
Туғилганингиздан бери қоронғи ғорда занжирбанд ҳолда ўтирибсиз. Орқангизда олов ёнмоқда, олдингизда эса фақат девор. Бутун ҳаётингиз давомида кўрган ягона нарса бу – девордаги соялар. Кимдир юради, кимдир буюм кўтаради, сиз эса фақат уларнинг соясини кўрасиз ва бу сояларни ҳақиқат деб ўйлайсиз.
2400 йил олдин, юнон файласуфи Суқрот ғор ҳақидаги масал орқали инсон ақлининг энг катта сирини очиб берган эди. Бугунги кунда эса, бу масал миямизнинг қандай ишлашини тушуниш учун ҳайратланарли даражада мос келади.
Сабаби, миямиз ҳам худди ўша ғорга ўхшайди. У бизга ҳақиқат деб кўрсатадиган кўп нарсалар аслида соядан бошқа нарса эмас. Энг ажабланарлиси шуки, бу ҳолатни миямизнинг ўзи онгли равишда юзага келтиради. Бугун биз айнан шу жараёнда энг кўп учрайдиган мантиқий хатолар ва когнитив оғишларни кўриб чиқамиз.
Тасаввур қилинг, икки киши сизга бир хил гапни айтади. Бири энг яқин дўстингиз, иккинчиси эса ёқтирмайдиган одамингиз. Сўзлар бир хил бўлса-да, сиз уларни турлича қабул қиласиз. Бири сизга тўғри эшитилади, иккинчиси эса нотўғридек туюлади.
Ёки бошқа ҳолат: янги телефон сотиб олмоқчисиз. Биринчи кўрган нархингиз миянгизда “лангар” бўлиб қолади ва кейинги барча нархларни ана шу биринчи рақам билан солиштирасиз.
Бу тасодиф эмас. Бу сизнинг миянгиз саҳналаштираётган ички театр. Ғордаги соялар қандай алдовчи бўлса, миянгиз ҳам сизга ҳар куни ўнлаб “сохта ҳақиқатлар”ни намойиш этади. Сиз ўзингизни мантиқли киши деб ҳисоблайсиз, лекин кўп ҳолларда қарорларингиз айнан шу соя театрининг маҳсули бўлади.
Ўткан аср охирида психологлар Дениел Каҳнеман ва Амос Тверски қадимий фалсафий ҳақиқатни илмий далиллар билан исботладилар. Ушбу кашфиётлари эвазига Каҳнеман 2002 йилда Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотига ҳам сазовор бўлган. Уларнинг тадқиқотларига кўра, мия икки хил тизимда ишлайди:
● Биринчи тизим – тез, ҳиссий ва автоматик. У девордаги сояларни ҳақиқат деб қабул қилади. Суқрот айтганидек, у ғорнинг ичида қолади.
● Иккинчи тизим – секин, аммо чуқур фикрлайди. У ғордан чиқиб, ёруғликдаги ҳақиқатни кўришга ҳаракат қилади.
Афсуски, бизнинг онгимизда биринчи тизим кўпроқ устунлик қилади. Айнан шунинг учун биз ўзимиз сезмасак ҳам тез-тез нотўғри қарорлар қабул қиламиз. Бу дегани, биз ҳар доим ҳам мантиқий қарорлар қабул қилмаяпмиз.
Энди эса сўзлар ва манипуляциялар орқали мантиқий хатолар қандай шаклланишига бир қанча мисоллар орқали назар ташлаймиз.
Девордаги 5 соя: Энг кенг тарқалган мантиқий хатолар
Фарзандингиз ёмон баҳо олди. Сиз эса: “Сен барибир мени тингламайсан, ўзингни кўрсатмоқчисан,” деб айтасиз. Муаммонинг ўзини эмас, фарзандингизнинг “соясини” айблаяпсиз.
Бу ғордаги энг хавфли соялардан биридир. Фикрни танқид қилиш ўрнига шахсга ҳужум қилинади. Ижтимоий тармоқларда бу жуда кенг тарқалган: одамлар фикрни эмас, муаллифнинг сурати ёки миллатига қараб танқид қилишади.
Дўстингиз: “Мен романтик фильмларни яхши кўраман,” деганда сиз ҳойнаҳой шундай дерсиз: “Демак, фақат аҳмоқона фильмларни томоша қиласанми?”
Бу ғордаги айёр соялардан бири. Сиз рақибингизнинг фикрини бузиб, осонликча мағлуб қилса бўладиган “сохта” талқинни яратасиз. Оммавий ахборот воситаларида бу усул жуда кенг қўлланилади.
“Қора мушук йўлимни кесиб ўтди, шунга ишим юришмади.” Бу кетма-кет ҳодисаларнинг тасодифий боғлиқлиги. Бир воқеа бошқасига сабаб бўлгандек туюлади.
Реклама қилганингиздан сўнг савдо кўпайди – демак, бунга фақат реклама сабабми? Эҳтимол, бошқа кўплаб “омиллар” ҳам таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
“Ҳамма буни қилаяпти, демак, бу тўғри.” Бу қадимдан бери ғорларда энг кенг тарқалган мантиқий хатодир. Бугунги кунда эса бу “вирус” тус олган: миллионлаб лайклар энди “ҳақиқат” мезонига айланиб қолган.
