
Ушбу мақола татар фарзанди – Олимжан оға Қулмаметов хотирасига бағишланади.
Татарлар – туркий эл. Тили туркий тилларнинг қипчоқ гуруҳига мансуб. Улар бошқа туркийлардан фарқли ўлароқ дунёнинг барча минтақаларига тарқалиб кетган, шунинг учун аниқ нуфусини аниқлашнинг имкони йўқ. Расмий манбаларга кўра татарларнинг сони 6 миллион, аммо сўнгги тадқиқотлар 10 миллиондан ортиқ эканини кўрсатади. Катта қисми Татаристон, Бошқирдистон республикалари ва уларга ёндош Челябинск, Уляновск, Оренбург, Тюмен, Самара вилоятларида яшайди. Асосий қисми ислом динининг суннийлик йўналишида. Мазҳаби ҳанафия. Афғонистон ва Эронда камсонли татарлар шиаликнинг жафария мазҳабида. Бир қисми насронийлик динига эътиқод қилади, уларни керашенлар, яъни “чўқинтирилган татарлар” деб аташади. Монголиядаги татар уруғларининг айримлари буддавийликни қабул қилган.
Татарларнинг келиб чиқиш масаласи ўта мураккаб ва чигал. Инчунин, татар этносини бир хил призма остида ўрганиш мумкин эмас. Қолаверса, татарларнинг тарихи, дини, этнологияси, фольклори, тили ва адабиёти ҳам кўпқирралидир.
Тарих
Татар номи V асрда кўчманчи жужанлар даврида алоҳида халқ сифатида тилга олинган[1]. Ўрхун-Энасой ёзувларида эса Otuz Tatar Bodun (ўттиз татар халқи) ва Tokuz Tatar (тўққиз татар) шаклида келган[2]. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк”да татарларни бажанак, қипчоқ, ўғуз, жамақ, бошқирд, басмил, қай, жабақу, қирғиз халқлари билан бирга тилга олган[3]. Кошғарий татарларнинг турк эканини ҳам қайд этган[4].
Келиб чиқиши бўйича уч хил назария шаклланган:
1. Турк-татар назарияси;
2. Турк-булғор назарияси;
3. Турк-мўғул назарияси.
Турк-булғор назариясига кўра татарларнинг келиб чиқиши VIII асрда Волгабўйи ва Ўрол тоғи атрофида шаклланган булғор этноси билан боғланади[5]. Бу назария ХХ асрда пайдо бўлган ва у кўпроқ ўша давр тарихчиларининг татарларни Европа халқлари билан боғлашга интилишлари оқибати бўлиши мумкин. Инчунин, туркий тилларнинг энг кичик гуруҳи, яъни булғор (ўғур) айнан Волгабўйи ва Ўрол тоғи атрофида шаклланган бўлиб, ҳозир у халқлардан фақат чувашлар сақланиб қолган холос. Булғорларнинг тили ва маданияти ўзгача, улар қипчоқ эмас. Татарлар булғорлар билан бақамти яшаб келгани учун уларда умумий атропологик ўхшашликлар бор. Айниқса, кам сонли мусулмон чувашлар билан маданий синкретизм кузатилади.
Турк-мўғул назариясига кўра татарларнинг келиб чиқиши мўғул, Чингизхон қўшини билан Марказий Осиёдан келганига эътибор қаратилади. Бу назария тарафдорлари аввало, турк ва мўғул халқларининг олтой халқлари эканини унутишган кўринади. Қолаверса, мўғул-татар сўзини ХХ асрга қадар фақат руслар қўллаб келган ва бу Жўчи қўшинларининг таркибида татарларнинг кўп бўлгани, Рус ҳудудлари айнан татарларга суюрғол қилингани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Умумун олганда татарларнинг Олтой ва Марказий Осиёдан Европага силжигани рост, аммо бу уларнинг мўғул эканини англатмайди.
Турк-татар назарияси энг ишонарли назария бўлиб, унга кўра татарларнинг келиб чиқиши қадимги Турк хоқонлиги билан боғланади. Улар ҳам бошқа туркий халқлар қатори Хазар, Волга Булғорияси, Қипчоқ-қимақ, Олтин Ўрда даврида юзага келган ижтимоий-сиёсий-маданий бўҳронлар таъсирида алоҳида этнос сифатида шаклланган. Инчунин, татарлар туркий тилнинг қипчоқ лаҳжасида сўзлашишган, фольклор ва адабиёти ҳам бошқа қипчоқ халқлари билан ўхшашдир.
