
Тарих – бу фақат ўтган сана, воқеаларини ёритиб берувчи фан эмас. У – ҳал қилинмаган саволлар, жавобсиз қолган фарёдлар, унутишга маҳкум қилинган ҳақиқатларнинг сокин, аммо қудратли овозидир.
Қолаверса, ҳар бир даврнинг ўз сирлари, ўз жумбоқлари бор. Баъзилари тадқиқотчилар нигоҳидан четда қолади, баъзилари эса атайлаб пинҳон сақланади. Аммо вақт ўтиши билан шу «ечилмаган муаммолар» инсоният тафаккурини, минглаб, миллионлаб қалбларни безовта қила бошлайди: нега бундай бўлди? ким айбдор? асл ҳақиқат қаерда?
Агар биз ўтмишдаги ечими йўқ ёки ноаниқ масалаларнинг туб илдизини очмасак, келажакдаги хатоларни қайта такрорлашимиз тайин. Шу боис ушбу мақола тарих саҳифаларида жавобсиз қолган бир муаммони таҳлил қилиш, уни фактлар, манбалар ва мантиқий мушоҳадалар асосида ёритишга бағишланди.
2023 йилнинг 17 март куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида (ҳозирги Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида) «Янги Ўзбекистон тарихшунослигида Туркистон Мухторияти тарихининг ўрганилиши: янгича ёндашув ва тадқиқотлар» мавзусида Республика миқёсидаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтганди. Конференция аввалида бир атоқли тарихчи олим Туркистон Мухториятининг миллий тарихимиздаги аҳамияти хусусида тўхталар экан, ўз нутқи давомида қуйидаги сўзларни айтди: «Туркистон Мухториятини қуришда ўзбеклар бағрикенглик кўрсатиб, турли хил миллат вакилларини ҳукумат тепасига олиб чиқдилар. Лекин уларнинг баъзилари ўзбекларнинг бу бағрикенглигининг қадрига етмаган. Масалан, Мустафо Чўқайни ўзбеклар Туркистон Мухториятининг энг юқори лавозимига қўйган бўлсада, у ўзбекларни ёмон кўрган, бу ҳақидаги ҳужжат қўлимизда турибди» (Афсуски, конференция тўплами сифатида чоп этилган материаллардан олимнинг кириш сўзидаги ушбу жумлалар тушириб қолдирилган – М.Алижонов).
Конференция иштирокчиси сифатида маърузани тинглаб ўтирар эканман, устоз тарихчимиз айтган ўша ҳужжат нима экан, унда Мустафо Чўқайнинг ўзбекларни ёмон кўргани тўғрисида қандай далил келтирилган ва бошқа шу каби кўплаб саволлар миямда ғужғон айлана бошлади. Мана шу «экан»лар ортидан изланиб, 2023 йилнинг октябрь ойида «Забаржад медиа» томонидан «Жадид куллиёти» туркуми нашр этилди. Туркум доирасида нодир манбалар қаторида «Улуғ Туркистон» газетасига бағишланган тўплам ҳам нашр этилган экан. Мазкур тўпламга «Улуғ Туркистон» газетасида (газета 1917 йил 25 апрелдан 1918 йил ноябрга қадар ўзбек ва татар зиёлилари томонидан Қўқонда чоп этилган – М.Алижонов) эълон қилинган материаллар ва уларнинг изоҳли библиографияси киритилган эди.
Тўпламни варақларканман, унда март ойидаги конференцияда атоқли олимимиз томонидан Мустафо Чўқайга нисбатан айтилган айбловнинг асоси бўлмиш ҳужжатга кўзим тушди. Тўпламда Мустафо Чўқайнинг хати бўлиб, унда муаллиф Туркистон Мухториятининг сўнгги дақиқаларни тасвирлаб, бу орада ўз бошидан ўтган ҳодисаларни шундай хотирлайди: «Мен большевикларнинг тазйиқидан қочуб, Ҳўқанд теграсиндаги қишлоқларда сартия қардошларимиз орасинда 5−10 кун юрдим. Шул озғина муддатда чеккан жабр-жафоларимни душман бўлсаларда худойи толеъ большевикларгада кўрсатмасун. 20 февраль чаҳоршанба куни Говхона деган қишлоқдан, бутун Фарғонага белгили Мўймарак қишлоғинда яшовчи бик (кўп) машҳур бир зотнинг боласи билан бирга Элоч қишлоғидан ўтуб, Қумбоши қишлоғина келдик. Йўлдошим отда, мен яёв эдим. Чунки сартлар оқча баробаринада ёллаб миниш учун менга от бермадилар. Устимдаги кийимларим сартча бўлуб, оёқда четанг ковуш, устимда олачопон, бошимда қозон каби зўр оқ чалма эди. Борачак ерим белгисиз бўлғанға, Ҳўқандда сўғиш (уруш) босилғонча ўзимизнинг сартлар орасинда хавф-хатарсиз кун кечирув хаёли мени бир қишлоқдан иккинчисина тентиратар эди. Қумбошиға келиб етув билан қуролланғон йигирма қадар сартлар келуб тутиб, мени текширарга киришдилар:
— Ҳой, сен кимсан?
