“Ал-Ислоҳ” журнали саҳифаларида янгиланаётган ўзбек шеъриятига доир адабий баҳслар


Сақлаш
18:17 / 01.01.2022 1210 0

Ватанимиз тарихида 1900–1917 йиллар энг оғир, курашларга тўла ва шу билан бирга энг қизғин давр ҳисобланади. Бу даврда ўзбек адабиёти ҳам ички тараққиёт омиллари, ҳам ижтимоий-тарихий шароит билан боғлиқ ташқи омиллар таъсирида янгиланиш томон юз бурди. Шахснинг ижтимоий мақоми ўзгариши, янгиланиш учун мос тарихий шароитнинг етилиши, қарашлар хилма-хиллиги ва кескинлиги баробарида ягона мақсад – миллатни юксалтириш масаласининг асос муаммога айланиши, маърифат тарғиботи ва ноширлик, мафкуравий-ғоявий-тарбиявий адабиётни яратишдаги интилишлар, идеалнинг ижтимоийлашуви, таъсирчан янги поэтик шаклларни излаб топиш, асардаги зиёли (хоҳ маҳаллий, хоҳ хорижлик бўлсин – Фитрат асарларидан келиб чиқиб уни кўпроқ хорижлик зиёли, дея қабул қилиш тўғрироқ бўлади – Ш.Н) нигоҳи билан воқеликни баҳолаш ва асарни баҳс майдонига айлантириш каби омиллар адабиётни янги сифат босқичига олиб чиқди.

 

Адабиётшунос С.Мирзаев давр манзарасини қуйидагича тушунтиради: “1905–1917 йиллар жамиятида турли позицияда турган ижтимоий гуруҳлар бўлганидек, хилма-хил адабий йўналиш ва ижодий тўдалар ҳам бўлган. Лекин улар орасида ижтимоий ҳаётга, меҳнаткашларнинг истакларига энг яқини ва ўша давр муаммоларини ечиш йўлларини изчиллик билан қидиргани, ҳаётий муаммоларни баралла куйлагани, шубҳасиз, жадид адабиёти ва жадид ёзувчиларидир” (Мирзаев С. ХХ аср ўзбек адабиёти. Т. 2005). Янгиланиш зарурат сифатида етилди, у энди ҳам ичдан, ҳам ташқаридан содир бўлаётган эди. Тараққийпарварлар жамиятни ҳар бир жабҳада ислоҳ этишга киришди. Гарчи улар ҳам фикр-қарашларда турлича позицияда турган бўлса-да, ягона маслак – миллат сифатида шаклланиш, бирлашиш ва юксалиш, маънавий эркинликни қўлга киритиш эди. Қаршилик кучая борган сари миллий ҳаракат доиралари кенгайиб, янги босқичга кўтарилаверди.

 

Халқаро майдонда юз берган 1900 йиллардаги иқтисодий бўҳрон ҳам Туркистон, Кавказ ва Волгабўйи туркий халқларининг ягона тақдир эгаси сифатида бирлашишларига тўсиқ бўлолмади. Гарчи Кавказ ва Волгабўйидаги ислоҳотлардан анча орқада эдик. Усмончилик, исломчилик, туркчилик турли кўринишларда таъсир доираларини кенгайтириб борди, айтиш мумкинки, янги ўзбек шеърияти меъморлари бу босқичларнинг барчасини ўзида яшаб ўтди. 1904 йилда Япония билан урушда енгилган Россия бўшаб қолган заҳираларини тўлдириш учун босимни кучайтирган бир пайтда 1904 йилдан 1907 йилга чўзилган Номоз Пиримқулов бошчилигидаги норозилик ҳаракатлари авж олди. 1904 йилдан Туркистонда яширин “жадид тўдалари” иш бошлади. 1905-1906 йилларда жуда оғир шароитда I, II Русия мусулмонлари қурултойи ўтказилди. 1905 йилдаги Манифест берган бир муддатли енгиллик, муҳими, Туркистондаги мавжуд ўзбекча нашр – “Туркистон вилоятининг газети” босилиши ва Усмонли турк, Кавказ, Волгабўйи матбуотчили жадид матбуоти шаклланишига йўл очди, Туркистон матбуоти Умумрусия мусулмон матбуоти билан қадам-бақадам борди (Қосимов Б. Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик. Т. 2002). 1906 йил “Тараққий” нашрини бошлади. 1909 йилда “Жамияти хайрия” ўз фаолиятини йўлга қўйди ва ўзидан кейинги “Тарбияи атфол”, “Турон” каби жамиятлар; ширкатлар, кутубхоналар ҳамда матбаага йўл берди. Умуман, 10–20 йилларда Туркистон матбуотида 300 дан ортиқ вақтли нашрлар мавжуд эди (Болтабоев Ҳ. Фитрат ва жадидчилик. – Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007. – Б.198.) Улар миллий адабиётнинг шаклланиши ва ривожига муносиб ҳисса қўшди.