Татарлар азалдан қипчоқлар дунёсининг шимолий ҳудудларида яшаб келишган. Бу уларнинг юз қиёфасида ҳам акс этади. Шарқда қисиқ кўзли, кенг елкали (монголоид), Урал ва Волгабўйида қирра бурун, соч ва кўз ранги қора, жийрон аралаш (сублапоноид), Жанубий-ғарбда узун бўйли, соч ва кўз ранги (понтий), Шимолий ғарбда кўк кўзли, бўйлари узун, қирра бурунли (европоид) татарлар учрайди[6]. Сибир татарлари Абулхайрхон тузган Ўзбек хонлиги даврида шакллангани учун қиёфасида ўзбеклар билан умумийлик кўп.
Татар этноси
Татар этноси асосан турк ва мўғул халқлари таркибида учрайди. Таҳлилларимиз аниқ бўлиши учун аввало мўғуллар таркибидаги татар уруғига тўхталамиз. Уларнинг негизи турк. Қадимги турк тилида сўзлашишган. Мўғуллар таркибидаги татар Мўғилистоннинг ерли халқи бўлиб, улар ўз даврида салтанат қурган ўттиз татарнинг авлоди. Мўғулистон ва Ички Монголияда[7] ҳозирги кунда ҳам татар этноси бор. Мўғулистонда Шарқий Матад, Сухебаатар аймоғининг Асгат сомонларида истиқомат қилишади. Ички Монголияда Халхингол ва Буйур-нур водийларида яшайди[8]. Ҳозирги кунда Мўғулистон татарлари мўғул тилида сўзлашишади[9].
Туркий татарлар дейилганда, аввало Қозон, Сибир ва Аштархон хонликлари даврида шаклланган алоҳида этник гуруҳлар тушунилади. Улар юз қиёфаси, маданяти ва тилига кўра бошқа туркийлардан фарқланади. Ҳозирги кунда қўйидагича таснифланади:
1. Қозон татарлари;
2. Мишар татарлари;
3. Қосим (қосимов) татарлари;
4. Сибир татарлари;
5. Астрахан татарлари;
6. Керашен (керашен-чўқинтирилган) татарлар;
7. Перм татарлари;
8. Нўғайбақлар;
9. Нўкрат (Чепец) татарлари;
10. Бухор татарлари.
Бундан ташқари Хитой, Ўрта Осиё, Туркия, Афғонистон, Европа, Америка ва Австралияда ҳам татар диаспоралари бор.
Хитойда татарлар ўрта асрлардан буён яшайди. Улар асосан Шинжон-уйғур ва Манжурия мухториятларида истиқомат қилади. Шинжон-уйғур туманидаги татарларнинг катта қисмини Сибир ва Қозон татарлари ташкил этади. Улар Хитойга XIX асрдан тадбиркорлик ва савдо-сотиқ учун, айримлари эса ислом динини сақлаш учун Руслардан қочиб келишган. Улар орасида таниқли уламолар, қорилар, масжид имомлари бўлган[10]. Татарлар Хитойга келишининг кейинги оқими ХХ асрнинг биринчи ярмига тўғри келади. Аввал Биринчи жаҳон уруши, кейин Совет тузуми даврида Шинжонга, Сибир ва Олтой татарларининг кўпчилиги Манжурияга келишган. Ва ниҳоят бу кўчишлар Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам давом этган. 1989 йилда Хитойда Дацюань-Татар миллий волости тузилган.
Туркия татарлари ҳам Россия билан урушлар даврида уюмлаша бошлаган. Ҳозир уларнинг сони 200 минг экани айтилган, аммо татар олимлари тахминича миллиондан кўп. Чунки Туркияда туркий халқларнинг паспортига миллати турк ёзилиши ҳаммага маълум.
