
Испаниялик аёллар 1931 йил сайлов ҳуқуқини қўлга киритган. Бунинг учун курашган энг машҳур аёллардан бири мамлакат тарихидаги иккинчи адвокат аёл Клара Кампоамор эди. ХХ асрда испан ёзувчи, юрист ва жамият зиёлилари аёлларни мустақил, илмли, профессионал муваффақиятларга эришган, ижтимоий ҳаётда ва сиёсатда эркаклар билан тенг фаол иштирок этадиган инсон сифатида кўришни истаган. Табиий савол туғилади: уларга кимлар ҳамфикр бўлган-у кимлар қарши чиққан? Испан аёлларига таълим олиш имкони берилмаган бир вақтда уларнинг сиёсий карьералари қандай ривожланган? Қуйида шу ва бошқа саволларга жавоб оламиз.
“Ёки ўқи, ёки ангишвона сотиб ол”
1888 йилда туғилган Клара Кампоамор ёшлигиданоқ жуда қизиқувчан қиз бўлиб, китоб ўқишни яхши кўрган ва ҳар ҳафта якшанба бўлишини интиқлик билан кутган. Чунки шу куни Клара онаси билан гапирадиган тўтиқуши бор қандолатхонага борарди.
Кларанинг беташвиш болалиги отаси вафотидан кейин ниҳоясига етади. Молиявий қийинчиликларга қарамасдан онаси қизини монастир мактабига юборади. Клара ўқиш даврида қийналади – роҳиблар қизларнинг овқатланишини қатъий чеклайди. Лекин тез орада бу ҳам тугайди: улғайган Клара уйидаги тикув устахонасида онасига ёрдам бериш учун қайтишга мажбур бўлади.
Ўша йилларни ёдга олган Кампоамор шундай дейди: “Кимдир ишимни мақташга уринса, куламан. Онам қилган саъй-ҳаракатлар олдида мен қилганларим ҳеч нарса...”.
Клара 10 ёшидан ишлаб, 15 ёшидан пул топа бошлайди.Аввалига у тикилган буюмларни сотади, кейинчалик, 21 ёшида почта бўлимига жойлашади. Кампоамор бошқа аёллардек анъанавий тарзда турмуш қуриб, оилага ғамхўрлик қилиш йўлини танлаши ҳам мумкин эди, лекин у мустақилликни афзал билади.
1912 йилда Кампоамор қўшнисининг қизига чўқинтирилган она бўлади ва унга ҳаётда ўз йўлини топиши учун ёрдам беришга ваъда беради. Қўшни қиз Гипускоа йиллар ўтиб провинцияда биринчи аёл шифокор бўлади ва чўқинтирилган онаси Кларанинг гапларини ёдга олади: “Ёки ўқи, ёки ангишвона сотиб ол”.
Кампоамор оиласини қашшоқликдан қутқарган тикувчилик Клара учун оғир меҳнат ва таълим олишдан маҳрумликнинг рамзи эди.
Оғир шароитга қарамай Клара ўқиб-ўрганишни ҳеч қачон тўхтатмаган. У нафақат испанча, балки бошқа тилларда ҳам китоблар ўқирди. Француз тилини мустақил ўрганган Кампоамор Теофиль Готьенинг “Мумиё ҳақида роман”ини ҳам таржима қилган.
25 ёшида мактаб аттестати бўлмай туриб, малака имтиҳонини топширади ҳамда Мадрид катталар мактабида стенография ва машинада матн териш бўйича ўқитувчи бўлади. 33 ёшида эса мактаб имтиҳонларини топшириб, аттестат олади ва ниҳоят, университетга қабул қилинади. Юридик факультетини тамомлаган Клара Мадрид адвокатлар уюшмасига иккинчи аёл сифатида қабул қилинади. Уюшмага унга қадар фақат битта аёл – Виктория Кент кирган эди.
Овоз бериш ҳуқуқи
Клара университетга киргунга қадар Мадрид Атенеуми – хусусий маданият марказига қатнаб, у ерда суфражист Кармен де Бургос билан танишади. У зиёлилар ва сиёсатчилар даврасида бўлиб, консерватив газета La Tribunaʼга мақола ёзади. 1922 йилда Клара аёллар (одам) савдоси ва фоҳишаликка чек қўйишни мақсад қилган ташкилот – Аболиционистлар жамиятини ташкил қилишда иштирок этади.
