«Гоҳ ўн бир яхши, гоҳ тўққиз», «Узри гуноҳидан баттар» – Бобур Мирзо тилидан айтилган мақоллар


Сақлаш
14:51 / 10.10.2025 17 0

 

Шоҳ ва шоир, кучли стратег ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур шубҳасиз «Бобурнома» орқали ўз даврининг аччиқ ва талх, тотли ва қайғули воқеликларига росмана кўзгу тута олган фавқулодда шахс. «Ҳасби ҳол» шунчаки воқеалар хронологияси ёхуд жанглар тарихини ҳикоя қилмайди, балки тўғри сўз, холис ёндашув билан ҳаққоний хулосалар чиқаради.

 

Ўзбек халқи ҳар икки сўзнинг бирида мақол ёки ибора ишлатишга азалдан уста. Бу айтилмоқчи бўлган фикрни янада ўткирлаштиради. Шоирона тил билан айтганда, фикр – қилич, мақол ва иборалар уни қайровчи қайроқтош.

 

Беш аср муқаддам Мирзо Бобур тилидан айтилган баъзи мақоллар ва уларнинг воқеаларга қанчалик мослиги беихтиёр кишини ҳайратлантиради. «Бобурнома»да муаллиф бошидан кечирган воқеалар қатори ён-атрофида рўй берган турфа ҳолатларни ҳам тасвирлар экан, ўқувчига янада тушунарли бўлиши учун айрим форсий ва туркий мақоллардан фойдаланади.

 

Қуйида «Бобурнома» мемуарида тилга олинган ва Бобур Мирзонинг шахсий ҳаётий тажрибаси, синову жангларда тўплаган хулосалари билан суғорилган айрим халқ мақолларини ҳамда уларни қўллашга сабаб бўлган тарихий воқеликларни келтириб ўтамиз.

 

«Узри гуноҳидан баттар»

 

«Бобурнома»да муаллиф Шайбонийхон ҳақида сўз юритар экан, унинг бир ишини ҳеч бир мантиққа тўғри келмаслигини изоҳлашга киришади. Яъниким, «Шайбонийхон Хожа Яҳёдан хавотирда эди. Шунинг учун уни икки ўғли Хожа Муҳаммад Закариё ва Хожа Боқий билан Хуросон томонга жўнатди. Кейинидан бир неча ўзбак бориб, ҳазрати Хожа Яҳёни икки ёш ўғли билан Хожа Кордзан атрофида шаҳид қилдилар. Шайбонийхон: «Хожани ўлдиришга мен буйруқ бермаганман, буни Қанбарбий билан Кўпакбий қилдилар», дер экан, бу гапи ундан ёмонроқ» дейди муаллиф.

 

Бобур Мирзо ана шу воқеа шарҳида «Узри гуноҳидан баттар» мақолини ишлатади. «Шундай ишларни беклар ўз боши билан хонидан ва подшоҳидан рухсатсиз қила бошласа, унда хонлигию подшоҳлиги қаерда қолди?!» дея фикрини изоҳлайди.

 

«Дўстлар билан ўлим – тўйдир»

 

Бу мақол оғир ва дарбадар кунларнинг бирида, Ҳиротдан Кобулга боришда қалин қор ёққан маҳал муаллиф тилидан янграйди. Шоҳ ва шоир отнинг қорнидан келадиган йўлларда ўзи олдинга тушиб, қор тепиб, лашкарга йўл очар экан, ҳеч вақт ўзини шоҳлик мақомида тутмайди. Бошқалар ғорда қор бўронидан жон сақлаб турган чоғда Бобур қорда ўра қазиб, ўша ерда тонг оттиради.

 

Матн табдили: «Бир ҳафтага яқин қор тепиб, кунда бир шаръий – бир ярим шаръийдан ортиқ кўчилмас эди. Қор тепар киши мен эдим, ўн-ўн беш ичкилар билан ва Қосимбек эди, икки ўғли – Тангриберди ва Қанбар Али билан, яна икки-уч навкари ҳам бор эди. Ушбу зикр этилганлар яёв юриб, қор тепар эдик. Ҳар киши етти-саккиз-ўн қари илгари юриб қор тепар эди. Ҳар қадам қўйганида белигача, кўксигача бота-бота қор тепар эди.