Афғонистон татарлари нуфуси расмий манбаларда 300 мингдан ортиқ экани қайд этилган. Улар асосан XIII асрда Чингизхон қўшинлари билан боргани айтилади. Ҳозирги кунда Афғонистон татарлари Бутун дунё татарлар конгресси билан алоқа ўрнатган[11]. Уларнинг аксарияти чиғатой ўзбекчаси, туркман, пуштун ва дари тилида сўзлашади. Ҳозирда уларга Қозондан татар тилини ўргатиш учун онлайн курслар ташкил қилинган. Қобулда “Татар авази” журнали дари тилида чоп этилади. Афғонистон татарларининг асосий қисми суннийлар, Эрон тарафдаги татарлар шиа оқимига эътиқод қилишади[12].
Америка татарлари қитъанинг ҳамма мамлакатларида бор. Йирик диаспоралари АҚШ, Канада ва Бразилияда яшайди.
Европа татарлари Тўхтамишхон давридан Литва князлигига кела бошлаган ва ҳозирги Польша, Германия, Руминия, Венгрия ҳудудларига жойлашган. Кейин Совет даврида, хусусан Иккинчи жаҳон уруши даврида ва 1990 йилларда кўплаб татарлар Европага кўчиб ўтишган.
Австралияга татарлар Иккинчи жаҳон уруши даврида кўчиб кела бошлаган. Ҳозир уларнинг сони 5000 дан ортиқ. Сидней, Мельбурн ва Аделаида татарларнинг марказлари ва якшанбалик мактаблари мавжуд.
Қозон бутун дунё татарлари учун маданий пойтахт саналади, шу жойда ўрталиқ маданият шаклланган. Қозон атрофида татарларнинг миллат сифатида шаклланиши асосан Олтин Ўрданинг тугаши ва Қозон хонлигининг ташкил топиши билан бошланади. 1437 йилда Олтин Ўрда хонларидан бири – Улуғ Муҳаммад мамлакатда бошланган тарқоқликлардан фойдаланиб Булғор улусининг маркази бўлган Қозонни эгаллайди ва янги хонликка асос солади. 1959 йилда Кичик Муҳаммаднинг ўғли Маҳмуд Астрахан (Хожи Тархон) хонлигини тузади. 1968 йила Ўзбек хонлигининг бир қисмида аввал Тюмен, сўнг Сибир хонликлари вужудга келади. Татарлар маданияти асосан Қозон ва Астрахан хонликларида 100 йилдан ошиқ вақт давомида шаклланади.
Мишар татарлари Волга ва Ока дарёларининг қирғоқларида яшаган. XI асрдан асосан Волганинг Сура ва Оканинг ирмоғи бўлган Мокша дарёлари атрофида яшаган. Олтин Ўрда даврида бу ерда “Мишар юрт” маъмурий бирлиги тузилган. Бу юрт Қозон хонлиги таркибига кирмаган. Шунинг учун маданияти ва шевасида фарқлар кўзга ташланади.
Қосим татарлари Рязан областининг Қосимов ва Сасовка районларида яшайди. Бу ном Улуғ Муҳаммадхоннинг ўғли Қосим номи билан боғлиқ бўлиб, хон шу жойларни ўғлига берган. 1452–1681 йилларда бу ерларда Қосим хонлиги ташкил топган.
Сибир татарлари Тюмен, Омск, Томск, Новосибирск, Свердловск ва Кемерово областларида яшайди. Бу этнос Олтин Ўрда таназзулидан сўнг 1468 йилда ташкил топган Сибир хонлиги даврида шаклланган.
Астрахан татарлари Олтин Ўрда таназзулидан сўнг ташкил топган Астрахан ва Нўғай хонликларида шаклланган. Уларнинг таркибида яна алабуғат, булғар, кундуров, қорауйли нўғай (юртовские) ва қораоғоч татарлари ҳам бор. XVII асрда Россиянинг Астрахан губернияси ташкил топгач, бу ерга Волгабўйи татарлари кўчиб кела бошлаган ва Қозон татарларига яқин янгича маданият шаклланган.
Перм татарларининг яна бир номи кунгур татарлари. Улар асосан Перм, Свердловск, Челябинск областларида ва қисман Бошқирдистонда истиқомат қилади.
Нўкрат (Чепец) татарлари асосан Удмуртия Республикаси ва Киров областларида яшайди. Улар қозон татарларига яқин бўлиб, шаклланиши Қорабек томонидан ташкил этилган Нократ ер беклиги билан боғлиқ[13]. Қорабек нукус уруғидан бўлган.
