
Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг туғилган санаси маълум эмас. 1931 йил 23-апрель машъум кун сифатида тарихда қолган. Шу муносабат билан бугун унинг миллатни илм ва маърифатга бошлаш йўлидаги шарафли ишларини ёдга олмоқчимиз.
Мунаввар қори Абдурашидхонов 1878 йили Тошкентнинг Шайх Ҳованди Таҳур даҳаси Дархон маҳалласида туғилган. Отаси Абдурашидхон (Абдулмажидхон) Сотиболдихон Олимхон ўғли (1885 йили вафот этган) замонасининг маърифатпарварларидан бўлиб, маҳалласидаги Эшонқули додхоҳ мадрасаси ва ўз ҳовлисида мактаб очиб, 40 ўқувчига дарс берган. Онаси – Тошкентнинг машҳур олимларидан Хонхўжа Шораҳимхўжаевнинг (1841–1941) қизи Хосият отин (1845–1931) ҳам ўз ҳовлисида хотин-қизларни ўқитган. Мунаввар қорининг Аъзамхон, Муслимхон каби акалари бор эди.
Мунаввархон илк таълимни онасидан олиб, хат-саводи чиққач, тошкентлик Усмон домла қўлида ўқиган. Қуръони каримни хатм қилиб, “қори” унвонига эришгач, ҳали илмга яхши кириб боролмаганини фаҳмлаб, Юнусхон подшо ва Эшонқул додхоҳ мадрасаларида ўқиган. Бир муддат Бухоро мадрасаларида ҳам таҳсил олган.
1901 йили Бухородан Тошкентга қайтган Мунаввар қори Абдурашидхонов дўсти ва маслакдоши Абдусамиқори Зиёбой ўғли билан биргаликда Шайх Ҳованди Таҳур даҳасида Мирдадаҳожибойнинг меҳмонхонасида янгича мактаб очган. Олдинига мактабда 15–20 бола таҳсил олган бўлса, кейинчалик уларнинг сони ошиб бориб, 1913 йилда ўқувчилари сони 150 тага етган. Мактабда Истанбул, Қозон, Қиримдан олиб келинган диний ва дунёвий рисолалар, алифбо ва ўқиш китоблари асосида таълим берилган.
Мунаввар қори ўзи тузган ўқув дастурларига таяниб таълим берган ва ўқувчилардан имтиҳон олган. Имтиҳонларга ўқувчиларнинг ота-оналари, дин пешволари, олимлар, шоирлар, бойларни таклиф қилган.
Аллома 1910 йили 1–4 синфлар учун дастур тайёрлайди ҳамда дарсликлар ёзишга киришади. 1912 йили дастурни такомиллаштириб, мактаб ўқувчилари учун ҳуснихат, жуғрофия, ислом тарихи, турк қавмлари тарихи фанлари ўқитилишини йўлга қўйган.
У мактаб ўқувчилари учун ёзилган бир қатор дарсликлар муаллифи ҳамдир. “Адиби аввал” дарслиги Тошкентда 1907–1917-йиллари саккиз марта нашр қилинган. Бу дарслик янгича мактабларнинг иккинчи синфлари учун яратилган бўлиб, ахлоқий ва фанний дарслардан иборат бўлган. Унинг диний фанларга оид “Ҳавойижи диния” (3 қисм), “Тарихи анбиё”, “Тарихи Исломия” (“Мусулмончиликнинг тарқалиши ва унинг тарқатувчилари”) дарсликлари ёзилган бўлиб, нафақат ўз мактаби, балки Қўқондаги янгича мактабда фойдаланилганини архив ҳужжатлари тасдиқлайди.
Мунаввар қори география фанида фойдаланиш учун “Ер юзи” дарслигини ёзади (1908 й.). 1928 йилгача Туркистон мактабларида ўқитилган ушбу китоб 88 та дарс, яъни мавзудан иборат. Ер ҳамда география ўқишнинг миллат маънавияти, маданиятини юксалтиришдаги ўрнига бағишланган биринчи мавзудаёқ у география илмини ўқиган миллат дунёнинг маданий миллатлари сафидан ўрин олишини алоҳида таъкидлайди.
Мутафаккир Туркистон генерал-губернаторига бир неча бор мурожаат қилишларига қарамай, рус ҳукумати замонавий дорилфунун очишга рухсат бермаган. 1917 йил баҳорида мухторият тузиш учун бошланган ҳаракатлар негизида илғор олий ўқув юрти ташкил қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди. 1917 йил 8–10 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон мусулмонларининг II қурултойида дорилфунун ташкил этиш масаласи кун тартибига қўйилган.
