
XXI асрнинг илк чораги инсоният ҳаётида оламшумул воқеаларга бой кечди. Тарих йўналиши, дунё геосиёсий қиёфасини ўзгартираётган ҳодисалар силсиласини эски жаҳон тартиботидан янгисига ўтишнинг зоҳирий аломатлари деб баҳолаш мумкин. Бундай бурилиш лаҳзаларида халқлар руҳиятидаги ботиний бир қувват юзага чиқади ва унинг таъсирида дунё сифат жиҳатдан ўзгариб, янги қоидалар асосида яшамоққа тутинади.
Цивилизациядан цивилизацияга, даврдан даврга ўтиш паллаларида илм-фан вакиллари, хусусан, жамиятшуносларнинг шунчаки томошабин бўлмоққа ҳақи йўқ. Билъакс, улар жамият аҳлига залварли муаммолар ечими борасида оқилона жавоблар ҳозирламоғи даркор. Қарийб тўрт юз йил ҳукмронлик қилган евроцентрик тартибот ўрнида кўпқутбли глобал низом шаклланмоқда. Ушбу эврилиш муҳим бир хулосага ундайди: эски низомдан ҳафсаласи пир бўлган миллиардлаб одам янги қонун-қоидаларни талаб этаётир.
Дунё давлатлари бир ёқадан бош чиқариб, курраи арзни инсонпарварроқ босқичга беталафот олиб ўтиш йўлларини топиши лозим. Ҳозирда башарият ҳаёти тақдир ҳукмига ташлаб қўйилгандек. Ҳолбуки, умумсайёравий муаммо ечимини пайсалга солиб бўлмайди. Хавфсизлик ва барқарорлик учун масъулиятни зиммасига олган давлатлар, халқаро муассасалар жидди жаҳд қиладиган вақт аллақачон келган.
Бир неча аср мобайнида метрополия давлатлар – мустамлакачилар томонидан ўз манфаатларига мослаб яратилган бошқарув принципи ва тузилмаси чириди. Парадокс шундаки, бундан АҚШ ютган бўлса, мазкур сиёсий-иқтисодий ва мафкуравий тартибот меъморлари – Буюк Британия ва Франция сингари давлатлар сезиларли зиён кўрди. Бугун аксилғарб кучлар сиёсат майдонига чиқаётгани бежиз эмас. Иккинчи жаҳон уруши якунида Хитой Халқ Республикасининг пайдо бўлиши, Ҳиндистоннинг давлат мустақиллигини қўлга киритиши, XX асрнинг 50 – 60-йилларида Ҳиндихитой заминида мустамлакачи армияларнинг мағлубиятга учраши, Африкада миллий озодлик ҳаракатининг кучайиши, Югославиянинг парчаланиши, Болқон ярим оролидаги этносиёсий айирмачилик каби ҳодисалар англосакс цивилизацияси кўчасида байрам якунланаётганидан далолат берарди (Володин Г. Возвращение развития: полицентричный мир в поисках новой экзистенциальной парадигмы // Вестник Российской академии наук. 2023, том 93, №11. Стр. 1019-1031). Афғонистон, Ироқ ва Сурия драмаси эса АҚШ куч-қудратининг мукаммаллигини шубҳа остига қўйди.
Аксиламерика йўналишидаги янги цивилизациялараро бирлашма – БРИКСнинг қамрови кенгайиб бораётгани, мусулмон дунёсида ўз-ўзини қайта англаш жараёни кечаётгани, Евроатлантика маконидаги нотинч ҳарбий-сиёсий вазият Ғарб ҳегемонлиги қуёши ботаётганига шоҳидлик бераётгандек. Умумсайёравий аксилғарб ҳаракати замирида “Вашингтон консенсуси” билан боғлиқ ваъдалар, “тарих ниҳояси”, “либерал демократиянинг абадий тантанаси” сингари футуристик башоратларга нисбатан ишончсизлик ётибди. Неоколониализм исканжасидаги “учинчи дунё” мамлакатлари “фақир киши панада” қабилида катта сиёсатдан четда бўлмоқ йўлидан воз кечди. Бу ҳол оврупоча ва американча яшаш тарзини рад этиб, тараққиётнинг миллий этатизм, қаршилик кўрсатиш стратегиясини ихтиёр этишда намоён бўлаётир (Го Д. Мыслить против империи: антиколониальная мысль как социальная теория // СоцИс, 2024, №1. Стр. 16-26).
