«Бир рублдан 2 тийин соф фойда». Самарқанддаги Рус империяси банклари тарихига назар


Сақлаш
16:56 / 21.04.2025 15 0

 

ХХ аср бошларида Туркистон генерал-губернаторлигининг Самарқанд вилояти ички ва ташқи истеъмол учун буғдой ва мева ишлаб чиқарувчи ҳудуд ҳисобланган. Вилоятнинг маъмурий маркази – Самарқанд шаҳрида қарийб 90 минг киши истиқомат қилган.

 

«Мева, чой, пахта, мануфактура – булар маҳаллий банклар эътибор қаратиши керак бўлган маҳсулотлардир», деб ёзган эди Рус-Осиё банки инспектори 1916 йилда. Бу вақтда маҳаллий виночилик ҳам тез ривожланади. Самарқандда бир нечта вино ишлаб чиқарувчи компаниялар ишлаган: Филатов, Шмидт, Гладишев, Шустов, Агриев, Алишоев кабилар. Фарғона водийсидаги каби Самарқандда ҳам пахта етиштириш ривожланмаганди. 1916 йил вилоятда пахта майдонига ажратилган ер атиги 70 минг гектарни ташкил этган (вилоятнинг умумий экин майдонининг 6,78 фоизи). Буғдой ва жавдар экин майдонларининг 59,04 фоизини, гуруч 11,45, узум эса 1,31 фоизини ташкил қилган. Саноат суст ривожланган. Самарқандда 8 та пахта тозалаш заводи, 3 та ёғ-мой заводи ишлаган.

 

Самарқанд иқтисодий туманининг аграр хусусиятига қарамай, 1916 йилга келиб бу ерда Россия империясининг Давлат, Азов-Дон, Волга-Кама, Москва бухгалтерия ҳисоби, Сибир савдоси, Бирлашган ва Рус-Осиё банклари каби етакчи банкларининг еттита филиали мавжуд эди. Актив ва пассив операциялар бўйича Рус-Осиё банки филиали биринчи ўринда турарди. «Пассив операциялар нуқтаи назаридан, Бирлашган Банк бошқаларга қараганда муваффақиятли ишламоқда, чунки унинг филиали бозорда жойлашган», дея ёзганди Рус-Осиё банки инспектори.

 

Давлат банкининг Самарқанд филиали фаолияти тарихи

 

Давлат банкининг Самарқанд филиали 1890 йилда очилган. Банк асосан кичик кредитлар берган, йирик кредитлар чой, пахта, шакар ва тўқимачилик маҳсулотларини сотувчи фирмалар ва савдо уйларига ажратилган. 1897-1904 йилларда Давлат банкининг Самарқанд филиали ҳар йили 22 -51 минг рублгача соф фойда олган. Векселларни ҳисобга олиш ва кредит бериш 8 кишидан иборат қўмитанинг розилиги билан амалга оширилган. 1909 йилда банк қўмитасида тўртта рус миллати вакили: Д. Филатов, П. Игнатиев, С. Гладишев ва И. Курансев бор эди. Маҳаллий аҳоли вакиллари иккита бўлган: Мавлонбой Тошмуҳаммадов ва Хўжа Латиф уста Ҳасанов. Қолган икки аъзо яҳудийлар Д. Калантаров ва Й. Муллакандов эди.

 

1905 йилда йирик кредитлар қуйидагича тақсимланган: чой фирмаси эгаси Ризаевларга 100 минг рубль, Муллақандовларга 80 минг рубль, Бауэр савдо уйига 60 минг рубль, Калантаровларга 60 минг рубль (шакар ва мануфактура), Ҳусайнбековга 50 минг рубль (пудрат) ва Вогау фирмасига 40 минг рубль (пиво заводи) берилган. Бошқа барча кредитлар умумий миқдори 40 минг рублдан кам эди. Давлат банкининг Самарқанд бўлими кредитларининг деярли ярми асосан маҳаллий яҳудийларига тегишли бўлган.

 

Давлат банкининг Самарқанд филиалининг соф даромадлари (минг рублда):

 

Йиллар

  • Умумий даромад

Соф фойда

1901

  • 75

42

1902

  • 75

36

1903

  • 75

38

1904

  • 85

24

1905

  • 108

57

1906

  • 161

115

1907

  • 195

132

1908

  • 202

33

1909

  • 161

51

1910

  • 150

20

1911

  • 180

91

1912

  • 231

170

1913

  • 232

141

1914

  • 291

144

1915

  • 293

184

 

Рус-Осиё банкининг Самарқанд филиали тарихи

 

Рус-Осиё банкининг Самарқанд филиали 1895 йилда ташкил этилган. 1900 йилдан Туркистондаги таниқли тадбиркор Л. Н. Бауэр унинг раҳбари этиб тайинланган. Рус-Осиё банкининг Самарқанд филиали мижозлари асосан чой, пахта, мануфактура, мева ва пилла билан савдо қилувчилар, шунингдек, вино ишлаб чиқарувчилар эди. Самарқанд ва бутун Туркистонда йирик чой савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор Ризаевлар савдо уйи ҳисобланган. 1913 йилда ушбу оила банкрот бўлган.