Туркистон мусулмон халқ дорилфунини 1918 йил 31 май куни очилган. Мунаввар қори Абдурашидхонов, Муродхўжа домла ва Бурҳон Ҳабиб дорилфунуннинг дастурини ишлаб чиққанлар. Унда мусулмонларнинг ўзлари ушбу ўқув юрти ўлкада ўқитувчилар етишмаслиги ва уларга бўлган талаб жуда ҳам юқорилиги учун очилгани, ўқиш беш йилга мўлжалланиб, шундан бир йили тайёрлов босқичи, қолган тўрт йили асосий босқичларга ажратилганини қайд қилганлар.
Дорилфунунда турк, татар, озарбойжон зиёлилари ҳам дарс беришган, буни тантанали очилиш маросимида Абдулсами қори эътироф этиб, “турк ва шимоллик қардошларига миннатдорчилик” билдирган. Бундан ташқари Абдурауф Фитрат ва Мунаввар қори Абдурашидхонов она тили ва адабиёт, Камол Шамсий арифметика ва география, Ҳайдар Шавқий гигиена, гимнастика ва немис тили, Абдулла Раҳимбоев арифметика, Абдураҳмон Исмоилов санъат, Муҳаммадамин Афандизода жўғрофия ва элшунослик, Иброҳим Исмоилов дидактика ва табиатшуносликдан дарс берганлар.
1918 йил 31 майдан бошлаб Туркистон мусулмон халқ дорилфунунининг нашри сифатида ва Мухтор Бакир муҳаррирлигида Тошкентда “Халқ дорилфунуни” газетаси чоп этила бошлаган. Мухтор Бакир, шунингдек, Туркистон мусулмон халқ дорилфунунининг Самарқанд бўлимини очиш ишларига бошчилик қилган. Қисқа вақт ичида дорилфунуннинг Самарқанд бўлими очилиб, Маҳмудхўжа Беҳбудий раис, Ҳожи Муин, Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий, Шокир Мухтор аъзо бўлганлар. Бироқ совет ҳукумати Туркистон мусулмон халқ дорилфунуни фаолиятига йўл бермайди. Беш йиллик ўқув дастурига мўлжалланган дорилфунун олдинига тўрт ойлик ўқувга айлантирилади, 1918 йилнинг сентябрь ўрталарига келиб эса бутунлай тугатилади. Оқибатда, дорилфунуннинг Самарқанд бўлими фаолияти ҳам тўхтаб қолган.
Янги мактабларнинг моддий таъминоти, истеъдодли ёшларни хорижга юбориш учун ширкатлар, хайрия жамиятлари, матбаа-нашриётлар ташкил қилиш зарурати туғилиб, ушбу ишда ҳам Мунаввар қори Абдурашидхонов биринчилардан бўлганди. У тошкентлик бойлар Саидкаримбой Саидазимбой ўғли, Комилбек Норбеков ва Каримбек Норбеков кабилар ҳомийлигида 1909 йил 15 июлда мақсади “ўзбек халқининг билим билан оқартириш, етим, етима ёки ота-онаси йўқсил бўлған болаларни ўқиттиришдан иборат бўлган” “Жамияти имдодия”ни (“Ёрдам”) тузади. Унинг 41 банддан иборат низоми ҳам тасдиқланади.
Жамиятга Саидкаримбой Саидазимбой ўғли раис, Мунаввар қори раис ўринбосари этиб тайинланган. Башируллахон Асадуллохўжа ўғли, Абдулла Авлоний, Низом қори мулла Ҳусайн ўғли ва Тошхўжа ҳожи Туёқбой ўғли жамият аъзолари бўлган.
Ушбу жамият ҳомийлигида Абдулҳай Тожий, Мирмуҳсин Шермуҳаммедов, Лутфулла Олимий, Файзулла Усмонов Уфадаги Олия мадрасасида ўқишни давом эттирган бўлсалар, кейинчалик Кавказ, Усмонлилар давлати, Миср дорилфунунларига юборилган.