Сайёрамизда сўл радикал давлатлар (Бразилия, Перу, Боливия, Эквадор, Никарагуа, Венесуэла) сафи ортиб, уларнинг географик қамрови тобора кенгаймоқда. Бу сира давлатлар ёввойи капитализм ва бозор меркантилизмини рад этган ҳолда ижтимоий ҳимоя йўлини танламоқда.
Яқин ўтмишда собиқ “социалистик лагер”да кузатилган “рангли инқилоб”лар ташқи кучлар томонидан идора этилгани ошкор бўлди. Замонавий “салиб юриш”лари Африка мағрибида тўхтаган бўлса-да, минтақада ички беқарорлик, миллатлараро низоларни келтириб чиқарди. Моддий жиҳатдан тўқ, сиёсий жиҳатдан барқарор Ливиянинг қонга ботирилиши аянчли оқибатларга олиб келди. Айни вақтда Мали, Нигер, Буркина Фасо, Марказий Африка Республикаси каби мамлакатларда аксилғарб кайфиятининг кучайиши ҳам “қора қитъа”нинг Ливия фожиасига жавоби десак муболаға бўлмайди.
Ижтимоий-сиёсий, маънавий ўзгаришлар даврида глобал миллий озодлик ҳаракати янги мақомда ўз ҳуқуқини талаб қилмоқда. Табиий ўзанига қайтаётган миллий демократик кучлар эркин яшашга интилаётган давлатлар атрофида бирлашмоқда. Совет Иттифоқи парчалангач, дунё ҳукмронлигини қўлга олган кучлар муаммолар гирдобига тушиб қолди. Бу ҳол ижтимоий онгнинг чуқур қатламларида юз берган ва бераётган умумсайёравий тектоник силжишлар силсиласида яққол кўзга ташланмоқда.
Сираси, бир неча аср мобайнида башариятнинг маънавий юксалишига тўғаноқ бўлган, эрксевар мазлумларни хоҳиш-иродасига зид юмушларга мажбурлаган куч барҳам топмоқда. Демакки, эндиликда жаҳонда зулм, зўравонлик ва камситишлардан холи, миллий, конфессионал ва цивилизацион мансубликдан қатъи назар, бутун башарият учун қулай муҳит яратилмоғи шарт.
Жаҳон тартиботи ва унинг беҳисоб институтлари башариятнинг бугунги талаб-эҳтиёжларига жавоб беролмай қолди. Назаримизда, бу ҳолатнинг айбдорини қидирмоқ ҳам тўғри эмас. Муҳими, мақбул ва манзур яшаш усулларини топмоқ ва амалга татбиқ этмоқдир. Шарқу Ғарб мутафаккирлари фикрича, адолатли тартибот хомхаёл эмас, балки реаллик, одамзоднинг “трансцендент вазифаси”дир. Инсониятнинг саодати муаммоси эса Шарқ фикр аҳли томонидан кўп ва хўб тадқиқ этилган.
Муштарийлар мулоҳазаларимизни Ғарбни бирёқлама қоралаш, танқид қилиш деб тушунмасинлар. Дунёни ғарбона қолипда идора этиш ўз даврида инсоният корига яради, албатта. Иқтисодиёт, сиёсат, маданият, ахборотлаштириш каби жабҳаларда олға силжишлар рўй берди, илм-фанда инқилобий ютуқларга эришилди. Бироқ инсон зотининг мудом эзгулик, фаровонлик ва янгилик томон интилиши қонунияти инобатга олинса, анъанавий глобал тартиботдан адолатлироғини қидириш табиий ҳол экани аёнлашади. Дарҳақиқат, ғарбона тафаккур тарзини ёмонотлиқ қилиш илм аҳлига ярашмайди. Аммо холислик нуқтаи назаридан айтсак, Ғарб ўзи яратган бошқарув тизимини эндиликда на ислоҳ этишга, на янгисини яратишга қодир. Чунки у бир неча аср давомида ҳаёт ҳақиқатига зид йўл тутди, яъни инсониятнинг жамики муаммоларини ҳал қилишни қайта-қайта ўз зиммасига олди, бу жабҳада яккаю ягона карвонбоши эканини бани башарга уқтириш йўлида бор имкониятини ишга солди. Шу мақсадда катта миқдорда сармоя харжланди, ҳатто диндан ҳам усталик билан фойдаланилди. Бироқ касални яширсангиз, иситма ошкор этади. Алҳол, инсон руҳиятининг чуқур қатламларида мавридини кутаётган яратувчи қувват бош кўтариши муқаррар эди. Польшалик файласуф ва психолог Юлиуш Словацкий одамзод вужудида бир “азалий ва абадий инқилобчи” мавжудки, у инсон руҳиятидир, дея образли таъриф берганида ҳақ эди (Рашковский Е. Человеческий капитал как проблема социальной философии // Вопросы философии, 2022, №6. Стр. 52).