— Мусулмонман.
— Ненди мусулмонсан?
— Қозоқман.
— Қозоқ қачондан бери мусулмон?
— Алмисоқдан бери мусулмон.
— Қозоқнинг мусулмонлиғина бизнинг шекимиз (шубҳамиз) бор?
— Сизнинг шакингиз бўлса, бизнинг қозоқнинг шоҳди бор.
— Шоҳди нима нарса, қани айт?
— Шоҳиди калимайи тавҳид (тавҳид калималарин айтиб чиқдим).
Шуундай текширувлардан сўнг ҳам меним мусулмонлиғима тамом ишониб етмадилар. Улар мени боғлашиб, мендан мусулмончилиқнинг кўриниб турған «нишона»син излай бошладилар. Шул вақтда менга анчадан бери таниш бўлган ва бирга юрган йўлдошим сарт от устинда менга кулиб қараб туришдан бошқа бир ёрдам кўрсатмади. Ул бутун Фарғонада машҳур бир зотнинг ўғли бўлиб, бундай ўринларда бир оғиз сўзи билан мен кабилардан юзтасини қутқаришга кучи етсада, юқоридағи ҳоллардан сўнг ул отига қамчи босиб, мени ташлаб йўлинда давом этди.
Сартлар меним мусулмонлиғимга ишонгач: «Сен қозоқ бу ерда нима иш қилиб юрибсан?» деб сўрадилар. Мен бир сўз ҳам ёлғон аралаштирмай юз берган воқеаларни борича сўйлаб, жуда ҳам машҳур бир зотнинг уйида бир неча кун меҳмон ўлароқ турганлигимни айтдим. Улар ул кишининг уйинда меҳмон бўлғанинг дуруст бўлса, нега сени унинг ўғли ташлаб кетди, дедилар. Мен не деб жавоб беришни билмай қолдим. Йўлдошимнинг кўнглина алам тўлуб йўлдошлиқ ҳаққин ҳақларғада ўрин қолмағондир, деб ўйладим. Шундан сўнг сартлар: «Бизга барибир, бу ким бўлса бўлсун, қайдан чиқса ундан чиқсин, сарт тугаллиги ҳақиқат, онасиндан ўзида танимий ўтирса керак, ҳозир замон сартники, бизга қозоқ ҳам, большевик ҳам бир», деб қўлимдан етаклаб, йўл бўйлаб: «Қозоқни тутдиқ!» деб қичқируб, одамларни йиғиб, қишлоқнинг четига қараб олиб кетдилар.
Мени атрофимда жийилғон (йиғилган) халқ 70−80 қадар бўлуб, ҳар қаюсининг қўлинда милтиқ, ойболта, ханжар, пичоқ, чўқмор каби нарсалар бор эди. Улар мени бир қуриган оғочнинг (дарахтнинг – М.Алижонов) тагига ўтирғизиб, икки қўлимни ва икки кўзимни байлашди, бўйнимга қора қайишдан (тери камар – М.Алижонов) бўлак қилиб боғлаб қўйилган ҳолда, жонимни олишларини кутиб ўтирдим. Сартларнинг бир гуруҳи мени икки оёғимдан ёғочга осиб, ўқ отишга тайёр туришарди. Эҳтимол улар бошқаларга қараганда менга раҳми келгандир, «агар милтиқ билан эмас, камон (питра) билан отсак, қийналиб ўлади», деб фақат милтиқнинг ўзига ўқ солишди.
Худонинг ғайриоддий қудратига, адолатига асло шубҳа қилиш мумкин эмас. Айнан шу ерда Аллоҳнинг ёрдами менга етиб келди.