Мунаввар қори Абдурашидхонов ва Абдулла Авлоний 1913 йили “Жамияти имдодия” негизида тошкентлик жадидлар ва бойлар билан биргаликда “Турон” жамиятига асос солади ва 75 моддадан иборат низомини қабул қиладилар. 1913 йил охирларига келиб аъзолари сони 44 кишига етган жамиятнинг “Турон” театр гуруҳи, “Турон” кутубхонаси ва қироатхонаси, “Турон кутубхонаси” нашриёти ва “Турон” газетаси бор эди.
1916 йил охирларида Мунаввар қорининг ташаббуси билан иқтидорли ёшларни чет эл дорилфунунларига юбориш, Туркистонда келгусида очилажак доирлфунун учун мутахассислар тайёрлаш мақсадидаги “Муаллимлар жамияти”ига асос солинади. Йиғилганларнинг 45 таси жамият ривожи учун пул йиғиб, жамият ташаббускорига топширганлар. Бу маблағ “Муаллимлар жамияти” эҳтиёжларига ҳамда иқтидорли ёшларни чет эл олий ўқув юртларида ўқитишга сарф этилиши таъкидланган. Тошкент бойларидан Мулла Тоҳиржон Шокиржон ўғли “олий мактаб” қуриб беришни ваъда қилган.
1917 йил февралида Россия империяси марказида юз берган сиёсий ўзгаришлардан сўнг Туркистон тараққийпарварлари миллий давлатчиликни тиклаш учун жиддий ҳаракат бошлаб юборади. Мунаввар қори 1917 йил 16–23 апрель кунлари бўлиб ўтган Умумтуркистон мусулмонлари қурултойининг ўтказилишига бош бўлган. Айнан ушбу йиғинда Туркистонга мухторият бериш масаласи илк бор кўтариб чиқилган эди. Қурултой қарорини тайёрлашда Мунаввар қори Абдурашидхонов етакчилигида Аҳмад Заки Валидий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Шоислом Шоаҳмедов, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Убайдулла Хўжаев қатнашади.
1917 йил ёзида Тошкент шаҳрида Мунаввар қори бошчилигидаги тараққийпарварлар ва турк зобитлари “Иттиҳоди тараққийпарвар” ташкилотини тузади. Турк зобити Усмонбек ушбу ташкилот раиси этиб тайинланган. “Иттиҳоди тараққийпарвар” большевикларнинг мустамлакачилик сиёсатини танқид қилиш, ёшларни сиёсий фаоллаштириш ва мактаб ишларини ислоҳ қилиш билан машғул бўлган. Ташкилот тузилган пайтда аъзолар сони 50 тадан ошмаган. Жамият маблағи унинг аъзолари ўз ихтиёри билан берадиган бадаллардан иборат бўлиб, ҳар бир кишининг моддий имкониятига қараб, 100 сўмдан 250 сўмгача қилиб белгиланган. Жамиятга аъзо бўлувчилар тараққийпарварлик мафкурасига эга бўлиш, жамият марказининг ҳар қандай буйруқларига итоат қилишга ваъда бериб, Қуръон ва қуролни ушлаб қасамёд қилиши шарт эди. Жамиятнинг олдида турган асосий вазифалар сифатида ёшларни аъзоликка жалб қилиш, мутаассиб руҳонийлар билан кураш олиб бориш, мактаб ишларини тартибга солиш, турк зобитларига ёрдам бериш ва уларни мактабларга ишга жойлаштириш кўзланган. “Иттиҳоди тараққийпарвар” жамияти раиси Усмонбек афанди Туркистонда мустаҳкамланиб олиш ва аъзолар сонини кўпайтириш мақсадида Маҳмудхўжа Беҳбудийга Самарқандда, Мирзоҳидга Фарғонада, қозоқ газетасининг муҳарририга Еттисувда унинг бўлимларини очишни топширган.
1920 йил 2 сентябрда Бухорода амирлик тузуми ағдарилиб, БХСР (Бухоро Халқ Совет Республикаси) ҳукумати ўрнатилгандан сўнг, Файзулла Хўжаев Бухоро ҳукумати фаолиятини яхшилаш мақсадида Мунаввар қори Абдурашидхонов, Саид Аҳрорий, Абдулҳамид Чўлпон, Маннон Уйғур, Абдураҳмон Исмоилзода ва Ғулом Зафарий каби зиёлиларни Бухорога таклиф қилиб, уларга вақф ва миллий маданиятни тиклаш ишларини юклаган.