Айнан ўша – инсон бағрида яширинган чексиз қувват (бу ўринда гап жисмоний куч ҳақида кетаётгани йўқ) дунёни тубдан ўзгартира олади. Ғарбда рационал ақлга таянган ҳолда, инсон қалби, шууридаги ботиний қувват сиқиб чиқарилди. Бу ҳам етмаганидек, инсон миясини митти чиплар ёрдамида янада фаоллаштириш бўйича тажрибалар олиб борилмоқда. Мухтасар айтсак, Ҳазрати Инсон темиртан робот ёки шунчаки дастгоҳ даражасига туширилмоқдаки, бу вақти келиб инсоният бошига фалокат ёғдириши ҳеч гап эмас.
Шарқда масала мутлақо бошқача тарзда қўйиладики, унинг замирида инсонийлик ва илоҳийликни улуғлаш, одамзодни ҳам маънан, ҳам моддиян бахтли қилиш истаги ётади. Шу боис Ғарб аҳли ҳатто Яратгандан воз кечган кезларда ҳам Шарқда буюк ўзгартирувчи ботиний қувватга ишонч пойдор бўлиб қолди. Илдизи муқаддас битикларга бориб тақалувчи инсоннинг илоҳий миссиясига доир қарашлар Шарқ алломалари ижодидан мустаҳкам ўрин эгаллагани маълум.
Америкалик таниқли сиёсатшунос Самюэль Ҳантингтон “Биз киммиз? Америка миллий ўзлигига таҳдидлар” деган рисоласида “Яратганнинг қасоси” ҳақида сўз юритаркан, диний қарашлар ғарбликлар учун ҳам бегона эмаслигини таъкидлайди (Samuel P. Huntington. Who Are We? The Challenges to America’s National Identity. New York, Simon & Schuster, 2004). Бироқ ғишт қолипдан кўчиб бўлган ва вазиятни ўнгламоқ учун инсоният кечиккан чоғи. Назаримизда, бугунги тақдируламал мураккаб вазият янги Гоббс ва Декарт, Ибн Арабий ва Румий, Ганди ва Бхавеларни талаб этаётир.
Тараққиёт йўли ҳеч қачон равон ва осон бўлмаган. У мудом турли-туман тўсиқлар, зиддиятлар аро кечади. Гоҳида инсоният бир жойда депсиниб ҳам қолади. Мана шу ҳаётий ҳақиқатни чуқур англаган бобо Шарқ дунёнинг бошқа пучмоқлари уйқуда ётган паллаларда ҳам башарият қисмати, истиқболи, маънавий қуввати хусусида мушоҳада юритишдан тўхтамаган. Мисол учун, олам, табиат ва инсон муштараклиги ғоясини олайлик. Шарқ мутафаккирлари ижтимоий ва руҳий ҳамнафаслик умумсайёравий мувозанатга олиб боришини ҳаммадан аввал англаган. Ушбу ғоя хитой алломаси Конфуцийнинг издоши, мутафаккир Чжуанцзига нисбат берилса-да, у умуман Шарққа ибтидодан хос олам яхлитлиги ғоясининг таркибий қисми саналади (Чэнь Хунь, Гань Цяоцзюань. О философских основах концепции сообщества единой судьбы человечества // Вопросы философии, 2023, №3. Стр. 99).
Айни шу руҳдаги фикрлар ҳинд фалсафасида ҳам учрайди. Жумладан, ҳиндувийликка доир битикларда (ведалар, ригведалар ва упанишадлар) жамият, давлат ва дунёқарашлар ҳамнафаслиги умуминсоний яхлитлик бағрида камол топиши баён этилган.