“Агар фарзандимни битта баҳо учун жазоласам, у мендан қўрқиб, кейин ҳеч қачон гапирмай қўяди.” Бу миямизнинг энг ёмон сценарийни тасаввур қилиш одатидир.
Биргина воқеа бутун қўрқинчли ҳодисалар занжирини келтириб чиқарадиган сабабдек бўлиб туюлади. Аслида эса бу шунчаки хаёлий “қўрқув занжири” бўлиш эҳтимоли катта.
Биз ҳар куни қарорлар қабул қиламиз: нима ейишу ким билан гаплашишдан тортиб қайси янгиликка ишонишгача. Аммо бу қарорларимиз ҳар доим онгли, изчил ва мантиқий бўладими? Афсуски, йўқ. Ҳозир беш энг машҳур когнитив оғишларни, яъни онгли фикрлашдаги хатоларни кўриб чиқамиз.
Севимли ёзувчингизнинг янги китобини ўқимоқдасиз. Танқидчилар уни ёмон баҳолаган, аммо сиз фақат ижобий шарҳларни қидирасиз. Бу ғордаги энг хавфли соя. Миянгиз ўз фикрини тасдиқловчи маълумотларни излайди холос, қарши далилларни кўрмайди.
Бозорда сабзавотчи: “Помидор 10 минг” дейди. Сиз 8 мингга келишасиз. Асл нарх эса, атиги 5 минг. Сотувчи сизнинг миянгизга “лангар” ташлади – ғордаги биринчи соя барча кейинги сояларни белгилайди.
Самолёт ҳалокати ҳақидаги хабарни эшитиб, учишдан қўрқасиз. Аслида эса самолёт энг хавфсиз транспорт саналади. Мия энг ёрқин сояни – энг муҳим деб ҳисоблайди. Медиа бу сеҳрни усталик билан ишлатади, мисол учун, сенсациялар кўпроқ ва тезроқ эътибор олади.
Янги иш жойида биринчи ҳафта ичида барча муаммоларнинг ечимини топдингиз деб ўйлайсиз. Бу ғордаги энг алдамчи соя. Кам билимга эга одамлар ўз қобилиятларини ҳаддан ташқари баҳолайдилар. Ижтимоий тармоқларда бу эпидемия ҳар қадамда учрайди – ҳар ким ҳар нарсада “эксперт”.
Футбол ўйини тугади, сизнинг жамоангиз ютқазди. Сиз дўстингизга: “Мен буни олдиндан билардим, мураббийни алмаштириш керак эди вақтлироқ” дейсиз. Бу ғордаги “кечиккан донолик” сояси. Воқеа содир бўлгач, уни олдиндан тахмин қилганимиздек ҳис қиламиз. Бу дегани, биз ўтмишни ҳозирги билимларимиз орқали баҳолаймиз, бу эса нотўғри.
Энди асосий савол: бу билимлар билан нима қилиш керак? Энг муҳими, ўз миянгизга соғлом скептисизм (шубҳа) билан қараш. Мақсад ғордан бутунлай чиқиш эмас (мумкин эмасам), балки соялар билан ҳақиқий нурни фарқлаш.
Суқротнинг ғор масалида, уларнинг бири занжирдан халос бўлади ва ҳақиқий дунёни кўради. Кейин у қайтиб келиб, дўстларига ҳақиқатни айтишга ҳаракат қилади. Аммо улар унга ишонмайдилар. Чунки соялар уларнинг ягона ҳақиқати эди.
Бизнинг миямизнинг чекловларини тушуниш – ҳақиқий доноликнинг биринчи қадами. Бу билим бизни пессимистга айлантириши шарт эмас. Аксинча, бу эркинлик йўлининг бошланиши бўлиши керак.
Аммо энди телефон дўконида қўлингизда икки хил модел турганида сиз биласизки:
● Сотувчининг биринчи айтган нархи сизга “лангар” учун бўлиши мумкин;
● Дўстингизнинг маслаҳати унинг шахсий тажрибасига боғлиқ;
● Интернетдаги изоҳларда “confirmation bias” бўлиши мумкин;
● Энг машҳур русум – ҳар доим энг яхшиси эмас.
Танловингиз энди янада онгли бўлади. Сиз ҳали ҳам ғордасиз, аммо энди соялар билан ҳақиқатни фарқлашни биласиз. Шундай қилиб, бугун биз бекорга Суқротнинг “мени донишмандлигим – билмаслигимни билганимда”, деб айтмаганини яхши тушундик, деб умид қиламан.
Мавзу доирасида чуқурроқ ўрганмоқчи бўлганларга тавсия этиладиган адабиётлар:
● Даниел Каҳнеман – “Thinking, Fast and Slow”;
● Дан Ариелй – “Predictably Irrational”;
● Нассим Ничолас Талеб – “The Black Swan”;
Самандар ЭРКИНЖОНОВ
Дин
Ватандош
Санъат
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