Файзулла Хўжаевнинг Мунаввар қори Абдурашидхоновга айнан вақф масалалари билан шуғулланишни ишонгани бежиз эмасди. Негаки у Бухорога келгунга қадар Тошкентнинг Маориф халқ комиссарлиги қошидаги Вақф ишлари бўлими мудири вазифасида ишлаган, демак, бу борада катта тажрибага эга эди.
Бухоро ҳукуматида иш бошлаган Мунаввар қори “Миллий иттиҳод” ташкилотининг марказини ҳам Бухорога кўчирган эди. Бухоро бўлимидан Тошкентга юборилган Ориф Каримий, Юсуфбек Қурбонов ва Рустам Ниёзбековлар унинг чет давлатлар билан алоқа ўрнатиш мақсадида ёзилган махфий хатини олиб, Кошғарга жўнайдилар. У ерда Англия ва Япония вакилларига Бухоро ва Хоразм Халқ Совет Республикалари ҳамда Туркистон АССР ҳукуматлари номидан ёзилган хатни топшириш тайинланган эди. Аммо Олмаотага яқин жойда улар қўлга олинади ва Ориф Каримий махфий хатни БСБ ходимларига бериб, “Миллий иттиҳод” ташкилотининг хорижий давлатлар билан алоқа ўрнатмоқчилигини айтган. Тошкентда ўтказилган судда Ориф Каримий отувга, Юсуфбек Қурбонов ва Ниёзбеков Рустам турли муддат билан қамоқ жазосига ҳукм этилади. Бу жараёнга алоқадорликда гумон қилинган, 1921 йил февралида Бухородан Тошкентга қайтган Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳам шу йилнинг 30 мартидан 1 декабригача ҳибсда сақланган.
Аллома озодликка чиққач, узоқ муддат иқтисодий қийинчиликларга дуч келган. Бир муддат пайпоқ ва қўлқоплар тўқиб сотиб, рўзғор тебратгач, Назир Тўрақулов ва Турор Рисқулов ёрдами билан Москвадаги билим юртида ўқитувчилик қилишни бошлаган. Бироқ номаълум сабабга кўра тез орада Тошкентга қайтган.
У Тошкентдаги афғон элчиси Ғолиббек Жайлонхонга иқтисодий шароитини тушунтириб, Афғонистонга юборса, у ерда янгича мактаб очиб, болаларга янги усулда таълим беришини айтади. Элчи Афғонистонда бундай мактабларга эҳтиёж юқорилигини тасдиқлаб, таклифни мамнуният билан қабул қилган. Аммо Бачайи Сақо бошчилигида Афғонистонда содир бўлган воқеалардан сўнг мутафаккир у ерга бориш фикридан қайтган.
Мунаввар қори Абдурашидхонов матбуотчилик билан шуғулланган бўлиб, бу соҳасидаги илк фаолияти 1906 йили И.Гейер муҳаррирлигидаги “Тараққий Ўрта Осиё умргузорлиги” газетасида бошланган. Унинг “Никоҳ тўғрисида” ва бошқа мақолалари чоп этилган ушбу газета Туркистон генерал-губернаторлиги буюртмаси асосида чиққан бўлиб, 17 та сони чиққач тўхтаб қолган. Шундан сўнг, Мунаввар қори миллий матбуотга асос солишга қарор қилади. Газета таъсисчисининг талабларидан бири рус тилини билиш бўлгани учун янги ташкил этаётган “Тараққий” газетасига рус тилини яхши эгаллаган Исмоил Обидийни муҳаррирликка таклиф қилади.
Биринчи сони 1906 йил 27 июнда Тошкентда дунё юзини кўрган “Тараққий” илмий, адабий, сиёсий, фаний, тижорий газета бўлиб, шиори: “Нажот: маслакда сабот, тўғриликда ижобат” эди. Унда миллий, ижтимоий-сиёсий, маданий, иқтисодий масалалар кўтарилиб, обуначиларни “мамлакат хабарлари”, “хорижий хабарлар”, “телеграф хабарлари”, “Тошкент ахбори” рукнлари остида янгиликлардан хабардор қилиб борган.