XIX аср Ҳиндистон, Бенгалия ренессансининг буюк вакиллари Раммохон Рай, Бхактивинода Тҳокур ҳамда Шри Ауробиндоларнинг илмий-маърифий меросида адолатсизликка барҳам бериш, инсониятнинг фаровон ҳаёт кечиришига оид тавсиялар илгари сурилган. Уларни бирлаштирувчи хусусият шуки, инсон зоти батамом янгича тартиботни яратишга қодир хилқат ўлароқ талқин этилади. Инсоният бунга диний, дунёвий билимлардан бохабарлик, маънавий комиллик, бошқа халқлар билан дўстона муносабатда бўлиш, авлодлараро ҳурмат ҳамда башарият олдида қарздорликни ҳис этиш орқали эришиши уқтирилади. Эътиборли жиҳати шундаки, замонавий илмий жамоатчилик ҳам идеал тартиботни ҳозирги яланғоч интеллектдан мутлақ фарқланувчи трансцендент рационал интуиция, юксак тафаккур пиллапоясига кўтарилиш ила боғламоқда (Инков А., Шиков А. Встреча Индии и Запада в социально-философских концепциях Бхактивиноды Тхакура и Ауробиндо Гхоша // Вопросы философии, 2022, №2. Стр. 212-213).
Қадимги Шарқ фалсафасига бугунги кун нуқтаи назаридан нигоҳ ташлар эканмиз, мақсадимиз ўтмишдаги ижтимоий муносабатлар тизимини бугунга мослаш эмас, балки одамзод дунёга келибдики, мудом дуруст тартиб-низомни орзу қилгани, чин инсонийликка интилиш илдизи олис-олисларга бориб тақалишини эслатмоқдир. Ҳарҳолда, олам ва одам бардавомлигининг мақбул йўл-йўриғи илдизлари Шарққа боғлиқлигини кенг илмий жамоатчилик эътироф этган (Гарридо В. Символ Дракона в космогонических схемах Древнего Китая // Вопросы философии, 2023, №4. Стр. 162-167).
Азалдан кишилик чигал муаммоларни асосан уруш йўли билан ҳал этиб келган. Аслида, ҳарбу зарб – муаммо ечимининг энг сўнгги чораси. Бинобарин, бу усул-услуб умумсайёравий зиддиятларни ҳал этишга эмас, аксинча, глобал ҳалокатларга олиб келиши муқаррар. Шундай экан, дунёнинг бугуни ва истиқболи, жумладан, барқарор тартиботга ўтиш турфа хил интилишлар келишуви, уйғунлигини талаб этади. Башарият бир босқичдан иккинчисига ўтиш ҳақида бош қотираётган экан, у тинчликдан бошқа йўли йўқлигини англамоғи даркор. Ер куррасидаги барча гуманистик ғоялар, ижтимоий лойиҳалар ҳам айнан шу негизда шаклланиши лозим. Барча сиёсий кучлар (либерал демократия, неолиберализм, ҳуманизм ёки сўл радикализм тарафдорлари) шу ҳақиқатни унутмаслиги керак.
Дунёда кечаётган воқеа-ҳодисаларнинг сиёқи либерализмнинг қувват захираси тугаб бораётгани, қанчалик чиранмасин, у энди аввалги мавқеда бўла олмаслигидан далолат бермоқда. Инсоният ҳам аллақачон бошқа уфқларни кўзлаётир. Масалан, 2014 йилни олайлик. Тарихий саналар силсиласида у шунчаки бир йил бўлиб туюлади. Аммо бу сана дунёдаги эврилишларни кўламлироқ англаш ва қайта идрок этишда алоҳида аҳамият касб этади. Таҳлилчилар фикрича, айнан 2014 йилдан, бир томондан, евроамериканоцентрик халқаро бирлашмаларнинг глобал жараёнларга таъсири сусайиши, иккинчи томондан, дунёдаги аксилғарбий давлатлар ўртасида ўзаро яқинлашув кузатилган (Карами Дж. Стратегическая роль Ирана для ШОС: укрепление евразийской интеграции // Вестник Российского университета дружбы народов. Серия: Международные отношения. 2023, №3. Стр. 549).
Халқаро майдонда кучлар мувозанатидаги ижобий силжиш, айниқса, Катта Евроосиёнинг глобал тараққиёт локомотивига айланаётганида намоён бўлмоқда. Бир замонлар дунёнинг катта қисми Ғарбий Европа атрофида – англосакс ва роман-герман тамаддуни теграсида бирлашган эди. Эндиликда ноғарбий олам давлатларининг Евроосиё атрофида жипслашуви эҳтимоли ортмоқда. Ўтган аср ўрталарида Европа миллатлари интеграцияси юзага келган эди. Эндиликда Евроосиё маконида ҳам ўшандай ўзаро тенглик, адолатга таянган янги иқтисодий, сиёсий бирлашмалар илдиз отмоқда. Бой берилган имконият ва тарихий тажрибани ҳисобга олган халқаро ҳамжамият тамомила янги умумбашарий бирлашмаларга умид боғлаётир.
