Европаликларга арзон, мусулмонларга қиммат нон – Биринчи жаҳон урушида Ўзбекистондаги очарчилик сабаблари


Сақлаш
12:56 / 30.04.2025 50 0

Россия империясининг босқинчилик сиёсати натижасида Туркистон ўлкаси оғир иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирди. Биринчи жаҳон уруши йилларида Туркистон аҳолисининг мардикорликка тортилиши, иқтисодиёти эса фронт эҳтиёжларига йўналтирилиши ижтимоий муаммоларни кескин ҳолатга келтириб қўйди. Экин майдонларининг қисқариши, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши очарчиликни юзага келтирди. Масалан, 1916 йилда Туркистонда 1 пуд нон ўртача 2 рубль 50 копек, 1917 йилга келиб эса 81 рублга етган. Нархларнинг шиддат билан ошиб бориши ва Россиядан дон етказиб беришнинг тобора камайиши натижасида шаҳар аҳолиси учун нон беришнинг кунлик нормаси 200 граммгача камайган, қишлоқ аҳолиси эсаўзини ўзи таъминлашга маҳкум этилган. Нон танқислиги сезиларли даражада ошиб, очликдан қийналган аҳоли кўпинча турли хил ёввойи ўсимликларни истеъмол қилишга мажбур бўлган.

 

1917 йил очарчиликнинг олдини олиш мақсадида нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига карточка тизими жорий этилди, аммо кутилган натижани бермади. Чунки большевиклар янги шаҳарларда истиқомат қиладиган русларни кўпроқ қўллаб-қувватлаб, улардан ортсагина ўлканинг эски шаҳарларида яшовчи аҳолисига карточка берган. Большевиклар томонидан амалга оширилган бу каби ижтимоий сиёсатни Ғози Юнус қуйидагича таърифлайди: “1917–1918-йилларда оч Туркистон халқи уй-рўзғорини сотиб, Оренбург, Оқтепа, Пойсан атрофларида очликдан ўнлаб, юзлаб қирилғонда шу ерларнинг мутасаддилари очларға кўмак уюшмаси тузиш ўрниға бечора Туркистон очларининг 1-2 пут ғалласини қўлидан тортиб олиб қолар эди”.

 

Бироқ бу ташкилотлар асосий эътиборини ўлка аҳолиси манфаатларига эмас, кўчириб келтирилган очларга кўпроқ қаратган. Шунингдек, бу борада Туркистон АССРнинг VII сьездида (1919 йил 7 март) нутқ сўзлаган Мусахановнинг фикри эътиборга молик: “Европаликларга ярим қадоқдан нон берилган ҳолда, бизга чорак қадоқдан нон берилади. Бунинг устига товарлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари бизга бошқа баҳоларда сотилади. Европаликлар бир қадоқ нон учун 80 тийин, бир қадоқ чой учун 30 сўм тўлаган ҳолда, мусулмонлар бир қадоқ нон учун 1 сўм 75 тийин ва бир қадоқ чой учун 50 сўм тўлайдилар”.

 

Совет ҳукуматининг 1924–1940-йилларда амалга оширган ижтимоий таъминот сиёсати ҳам асосан олдинги даврга хос тарзда давом этиб, аҳолига моддий ёрдам, маориф, соғлиқни сақлаш, ногиронларни ишга жойлаштириш, пенсия тайинлаш каби ҳолатларда жиддий камчиликлар кўзга ташланади. Жумладан, Ўзбекистон ССРда хусусий мулкни тугатиш мақсадида амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий тадбирлар (ер-сув ислоҳоти, қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш сиёсати) натижасида аҳолининг турмуш даражаси янада оғирлашади. Бу сиёсат оқибатида катта ер эгаларининг хўжаликлари бутунлай тугатилaди, аҳолининг иқтисодий имконияти чекланaди, улар ижтимоий таъминотдан маҳрум қилинади.

