бирга, афғон халқига гума­нитар ва таълим борасида ёрдам кўрса­тиш, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш ишлари давом этмоқда.

 

Афғонистон умумий тинчлик ва хавфсизлик, ҳамкорлик ва тараққиёт маконининг бир қисмига айланиши лозим. Бу минтақанинг барча мамлакатла­ри манфаатларига жавоб беради ҳамда Марказий Осиёнинг жанубий сарҳадларида барқарорлик белбоғини шакллантиришга хизмат қилади.

 

Юқорида айтиб ўтилганидек, бугунги кунда Марказий Осиё ўз жадал тараққи­ётининг янги босқичига қадам қўймоқда. Биз икки томонлама масалаларни ҳал этишдан иқлим ўзгариши, энергетика соҳасидаги ўтиш, сув ва озиқ-овқат хавф­сизлигини таъминлаш, рақамли техно­логияларни ривожлантириш каби асосий минтақавий таҳдидларга биргаликда ечим топиш сари бормоқдамиз. Мамлакатларимиз олдида умумий масъулият, ўзаро ишонч ва келажагимиз ҳақидаги якдил тасаввурга асосланган ҳамкорликнинг янги уфқлари очилмоқда.

 

Шу муносабат билан Марказий Осиё яқин ўн йилликларда қандай ривожланади деган принципиал саволга биргаликда жа­воб беришимиз зарур.

 

Марказий Осиё аҳолиси 80 миллионлик маррадан ўтиб бўлди, БМТ прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб, бу кўрсаткич 100 миллиондан ошади. Шунингдек, Мар­казий Осиё дунёнинг энг ёш минтақалари­дан бири бўлиб, аҳолисининг ўртача ёши атиги 29 ёшни ташкил этмоқда.

 

Олдимизда ушбу демографик ресурсни тараққиёт ва инновациянинг қудратли омилига айлантириш, ёшларимизнинг истеъдоди ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш вазифаси турибди.

 

Айни пайтда мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш суверенитет, тенг ҳуқуқлилик ва ички ишларга аралашмаслик борасидаги мустаҳкам пойдевор асосида амалга оширилиши лозим деган вазмин ёндашувини қайд этиш муҳимдир. Ҳеч ким минтақа мамлакатла­рига бегона моделларни тиқиштирмаслиги ёки миллий тузилмалардан устун туради­ган тузилмаларни яратмаслиги лозим.

 

Марказий Осиёдаги ҳамкорлик ихтиёрий, прагматик ва мамлакатларимиз халқларига фойда келтирадиган реал натижаларга йўналтирилган бўлиб қолиши керак.

 

Ҳозирги босқичда олдимизда ўта муҳим масалалар турибди, минтақамиз­нинг барқарорлиги ва ривожланиш суръатлари уларнинг ҳал этилишига боғлиқ.

 

Биринчидан, минтақавий ҳамкорлик­ни чуқурлаштиришни давом эттириш — мавжуд механизмларни мустаҳкамлаб, уларга барқарор тус ва амалий маъно-мазмун бағишлаш зарур. Охир-оқибатда сама­рали минтақавий институтларсиз ҳамкор­ликни тизимли ривожлантириш ва қабул қилинаётган қўшма қарорларни сифатли амалга оширишни таъминлаб бўлмайди.

 

Иккинчидан, хавфсизлик соҳасидаги мақсадимиз — таҳдид ва хатарларга қар­ши курашиш бўйича умумий салоҳиятни шакллантиришдан иборат. Хавфсизлик кенгашлари котиблари, махсус хизматлар, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қи­лиш идоралари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини давом эттириш лозим. “Хавфсизликнинг бўлинмаслиги” принци­пи асос бўлиб қолиши керак. Айни пайтда минтақавий ҳамкорлик амалдаги халқаро механизмлар билан узвий боғлиқ бўлиши, барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда мам­лакатлар ва умуман, минтақа хавфсизлигига нисбатан таҳдидларнинг кенг доирасига қарши туриш бўйича ўз салоҳиятини шакллантириши лозим.

 

Учинчидан, иқтисодий соҳада ички минтақавий савдони ривожлантириш, че­гаралардан ўтиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва ўзаро инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш муҳимдир. Саноат кооперациясини фаоллаштириш, минтақавий ва ҳудудлараро етказиб бериш занжирларини шакллантириш, чегараолди савдо зоналарини ривожлантириш, транс­порт ва иқтисодий йўлаклар тармоғи­ни кенгайтириш, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш зарур.