Ўқиш Кларанинг ўзига бўлган ишончини орттиради, у соатлаб нутқ машқларини бажариб, нотиқлик маҳоратини оширади. 1923 йилнинг майида ўқилган “Аёл ва унинг янги муҳити” маърузасида Клара жамият аёлларнинг шахсий ривожланишга қандай халал беришини кўрсатиб беради. Унинг ўзи XX аср аёлини эркин, ўқимишли, касбий муваффақиятларга эришган, ижтимоий ҳаётда ва сиёсатда эркаклар билан тенг равишда фаол қатнашадиган аёл сифатида кўришни орзу қилган. Бошқа маърузасида бўлса Клара оналикнинг кўринмас томони – никоҳсиз ҳомиладор бўлиш хавфлари ҳақида айтиб беради. Унинг “Қонун олдидаги янги аёл”, “Турмушга чиқишдан аввал” каби мавзулардаги маърузалари муваффақият қозонади. Шу тариқа, Клара нафақат юрист, балки жамоат фаоли сифатида ҳам шуҳрат қозонади.
1931 йил майида Иккинчи республиканинг вақтинчалик ҳокимияти аёлларга пассив овоз бериш ҳуқуқини тақдим этади. Клара Кампоамор Радикал Республикачилар партиясининг таъсисчилар йиғилишида сайланади. Янги Конституция ишлаб чиқарувчилар гуруҳи таркибига кирган Клара аёлларнинг танлов, яъни овоз бериш ҳуқуқи учун фаол тарзда кураша бошлайди.
Овоз бериш ҳуқуқи бўйича баҳсларда қанчалик парадоксал бўлмасин, унинг асосий оппонентлари аёллар: Радикал-ижтимоий республикачилар партиясидан бўлган Виктория Кент ва Испания социал ишчилар партиясидан Маргарита Нелькен эди.
Таълим олмагунча овоз бериш ҳуқуқини бермаслик
Виктория Кент Клара Кампоамордан 3 ёшга, Маргарита Нелькен 6 ёшга кичик эди.
Бадавлат еврейлар оиласидан бўлган Нелькен болалигида Мадридда рассомчиликка ўқиб, кейинчалик Парижда яшайди. У “Қумга ботган аёл” романи, еттита ҳикоя, феминизм ҳақида иккита асар ва оналик ҳақида памфлет муаллифи. El Día, El Fígaro ва La Libertad газеталарида чоп этилган мақолалари Нелькеннинг 1921 йилда чиққан энг машҳур “Испаниядаги аёлларнинг ижтимоий ҳолати” асарига асос бўлган. Бир қанча тилларни билиш Нелькенга кўплаб француз, инглиз ва немисча китобларни испан тилига ўгириш имконини берган.
Ёзувчилик ва таржималаридан келган тушум туфайли Нелькен Мадриддаги ишчилар оиласидан бўлган камбағал болалар учун рассомчилик синфларини ташкил этади. Кейинчалик болалар учун кичик приют ҳамда ишлайдиган оналарнинг фарзандларига ғамхўрлик қилиш маркази очади. (Марказ 2 йил ишлайди). Бундан ташқари, Нелькен ишчи аёллар – фабрика ишчилари, ҳунармандлар, ўқитувчи ва тикувчилар ҳуқуқини ҳам фаол ҳимоя қилган.
Виктория Кент
Виктория Кент бўлса ёшлигидан либерал муҳитда тарбия олган ва университетни тамомлаб, юрист бўлишга муваффақ бўлган.
Кент ҳам, Нелькен ҳам аёлларга танлов ҳуқуқи беришни вақт ҳукмига қўйиб бериш керак деб ҳисоблаган. Уларнинг иккиси ҳам испаниялик аёллар черковлар таъсирида республика душманларини ҳокимият тепасига келтиришидан қўрққан. Шунинг учун ҳам дунёвий, илғор таълим кенг тарқалмагунча аёлларга овоз бериш ҳуқуқини бермаслик керак, деб билган.
“Испанияга монархия беролмаган – мактаб, лаборатория ва ҳоказоларини Республика берганини аёллар кўриши керак. Гап уларнинг қобилиятида эмас, республиканинг келажак истиқболи ҳақида”, – дейди Кент.