Африка ва Лотин Америкаси давлатларида ҳам янги жаҳон тартиботида муносиб мақом-мавқени эгаллашга интилиш кучайди. Илмий нашрларда ҳатто “Осиё, Африка ҳамда Лотин Америка Евроосиёси” деган истилоҳ пайдо бўлди. Башарият, хусусан, Шарқ ва Осиё бу гал тарихий имкониятни қўлдан чиқармайдиган кўринади. Либерал демократия манфаатларига хизмат қилиб келган анъанавий глобал тартибот ўрнини тенглик ғоясига асосланган қитъалараро, цивилизациялараро робита эгаллаши аён бўлиб қолди.
Ғоя ва фикрлар оламида қизғин муҳокама этилаётган янги жаҳон тартиботи миллий давлатларнинг ўзига хослиги, чегаралар ҳамда маданий-тамаддуний хилмахилликни инкор этмайди. Давлатлараро муносабатларда конструктив мунозаралар, дунёқарашда рангбаранглик сақланиб қолади. Зотан, азалдан фикрлар ҳурлиги, олам маромига турли хил ёндашув ҳукм сурган кезларда давлатлар тараққиёт ва фаровонликка эришган. Атоқли ҳинд файласуфи Виноба Бҳаве айтганидек, “Нуқтаи назарлар ҳар хил бўлиши мумкин, бироқ қалблар бир бўлмоғи лозим”.
Ўтган асрда Ғарбдаги неолиберал давлатлар миллий тараққиёт моделини АҚШга мослаштирган, Вашингтоннинг нафаси Ер куррасининг аксар минтақаларида бирдек сезилиб турар, унинг ҳукми ва измига қарши чиқмоқ кескин жазога сабаб бўлганди. Сайёрамиз узра кенг қулоч ёзган глобаллашув ҳам, аслида, ғарблашув жараёни эди. Санкт-Петербург университети профессори, файласуф ва сиёсатшунос Леонид Селезнев фикрича, Қўшма Штатлар XXI асрда улкан табиий ва инсон ресурсларига эга дунёнинг энг нуфузли давлати, ягона супердавлат даражасига кўтарилди. Бироқ тез орада у бутун дунёда миллий-этник сепаратизм ва минтақавий биқиқлик, аниқроғи, аксилглобаллашув феноменини келтириб чиқарди (Селезнев Л. Гражданское общество и государство: зарубежные модели политической системы. Изд-во С.-Петерб. университета, 2014. Стр. 173). Тор доирада яратилган глобаллашув таълимотини башариятнинг муайян қисми инкор этди. Яъни европеизм ғояси ёки англосакс цивилизациясининг навбатдаги ваъдаси барчани ҳам бирдек ром эта олмади (Скворцова Е. XXI век: интенция как духовная судьба цивилизационного самоопределения // Вопросы философии, 2024, №1. Стр. 13-16).
Ҳодисалар динамикаси цивилизациялар нечоғли объектив қувватга эга бўлмасин, ижтимоий жараён сифатида сиёсийлашса, ташқи (экзоген) субъектив кучлар таъсирида салбий ўзанга бурилиб кетишини кўрсатади. Бу вазиятда тамаддун субъектив бошқарувчи кучлар изми ва ҳукмидаги қуролга айланади. Афсуски, кейинги ўнйилликларда ана шундай воқеликка гувоҳ бўлдик.
Мумтоз тарихчи Арнольд Тойнби цивилизациялар ҳақида мушоҳада юритар экан, қизиқ хулосага келган эди. Олимнинг фикрича, цивилизациялар шундай хусусиятга эгаки, уларнинг тадрижи мобайнида ғайриоддий “тинчликбузарлар” вояга етади. Мозий шоҳидлик берадики, тарихнинг турли даврларида Птолемейлар империяси (мил.авв. III – I аср), Афина ва Спарта давлати (мил.авв. IV – II аср), Кушонлар империяси (мил.авв. II – мил. II аср), Ғарбий ва Шарқий Рим империялари (мил.авв. I – мил. XV аср), Темурийлар, Бобурийлар давлатлари, Нидерландия (XV – XVI асрлар), Буюк Британия (XVII аср), Франция (XIX аср), Россия (XX аср) каби “тинчликбузарлар” дунё тараққиёти маромини кескин ўзгартирган. Янги ижтимоий-сиёсий жараённи бошлаган халқларнинг таъсир кучи асрлар мобайнида сақланиб туради.
