
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Абдулатиф домла Турсунов жавоб берди.
– Яқинда бир киши “Тандирни қиблага қараб ўрнатиш керак, йўқса барака бўлмайди, қиблага орқа бўлиб нон ёпилмайди” деганини эшитдим. Бу қанчалик тўғри, бидъат эмасми?
– Тандирни қайси томонга қаратиб қуришнинг динга алоқаси йўқ. Қайси томон қулай бўлса, ўша томонга қаратиб қурилаверади.
Саволдаги каби эътиқодда бўлиш шумланишдир. Динимиз шумланишдан қайтарган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деган: “Касаллик юқиши йўқ, бойқушдан шумланиш йўқ, руҳларнинг қушга айланиб юриши йўқ, сафар ойида шумланиш йўқ” (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривоятлари). Валлоҳу аълам.
* * *
– Турмушга чиққан қиз фарзандли бўлса, онаси унга бешик олиб бориши шартми? Олиб бормаса, у дунёда ёстиқ қучоқлаб ётаркан деган гап бор эмиш. Мен туққанимдан сўнг онамга бешик олиб овора бўлиб юрмасликларини айтиб, уйда бешик бор дегандим. Улар шу гапни айтишди. Шу гап қанчалик тўғри?
– Шариатда ундай гап йўқ. Фарзанд туғилса, унинг нафақаси отасига вожиб бўлади. Нафақа деганда фарзанднинг емоқ-ичмоғи, кийим-кечаги ва шунга ўхшаш зарурий эҳтиёжлари назарда тутилади. Жамиятимизда ношаръий шаклланган бидъатлардан бири сиз саволда айтган бешик тўйи масаласидир. Яъни, боланинг бешиги ва яна унга қўшимча бир талай нарсаларни қиз томоннинг зиммасига юклаб қўйишдир. Аслида бу муаммолар отанинг муаммоси. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай таълим берган:
“Уларни (фарзандларни) маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир” (Бақара сурасининг 233-оятидан).
* * *
– Бир танишим жуда ҳам семириб кетди, энди семизлик соғлиғига зарар бераётган экан. Бир ишончли шифокор ошқозоннинг бир қисмини кесиб ташлаш керак дебди. Жарроҳлик амалиёти ундан яхши чиқиш кафолати билан қилинар экан. Семизлик дардидан қутулиш мақсадида бундай амалиёт ўтказиш мумкинми?
– Саволда сўралган ушбу жарроҳлик амалиётида рухсат берилган ва тақиқланган ҳолатлар бор. Чиройли бўлиш, кўркам кўриниш учун бўлса, жоиз эмас. Чунки бу ишлар зарурат ҳисобланмайди. Танадаги нуқсонни тўғрилаш мақсадида бўлса, жоиз бўлади. Чунки бу ҳолат заруратга айланади.
Замонамизнинг кўзга кўринган уламолари ошқозонни кичрайтириш амалиётига бир неча шартлар билан рухсат берган:
1. Бу шунчаки озиш ёки тананинг шаклини чиройли қилиш учун бўлмаслиги керак.
2. Бу амалиёт натижасида бошқа касалликка дучор бўлмаслиги керак.
3. Семизликни йўқотишнинг мазкур амалиётдан бошқа чораси бўлмаслиги керак.
4. Аврат масаласига риоя қилиш керак.
Уламолар мазкур фатволарига фиқҳий манбаларда келган қуйидаги ибораларни асос қилиб келиб келтиради:
бирор аъзога тушган қорасон касаллиги бошқа аъзоларга тарқаб кетмаслиги учун шу аъзони кесиб ташлашда гуноҳ йўқ. Қорасон касаллиги теккан қўлни кесишда, қориннинг ичини даволаш мақсадида қоринни ёришда гуноҳ йўқ (“Фатавои Оламгирия”);
ортиқча ёғли шиши бор инсон шу шишни олиб ташламоқчи. Агар бундай муолажалар аксар ҳолатда ҳалок бўлиш билан тугаса, жоиз эмас. Агар ундай бўлмаса, яъни аксар ҳолатда муваффақиятли ўтса, зарари йўқ. “Хизонатул-муфтийн”да шундай келган (“Фатавои Оламгирия”).