Кампоамор унга қарши шундай фикр билдиради: “Ахир, аёллар ҳам солиқ тўламайдими? Нима учун эркаклар Республика келиши билан барча ҳуқуқлардан фойдаланиши керагу аёллар лазерат таъсирига тушиши керак? Мен, ҳурматли депутатлар, ўзимни биринчи навбатда фуқаро сифатида ҳис қиламан, аёл эмас. Ва аминманки, аёлларнинг бу ҳуқуқдан маҳрум қилиниши жиддий сиёсий хато бўлади”, – дейди.
Кампоамор мақсадига эришади: 1931 йилда мамлакат конституциясига барча аёллар овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги модда киритилади. Улар бу ҳуқуқидан 1933 йилга келиб фойдаланади.
Бу даврда аёллар ўзларининг қарашларидан қатъий назар, парламентда босимларга учрайди. Клара Кампоамор доимо – нафақат йиғилишларда, балки шунчаки кўчада ҳам агрессив баҳсларга тортилади. Оиласи эса таҳдидларга учрарди.
“Баъзи руҳий чарчоқлардан сўнг парламентдаги иштирокимни камайтирдим” – деб ёзади у. Депутатлардан бири Маргарита Нелькенни ҳукуматга қарши фитна уюштиришда айблайди.
Франкодан кейин
Клара Кампоаморнинг катта режалари бор эди. У аёллар учун ажримни осонлаштирувчи ва аёллар савдоси муаммосини ҳал қилувчи қонунлар қабул қилинишига эришмоқчи эди. 1934 йил майида Компоамор йирик ижтимоий лойиҳа бошлайди, кўзи ожизлар учун меҳнат биржасини яратади. Бироқ оғир кунлар бошланади.
1933 йилги давлат тўнтарилиши ва Франко диктатураси ўрнатилишидан кейин Клара “Аёллар сайлов ҳуқуқи ва мен: менинг ўлик гуноҳим” китобини чиқаради ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади.
Кампоамор сургундаги умрини таржималар ва турли журналлар устида ишлашга бағишлайди. 1943 йилдан 1945 йилга қадар Аргентинада яшаб, эсселар тўпламини чоп этади. 1955 йилда бўлса Лозаннага жойлашиб, кўриш қобилиятини йўқотгунича юридик фирмада фаолият юритади.
Кент фуқаролик уруши бошланиши билан вафот этганларнинг аёли ва фарзандларига ёрдам бериш дастурларини яратишга киришади. Болаларни Францияга эвакуация қилишни ташкиллаштиради – қўзғолон бостирилгач, болалар уйига қайтарилиши тахмин қилинади. Бироқ эвакуация қилинганлар ҳам, Кентнинг ўзи ҳам бегона юртда қолди. Улар Францияни немис қўшинлари босиб олгач яширинади. Кейин эса Мексикага, ундан кейин АҚШга боришга муваффақ бўлади. У ерда Виктория Кент қамоқхоналардаги инсонпарварлик билан боғлиқ лойиҳалар билан шуғулланган. 1950 йилдан бошлаб БМТда фаолият юритган.
Маргарита Нелькен Фуқаролик уруши вақтида олд сафда (фронтда) бўлиб, митингларда қатнашади ва китоб нашр этишда давом этади. Бу эса уни “Ватан ва худосиз саргардон” ҳамда “Юбкадаги илон” деб атовчи франкистларни ғазаблантиради. 1939 йили у таъқиблардан Францияга қочиб кетади. Кейин Мексикага бориб, санъат танқидчисига айланади. Ўз юртида сиртдан 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, Мадриддаги мол-мулки мусодара қилинган Нелькен 1968 йилда вафот этади.
Клара Кампоамор Испанияга қайтишни орзу қилади, бироқ 1972 йилда Лозаннада вафот этади. 5 йил ўтибгина испаниялик аёллар яна сайловларда овоз бера бошлайди. Бу лаҳзаларни кўришга фақатгина сургундан 40 йил ўтиб 1977 йилда узоқ қисқа муддатга ватанига қайтган Виктория Кент муваффақ бўлди ва воқеадан 10 йил ўтгач, у ҳам вафот этди.
Дин
Ватандош
Санъат
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