Такрор бўлса-да, таъкидлаш жоизки, англосакс жаҳон тартиботи ўз ўрнини муқобил тизимга бўшатиб берадиган фурсат келди. Улкан ижтимоий-сиёсий эврилиш Ер куррасининг исталган ҳудудида рўй бериши мумкин. Зеро, кўплаб мамлакатларда янги жаҳон тартиботига ўтиш истаги тобора кучайиб бормоқда. Масалан, Хитой Халқ Республикасида рўй бераётган кенг қамровли ўзгаришлар ботиний куч қайта уйғонаётгани ҳақидаги фаразларга йўл очмоқда. Чин халқининг ўзига собит ишончи, халқаро хайрихоҳлик, боз устига, хитойликларнинг евроцентрик босимдан кўп зиён кўргани бу қарашни қўллаб-қувватлаётгандек.
Янги ижтимоий ғоя ва лойиҳалар ҳамиша даставвал инсон психологиясида, қалбида ниш уради-да, сўнгра кенг омма онгу тафаккурини эгаллаб, муайян бир мамлакатда юзага чиқади. У ҳар доим ҳам ижтимоий инқилобга айланмаслиги мумкин, лекин унинг маънавий таъсири бошқа маконларда сезилмоғи, яшаш ва тафаккур тарзини ўзгартирмоғи тайин. Хитойда ишлаб чиқилган “Тақдири муштарак инсоният ҳамжамияти” лойиҳасида дунё халқларининг тенглигини сақлаган ҳолда турфа миллатлар ва давлатлар ҳамнафаслигига йўналтирилган тартиботни яратиш ғояси илгари сурилган. Мазкур концепция англосакс цивилизацияси интилишлари, геостратегик мўлжалларини акс эттирган “глобаллашув”, “вестернлашув”, “евроатлантизм”, “либерализм”, “олтин миллиард”, “еттилик гуруҳи”, “истеъмолчилик жамияти” сингари идеологемалардан фарқли фалсафага асосланган (Чэнь Хунь, Гань Сяоцзюань. О философских основах концепции сообщества единой судьбы человечества // Вопросы философии. 2023, №3. Стр. 92-101).
“Тақдири муштарак инсоният ҳамжамияти” модели одамзодни ирқлар, синфлар, миллатлар, диний қарашлар ва ижтимоий қатламларга ажратиш мафкурасини рад қилади. Унда жонзотлар орасида инсонга юксак мақом, ботиний самимият ва мурувват ҳисси ато этилгани урғуланади. “Инсоният – бир оила” ғоясига таянган концепцияда миллиардлаб кишиларни фаровонликка бошловчи муқобил ғоялар таклиф этилган. Хусусан, Хитойда, умуман, Шарқий Осиёда кенг қулоч ёйган комиллик ғоясини концепциянинг тамал тоши дейиш мумкин. “Тақдири муштарак инсоният ҳамжамияти” лойиҳасида бирор бир ижтимоий-сиёсий тузилма ёки тараққиёт моделига устуворлик бериш ҳақида эмас, балки ҳамма халқларга баробар хизмат қиладиган умумсайёравий муштараклик низоми ҳақида сўз юритилади. Унинг онтологияси қадимдан чинликлар руҳияти ва қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган “ўн минг қўшни элатлар ҳамнафаслиги” ғоясига бориб тақалади.
Пекин илгари сурган ташаббус муқобил бир ғоя, албатта. Минтақа ва давлатдан қатъи назар, дунё миқёсида кучга таянган глобал бошқарув ҳамда умумсайёравий ҳегемонликка қарши янги универсал ботиний қувват бўй чўзаётир. Янги жаҳоний тартибот асосини аллақачон эскирган капитализм, социализм, либерал демократия принципларига асосланган замонавий низомлар эмас, балки XXI аср кишиси талаб ва эҳтиёжига мос теран фалсафа, янги маънавий қувват эгаллаши аён бўлиб қолди. Асосийси, янги низом иқтисодиёту маънавиятнинг уйғун тараққий этишига хизмат қилмоғи даркор.
Темур ЖЎРАЕВ
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 2-сон.
“Жаҳон тартиботи: хазонрезги аломатлари” мақоласи
Дин
Ватандош
Санъат
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