 

Ҳамкорликнинг экологик жиҳатига — иқлим ўзгаришларига мослашиш, трансчегаравий сув ресурслари ва биологик хилма-хилликни асраш, “яшил” энергети­ка ва кам углеродли технологияларга ўтиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

 

Марказий Осиё барқарор экологик ри­вожланиш минтақаси ва атроф-муҳитга масъулиятли муносабатнинг намунаси бўлишга қодир ва шундай бўлиши керак.

 

Тўртинчидан, гуманитар ҳамкорлик устувор йўналиш бўлиб қолмоқда. Ин­сон капиталини ривожлантириш, таълим, илм-фан ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш марказий вазифадир. Умумий ахборот маконини яратиш, таълим, соғ­лиқни сақлаш сифатини ошириш, умуман, ижтимоий соҳани, жумладан, туризмни ва ёшларга оид қўшма дастурларни ривожлантириш — буларнинг барчаси халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкам­лашга бевосита хизмат қилади. Умумий қадриятлар, маданий яқинлик ва фаровон­ликка биргаликда интилишга асосланган минтақавий ўзига хосликни шаклланти­риш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

 

Бешинчидан, Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи сиёсатда келишил­ган ёндашувларини ишлаб чиқиш муҳим йўналиш ҳисобланади.

 

Геосиёсий беқарорлик тобора ортиб бораётган ва жаҳон куч марказлари ўртасида рақобат кучайган шароитда минтақа давлатларининг халқаро майдондаги позицияларини мувофиқлаштириш барқарорлик ва умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан асосий ҳамкорлар билан прагматик алоқаларни йўлга қўйишда ўз самарадорлигини исботлаган “Марказий Осиё плюс” форматларини янада ривожлантириш зарур.

 

Ҳозирги босқичда “Марказий Осиё плюс” форматлари ва бошқа халқаро мулоқот майдонларида минтақавий мувофиқлашувни ривожлантириш, ташқи шериклар билан ҳамкорлик масалалари бўйича келишилган устувор йўналишлар ва позицияларни ишлаб чиқиш стра­тегик вазифага айланмоқда. Фақат шу йўл билангина жаҳоннинг етакчи мам­лакатлари ва бирлашмалари билан ҳам­корлигимизни давлатларимиз ва бутун минтақанинг иқтисодий ҳамда техноло­гик тараққиётига, барқарорлигига хизмат қиладиган аниқ лойиҳалар асосида бойитишимиз мумкин.

 

Ўзбекистон учун минтақавий ҳам­корликни ривожлантириш тактик танлов эмас, балки Марказий Осиё келажаги учун умумий масъулиятни англашдан келиб чиқадиган онгли стратегик қарордир.

 

Ишончимиз комилки, глобал ноаниқлик даврида яхши қўшничилик, ҳам­жиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш — Марказий Осиёнинг асосий ресурсидир. Минтақа мамлакатлари якка ҳолда ҳал қилиши қийин бўлган умумий хавфсизлик муаммолари ва ривожланиш вазифала­ри биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан муваффақиятли ҳал қилиниши мумкин. Ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш ўз келажагини умумий қадрдон диёримиз — Марказий Осиёнинг тинчлиги, барқарорлиги ва тараққиёти билан боғлаган миллионлаб одамларнинг манфаатларига жавоб беради.

 

Бугун биз кучли, барқарор ва фаровон минтақа — Янги Марказий Осиёнинг мустаҳкам пойдеворини яратмоқдамиз.

 

Минтақамизда кечаётган жараёнлар — бу онгли ва ортга қайтмас танлов. Ушбу йўл биздан нафақат биргаликдаги саъй-ҳаракатларни, балки умумий келажагимиз учун масъулиятни ўз зиммамизга олишга тайёр бўлишимизни ҳам талаб қилади.

 

Куч ва имкониятларимизни бирлашти­риб, умумий вазифаларни ҳал этмоқдамиз, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга тинч ва бунёдкор ҳамкорликнинг вақт ва ҳаёт синовидан ўтган — ишонч, яхши қўш­ничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш­га асосланган ўз моделимизни таклиф этмоқдамиз. Ва бугун Марказий Осиёни кенг минтақамизда яшаётган барча миллат ва халқлар учун ягона тинчлик, фаровон­лик ва тараққиёт маконига айлантирадиган ушбу тарихий суръатни сақлаб қоли­шимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 23395
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//