Мени осмоқчи бўлиб тайёрланишаётган пайтда бир сарт келиб:
«Бу одамни сиз қозоқ деяпсиз, лекин қозоқнинг ҳам ҳар хил тури бор, аввал бу қандай қозоқ экан, кўрайлик», дедида, кўзларимни ечиб юзимга қаради. Сўнг жилмайиб: «Ассалому алайкум, Мустафо афанди!» деб, боғланган қўлларимни ечди, бўйнимдаги арқонни пичоқ билан кесди ва мени оёққа турғизди. Икки кўзига ёш тўлиб турган ҳолда у шу ерда турганларга ким эканлигимни айтиб берди.
Ҳақиқатни англагач, мени ўлдиришга йиғилган халқ бундан воз кечди ва мени Қўқонга Эргаш қароқчининг ҳузурига юборишга қарор қилди. Шаҳар томон кетаётган бир йўловчининг отига миндириб, мени кузатиб қўйишди.
Мени қутқарган сартнинг исмини билмайман. У ўтган йили мардикорликка ички Россияга борган, зулмга чидай олмай Фарғонага қочиб келган экан. Петербургда менга учраб, йўл харажати учун мендан пул олиб юртига қайтган эди. Шунинг учун у Петроғрадда ҳам, Туркистонда ҳам қилган ишларимдан хабардор экан (!).
Говхонага етганимизда йўл бўйидаги қишлоқларнинг бошлиқлари билан учрашдим. Улардан бири мени аввалдан танир эди. У ҳол-аҳволимни сўраб, вазиятни билгач, ёнимдаги сартларни тинчлантириб, «сизлар ўзингиз шу ерда ўтираверинглар», деб уларни жўнатиб юборди ва мени ўз уйига олиб бориб меҳмон қилди. Менинг илтимосимга биноан ёнимга бир йигитни ҳам қўшиб, мени Қудач бўлисига топширди. Кўрназар деган қишлоқда Қудач бўлиси билан учрашдик; унинг ҳам мени балодан қутқара олмаслигини кўриб, кейин Говхонага қайтиб, Ҳўқанддаги воқеалар тугагунча шу ерда кутиб турдим.
Бироқ Ҳўқандда аҳвол оғирлашди. Эргаш қароқчи қочиб кетгани ва шаҳар большевиклар назоратига ўтганлиги хабари тарқалди. Кейин «Сарт даври» тугагандек жимлик юз берди: одамлар худди оч ва шикаста қорин каби сукут сақлашди. Қишлоқ сартларининг ниятларини англагач, имкон қадар уларнинг орасидан чиқиб кетишга ҳаракат қилдим. Йўл топиб отга ёки аравага чиқа олмай, ҳамроҳликсиз жуда қийналдим. Ўша замонда сартлар қишлоқларнинг номини айтмай, йўлни кўрсатмай, бепарволик билан менга ёрдам бермади; кунлар ўтиб, чарчаб ҳолсиз бўлиб қолганимда менга ҳатто сув-чой ҳам бермай, етарлича егулик ҳам тақдим этмади. Илк икки кун ичида мен бундан ташқари бошқалар ҳам мени «сен қозоқсан» деб ўлдирмоқчи бўлишгани ва олдинги ишларим туфайли қаттиқ қийналганимни, кейин Эргашлар қочиб кетгач большевиклар келганлиги сабабли, бу шошилинч сартлар менга йўл кўрсатиб, мен иккинчи марта азоб тортганим ҳам жонимни едирди.
Икки кун давомида яёв юриб, Доғистон номли қишлоққа етдим. У ерда 900 сўмга от олиб, 290 сўмга йўлдош ёллаб, «Қозоқ-қирғиз қаерда экан?» деб қорли тоғлар орқали йўлга тушдим. Ўша жойда сартларга «Хўш!» деб мурожаат қилдим. Кўрганларим жуда кўп бўлсада, уларни ҳаммасини ёзишга азоб ва вақт етмади» (Хатдан иқтибос қисқартирилиб ва ҳозирги тилга мослаштирилиб келтирилди – М.Алижонов).
«Жадид куллиёти» тўпламидан ўрин олган Мустафо Чўқайнинг ушбу хати «Улуғ Туркистон» газетасининг 1918 йил 26 мартдаги 74-сонида чоп этилган. Илмий изланишлар жараёнида айни шу хат ва унда келтирилган гаплар кейинчалик баъзи тарихчилар томонидан «Мустафо Чўқай ўзбекларни ёмон кўрган» деган жуда саёз хулосага келишларига асос бўлган (Устига устак ушбу хат Газета.уз сайтида ҳам эълон қилинган – М.Алижонов).