 

Давр матбуот саҳифаларидан маълум бўладики, янги ўзбек шеърияти пайдо бўлиши арафасида анъана ва асллик ўртасида жуда катта баҳс-мунозаралар бўлиб ўтган ва янги ўзбек шеърияти модели қандай бўлиши керак, янгиланишнинг ўзи қанақа ўлчов, деган савол жадид зиёлилар олдида кўндаланг турган. Муҳаббат изҳорига ихтисослашган арузда маърифат ва ватанга муҳаббат мавзусида шеърлар ёзила бошланган. Ягона мақсадга қаратилган умумлашма мавзу пайдо бўлган.

 

“Миллий шеър” тушунчаси аввал тараққийпарвар шоирлар тилида қўлланилди, сўнг Авлоний, Фитрат, Таржимон, Мунавварқори, Ҳамза томонидан шеърий тўпламлар, баёзлар сарлавҳасига олиб чиқилди. “Ойина”, “Садои Туркистон”, “Ал-Ислоҳ” нашрларида турлича талқин қилинди, “миллий шеър” тушунчасини англаш ва англатиш йўлида намуна сифатида йўналиш, мавзу, шакл, ғоя, бадиият жиҳатидан фарқли бўлган шеърлар эълон қилинди.

 

Давр матбуотида “миллий шеър” деган умумий сарлавҳа пайдо бўлган эдики, у баён ва шикоятга қурилган; анъанавий вазн ҳамда услубни инкор қилмаган шеърларни назарда тутар, бу шеърлар миллат аҳволи, унинг маърифатсизлиги, маърифатсизликдан келадиган ҳалокат, муҳими, ўқиб-ўрганишга даъват тарзидаги умумий мавзуга даҳлдор бўлиши керак эди. Бу жараён “Туркистон вилоятининг газети” саҳифаларида ҳам кузатилди, Йўлдош Қорининг шу мавзудаги шеърлари “Миллий шеър” сарлавҳаси билан босилди (“Туркистон вилоятининг газети”, 1914 йил 30 март, 26-сон). Газета бу борадаги баҳсларда ҳам иштирок этади. Газетанинг 1914 йил 14 сентябрь 72-сонида Мирмуҳсиннинг “Шоир жаноблариға илтимос”и босилган: “...шоирларимиз азкиябозликдан бошини қутқоролмайдур... фасод ахлоқ соҳиби баъзи бир виждонсиз шоирларимиз баёз, ном, китоба ила кўб бесоқоллар хатига катталарни ҳам ахлоқин қора мум била бўяб қўйишди... ёш-ёш ўсмир болаларни газета ва мажалла ўрниға дўконға тўнқойиб баёз ўқуб тургонлариға кўз тушадур... Замона ҳозирда сабсатабозликники бўлмай, тараққийликникидур”. Муаллиф шоир ахлоқи ва миллат аҳлоқи масаласни кўтарар экан, уларни бир-биридан ажратиб бўлмаслигини уқтиради, Тавалло, Васлий йўлини ибрат сифатида кўрсатар экан, “бошқа шоирларимиз ҳам уйғонсун”, дея даъват қилади. Мирмуҳсин газетанинг ўша йилги 85-сонида (1914 йил 2 ноябрь) чоп қилинган “Шеърим ва унинг натижаси” мақоласида юқоридаги мақоласи учун жуда кўп шоирлардан маломатга қолганини, аммо ўз маслагидан қайтмаслигини билдиради: “...худо берган илм ва фикрдан адабиёт ва миллий шеърларни бошласалар, маданий дунёсида яшагучи ёш тифлларни ўқуб фойдаланишлариға сабаб бўлур эди”. Демак, давр шоирлари ва миллат ахлоқи масаласи муаммо сифатида етилган, адабиёт бу муаммони ҳам ечиш вазифасини, табиий тарзда елкасига олган.