“Тараққий” газетасининг бош ғояси мустамлакачиликдан озод бўлиш, бош мақсади миллатни тараққий эттириш эди. Бу эса, ўз навбатида, Россия империясининг Туркистондаги мустамлакачилик сиёсатига зид бўлиб, тез орада унинг фаолиятига чек қўйилган. Мунаввар қори Абдурашидхонов босқинчи ҳукуматнинг қаршилиги олдида таслим бўлмаган. Қисқа муддатдан сўнг “Хуршид” газетасига асос солган. Абдулла Авлоний сўзлари билан айтганда, “Хуршид” газетаси 1906 йили “Тараққий” тўхтолғондан кейин ўша вақтнинг ёшлари томонидан тузилган бир ширкатнинг моддий кўмаги, Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг масъул муҳаррирлиги орқасида тош босма усул билан чиқа бошлади”.
“Хуршид” ҳафтада бир марта нашр этилган. Бу газета ҳам таъқиб остида бўлгани учун атига икки ой давомидагина фаолият олиб борган. Россия империяси ҳукумати махсус ёллаган айғоқчилари орқали 1906 йили Абдулла Авлоний муҳаррирлигида чиққан “Шуҳрат” ва 1907 йили Саидкаримбой Саидазимбой муҳаррирлигида чиққан “Тужжор” газеталарига ҳам Мунаввар қори зимдан раҳбарлик қилган, деган хулосага келган.
1917 йил февраль воқеаларидан кейин сиёсий жараёнларда фаол иштирок этган Мунаввар қори Абдурашидхонов “Нажот” газетасига асос солади. Газетанинг шиори: “Мусовот, Ҳуррият, Адолат” бўлиб, ҳафтада икки марта чоп этилган. Туркистон мухториятини тайёрлашда муҳим вазифани бажарган “Кенгаш” газетаси 1917 йил 25 июндан чиқа бошлаган. Унинг дастлабки 7 та сонига Аҳмад Заки Валидий, сўнгра Мунаввар қори муҳаррирлик қилган.
1906–1917-йиллари турли газеталарга асос солиб, уларнинг фаолиятини таъминлашга ҳаракат қилган, мустамлакачиликка қарши кураш ғояларини тарғиб қилган Мунаввар қори доимо таъқибга учраган ва унинг муҳаррирлигида чиққан газеталар тақиқланган. Кейинги йиллари матбуотчилик билан шуғулланмаса-да, “Иштирокиюн”, “Қизил байроқ”, “Туркистон”, “Қизил Ўзбекистон” газеталари ва “Ҳақиқат” журналида чиқишлар қилиб турган.
1929 йил 6 ноябрда Мунаввар қори Абдурашидхонов бошчилигида 38 киши “Миллий Иттиҳод” ва “Миллий Истиқлол” ташкилотларининг аъзолари сифатида қамоққа олинади. Орадан кўп ўтмай, қамоққа олинганлар миқдори 87 кишига етган. Тергов жараёни кейинчалик Москвага кўчирилган. Бу ҳолат совет режимининг ўзбек зиёлилари “миллатчилиги”ни фош қилишга жон-жаҳди билан киришганидан далолат беради, албатта. 1931 йил 23 апрелда Москвада бўлиб ўтган суд мажлисида “Миллий Истиқлол” аъзоларидан Мунаввар қори ва унинг 14 сафдоши отишга, яна 70 киши узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ўлим жазоси ўша куни Москвада ижро этилган.
Мунаввар қори Абдурашидхонов 23 ёшидаёқ Туркистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга шаҳдам кириб бориб, тез орада ўз атрофида тараққийпарварларни жипслаштира олган, мактаблар, хайрия жамиятлари очиб, сиёсий ташкилотлар тузган, миллий матбуотга асос солган, Туркистон Мухторияти асосчиларидан бўлган. Ўзининг мустамлакачилик сиёсатини мустаҳкамлаш, уни қўлдан чиқармаслик учун ҳар қандай жиноят ва жирканчликка қўл урган Россия империяси бундай билимли, ботир, ақлли, ёрқин шахслардан доимо қўрқиб келган ҳамда мутафаккирни руҳан ва жисмонан йўқ қилишга киришган. “Буюк турончилик” ғоясини илгари сурган, миллат тараққиёти ва озодлиги йўлида тинимсиз ҳаракат қилган, империя босқинчи-босмачиларининг турли тазйиқлари, босимлари ва таъқибларидан қўрқмаган, Ватан озодлиги йўлидаги ўз маслагидан воз кечмаган, эндигина 51 ёшни қаршилаган Мунаввар қори Абдурашидхонов шу тариқа йўқ қилинган.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
тарих фанлари доктори,
Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари
Тарих
Тарих
Адабиёт
Мафкура
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