 

Шу усулда қор тепиб... Ҳаволи Қутий деган ғорга келдик. Ушбу кун даҳшатли бўрон билан қор ёғар эди. Шунчаликки, барчага ўлим ваҳимаси бўлди...

 

Ғор торроқ кўринди. Мен ғорнинг оғзида курак олиб, қор кураб, ўзимга бир такя миқдори ер ясадим, қорни кўксимгача қаздим. Ҳануз оёғим ерга тегмасди. Бироз шамолдан паноҳ бўлди. Ўша ҳолатда ўтирдим. «Ҳар неча дедиларки: «Ғорга боринг». Бормадим. Кўнгилга кечдиким, барча эл қорда ва чопқунда, мен иссиқ уйда ва истироҳат билан; унда барча эл ташвиш билан машаққатда, мен бунда уйқу билан фароғатда. Мурувватдан йироқ ва ҳамжиҳатликдан нари ишдир. Мен ҳам ҳар ташвиш ва машаққат бўлса кўрайин, ҳар нечук эл тоқат қилиб турса – турайин. Бир форсий мақол бор: «Дўстлар билан ўлим – тўйдир» деган...» («Бобурнома». 14-б.).

 

Кўринадики, эл қатори юмушга бел боғлаш, овқатланиш, ҳаёт кечириш шоҳнинг кундалик ҳаётига айланиб бўлган.

 

«Қишлоқ қаердаю, дарахтлар қаерда»

 

Бу мақолни ишлатгунча Бобур унга олиб борувчи воқеани астойдил сўзлаб беради. Яъниким, у Ахси шаҳри «Андижондан ғарб сари тўққиз йиғочлик йўлда» эканини айтиб, Умаршайх Мирзо уни пойтахт қилганини эслатиб ўтади. Шунингдек, Сайхун дарёси қўрғонининг пастидан оқиб ўтиши, қўрғони баланд жар устида жойлашгани, хандақ ўрнида чуқур жарлар борлиги, буни пойтахт қилган «Умаршайх Мирзо бир-икки маротаба ташқарироқдан яна жарлар қаздир»ганини айтар экан, пойтахт қишлоқдан анча узоқлашиб кетганига шама қилади.

 

У сўзини давом эттирар экан, Фарғонада бунчалик мустаҳкам қўрғон йўқлиги, маҳаллалари қўрғондан бир шаръий йироқда жойлашганини айтиб, «Қишлоқ қаердаю, дарахтлар қаерда?« мақоли, афтидан, Ахси учун айтилганини таъкидлаб ўтади («Бобурнома». 31-б.).

 

«Қопудагини қопмаса, қаригунча қайғурар»

 

Муаллиф воқеани шундай ҳикоя қилади: «Танбал бизнинг отланганимизни билиб, акасига кўмакка шошиб келаётган экан. Кун икки намоз ораси пайти эдики, Танбал лашкарининг қораси Навканд томонидан пайдо бўлди. Акасининг бундай ночор қолиб, мулоҳазасиз чекинишидан ва бизнинг бундай илдам етганимиздан лол ва ҳайратда туриб қолди. Биз дедикки, уни бизга бу тахлит Худо етказдики, ҳозир у саросимада турипти, агар биз ҳаракат қилиб, уларга ташлансак, Тангри кўмагида бирортаси ҳам қочиб кетолмайди. Вайс Лоғарий ва яна баъзилар дедиларки, кун кеч бўлди. Бугун бўлмаса, эртага урушармиз, қаёққа ҳам боришарди? Эрталаб ҳар қаерда бўлса, учратамиз, деб дарҳол ҳужум қилишни маъқул кўрмадилар. Шундайгина эшикка келган ғаним ҳеч қандай зарар кўрмай қутулди.