   

Яна бир нашр – “Ал-Ислоҳ” журналининг 1915–1918 йилги сонларида 101 та адабиёт материаллари босилган. Уларнинг аксарият қисми назмий асарлар. Журнал мундарижасини махсус ўрганган Қ.Пардаев шу йиллари нашр этилган 101 асардан 74 таси шеърий, қолган 27 таси насрий асарлар эканлигини аниқлайди ва шеърий асарларни маърифий, диний, ижтимоий-сиёсий мавзуларга бўлади. Шундан ғазал – 45 та, мухаммас – 14 та, мусаддас – 7 та, таърих – 3 та, марсия – 4 та, қасида – 1 та. Фаол муаллифлар қаторида Васлий, Зафархон Жавҳарий, Камий, Баҳриддин Азмий, Сидқий Хондайлиқий, Тавалло, Ҳамза, Ибрат кўрсатилган. Кўринадики, журнал саҳифаларида тараққийпарвар жадидлар ижоди эълон қилинган ва табиийки, улар мумтоз поэтик шакллардадир. Кузатишлардан англашиладики, бу давр шеъриятига хос бадиий жиҳатдан у қадар мукаммал эмаслик, тазмин боғлаш орқали мумтоз анъаналар қолипида қолиб кетиш каби камчиликлар журнал саҳифаларида акс этади.

 

“Ал-Ислоҳ” журналида эълон қилинган лирик намуналар бўлса дин ва адабиёт чегарасида қолган ижодкорларни, улардаги фикрий янгиланишини кузатиш имконини беради. Саидаҳмад Васлий, Мулла Тошпўлат, С.Хондайлиқий, Камий, Ибрат, Абдулҳақ Маҳзумҳожи ўғли, Мирсардор Самарқандий, Зафархон Жавҳарий, Азмий журнал таъсис этилиши муносабати билан табриклар йўллар экан, нашрга хайрихоҳлик билдиради. Шеърларда диний, дидактик мазмун етакчилик қилади. Васлийнинг илм, ҳижоб, иттифоқ мавзусидаги, Камийнинг ахлоқ, Мулла Баҳриддиннинг намоз, Ҳайратийнинг танбеҳ, аза ва мотам, инсоф, илм, Зафархон Жавҳарийнинг мавлуди шариф, Мубашширхон Саидхон эшоннинг охират, ибодат, Мулла Муфтизода ва Мирзааҳрорзоданинг илм ва китоб ҳақидаги ғазал, мухаммас, мусаддас, қасида, муножотларида кўпроқ маърифатпарварлик йўналиши намоён бўлади, тараққийпарварлик ғоялари у қадар бўртиб кўринмайди. Ҳатто Тавалло ҳам журналда миллат тараққийсидан кўра ҳижоб мавзусидаги шеърларини эълон қилишни лозим топган.

 

Биргина Ҳамза миллат ҳолидан шикоят қилиб, журналга мурожаат йўллаган. “Янги асарлар” рукнида бўлса Абдулманноб қори Мирзааҳмад янги чиққан диний-маърифий китоблар билан журналхонларни таништиради. 1917 йилга келиб журналнинг мавзу ва мазмун мундарижаси янгиланишни бошлаган. Бу айнан эълон қилинган лирик намуналарда акс этади. 1917 йил 1 апрель, 7-сонда Абдушокирнинг “Ҳуррият” ҳақинда суюнчи мусаддаси, айни сонда Таваллонинг муножоти босилган. Тавалло ўз муножотида Яратгандан миллатнинг илмсизлиги учун афв ва нажот сўрайди. 8-сонда Васлийнинг, Ҳайратийнинг, 10-сонда Жавҳарийнинг “Ҳуррият” чиққани муносабати билан суюнчи шеърлари босилган бўлиб, бу шеърлар ислом элига, бора-бора миллатга мурожаатга айланган. 1917 йил 15-сонида Азмий “Кўрмадим” радифли ғазалида миллат аҳволидан шикоят қилади. Умуман, маърифий, диний, ижтимоий-сиёсий мавзунинг етакчилик қилиши журналнинг ўзига хос йўналиши ва умумий мундарижаси билан ҳам боғлиқ, албатта. Энг муҳими, бир гуруҳ уламо, мадраса муаллимлари ҳам миллат тараққийсига хизмат қиладиган зиёлилар сафида бўлишга интилди, буни шеърларида ифода этди.

