
Наср – оғир карвон. Унинг юкини ҳамма ҳам кўтара олмайди. Эътироф этиш керакки, ўзбек прозасида нозик қалбларида XX асрдан янги асрга залворли поэтик юк олиб ўтиш саодатига муяссар бўлган Маъсума Аҳмедова, Жамила Эргашева, Саломат Вафо, Шаҳодат Исахонова, Зулфия Қуролбой қизи, Рисолат Ҳайдарова, Муҳаббат Йўлдошева, Меҳринисо Қурбонова, Дилбар Саидова, Ҳулкар Тўйманова, Нигина Ниёз, Зулфира Мисбах, Гулчеҳра Асронова, Назокат Азим, Дилфуза Собирова, Ҳамрохон Мусурмонова, Зуҳра Мамадалиева, Нигора Жалолиддин қизи каби адибалар бор. Афсуски, бу авлод вакилларининг барчаси ҳам бирдек довруқ қозона олган эмас. Орада “ўтиш даври” билан хастпўштланадиган ўн-ўн беш йиллик катта танаффус уларнинг айримларини ўз комига тортиб, ютиб юборди. Шукурки, бугунги кунга келиб ўз сўзи ва услубига эга бўлаётган, тинимсиз изланишлар олиб бораётган янги авлод юзага қалқиб чиқди. Муяссар Тиловова, Гулноза Мамарасулова, Наргиза Асадова, Гўзалой Матёқубова, Биби Робия Саидова, Нодирабегим Иброҳимова, Тилланиса Нурёғди, Лобар Азизхўжаева, Ҳусния Пардаева, Одинахон Абдураҳмонова, Моҳира Тошпўлатова, Манзура Абдуллаева, Саида Ибодинова, Аллома Ҳакимова, Алия Темурийзода, Роҳилабону Ғуччиева, Чарос Авазова... Саноғини давом эттириш мумкин бўлган ушбу ижодкорлар орасида Рахшона Аҳмедованинг алоҳида ўрни бор.
Раҳшона Аҳмедова билан 2021 йил баҳорида, айни дарахтлар қийғос гуллаган дамда Ёзувчилар уюшмасида танишган эдим. Яқинда нашр этилган китобини дастхат ёзиб берди. Китобнинг номи “Соябон остида”. Муқовадаги суратда ёмғирда соябон тутиб турган бир нозик аёл тасвирланган эди. Негадир хаёлимда бирдан гулга бурканган япон олчаси – сакура жонланди ва Рахшона унинг тагида тургандек эди... У корейс қизларига ҳам ўхшарди.
Китоб билан танишиш давомида билдимки, Рахшона Аҳмедова 2008-2009-йилларда Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети халқаро журналистика факультетида таҳсил олган, 2020-йилларда эса Сеулда яшаган экан. Бу унинг нафақат ташқи кўриниши, ҳикояларига ҳам сингиб кетгандек эди.
“Соябон остида” китоби 13 ҳикоя ва 2 қиссадан иборат мўъжаз тўплам. Унда 1987 йилда гўзал Фарғонада туғилиб, бир неча йил Жанубий Кореяда яшаган ва корейс адабиётини, маданиятини чуқур ўрганган истеъдодли адибанинг ўзига хос адабий олами жамланган. Китобга сўзбоши ёзган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Темур Пўлатов “Унинг ёзганларида теран бадиий топилмалар, ижодкорга хос услуб топишга интилаётгани, бадиий тил ва ғоя муштараклиги, қисса ва ҳикояларнинг ўзига хос ирония ва нафосатга йўғрилгани каби жиҳатлар унда ёзувчига хос хислатлар бўй кўрсатаётганини англатади”, дея таъкидлайди.
Тўпламдаги илк ҳикояданоқ Рахшона Аҳмедова жаҳон халқлари турмуш тарзи, адабиёти, қадриятлари билан яқиндан танишган ва ўз англамларини халқимизнинг бетакрор ҳаёт тарзи, анъаналари билан қиёсий ўрганиб, тегишли хулосалар чиқарган синчи ўлароқ таассурот ўйғотади. “Мени кечир, Кумико!” ҳикояси икки дугона – япон қизи Кумико билан ўзбек талабаси Шона ўртасидаги муносабатлар асосига қурилган. Шона Кумикодан япон тилини ўрганиш учун уйига боради. Ўз навбатида Кумико ундан инглиз тилини ўрганади. Бу жараёнда икки қизнинг, аниқроғи, икки миллат вакиласининг турмуш тарзи, дунёқараши намоён бўлади. Кумико ёлғиз фарзанд, аммо у ота-онасидан алоҳида яшайди. Эрмаги – кучуги Киёши. У ёқимтой, лекин тинимсиз акиллайверадиган кучукчасини ҳафтада бир марта “Гўзаллик салони”га олиб бориб, ювиб-тараб, юнгларини калталатади. Бошига тасма кийдириб қўяди. Ҳар куни сайрга олиб чиқади. Ҳафтада бир онасини эсламайдиган қизнинг кучугига кўрсатаётган бундай меҳр-муҳаббати баъзан Шонанинг ғашини ҳам келтиради:
“Шу бир жониворга нега бунча меҳр қўймасанг, ундан кўра, турмушга чиқ, болали бўл, ана уларга меҳр берсанг бўлади”.