Бухор татарлари асосан Бухоро хонлигидан Урал ва Сибирга бориб қолган этник гуруҳ, улар Астрахан ва Сибир татарларининг шаклланишида иштирок этган. Бухорларнинг аксарияти ўзбек чиғатойчасида, айримлари тожикча гаплашган. Улар Тобол, Тюмен, Омск губернияларида яшаган. ХХ асрнинг 40-йилларига қадар Тобол ва Тюменда Бухоро волости бўлган[14]. ХХ асрнинг 30-йилларидаги паспортлаштириш жараёнларида паспортига “Бухоролик” деб ёзилган ва алоҳида миллат сифатида ҳам қайд этилган. Аммо, кейинчалик татарлар таркибига субэтнос сифатида киритилган. Бухор татарларининг катта қисми савдогар ва қори, сўфийлардан иборат бўлган. Бухоролик қори ва сўфийларнинг излари мусулмон татарлар яшайдиган барча ҳудудларидан топилади. Улар XIV асрдан бошлаб динни ўргатиш учун бора бошлаган ва шаҳарлардаги мадраса ҳамда овуллардаги масжидларда хизмат қилишган.
Юқорида зикр этилган барча татар этнослари ислом динининг сунний оқими, ханафия мазҳабида. Қўйидаги икки этнос эса асосан насронийлик динининг провослав оқимига мансуб.
Керашен (крешённий-чўқинтирилган) татарлар асосан Татаристон ҳудудларида, қисман Бошқирдистон ва Удмуртияда яшайди. Керашен номи уларга XVI–XVIII асрлар давомида Россия томонидан чўқинтирилиш даврида берилган. Аммо керашенларнинг ўзлари буни инкор қилади ва Х асрда насронийликни қабул қилган кереитларнинг авлоди эканини таъкидлаб келади.
Нўғайбақлар Челябинск областининг Чебаркўл ва Нўғайбақ районларида яшайди. Уларнинг чўқинтирилган нўғайлар эканига шубҳа йўқ, инчунин аксар турколог олимлар шунга иттифоқ қилишган.
Этнослар
Татарлар бошида татар уруғи сифатида шаклланган. Миллат сифатида шаклланганда эса бошқа туркий эллар қатори уруғларга бўлинган. Улардан татар хонликлари даврида юксак мавқега эга бўлган ширин, арғин, барин, қипчоқ, манғит, мансур, яшлав, найман, уйшун, кереит, нўғай уруғлари сақланган.
Сибир татарлари таркибида олчин, хатан, қорақипчоқ, нўғай, сари уйғур, телеут, шунингдек бухорийлар ҳам уруғ сифатида қайд этилган.
Керашен татарлари уруғлари анча кўп ва улар феноменал тарзда жуда яхши сақланган. Сабаби, кряшенлар насроний ўлароқ қабрбошига хоч (башқазиғи) қўйишади ва ҳар бир хочқозиққа уруғининг тамғаси қўйилади.
Керашен татарларида қўйидаги уруғ номлари тамғалари билан сақланган: ақсақал, учбурма, жилан тамға, чўмич, туқран (сассиқ попишак), бўри, керен, чюкич (болға), қозоёқ, шойқий, чапай, чуру, қийтан, қурчей, бақарай, тазлар, чутир, чури, қарақай, ақбай, батин, амай, жириқ, сиқир, ўртей, пулақ, қақай, иштан, тирай, питай, калабаш, қирғиз, савқий, минка, минеш, сабрий, батер, бақа, укей, қазақ, тўртте, мерас, шайқий ва ҳ.к[15]. Улар орасида қозоёқ, қозоқ, қирғиз уруғлари маълум, аммо қолганлари туркий олимлар томонидан етарлича тадқиқ қилинмаган.
Татарлар орасида Чингизхон авлодлари гирей ва оқсуяк номлари билан сақаланиб қолган. Шунингдек, татарлар таркибида ўзларини Расулуллоҳнинг авлодлари сифатида тақдим қиладиган саййидлар ҳам бор. Аммо уларнинг катта қисми саҳобалар ёки бошқа арабларнинг, шунингдек сўфийларнинг авлодлари бўлиши ҳам мумкин.