Тўғри, кимдир мени: биринчидан, хат Туркистон Мухториятининг нашри афкори «Улуғ Туркистон» газетасида чоп этилган, иккинчидан, унда Мухториятнинг большевиклар томонидан бостирилиши тўғри тасвирланган ўринлар бор ва энг муҳими, газетада чоп этилган хатнинг остида «Мустафо Чўқаев» имзоси турибдику?», деб айблаши мумкин. Лекин биз бу иддаоларга қарши бир саволни ўртага ташламоқчимиз: Бу хатни ростан ҳам Мустафо Чўқайнинг ўзи ёзганми? Бизнинг бундай дейишимизга маълум бир асослар бор.
Биринчидан, Мустафо Чўқай «ўз» хатида маҳаллий ўзбекларга нисбатан «сарт» атамасини ишлатади. Ваҳоланки, «сарт» атамаси Туркистон жадидлари томонидан миллий ҳақорат ўлароқ қабул қилинган бўлиб, бу ҳақида даврий матбуот саҳифаларида ўнлаб раддия тарзидаги мақолалар эълон қилинган. Бунга мисол ўлароқ Беҳбудий томонидан «Ойина» журналининг 1915 йилдаги қатор сонларида босилган «Сарт сўзи мажҳулдир» номли туркум мақолаларни келтириш мумкин. Мустафо Чўқай дастлаб Чор, сўнгра большевик амалдорлари томонидан маҳаллий халққа (анироғи ўзбекларга) нисбатан ҳақорат сифатида ишлатилинган бу атаманинг асл моҳиятидан ва М.Беҳбудий томонидан ёзилган раддия мақолаларнинг мазмунидан яхши хабардор бўлган. Мустафонинг ўз хотираларида Беҳбудийга нисбатан чуқур ҳурматини ҳисобга олсак, унинг гўёки ўзи ёзган хатда ўзбекларга нисбатан «сарт» сўзини ишлатгани шубҳа остида қолади. Қолаверса, «Ёш Туркистон» журналининг 1936-1937 йилларидаги 76-90- (қарийб 13 та!) сонларида чоп этилган М.Чўқайнинг шахсий хотираларида маҳаллий ўзбеклар бирор марта ҳам «сарт» деб аталмаган.
Яна бир муҳим жиҳат: Мустафо Чўқай томонидан ёзилган деб айтиладиган хат «Улуғ Туркистон» газетасида дарж этилишидан олдин, қозоқ тилидаги «Бирлик туи» («Бирлик байроғи») газетасининг 1918 йил 7 март сонида босилгани аниқланди. Менинг эътиборимни тортган жиҳат, хатга илова қилинган газета таҳририятининг изоҳи бўлди. Уни айнан келтираман: «Бошқармадан: Тубандаги Мустафонинг хати кутилмаган бир йўл билан бизга етиб келди. (Бул хатни бизга бир йўловчи олиб келиб топшириб кетди. Хат қалам билан ёзилгани сабабли бироз кирланган эди. Бироқ Мустафонинг қўлини таниб, хат уники эканлигига ишонч ҳосил қилганимиздан сўнг уни чоп этмоқдамиз). Ушбу хатни олганимиздан сўнг биз унинг омонлигини билиб қувониб кетдик. Бунгача у ҳақида қанча турли нохуш хабарларни эшитиб қалбимиз маҳзун эди. Мустафо бул хатни бизга юборганда, уни газетга босиб чиқаришимизни ўтинган экан. Шунинг учун биз уни ҳеч бир жойини ўзгартирмасдан босмоқдамиз».
Хўш, Қўқон шаҳри ва унинг атрофи қамалда экан, у ердан одам тугул ҳатто битта ҳайвоннинг ҳам чиқиб кетиши иложсиз бир пайтда Мустафонинг хатини эсон-омон шаҳардан олиб чиққан, жонини минг бир хавфга қўйиб уни олисдаги газета таҳририятига етказган бу жасур «йўловчи» ким? Газета бошқармасининг «Мустафонинг хати кутилмаган бир йўл билан бизга етиб келди», «Ушбу хатни олганимиздан сўнг биз унинг омонлигини билиб қувониб кетдик. Бунгача у ҳақида қанча турли нохуш хабарларни эшитиб қалбимиз маҳзун эди» сўзларидан ҳам яққол сезилиб турибдики, Қўқонда бўлаётган қамал, қатлиом ва даҳшатларга қарамасдан хатнинг уларнинг қўлига етиб келиши таҳририят аъзоларини ҳам шошилтириб қўйган. Кейинчалик, худди шу газетадаги хат «Улуғ Туркистон» газетасининг 1918 йил 26 мартдаги 74-сонида қайта чоп этилади. Бироқ хатнинг иккинчи қайта чоп этилишида «Бирлик байроғи» газетаси томонидан келтирилган изоҳ туширилиб қолдирилган. Нега?