Кумико ёши улғайиб бораётганига аҳамият бермас, бундай асло куюнмас, ҳали ҳар томонлама муносиб инсонни учратиш умидидалигини яширмасди. Қолаверса, у “Бола ортиқча юк! Мен кучукдан хоҳлаган пайт воз кечишим мумкин, лекин боладан кечиб бўлмайди”, дея Шонани ҳайратлантирарди. У ана шундай мураккаб характер соҳибаси эди. У Шонанинг кунда-кунора онаси билан телефонда суҳбатлашиб ўтиришини ҳам қабул қилолмай “Нима ҳақида гаплашасан?” дерди. Бу ота-онасидан бўлак яшайдиган қизнинг ўз ҳақиқатлари акс-садоси эди. Унинг мақсади ўқиш, эрмаги кучукчаси. Бир куни дугонасининг эҳтиётсизлиги сабаб Киёшини машина уриб кетганида шунчалар куюндики, уни тоғ этагига кўмиб қайтгач, кучуги учун ибодат қилди. Сўнг сакэ ичишни бошлади ва кучуги билан боғлиқ хотираларни эслаб, тонггача йиғлаб чиқди...
Шона ўқишни тугатади ва хайрлашиш учун Кумиконинг уйига борганида уни яна маст ҳолатда учратади. Хайрлашади, аммо Кумико буни англадими, йўқми, билмайди. Кейинчалик унга хат ёзади. Ўқиш давридаги ёрдамлари учун раҳмат айтади ва уни яхши кўришини таъкидлайди. Аммо Кумикодан акс-садо бўлмайди. Яна мактуб юборади. Ана шунда жавоб келади. У Шонани соғинганини, ёлғизлиги билинаётгани, у кетгач, Киёшидан айрилгач ҳаёти, қалби ҳувиллаб қолганини ёзади. “Киёшини тушларимда кўряпман. У тушимга бошида гуллардан чамбарак тақиб олган ҳолда киради. Итлар учун ҳам жаннат бўлса агар, у ўша ерда юргани аниқ...” дейди. Адабиётшунос Марҳабо Қўчқорова таъкидлаганидек, “Ривожланган Японияда одамларнинг “ёлғизлик” касалига мубтало бўлгани ёш Кумико образи ва ҳаёти мисолида яхши очиб берилган”.
(Японлар ит ва мушукни яхши кўришади. Япония нафақат одамлар орасида, балки жониворлар орасида ҳам энг кўп умр кўрувчи давлат сифатида эътироф этилган. Bloomberg нашрининг Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялари университети ҳамда Япония жониворлар уюшмаси экспертларига таяниб ёзишича, Японияда итлар – 13,2, мушуклар 11,9 йил умр кўрар экан. 2010 йилда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, жами 34 фоиз япон хонадонида уй ҳайвонлари бўлган. Шуниси қизиқки, 2015 йилда Японияда уй ҳайвонларининг сони болалар сонидан ошиб кетган. Бу муаллиф Рахшона Аҳмедова Жанубий Кореяда ўқиган ва япон қизлари билан таниш бўлган даврга (2010) ҳам тўғри келади.)