XIV асрдан бошлаб татарлар орасида ижтимоий табақаланиш юзага кела бошлаган. Хонлар, гирейлар, тархонлар, тўралар, мурзалар алоҳида мақомга эга бўлишган. XVIII асрдан бошлаб Чор Россияси томонидан тан олинган киборлар жамияти шаклланган. Улар орасида мурзалар, хонлар, беклар, давлат хизматидаги татарлар, ясақчилар ва лашманлар бўлган. Мурзалар, хонлар ва беклар амалдорлар саналган. Давлат хизматидагилар уларга бўйсунган. Ясоқчилар озод бўлиб, ўз эркинлигига эга бўлишган, аммо Оқпошшога солиқ тўлашган. Лашманлар – давлат хизматидагилар бўлиб, улар Петр I даврида ўрмонлардан денгиз флоти учун кемабоп дарахтларни кесиш ва ташишга мажбурланган. Аввал лашманликка ҳамма миллатлар сафарбар қилинган. Аммо лашманликдан озод бўлиш учун насронийликни қабул қилиш шарти қўйилгач, чувашлар, мордвалар ва удмуртлар насронийликни қабул қилишган, бу ном фақат исломдан воз кечмаган татарларга нисбатан қўлланила бошлаган.
Турмуш тарзи
Татарларнинг тарқалиш ареали қанчалик кенг бўлмасин, улар учун умумий бўлган миллий хусусиятлар шаклланган. Бу татарлар учунгина хос бўлган юз тузилиши, характер, урф-одатлар, тил ва фольклорда акс этади.
Татарлар учун қозон татарлари маданияти ўрталиқ саналади. Шу билан бирга Қозон барча татарлари учун маданий марказ вазифасини ўтайди. Шунга кўра, биз ҳам татарлар турмуш тарзини қозон маданияти мисолида тавсифлашга уринамиз.
Татар характерини қўйидаги сифатлар орқали тавсифлаш мумкин: илмда тиришқоқлик; қатъий тарбия; аниқлик ва пухталик; тартиб ва тозалик; эҳтиёткорлик; тежамкорлик.
Татарларнинг илмга эътибори сабаб улардан жуда кўп олимлар етишиб чиққан. Ҳозирги кунда улар туркийлар орасида IQ даражасининг юқорилиги билан ажралиб туради. Татарлар биринчи кўринишда жуда қўрс, иккинчи кўринишда яхши дўст. Дўстлашганда яхши маслаҳатчи, яхши йўлдош, ёмон кунда тиргак бўла олади.
Қадимда татарлар ҳам бошқа туркийлар қатори кўчманчилик билан кун кечиришган. У даврда улар асосан ўтовларда яшашган. Ўтовлар ҳозирги кунгача қарауйли (юртовские) татарларида сақланган. Жануб татарлари кигиз ўтовларда, шимолий ҳудудларда кўпроқ қайин пўстлоғи билан ёпиладиган ёғоч уйларда яшашган. Европа ҳудудидаги татарлар XIII асрдан изба, яъни “ағач өй”лардан фойдалана бошлаган. XIX асрга келиб ўтовда яшайдиган татар деярли қолмаган.
Татар либоси турк ва ислом анъналарининг симбиозидир. Либосларнинг асосини күлмәк (кўйлак) ва иштон ташкил қилади. Эркаклар иштони чалбар деб аталган. Уларнинг устидан енгсиз камзул, башмет ёки қазақин деб аталадиган кийим кийилган. Бошга анъанавий тарзда түбәтәй (дўппи) кийиб, унинг устидан салла ўрашган. Тўбатай сўзи кейинчалик русларга “тютетейка” шаклида ўзлашган.
Эркаклар кийими аёлларникидан кўп фарқ қилмайди. Фақат эркаклар кийими дағал ва қўполроқ, аёлларники нозик ва безакларга бой қилиб тикилган. Аёллар кийими метал тангалар билан ҳам безатилган. Қишда чекмен, чепкан ва тўн кийишган.
Оёқ кийимлари орасида ёзги башмақ, итек (этик), күпләк (туфли) муҳим ўрин тутади. Татарлар мусулмон ўлароқ махси кийишади ва уни туркий формантда ичитек (ичэтик) деб аташади. Татарлар моҳир безакчи бўлишади. Улар барча кийимларини, жумладан оёқ кийимларини ҳам дид билан безатишади. Кийимларининг ўта бежирим безакларидан татар руҳи сезилиб туради.