 

Умуман, шаклланаётган адабий танқид шаклланаётган янги шеъриятга оид баҳсларда кескинликка берилади, янгиланиш жараёнларини эътиқод билан боғлайди. Дин, ахлоқ, адабиёт турли тоифалар томонидан турлича талқин этилади. Тарафлар кўпинча дин, ахлоқ ва адабиёт чегарасини белгилаб олмасдан туриб баҳсга киришади. Бу, айниқса, “Ал-Ислоҳ” журналидаги шу мавзуга оид чиқишларда аниқ сезилиб туради. Журнал саҳифаларида адабиёт энди ҳам шарқ шеъриятига хос дидактик вазифани адо этиши, ахлоққа чақириши, соф диний тарбияни олиб бориши керак, деган вазифа қўйилади. Шеърга маиший талаблар нуқтаи назаридан қараш етакчилик қилади. Дидактик адабиётга хос жиҳатлар меъзон сифатида қабул қилинади. Журналнинг 1916 йил 11-сонида Туркистон уламоларига қарата “Ўратепали Мулла Баҳриддин тарафиндин саволлар” берилади: “Ушбу замонамизда буюк-буюк шоирларимиз ўрталарина камоли тафаккур ва мулоҳаза илан ранжлар тортиб бир кимсани маъсум гўзал ўғли исмина “мувашшах” исмли шеър ёзибдур... шоирларимизи ушбу ишлари шариати изоми набавий ва мазҳаби муҳаззиби байзойи ҳанафийға нечукдур (жоизму ё жоиз эмасму).

 

Жоиз ўлган тақдирда мазкур маъсум бола ушбу алфозларни эшитиб... ахлоҳи бузилиб, баъзи ношоиста ишларга майл этиши шоён эмасму?” (“Ал-Ислоҳ”, 1916 йил, 11-сон). Журналнинг 1916 йил 12-сонида бўлса тошкентлик Мақсудхўжа Эшоннинг “Жавонбозлик тухмини миллати ислом оралариға сочадурғон шоирларимиз диққатларина жавоб этмак учун бирғина “сўз”и босилади ва муфти фатво беради: “...бул тариқа мувашшаҳ ёзганларига тавбау истиғфор этсунлар, минбаъд мўминларнинг фарзанди солиҳларини бузуқлиқға еткурадургон ва ҳаром ишларга қизиқтурадургон шеърларни тўқимасунларки, ҳаромдур ва ушбуга ўхшаш шеърларида беҳаёлиғ ёки мусулмонларнинг ҳажви бўлса, ёки худойи таолога ё анинг Расули (с.а.в.)га, саҳобаларига ризвонуллоҳи таоло алайҳим ажмаъийнларга кизб бўлса, ёки ўзини мақтамоқ ёки ёлғон гапурмак ёки ёмон феълларни қилғонлиғиға фахр қилмак ёки одамларнинг насабларига сарзаниш ва маломатларини демак шеърларида бўлса – ҳаромдур”. Бунга жавобан 1916 йил 17-сонда Завқийнинг “Иштибоҳ” номли мақоласи босилади, шоир ишқий шеърлар ва ахлоқсизлик бир нарса эмаслигини айтиб, фатвони инкор этади: “Қайси шоир олуда бўлиб шаръи шарифда муттаҳам бўлиб экан” (“Ал-Ислоҳ”, 1916 йил 17-сон). Айни сонда ўзига замондош ижодкорларни ҳимоя қилаётган Завқийга қарши яна уламо чиқиш қилади. Мақсудхўжа муфти “Хўқандлик мулла Убайдулла Завқий иштибоҳларига рафъи иштибоҳ”ида замон шоирларининг баёз ва шеърий мажмуаларини ахлоқсиз суратлар билан безаб сотувга чиқаришини кескин қоралайди. Ўтган шоирлар бундай фосиқлик қилмаганини айтади.

 