Рахшона Аҳмедова ҳикояларида аниқ ва ёдда қоларли портретлар яратган. “Мени кечир, Кумико” ҳикоясида қизни “Сочлари ўғил болаларникидек калта, кўзлари қисиқ, гўзаллик борасида ўртамиёна қиз эди. Тишларининг бироз олдинга чиқиб туришидан хижолат тортар, кулганида оғзини тўсишга уринаркан, ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқа олмасди”, дея тасвирлайди. “Айи” ҳикоясида фаррош аёлнинг ташқи қиёфасини “Қадди бироз эгик, эгнида шалвираган, рангпар пахталик, қора духоба шими униқиб кетган, оёғидаги ялтироқ чизиқли, йўл-йўл оқиш кроссовкасининг ҳам у ер, бу ери титилган, кийгулик сиёғи қолмаганди ҳисоб” тарзида ифодалайди. Тасвирлар соҳибининг касб-кори, ҳаёт тарзига қараб ўзгариб боради. Масалан, “Юкионинг танлови” ҳикоясида ўн бешинчи қаватнинг ойна билан қопланган айвонида тебранма столда хаёл оғушида ўтирган аёлни “юзларига ажин тушган, сочларга оқ оралаган. Янги келин бўлиб тушганида ўттиз беш ёшда эди. Юриш-туришида япон аёлларига хос назокат бор эди. Табассумида гулдек нозиклик, ҳаракатларида эса нафислик уфуриб турар, истараси иссиққина қиз эди. Ҳозир эса сочларини минг калта қилиб кестирмасин, ёшларга хос калта-култа кийиб юрмасин, барибир қарилик соя солмоқда...” дея тасвирласа, метро бекатлари, университетнинг гавжум кўчаларида майда-чуйда сотиб юрадиган “Номаълум аёл”ни “Олдига тутган пешбанд кирланиб, жигарранг тус олган, аввалги ранги қандай бўлганини билиб бўлмасди. Оёғида оқиш жун пайпоқ, қалин, хол-хол кўйлагининг устидан гули ранги билан қоришиқ, тугмали нимча кийганди. Сочлари сийрак, қорасидан оқи кўпроқ, бошининг тепасига ўрама қилиб йиғилган, юзи ажин босган бир қари аёл” сифатида намоён этади. Аммо аёлнинг соч турмаги тасвирида ифода бузилган. “Бошининг тепаси” ифодаси ўрнига тушмаган. Масалан “Ўрама қилиб йиғилган сочлари сийрак, қорасидан оқи кўпроқ, юзи ажин босган бир қари аёл эди” деса ҳам бўлар эди.
“…Мен турмушда кўрмаган, билмаган нарса ҳақида ҳеч нарса ёзмайман”, дейди Абдулла Қодирий. Шу боисдан “Илҳомсиз, эҳтироссиз ёзилган асар чангланмаган гулга ўхшайди”, дейишади. Рахшона қайсики воқеа-ҳодисани кўриб, гувоҳ бўлиб, ақл тарозусидан ўтказиб, туйғулар-ла ҳис қилиб ёзган бўлса, жонли чиққан. Шунга қарамасдан муаллифга корейс дугонаси айтиб берган воқеа асосида ёзилган “Сени яхши кўраман, Мино!” ҳикоясида ёдда қоларлик портретларни кўрмаймиз ёки ўн олти ёшида “Мен сени яхши кўраман, Мино!” дея баралла айта олган жасоратли қиз – Юнсонинг кейинги ҳаётидаги ёрқин саҳифаларга гувоҳ бўлмаймиз. Ўз вақтида нозик бир қизалоқнинг катта бир юракни қўлларида кўтариб кетаётган сурати туширилган мактуб олган Мино ҳам севгисини унута олмаган ва оиласида бахт ҳиссини туймаётган киши сифатида тасвирланади. Ҳикоя сўнгида портлаш содир бўлмайди. Бироқ ҳикояда туйғуларнинг гўзал ифодаси бор. Рахшона Аҳмедовани туйғулар, аёл қалби куйчиси дейиш мумкин. Марҳабо Қўчқорова таъкидлаганидек, “Адиба барча асарларида “Аёлга эътиборли бўлинг! Аёлга меҳр беринг! Аёлни севинг!” деган бадиий тезисни илгари суради”. Унинг ҳар бир ҳикоясида аёл қалби, унинг ўй-хаёллари, орзу-изтироблари қоришиқ келади ва меҳр-муҳаббат нури билан саодатга йўғрилиб боради. Иккинчи шахсга мурожаат шаклида ёзилган “Соябон остида” ҳикояси бунинг яққол намунасидир. Унда уч фарзандни тарбиялаётган ва рўзғор ташвишларига ўралашиб қолган аёл олами тасвирланади. Бир қарашда у ҳар куни бир хил ишларни бажараётган оддий уй бекаси, аммо танганинг орқа томонида унинг ҳам қалби, орзу истаклари намоён бўлади. Гарчи у бундан малолланмаса-да, меҳр кутади. Эрининг “Кун бўйи уйдасан. Нима қиласан ўзи?” дея жаҳлланишига тиш ёриб, бирор оғиз жавоб бермайди. Тилини тишлайди. Уйда қолган аёл ўйлари китобхонни ларзага солади. “Болаларнинг бири мактабга, бошқаси боғчага кетса, униси ҳали кичкина... Ахир, шунақа, уй ичида куймаланиб вақт ўтканини сезмайди киши. Ўрнимга қолиб кўринг...” демоқчи бўлади, аммо тиш ёрмайди... Ичида эрига маза деб ўйлайди: “Ҳар куни ишга боради, янгириб келади”. Оддий пайпоғини тополмаса ҳам, болаларининг ерда ётган ўйинчоғини босиб кетиб, синдириб қўйса ҳам аёлни айбдор қиладиган эрнинг кўнглига қараш, “Хафа қилмоқчи эмасдим, жаҳлим чиқиб кетди-да” деб кўнглини кўтаришни исташ... Аммо буларинг барчаси хаёл. Аёлнинг умидли хаёллари яна бир жеркиш билан ерпарчин бўлади. Ёруғ кунларни туш кўради. Тушида қанақадир чиройли жойларда, қуёшдан пана, соябон остида денгиз бўйлаб сайр қилади.