 

«Қопудагини қопмаса, қаригунча қайғурар» деган мақол бор» («Бобурнома». 71-б.). Бу мақолга кўра, агар одам имконият, омад ўзи эшиккача келганида фойдаланмаса, кейин умрининг охиригача афсус қилиб ўтади.

 

Англаймизки, «оғиздаги ошни олдириш» каби бир вазият юзага келган. Бобур бу ўринда қуйидаги байтни келтиради:

 

Корҳоро ба вақд боят жуст, 

 

Кори бевақт суст бошад, суст.

 

(Мазмуни:

 

Иш вақтида унумли бўлур, 

 

Бевақт ишнинг ишкали бўлур.)

 

Маълум бўладики, эртасига ғанимнинг устига юриб, уни тополмай қоладилар.

 

«Кўзларини туз тутти»

 

Бобур бир воқеани шундай ҳикоя қилади. Яъниким, Али Дўст вақт ўтиши билан заифлашиб, ожиз ҳолга тушиб қолади. Бунинг сабаби, у Танбални орқа қилиб, Бобурга ва унинг тарафдорларига кўп жабру зулмлар ўтказар экан. Шу боис Бобурнинг ҳам унга нисбатан таъби ёмон эди. Охири Али Дўст хавотир ва хижолат ичида тура олмай, кетишга рухсат сўрайди. Бобур унга миннатдорлик билдириб, рухсат беради. Шундан кейин Али Дўст ва Муҳаммад Дўст Танбал ҳузурига йўл олиб, яна кўплаб ёвлик ва ёмонликлар қилишда давом этади.

 

Бир неча йил ўтгач, Али Дўстнинг қўлига куйдирги чиқиб, вафот этган. Муҳаммад Дўст ўзбакка қўшилган, иши унчалик ёмон эмасди. У ердан ҳам кўрнамаклик қилиб қочиб, Андижоннинг тоғ этакларига бориб, яна фитналар уюштиради. Охири қозиғини топиб, яна ўзбак қўлига тушади.

 

Бобур ана шу ҳолатга изоҳ берар экан, сотқиннинг кўзларини кўр қилганини айтиб ўтади ва шу мақолни қўллайди: «Кўзларини туз тутти...» мақолининг маъноси шу бўлса керак» («Бобурнома». 75-б.).

 

Бу ибора ҳозирда ҳам «туз ҳақи урди», «нон-туз ҳақига хиёнат қилди», «тузлуғига тупургани учун кўр бўлди» кўринишида халқ орасида ишлатилиб келинади.

 

«У кечувни сув олиб кетди»

 

Мақолга шарҳ беришдан аввал, воқеани қисқача шарҳласак. «Бобурнома»да айтилган ушбу воқеада муаллиф бир вақтлар подшоҳлик даъвосида юрган, аммо тақдир тебранишлари орқали хор-зор ҳолатга тушган шахснинг ҳоли ҳақида ёзади. Унинг яқин навкарлари бирин-кетин Бобур томонга ўтаётгани, ўзи эса ичидаги ғурур ва аламни яшира олмасдан, амалсиз ҳолда Бобур олдида таъзим қилишга мажбур бўлган вазият.

 

«Бобурнома»да шундай келади:

 

Табдили: «Ундан икки қизиқ иш содир бўлди. Бири: навкарлари айрилгани сабабли унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилганимда, у бунга жавобан: «Навкарлар тўрт маротаба айнан шундай мендан айрилишган, яна келишган», деди. Иккинчиси: иниси Валининг қачон келиши, Аму дарёсидан қайси кечик билан ўтишини сўраганимда, дедики: «Агар кечув топилса, тез келади. Бироқ кечиклар сув кўпайгач, ўзгаради» («Бобурнома». 102-б.).

 

Бундай лаҳзада Бобур томонидан айтилган «У кечувни сув олиб кетди» мақоли жуда кучли ва рамзий маъно касб этганини кўрамиз. Яниким, қачонлардир бор бўлган имконият ва йўл энди йўқолди – уни асло ортга қайтариб бўлмайди.