Муаллиф Муқимий, Фурқат, Нозил Хўжандий, Ноқис, Хислат, Камий каби шоирларни ишқий мавзудаги шеърлари учун танқид остига олади, Завқий, Камий, Муқимий, Нозил Хўжандий, Ноқис, Фурқат, Хислатдан мисоллар келтиргач, ёзади: “Шеърингизни балоғатга етган ўғул ва қизларнинг ўқимоғи шаръийми”. Журналнинг шу йилги 20-сонида Сидқий Хондайлиқий “Бақияи “Рафъи иштибоҳ”и мулла Завқий афанди” номли тожик тилидаги шеърини эълон қилар экан, сатирик шеърлар ёзилишига қарши эканлиги, ақлу ҳуш эгаси шариат аҳлига қулоқ осиши, акс ҳолда маломатга қолишини билдиради. Азмий 1917/5 “Туркистон шоирларина хитоб” номли тожикча шеърида Турон шоирларини хатту хол васфидан қайтаради, Оврупо санъатидан ўрнак олишга, миллат тараққийси учун ҳамият кўрсатишга чақиради. Айни масала 1914 йилдаёқ асосий муаммо сифатида кўтарилган, биз юқорида тўхталиб ўтган “Сабзазор” тўпламида ҳам алоҳида бир масала сифатида Авлоний шеърлари мисолида айтиб ўтилганди. Ишқий баёзлардан воз кечиш масаласи ҳам жадид ва қадим зиддияти сабаб бўлган, шунингдек, бундай баҳсли мунозаралар Ҳамза ижодида, М.Шермуҳамедов, Ҳожи Муин қарашларида ҳам кузатилган эди (Ҳамза. “Гапур” // Садои Туркистон, 1914 йил 23 август. М.Шермуҳамедов. “Шоир жанобларига илтимос” // Туркистон вилоятининг газети, 1914 йил 72-сон. Ҳ.Муин. “Жавонбозлик сабаблари” // Ойна, 1914, 22-сон. Яна қаранг: Жалолов А. Ўзбек маърифатпарварлик адабиётининг ривожланиш жараёни. Филол.фан.док... – Т. 1993.).

 

1916 йил 21-22-сонларда босилган “Жавонбозлик балоси” мақоласида муаллиф Абдураҳмон Муфтизода Завқийга қарши чиқиб, “Мақсудхўжа ҳазратларининг мақолалари манзуримиз ўлуб суюна-суюна карротла ўқидим”, дея ёзади. Мақоладаги “Олингиз овруполилардан Шиллер ила Шекспири. Боқингиз, арабларнинг ал-Мааррийларина. Нақадар буюк инсоният доҳийлари ўзимизнинг-да адабиёти миллиямизга таҳқиқ этмак истифода айламак йўлинда назар этсак, Бедил каби шоири доҳиймизнинг абёти файласуфоналари олдида тиз чўкиб таъзим этмак лозим” каби мулоҳазалар мавжудки, муаллиф гарчи уламо тарифида туриб сўз бошласа-да, тор ва биқиқ фикрлаган дея олмаймиз (“Ал-Ислоҳ”, 1916 йил, 21-сон). Жадидларнинг Бедилни юксак баҳолагани, унга эргашганини, Фитратнинг “Бедил” номли алоҳида рисола яратгани ва чуқур шарҳлаганини ҳисобга олсак, Абдураҳмон Муфтизода давр зиёлиси сифатида жуда кўп зиддиятли қарашларни ўзидан ўтказаётгани, эски ҳамда янги ўртасида туриб йўл излаётгани англашилади.

 

Журнал саҳифаларида адабий жараёнга таъсир этиши учун 1917 йил 4, 5, 6, 11-сонларда “Шўро” журналидан олинган “Адабий шижоат” сарлавҳали туркум мақолалар ҳам босилган. Умуман, журнал доирасидаги шеър баҳсларида Туркистон зиёлилари бир неча ғоявий йўналишларга эга бўлгани ойдинлашади:

 

– уламо йўли: шеър ахлоқий жиҳатдан шариат аҳкомларига зид келмасин;

 

– маърифатпарварлар йўли: шеъриятга шариат, ахлоқ нуқтаи назаридан қараш мумкин, аммо бадиий завқ берувчи ишқий шеърлар ва ахлоқсизлик бир нарса эмас;

 

– тараққийпарварлик йўли: шеърият мавзу доирасиини янгилаши, ишқ-муҳаббат эмас, миллат тараққийси етакчи мавзуга айланиши зарур; европа, араб адабиётини ўқиб-ўрганиш, миллий адабиётимизни яратишда улардан фойдаланиш, адабиёт фалсафасини бўлса шарқдан, хусусан, Бедилдан олиш керак.

 

Баҳслардан кўринадики,  уламо ва мадраса муаллимлари ҳам аста-секинлик билан маърифатпарвар, тараққийпарвар, жадид зиёлилар қаторига ўтиб борган. Гарчи жадид-қадим зиддияти ташқи кучлар таъсирида кескин тус олган бўлса-да, улар миллат ахлоқи ва тақдирини биринчи ўринга қўйган. Миллат тафаккури, адабиётидаги янгиланишлар бўлса таҳликалар, йўқотишлар эвазига юзага чиққан.

 

Шаҳноза НАЗАРОВА,

ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти докторанти, PhD

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10337
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//