Ортиқча аъзони кесиб ташлаш каби ишлар Аллоҳ таоло яратган нарсани ўзгартиришга кирмайди. Балки у айб ёки беморликни йўқотиш қабилидан ҳисобланади (“Фатҳул-мулҳим”).
Одам озаман деб ошқозонини кестириши ёки жарроҳлик столига ётишига зарурат йўқ. Семириб кетмаслик учун спорт билан мунтазам шуғулланиш, парҳез қилиш, доимий ҳаракатда бўлиш, нафсни тийиш ҳар жиҳатдан фойдалидир.
* * *
– Дўстларимиз билан қўл бериб кўришамиз, хайрлашаётганда ҳам шундай қиламиз. Бир дўстимиз “Икки марта қўл берилмайди, яъни саломлашганда қўл бериб кўришдик, хайрлашаётганда ҳам қўл берилса, макруҳ бўлади” деди. Чиндан ҳам шундайми?
– Суҳбатнинг охирида, хайрлашаётган чоғда ҳам учрашув аввалидагидек қўл беришиш жоизлиги ҳадисларда келган. Чунончи, Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам қачон бирор киши билан видолашса у кишининг қўлини тутиб турар, то у киши ўзининг қўлини қўйиб юбормагунча унинг қўлини қўйиб юбормасди ва “Аллоҳдан динингни, омонатингни ва охирги амалингни омонда қилишини сўрайман” дер эди” (Имом Термизий ривояти).
Уламоларимиз ана шу ва шу каби ҳадисларга суяниб, хайрлашаётган пайтда ҳам қўл беришиш мустаҳаб эканлигини айтган.
* * *
– Мен устачилик қиламан. Бир киши “Сешанба куни янги иш бошлама, зиён кўрасан, ишинг юришмайди. Чоршанба куни иш бошласанг яхши бўлади” деб китобда ўқиганман деб қолди. Аммо қайси китобда ўқиганини айтмади. Унинг шу гапига ишонса бўладими?
– Сешанба ё ҳафтанинг бошқа бирор куни иш бошлаган кишининг зиён кўриши ҳақида бирор ҳадис ёки диний асарда маълумот учратмадик. Балки динимиз ҳафта кунлари ва ойлардан шумланишдан қайтарган. Баъзи олимлар аҳамиятли ишларни чоршанба куни бошлашни тавсия қилиб, бунга “Қайси иш чоршанба куни бошланса албатта мукаммал бўлади” мазмунидаги ҳадисни далил қилиб келтирган. Лекин муҳаддис уламолар ушбу ривоят тўқима эканини таъкидлашган (“Мавзуоту Мулла Али Қори”, “Ал-Мақосидул-ҳасана”, “Аснал матолиб” ва бошқа китоблар).
Шунингдек, Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Киноний ўзининг “Танзиҳуш-шариа” деган китобида мазкур ривоят тўқима эканини айтиб ўтгандан кейин “Саҳиҳ ҳадисларда Аллоҳ таоло нурни чоршанба куни яратгани ривоят қилинган. Илм ҳам нурдир. Агар илм нур яратилган кун – чоршанба куни бошланса, Аллоҳ Қуръони каримда айтиб ўтганидек, ўз нурини (жумладан, илм таҳсилини ҳам) итмомига – ниҳоясига етказади деб яхши гумон қилиш мумкин” дейди. Бу билан илм таҳсилини чоршанба куни бошлаш хайрли экани келиб чиқади.