 

«Шаҳар дарвозасини ёпиб бўлади, душман оғзини ёпиб бўлмайди»

 

Бу мақолни ишлатар экан, Бобур халқ тилидаги айрим янглиш фикрларга урғу беради. Яъни у «ҳар қачонки, Тангри таоло менга бирор давлат берса, меҳмон ва мусофир бекларни, йигитларни ўз тарбиялаганларим ва андижонликлардан ортиқроқ, яхшироқ кўрдим», деб ёзади. Аммо халқ оғзида доим бир ғийбат юради. Яъни: «Ўзи ва андижонликлардан ўзгага эътибор қилмайди».

 

Муаллиф шу ўринда воқеага алоқадор бир қанча мақолларни ҳам ишлатади: «Душман не демас, тушга не кирмас», «Шаҳар дарвозасини ёпиб бўлади, душман оғзини ёпиб бўлмайди» («Бобурнома». 116-б.).

 

«Гоҳ ўн бир яхши, гоҳ тўққиз»

 

«Бобурнома»да шундай парча келади:

 

«Ушбу жойдан Саййид Тўфон, Саййид Лочинни қўш от билан Лаҳўрдаги бекларнинг олдига: «Уруш бошламанг, Сиялкот ёки Парсаруга келиб, бизга қўшилинг», деган сўзлар билан шошилинч жўнатдим.

 

Ҳамманинг оғзида: Ғозихон ўттиз-қирқ минг киши йиғибди; Давлатхон қари ҳоли билан белига қилич боғлабди; булар уруш бошласалар керак, деган гаплар эди. Хаёлимга: «Гаҳ ёздаҳ беҳ, гаҳ нуҳ» («Гоҳ ўн бир яхши, гоҳ тўққиз») деган мақол келди («Бобурнома». 191-б.).

 

Бу мақолнинг шундай шарҳлаш мумкин. Ҳаётда ҳамиша бир хил бўлмайди – баъзан омад кулиб боқади, баъзида келмай қолади. Баъзан иш яхшилик билан тугайди, баъзан кутилмаган мусибат ёки йўқотиш келади.

 

Яъни, дунё ишлари доим бир текис эмас, «гаҳ ёздаҳ» – бироз ортиқ, яхшироқ ҳолат; «гаҳ нуҳ» – камайиш, пасайиш бўлиб туради.

 

«Инонмагил дўстингга, сомон тиқар пўстингга»

 

Воқеалар ривожи айнан мақолдаги маънога ҳамоҳанг кечади. «Бобурнома»да ёзилишича, Бобур Мирзо Испара томон йўлга чиқиб, Маҳан қишлоғида тўхтайди. У ерда кутилмаган ҳолда бир нечта гуруҳлар – Қосимбек, Али Дўст ва Саййид Қосим жамоатлари ҳам келиб қўшиладилар. Бу ҳолат гўё олдиндан келишилгандек, омадли ва бирлашувчан вазият бўлади. Кейин Бобур Хасбон дашти ва Чўпон кўпригидан ўтиб, Ўратепага етади.

 

Шу орада Қанбар Али Танбалга ишониб, ундан маслаҳат сўраш учун Ахсига боради. Аммо Танбал хиёнат йўлига ўтиб, уни қўлга олади ва унинг вилоятларига юриш қилади.

 

Шу воқеага нисбатан Бобур «Инонмагил дўстингга, сомон тиқар пўстингга» деган туркий мақолни келтиради («Бобурнома». 75-б.).

 

Бу ҳикмат воқеа мазмунига тўла мос келади: яъни, одам баъзан дўст деб билган кишисидан ҳам хиёнат кўриши мумкин. Қанбар Алининг Танбалга ишончи ҳам шундай оқибатнинг ёрқин намунасидир.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

11:10 / 08.10.2025 0 29
Тафаккур карвонининг сарбони





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 22009
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//