Рахшона Аҳмедова уйда ўтириб қолган аёлнинг орзулари, ўй-хаёлларини умумбашарий армонлар тизимида чуқур изтироб билан қаламга олади. Китобхонни аёл қалбининг энг нозик, сирли пучмоқларига олиб киради. Бу изтироб ўқувчига юқади. Унинг ютуғи ҳам шунда! Муаллифнинг “Орзу ва денгиз” ҳикоясини энг яхши асарларидан дегим келади. Ундаги мавзу долзарб, ифода ниҳоятда гўзал. Тастубеклик Амангелди ота образи орқали Оролбўйи халқларининг асрий фожеасини очиб бера олган. Амангелди ота етмишдан ошган, қотмадан келган чуваккина чол, буюк бир соғинч билан ҳар куни Оролни кўргани боради ва унга бир идиш сув қўйиб келади. “Сенга сув олиб келдим-да, Оролим... Биздан хафа бўлганинг етар, бизни жазолаганинг етар, бўлди энди қайт, аразингни йиғиштир. Сенинг денгиз бўлганингни кўриб, кейин кетаман, унгача ўлмайман!” дейди. У агар ҳамма Оролга сув қуйса, денгиз аввалги ҳолига қайтишига ишонади. “Қани энди, қани энди... ўша тўлиб тошган пайтингга қайтсайдинг. Қани энди мўъжиза рўй берса-ю, Орол сувга тўлиб, бу саҳролар устига денгиз ёприлиб келса, саҳроқумда тиқилиб қолган кемалар яна тўлқин устида чайқалса...” дея орзу қилади. Чол умрининг охиригача Оролга қайтишини кутиб яшайди. Сўнгги лаҳзаларда ҳам “Энди мен бормайман, кампир, эшитяпсанми, энди ўзи келади...” деб ишонади. Аммо Орол қайтмади. Отаси жанозасига етиб келолмаган ўғил Оролга боради ва бор овозда ҳайқиради:
“Эй, Орол, йиғламайсанми? Энди сени кўргани келадиган меҳрибонинг йўқ! Сенга ҳар куни сув олиб келадиган Хизринг йўқ!”
Бу нафақат ўғилнинг, балки бутун миллатнинг нидоси бўлиб жаранглайди. Муаллиф Амалгелди ота образи билан бутун миллат фожеасини очиб беради ва халқларни огоҳликка даъват этади. Чанг-тўзон кираверганидан кўзларининг косаси кичрайиб, қуш кўзи бўлиб қолган чолни ҳалокатга юз тутган авлод тимсолига кўтаради. Табиат берган неъматларнинг қадрига етмаслик қандай оқибатларга олиб келишини, Оролни ўрганишга келган мутахассислар қумликларга тиқилиб қолган кемалар олдида суратга тушиб, чўкиб бораётган бандаргоҳларни тасвирга олиб, сара балиқларни еб, сара ичимликларни ичиб кетиши, аммо самараси сезилмаслигини образли тарзда катта изтироб билан қаламга олади. Шу боисдан Рахшона Аҳмедова ҳикояларида ўқтин-ўқтин намоён бўладиган тасвир ўрнига келган шарҳ, ҳикоя ўрнидаги баённи мавзуларнинг долзарблиги, дард ва изтиробнинг катталиги, сўзнинг латофати ёпиб кетади. Марҳабо Қўчқорова таъкидлаганидек, “мукаммалликка даъво қилаётган” ушбу ҳикоялар – “маҳорат билан чалинган машқлар” муаллифнинг катта қалб соҳиби эканидан далолат беради. Ҳикоялардаги оригинал сюжетлар адибанинг ўзбек адабиётига юксак асарлар тақдим қилиб, буюк анъанани давом эттиришига ишонч уйғотади.
Ушбу битиклар Рахшона Аҳмедованинг ҳикоялари ҳақидаги кичик кузатувлар, холос. Унинг “Севгим менинг, севгилим менинг”, “Ҳақиқат шамоли” каби қиссалари, “Тонготар” романи ва қатор таржималари ҳам борки, улар алоҳида мавзу...
Холиёр САФАРОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Маънавият
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