 

Рус-Осиё банкининг Самарқанд филиалининг даромадлари (рублда):

 

Йиллар

Соф фойда/зарар

1910

+10.976

1911

+44.616

1912

+5.083

1913

-36.904

1914

-92.842

1915

+39.233

1916

+147.206

 

Рус-Осиё банкининг Самарқанд филиали бутун давр мобайнида атиги 8,826 рубль ёки йилига ўртача 1,308 рубль соф фойда кўрган. «Бошқача қилиб айтганда, биз тиккан ҳар бир рублдан 2 тийин ҳам соф фойда ололмадик», деб ёзган эди 1916 йилда ушбу банк аудитори.

 

1916 йилда банк фойдасининг кескин ўсиши банкнинг бозордаги шакар билан спекуляцияси, мижозлар томонидан банкка эски қарзлар тўланиши ҳамда депозитларнинг кўпайиши билан изоҳланади. Банкнинг келажагини аудиторлар 1916 йилда унчалик ёрқин кўрмаган. Тафтишчилар, банкнинг Самарқанд филиали келажакда ўз операцияларини фақат Самарқанд вилояти саноатлашган тақдирдагина ривожлантириши мумкин деб ҳисоблаган.

 

Азов-Дон банкининг Самарқанд бўлими тарихидан

 

Азов-Дон банкининг Самарқанд бўлими 1911 йилда ташкил этилган. У асосан пахта фирмалари ва маҳаллий савдогарларни молиялаштирган. Банкнинг энг йирик мижозлари яҳудий ака-ука Боруховлар савдо уйи ва Иссахаровлар савдо уйи бўлиб, улар 1911-1913 йилларда Туркистонни қамраб олган оғир иқтисодий инқироздан сўнг 1913 йилда банкрот бўлган.

 

Бухорода 55 минг рубллик Иссахаровларнинг мулки Азов-дон банкининг Самарқанд филиалида гаровда эди. 1915 йилда Иссахаровларнинг Бухородаги мол-мулки 37.100 рублга сотилди ва банклар ўртасида тақсимланди. Боруховлар ҳам 1913 йилда Туркистон бўйлаб 199.437 рубль қийматидаги мол-мулкини Азов-дон банкига гаровга қўйган.

 

Банк 1914 йилни 88.937 рубль зарар билан ёпади. Зарарнинг асосий сабаби 40.926 рубль миқдоридаги векселлар қайтарилмаганлиги ва 63.441 рублли ишончсиз қарзлар эди. 1915 йилда банк ўзини ўнглайди ва филиал 11.468 рубль миқдорида соф фойда олади.

 

Волга-Кама банкининг Самарқанд бўлими 

 

Волга-Кама банкининг Самарқанд бўлими 1910 йил августида очилади. Филиал асосан вексель операциялар ва пул ўтказмалари билан шуғулланган. Самарқанд филиалининг мижозлари асосан пахта, мева экспортчилари, шакар ва мануфактура импортчилари бўлган. Банкнинг йирик мижозлари қуйидаги савдо уйлари эди: Хошмагометбоев, ака-ука Борухов ва Исахаровлар, Фузайловлар, ака-ука Калонтаровлар, Муллоқандовлар ва Тагиевлар.

 

Волга-Кама банкининг Самарқанд бўлимининг даромадлари (рублда)

 

Йиллар

Умумий даромад

Соф фойда/зарар

1911

129.240 р. 92 к.

+3.800

1912

305.035 р. 16 к.

+55.998

1913

310.026 р. 07 к.

+69.681

1914

161. 591 р. 23 к.

193.707

1915

107.831 р. 11 к.

15.022

1916

174.430 р. 35 к.

+56.519

 

1911-1913 йиллардаги иқтисодий инқироз ва Биринчи жаҳон уруши Волга-Кама банкининг Самарқанд филиали фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. 1913 йилда ака-ука Боруховлар ва Исахаровлар савдо уйи банкрот бўлиши оқибатида банк катта миқдордаги пулни йўқотади. Биринчи жаҳон уруши давридаги спекуляция ҳам бўлим фаолиятига салбий таъсир қилади.

 

1917 йилга келиб, Октябрь тўнтаришдан сўнг Самарқанддаги барча тижорат банклари давлат фойдасига мусодара қилинади.

 

Айтиб ўтиш лозимки, ҳозирги кунда Самарқандда муҳташам Рус-Осиё банки тарихий биноси сақланиб қолган ва бугун унда Самарқанд Давлат университети ректорати жойлашган. Бу ва бошқа банклар тарихий биноларини махсус тарихий фондга киритиш ва туристик маршрутларга қўшиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Бахтиёр Алимжанов,

Тарих фанлари номзоди

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17671
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//