Хулоса қилиб айтганда, чоршанбадан бошқа кунда иш бошлаган киши албатта зиён кўради деган эътиқодда бўлиш нотўғри. Шариатга мувофиқ ҳар қандай ишни хоҳлаган кунда бошлаш жоиз. Ҳафтанинг қайсидир кунини кутиш шарт эмас. Мусулмон инсон иши ривож топишини истаса, бунинг сабабларини ушлаши, ҳалол меҳнат қилиши, алдовдан ва бировнинг ҳақидан ҳазар қилиши ва Аллоҳ таолодан ишининг баракасини сўраши лозим бўлади.
* * *
– Маҳалламиздаги қабристонда мевали дарахтлар бор. Уларнинг мевалари пишган вақтда кўпчилик қатори биз ҳам кириб еб турамиз. Баъзилар бу иш жоиз эмас деб қолди. Шу масалада динимизда нима дейилган?
– Бу ҳақда Бурҳониддин ибн Моза роҳимаҳуллоҳ шундай зикр қилган: “Қабристондаги дарахтларнинг ҳукми иккига бўлинади: 1) улар ер қабристонга айлантирилишидан олдин экилган бўлиши мумкин; 2) улар ер қабристонга айлантирилганидан кейин экилган бўлиши мумкин. Агар дарахтлар ер қабристон қилинишидан олдин экилган бўлса, эккан одамнинг мулки бўлади. Шунинг учун дарахтларнинг эгаси тирик бўлса, унинг розилиги билан ёки ундан сотиб олиб, кейин истеъмол қилиш жоиз бўлади. Агар дарахтларнинг эгаси улардан одамлар ейишини мубоҳ қилган (рухсат берган) бўлса, у ҳолда сўрамасдан ейиш ҳам жоиз. Аммо эгасининг нияти маълум бўлмаса ёки эгаси вафот этган бўлса ва нима мақсадда эккани номаълум бўлса, у ҳолда улардан ейиш жоиз бўлмайди.
Агар дарахтлар ер қабристонга айлантирилганидан кейин экилган бўлса, ушбу ҳолатда ҳам улар эгасининг мулки ҳисобланади. Шунга кўра бунда ҳам эгасининг ниятига боғлиқ бўлади. Агар эгаси маълум бўлмаса ёки унинг нияти маълум бўлмаса, у ҳолда улар қабристоннинг мулки бўлгани учун уларни сотиб, пули қабристоннинг эҳтиёжлари ва таъмири учун ишлатилади” (“Муҳийт”).
Демак, қабристондаги меваларни ейиш ёки бошқа экинларни олиш уларни эккан эгасининг ниятига боғлиқ бўлар экан. Агар бошқалар ейиши ёки фойдаланиши учун эккан бўлса, улардан ейиш жоиз бўлади. Аммо ўзи учун эккан бўлса ёки нияти маълум бўлмаса ё ким эккани маълум бўлмаса, у ҳолда уларни пулга сотиб олиб, ейиш ёхуд унинг даромадидан фойдаланиш жоиз бўлади, холос.
Таъкидлаш жоизки, баъзилар қабристондаги мевали дарахтларнинг томири маййитнинг қони ва нажосатидан озуқа олгани учун уларни ейиш макруҳ деган даъволарни қилишади. Бунга жавобан уламолар ушбу даъво ўринсиз деб ҳисоблашган. Чунки дарахтларнинг илдизлари гарчи нажосатдан озуқа олса ҳам, истиҳола (бир нарсанинг бутунлай бошқа нарсага айланиши) йўли билан бошқа моддага айланади ва уларнинг меваларини ейиш ҳеч бир макруҳликсиз жоиз ва ҳалол бўлади деганлар (“Аҳкомул-жаноиз”).
Шундай бўлса-да, қабристонга мевали дарахтларни экмаслик тавсия қилинади. Зеро, уларнинг томирлари қабрлар ўпирилишига олиб келиши мумкин. Валлоҳу аълам.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 3-сон.
“Қалтис саволларга нозик жавоблар” мақоласи.
Тарих
Маънавият
Жараён
Адабиёт
Санъат
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