«Ҳозирги ёшлар бошқача, сабрсиз, қўлидан телефон тушмайди, бизнинг пайтимизда бошқача эди... »
Шундай гаплар Сизнинг ҳам қулоғингизга тез-тез чалиниб турадими? Умуман олганда, ҳар бир давр ёшлари турлича бўлиши табиий. Чунки уларни замон, давр тарбиялайди. Масалан, бир уйда бува газета ўқийди, буви телевизор кўради, ота Facebookʼда янгилик ўқиса, фарзанд TikTok, Инстаграмда контент томоша қилади ёки сунъий интеллект билан суҳбатлашади. Улар бир оилада яшасада турли давр вакиллари ҳисобланади. Мана шу ҳар бир давр авлоди жамият қиёфасини белгилайди. Чунки жамиятни сиёсат ёки иқтисод эмас, аввало инсонлар шакллантиради. Инсонларни улар улғайган давр, тарихий воқеалар, технологиялар ва ижтимоий муҳит тарбиялаганлиги боис, уларнинг қадриятлари, иш тамойили ва жамиятдаги ўрни сезиларли даражада фарқ қилади.
Бир даврда туғилган инсоларнинг ўхшаш фикрлар ва қадриятларга эга бўлиши фанда «Генерация» (авлодлар) деб аталади. Турли ёш қатламлари ўртасидаги қараш ва қадриятлар тафовути эса кўпинча «Авлодлар тўқнашуви» сифатида талқин қилинади. Мутахассислар бу жараённи табиий ижтимоий алмашинув деб баҳолайди. ХХ аср охирида Америкалик тадқиқотчилар – William Strauss ва Neil Howe авлодлар алмашинуви назариясини ишлаб чиқди. Улар ўз ғояларини 1991 йилда чоп этилган «Generations» ҳамда кейинчалик ёзилган «The Fourth Turning» каби асарларида баён этган.
Социологик таснифга кўра, замонавий жамият қуйидаги асосий генерациялардан иборат:
1. Silent Generation (1928 – 1945)
«Silent» – яъни «Сокин авлод»
ХХ асрнинг биринчи ярмидаги воқеалар – Буюк Депрессия (1929 – 1939) ва Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги тикланиш даври таъсирида шаклланган авлод. Уларнинг сони АҚШда 23 миллион кишини ташкил қилади, аммо глобал миқёсдаги улуши бу кўрсаткичдан сезиларли юқори. Ушбу давр авлодларининг «Сокин» деб аталишига сабаб, улар интизомли, тежамкор, содиқ, жамият қоидаларига бўйсунувчи шахслар ҳисобланишади. Улар радио тинглаш ва кино томоша қилишни севади, технологияга секин мослашади, лекин юзма-юз мулоқотни афзал кўрадилар.
2. Baby Boomers (1946 – 1964)
Улар Иккинчи жаҳон урушидан кейин туғилиш сурати кескин ортган, иқтисодий ўсиш даврида туғилиб, вояга етган инсонлар бўлиб, меҳнатсеварлик ва садоқат билан бошқа авлод вакилларидан ажралиб туради. Бу давр вакиллари рақамли технологияларга тўлиқ мослашмаган ва анъанавий иш усулларини афзал кўриб, тажриба ва бошқарув соҳасида муҳим роль ўйнайди. Бабй Боомеръларга одатда оилавий қадрият, давлат бошқаруви ва барқарор иқтисодий ўсиш тарафдорлари сифатида қаралади.
3. Ген Х (1965-1980)
Бу инсонлар икки давр орасидаги, аналогдан рақамли даврга ўтиш жараёнини бошдан кечирган авлод бўлиб, улар кўпинча мустақил қарор қабул қиладиган, мослашувчан ва реалистик қарашларга эга инсонлар сифатида тавсифланади.
4. Миллениалс ёки Ген Y (1981 – 1996)
«Миллениум» – янги мингйиллик авлоди.
Интернет, мобил алоқа ва ижтимоий тармоқларни ўрганиб катта бўлган биринчи авлод вакиллари. Улар рақамли дунёга мослашган, лекин катта иқтисодий инқирозларни ҳам бошдан кечирган инсонлардир. Кўпчилик ўз ишида эркинликни, тажриба орттириш ва ривожланишни афзал кўради. «Қаерда ишлайман?» деган саволдан кўра «Нима учун ишлайман?» деган қадрият улар учун муҳимроқ саналади.
5. Ген Z (1997-2012)
Z авлод вакиллари смартфонсиз ҳаётни тасаввур қилолмайди, тезкор ахборотларга ўрганиб қолган, бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бажаради ва ижтимоий масалаларга фаол муносабат билдиради. Экология, психологик саломатлик каби мавзулар улар учун муҳим ҳисобланади. Бугун Ўзбекистондаги стартап, СММ, блогерлик ва ахборот технологиялари каби йўналишларда айнан шу авлод вакиллари етакчилик қилмоқда.
6. Alpha (2013-2025)
2013 – йилдан кейин туғилган болалар Alpha авлод деб аталади. Улар смартфон, планшет ва интернет ривожланган даврда дунёга келган. Милленниалс авлод интернетни ўрганиб улғайган, Z авлод интернет ритмини тезлаштирган бўлса, Alpha авлод интернет ва сунъий интеллектни табиий муҳит деб биладиган авлод ҳисобланади. Уларнинг ота-онаси асосан Милленниалс ва Z авлод вакиллари бўлгани учун, тарбия жараёнида эркин фикрлаш ва шахсий танловга ҳурмат кучлироқ намоён бўлмоқда.
Alpha авлод – бу шунчаки генерация эмас, балки жамият тараққиётининг янги босқичидир. Улар сунъий интеллект ва глобал интеграция шароитида вояга етмоқда. Агар тўғри йўналтирилса, улар янада инновацион ва юқори технологияли жамиятни шакллантира олади. Агар назорат ва тарбия масаласида мувозанат сақланмаса, рақамли муҳитнинг салбий жиҳатлари устун келиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шунга кўра, бу авлоднинг келажаги – фақат технология масаласи эмас, бу тарбия, таълим ва ижтимоий масъулият масаласи ҳамдир.
Мавзу аввалидаги саволга қайтсак: авлодлар тафовути зиддиятми ёки тараққиёт омили? Авлодлар алмашинуви – шунчаки ёш тафовути эмас, балки тарихий тажриба, қадриятлар ва технологик муҳит билан шаклланган дунёқарашдир. Рақамлаштириш, сунъий интеллект, глобал ахборот майдони ва ижтимоий трансформациялар бугун ёш авлод тафаккурини тубдан ўзгартирмоқда. Иш жойи, таълим тизими ва жамият ҳаётида авлодлар ўртасидаги фарқ тушунилмаса, зиддият, тушунмовчилик пайдо бўлади ва самарадорлик пасайиши юз беради. Агар уйғунлашса — тараққиёт тезлашади, инновациялар ва жамиятни ривожлантириш имкониятлари кенгаяди.
Авлодлар алмашади, қадриятлар янгиланади. Бироқ бу тафовут эмас, балки ижтимоий ва иқтисодий эволюциянинг табиий кўринишидир. Чунки жамият тараққиёти турли авлодлар тажрибаси ва инновациясининг уйғунлашувига боғлиқ.
Маърифатхон МАМИРЖОНОВА,
Oyina.uz
Санъат
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