Орнаментлар
Татар орнаментни уема (ўйма) ёки урнек (ўрнак) дейишади. Ҳар бир татар болаликдан нақшлар орасида ўсади.
Татарлар уйининг ташқи, ички қисми, ҳовли, ҳар бир маиший предмет, кийим-кечак, ҳатто оёқ кийимларини ҳам нақшлар билан безатишади. Анъанавий татар уйларида безаксиз жиҳозни топиш қийин.
Татарларнинг безак санъати ўзига хос ва диалектик харакатерга эга. Бунинг сабаби уларнинг ўз санъатига эмпирик ёндашуви билан боғлиқ. Маълумки, аксар туркий халқларнинг орнаментлари консерватив характерда бўлиб, улар асрлар давомида ўзгармаган. Татарлар анъанавий безак томойилларидан чекинмаган ҳолда, яъни шаклар, композициялар ва рангларни кашф этишган.
Масалан, туркийлар учун умумий бўлган саккиз бурчак турли шаклларда чизилган.
Татар орнаментлари зооморф, ўсимлик гулли ва астрал безаклардан таркиб топган. Зооморф безаклар анъанавий муйуз нусхадан тортиб, буғи ва сайгак шохлари, бўри, айиқ, тулки, олмахон тасвирларигача ривожлантирилган. Ўсимлик гулли безаклар орасида “гомер агачы”, яъни ҳаёт дарахти муҳим ўрин тутади. Энг қизиғи, бу жанрга татар безакчилари қуш ва бошқа ҳайвонлар образларини ҳам олиб кирган.
Ранглар уйғунлиги ва ёрқинлигига алоҳида эътбор берилган ҳолатда, колорити бойитилган.
Ҳосилдорлик ва кўпфарзандлик рамзи бўлган анор мотиви янгича нафис шакллар ва рамзлар билан бойитилиб ўзга бир композициялар ҳосил қилинган.
Татар орнаментларида доим туркий руҳ сезилиб туради. Чунки орнаментларнинг аксарияти бошқа турк ва ислом халқлари таъсирида шаклланган.
Татар таомлари
Татарлар таомни “ашау” дейди ва бу соф туркий номдир. Дастурхон – ашяулиқ, шўрва – аш, дон – ашлиқ, порция – ашам, емоқ – ашау дейилади. Татарлар моҳир ошпазлардир. Ошпаз татарчада пешекче, пешерүче.
Татар ошхонасининг негизини гўштли, сутли ва хамирли овқатлар ташкил қилади. Қуллама (бешбармоқ), аш (шўрва), айран, қатиқ, бўза, қатлама, баурсақ, чалпак, қабартма, чак-чак, эчпочмак, тоқмач каби таомлар татар ошхонасининг анънавий таомлари саналади. Татарлар – ижодкор халқ. Бу уларнинг таомларида ҳам кўзга ташланади. Анъаналарни бузмаган ҳолда гўштли, сутли ва хамирли овқатларни турли сабзавот, мева, балиқ гўшти, қўзиқорин ва тузламалар билан бойитиш орқали янги таомларни кашф этишган.
Инчунин, татарларда тухумдан тайёрланадиган қуймоқнинг 20 дан ортиқ тури бор. Парамач, гўбадия, балмай (асал+ёғ), қуш тили, талқиш-калеве, алба каби таомлар татар ошпазларининг яратиқларидир. Улар орасида талқиш-калава жуда қизиқарли тайёрланади ва кўринишидан йигирилган калава ипга ўхшаб кетади.
Татарлар энг яхши асаларичилардир. Татарлар ва бошқирдлар етиштирдагин жўка (липовой) асали бутун дунёга машҳур. Татарлар асал қўшиб тайёрланадиган таомлари ва пишириқлари билан ҳам оламга танилган. Хусусан, сариёғга асал қўшиб тайёрланадиган балмай таоми энг тўйимли ва антиқа таомлардан биридир[16].