 

Бу даврда аҳолининг озиқ-овқатга талаби янада ошган. Жумладан, Андижонда эркин нон савдоси йўлга қойилмаган. Ноннинг сифати яхши бўлмай, бозорга ним қорасидан бошқа нон чиқарилмаган. Бир кишига бир килодан ортиқ нон сотмаслик тўғрисидаги ҳукумат қарори бўлишига қарамай, айрим сотувчилар томонидан бир кишига бир, ҳатто 2 буханка, ёки 5–10 та нон сотиш ҳолатлари кузатилган. Натижада бозорларда олибсотар кўпайган. Хусусий савдогарлар шаҳарнинг нон мўл бўлган дўконларидан келтириб, халқ кўп тўпланган жойлардаги ҳукумат дўконларида тақчилликдан фойдаланиб қиммат нархда сотганлар. Шунингдек, ноннинг нархини ўзбошимчалик билан ошириш ҳоллатлари ҳам юз берган. Масалан, Самарқанд шаҳардаги 33-магазинда 90 тийинлик нон 1 сўмдан сотилган.

 

Нон дўконлари барча жойларда ҳам мавжуд бўлмаган. Дўконни очиш масаласи кўрилганда аҳоли тиғиз яшаш нуқталари эмас, балки ишчиларнинг гавжумроқ ишлаш манзиллари кўзда тутилган. Натижада иш жойларда очилган дўконларда навбат кузатилмаган, яшаш жойларида 20–25 кишилик навбатлар пайдо бўлган. Марғилон шаҳрида аҳолининг кунлик эҳтиёжи 26 тонна бўлса-да, кунига атиги 13 тонна нон пиширилган. Бунинг сабаби ноннинг эркин савдоси устидан назорат қилинмагани ва нон тақсимоти қўпол равишда бузилгани билан изоҳланади. Шунингдек, нон дўконлари иш вақти кўпинча аҳоли талабига тўғри келмаган. Натижада кўпчилик аҳоли сифати талабга жавоб бермаса ҳам колхоз бозоридан нон харид қилишга мажбур бўлган. Нонларнинг сифатсизлигига унлар сабаб қилиб кўрсатилган (бу қатламга 20 % биринчи навли ун берилган). Шунингдек, нон корхоналарида ва дўконларда тозаликка яхши риоя қилинмаган, 96 % унлар эланмасдан пиширилган. Баъзи ўринларда ўтин ўрнига сассиқ кўмирдан фойдаланилган. Кўмир иссиғи билан ноннинг юзи қизариб, ичи хамир ҳолича қолган. Нон назорати раҳбари Маркат бу ҳолга, Нонни тез чиқариш учун сифатига қараманглар, харидорлар хамирни ҳам олаверадилар” деб муносабат билдирган. Бундай нонлар 5-6 кунлаб дўконларда сотилмай, қотиб қолган.

 

Нон тақсимотида назорат йўқлиги кўплаб тартибсизликларни келтириб чиқарган. Ўрта Чирчиқ туман таъминот бўлими томонидан берилган 6 қоп ун қишлоқдаги ишчи-хизматчиларга берилмай, талон-тарож қилинган. Қишлоқларда ташкил қилинган нон дўконлари жуда кам бўлиб, аҳоли эҳтиёжини умуман қондирмаган. Избоскан, Янгиқўрғон, Бағдод, Марҳамат туманларида нон дўконларини очиш режасининг ярми ҳам бажарилмаган. Назорат йўқлиги учун дўкон мудирлари томонидан нонни ўз нархидан ошириб сотиш ҳолатлари бўлган. Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги бозорлардаги маҳсулотларнинг сифатини текширганда Тошкентдаги Куйбишев ва Ленин туманларида 17 000 кг.га яқин турли озиқ-овқат маҳсулотлари талабга жавоб бермаслиги, дўкон ва бозорларда ёмон ҳолда сақлангани аниқланган.

 

Бозорларда ноннинг эркин савдоси устидан назорат қилинмагани, сифатига эътибор берилмагани ортидан фожиалар келиб чиққан. Нонни тақсимлашда ҳам хатоликлар содир бўлган. Туркистонда бошланган очарчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслиги натижасида кўплаб инсонлар ҳалок бўлган.

 

Миршод СИДДИҚОВ,

ЎзФА Тарих институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:04 / 29.04.2025 0 20
Акутагава “дастрўмол”и





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17801
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//