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Мустафо Чўқай юқорида келтирганимиз «Ёш Туркистон» журналидаги туркум хотираларининг бирор жойида (гўёки ўзи ёзган деб ҳисобланадиган хатда тасвирланганидек) ўзбекларнинг унга нисбатан кўрсатган қўпол муомалаларини ақалли бир марта бўлса ҳам тилга олмаган. Бу ўта муҳим «хат» хусусида ҳам тўхталиб ўтмаган. Аксинча, ўзбек қардошларни доимо ҳурмат билан ёдга олган.
Келинг, шу ўринда ўзимизга холисона бир савол берайлик: маҳаллий ўзбеклар қозоқларни мусулмон эмас деб ҳисоблар экан, улар қозоқларни ёмон кўрар экан, нега ерли халқ ўзининг ичида ўнлаб иқтидорли кадрлар турганида қозоқ миллатига мансуб Мустафо Чўқайни дастлаб Туркистон Мухториятининг Ташқи ишлар вазири, сўнгра Бош вазири лавозимига кўтардилар? «Қозоқ мусулмон эмас, большевиклар билан қозоқларнинг ҳаммаси бир гўр» деб ҳисоблайдиган ўзбеклар шу даражада бағрикенглик кўрсатиши мумкинми?
Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда «Мустафо Чўқай ўзбекларни ёмон кўрган» деган иддаога қарши қуйидагиларни хулоса ўрнида таъкидламоқчиман:
– Мустафо Чўқай ўзбекларга нисбатан ҳеч қачон «сарт» сўзини ишлатмаган, аксинча, бу сўзга қарши чиққан ўзбек жадидларининг позициясини қўллаб-қувватлаган ҳамда улар билан яқиндан (маслакдош ўлароқ) ҳамкорлик қилган.
– Унинг кейинги йиллардаги (1930 йиллар) шахсий хотираларида ўзбекларга нисбатан бирор маротаба салбий муносабат билдирилмаган. Аксинча, у ўзбекларни қардош, Туркистоннинг маданий жиҳатдан энг илғор қисми ҳамда асосий таянчи сифатида тилга олган. Демак, Мустафо Чўқай номидан «сартлар мени қийнади», «менга ёрдам бермади» деган мазмундаги хатда тасвирланган ҳикоялар унинг муаллифлик фикри эмас, балки сиёсий вазият таъсирида тўқилган ҳамда учинчи шахслар томонидан ёзилган сохта матндир. Бундан кўзланган асосий мақсад ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасида ишончсизлик, адоват ва низо уруғини сочиш, жадидлар меросини бузиб кўрсатиш ва уларнинг бирлашувга асосланган ғояларини заифлаштиришдан иборат бўлган.
– Тарихий ҳақиқат шундан иборатки, Мустафо Чўқай бутун фаолияти давомида Туркистон халқларининг бирлиги, айниқса ўзбек ва қозоқлар ўртасидаги қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлида фидоийларча фаолият олиб борган. У муҳожирликда яшаб, Германияда таҳсил олаётган ўзбек ёшларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлади, «Ёш Туркистон» журналини нашр қиларкан, асосан ўзбек зиёлиларини ҳамкорликка жалб этди (!).
– Бундан ташқари Мустафо Чўқай оғир ва ўта мураккаб муҳожирлик шароитида ҳам ўзбек халқининг ижтимоий-сиёсий манфаатларини қатъият билан ҳимоя қилди. У хорижда яшаб турган чоғида (оғир иқтисодий шароитларга қарамасдан) «Ёш Туркистон» журналини нашр эттириб, журнал саҳифаларида Сталин бошчилигидаги совет тузумининг ўзбекларга қарши олиб борган қатағон сиёсатини очиқ фош этди. У минглаб бегуноҳ ўзбек зиёлиларининг қамоққа олиниши, сургун қилиниши ва отиб ташланиши билан боғлиқ даҳшатли қатағон жараёнларини халқаро жамоатчиликка етказишга ҳаракат қилди.
Ушбу мақолани Мустафо Чўқайнинг ўлими олдидан айтган қуйидаги васияти билан тугатишни лозим топдим: «Туркистон миллий байроғини қаттиқ тутинггиз! Туркистон бирлигини сақлангиз!»
Келинг, ушбу васиятга амал қилайлик!
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Маънавият
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