Татарларнинг дастурхон атрофида ўтириш ва овқатланиш этикети жуда эътиборга молик. Одоб қоидалари асосан ислом шариати доирасида шакллантирилган: овқатланишдан олдин ва кейин қўлни ювиш, ейишдан олдин “бисмиллоҳ”, еб бўлгач “алҳамдулиллаҳ” айтиш шарт. Қайси таомни олдин, қайсини кейин ейиш, қайси таомларни аралаштирмаслик, эҳтиёткорлик катталар томонидан доимий уқдириб турилади. Дастурхон тўрига ёши катталар ва меҳмонлар, сўнг қолганлар ёшига қараб жойлашади. Кўпинча болалар ва аёллар бўлак ўтиришган. Бир-бирига “аш булсин” ва “тәмле булсин” деган сўзлар билан мулозамат кўрсатиш одоб саналади. Мазкур қоидалар татар халқ педагогикасининг асосини ташкил қилади. Бу XIX аср маърифатпарвари Қаюм Насирийнинг ўгитларида ҳам ўз аксини топган: “Таом берилган заҳоти дастурхонга келиб ўтир, бошқаларни куттирма. Ўнг қўлинг билан е, дастурхонга ёши улуғ ёки ҳурматли одамлар йиғилган бўлса, уларнинг олдидаги таомга қўл чўзма – бу ёмон одатдир. Меъёрда овқатланишнинг жуда катта фойдаси бор – хотиранг мустаҳкам, ақлинг ўткир бўлади”.
Татарлар ошхонасида тозалик муҳим ўрин тутади. Ҳар бир татарга овқатланадиган жойнинг тозалиги, идиш-товоқлар ва сочиқларнинг тозалигига эътибор қаратиш, овқатланишдан олдин ва кейин қўл, юз, оғизни ювиш, овқатлангандан кейин дастурхон ва идиш-тавоқларни ювмасдан ётмаслик болалигидан ўргатилади.
Анвар БЎРОНОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
[1] Ушницкий В. В. Историческая судьба татар Центральной Азии // Золотоордынская Цивилизация. – 2017. – Вып. 10. – С. 92–95.
[2] Ross, E. D; Thomsen V. The Orkhon Inscriptions: Being a Translation of Professor Vilhelm Thomsen's Final Danish Rendering// Bulletin of the School of Oriental Studies, University of London: journal. – Vol. 5, no. 4, 1930. – P. 861– 876.
[3] Кошғарий Маҳмуд. Девону луғотит турк. I жилд. – Тошкент: Фан, 1960. – Б. 64.
[4] Кошғарий Маҳмуд. Девону луғотит турк. I жилд. – Тошкент: Фан, 1960. – Б. 490.
[5] Каримуллин А.Г. Татары: этнос и этноним. – Казань: Татарское книжное издательство, 1988. – С. 3.
[6] Трофимова Т. А. Этногенез татар Среднего Поволжья в свете данных антропологии // Происхождение казанских татар. – Казань, 1948. – С. 30–34.
[7] Хитой Халқ республикасининг шимолида жойлашган автоном район.
[8] Очир А. Монгольские этнонимы: вопросы происхождения и этнического состава монгольских народов. Элиста: КИГИ РАН. 2016. – С.161.
[9] Информатор: Мўғилистон Миллий университети профессори Хэрээд Жамсрангийн Урангуа.
[10] Хабутдинов А. Татары в Китае: мусульманский мост между великими державами. Газета «Медина аль-Ислам». Медина аль-Ислам №101 /Февраль 2010/
[11] Камалатдин Татар. Выступление председателя общества татар Афганистана на IV съезде Всемирного конгресса татар в Казани // «Мусульманский мир». – 2014. – №2. – С.134–138
[12] Парвиз Ахмади. Татары Афганистана: прошлое и настоящее. https://ruskline.ru/special_opinion/2016/mart/tatary_afganistana_proshloe_i_nastoyawee/
[13] Д. Г. Касимова «Чепецкие татары: особенности культуры, языка и религии». Ижевск, 2005. – С. 158–164.
[14] Клюева В. П. Сибирские бухарцы Тобольской губернии (конец XVII–XIX вв.): демографический анализ // Словцовские чтения-2001: тезисы докладов и сообщений научно-практической конференции. Тюмень, 2001. С. 95-96.
[15] Макаров Г.М. Тамги кряшен // Научный Татарстан. – 2011. – №3. – С. 229–236.
[16] Ю. А. Ахметзянов. Татарские блюда. – Казань: Татарское книжное издательство, 1961. – 271 с.
Мақоланинг иккинчи қисмини бу ерда ўқинг.
Адабиёт
Тил
Фалсафа
Санъат
Тарих
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