
Иккинчи жаҳон уруши совет империяси таркибида бўлган Ўзбекистон ССР халқини ҳам оғир синовларни бошдан кечиришга мажбур қилди. Уруш йилларида ўзбеклар аскар беришдан ташқари, фронт эҳтиёжларини қоплаш учун жуда машаққатли ва заҳматли меҳнатга сафарбар этилди. Совет ҳокимияти томонидан Ўзбекистон ССРни асосий хомашё манбаига айлантириш сиёсати республиканинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётини танг аҳволга солиб қўйди. Барча имкониятларнинг уруш эҳтиёжи учун йўналтирилиши ижтимоий соҳаларни жуда оғир аҳволга туширди. Айниқса таълим сифатининг кескин қулашига ва соҳа ходимлари ижтимоий таъминотининг оғир ҳолатига олиб келди.
Таълимга оид қонунлар қабул қилинган бўлишига қарамай, уларнинг ижроси, ҳаётга татбиқ этилишида муаммолар кўп эди. Бунга қуйидаги омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин:
− ўқитувчиларнинг армия сафларига жалб этилиши таълим тизимини издан чиқарди. Шунингдек, ўқитувчилар бошқа ишлар (пахта терими, ташвиқот ишлари)га жалб қилинди;
− мактаб бинолари эвакуация қилинган ҳарбий қисмларга, болалар уйларига берилди. Дарсларнинг кунига 3-4 сменада олиб борилиши вазиятни янада мураккаблаштирди;
− юқори синф ўқувчиларнинг кўп қисми завод ва корхоналарга меҳнатга жалб этилди. Натижада ўқувчилар сони йилдан йилга камайиб борди;
− армия сафларига кетган эркак ўқитувчиларнинг ўрнини босиш мақсадида кадрлар етиштиришда қисқа ўқув курслар ташкил этилди. Қилинган бу чора-тадбирлар педагогик кадрларни таъминлашга қаратилган бўлса-да, бироқ таълим тизимининг сифатига жиддий таъсир қилди;
− таълим тизимига етарлича маблағ ажратилмади, ўқитувчиларнинг моддий таъминоти оғир аҳволда қолди.
Урушнинг биринчи кунларидаёқ Ўзбекистондан 6 мингга яқин ўқитувчилар армия сафларига мажбурий тарзда жалб этилган. Натижада ўқитувчилар орасида аёлларнинг улуши сезиларли даражада ошган. 1941 йилда Ўзбекистонда 35296 нафар (шундан аёллар умумий ўқитувчилар сонининг атиги 31,7 фоизини ташкил қилган), 1942-1943-ўқув йилида эса ўқитувчилар сони кескин камайиб, 30259 нафарга тушиб қолган. Уруш йилларидаги ўқитувчилар сони қуйидагича эди.
1-жадвал
|
1941 |
1942 |
1943 |
1944 |
Жами ўқитувчилар |
35296 |
33960 |
30259 |
37786 |
Шундан аёллар |
11215 |
9099 |
14052 |
19669 |
1942 йилда аёл ўқитувчиларнинг сони камайган. Буни уларнинг касалхоналар ҳамда бошқа ишларга жалб этилгани билан изоҳлаш мумкин. Урушнинг дастлабки йилларида ярадорлар сонининг ошиши ҳисобига тиббиёт ходимларига бўлган талаб ортиб борган. 1943 йилдан бошлаб эса ўқитувчилар ўз соҳаларига қайтиб, таълим беришни давом эттирганлар.
1941–1944-йилларда ўқитувчиларнинг миллий таркиби қуйидагича бўлган.
2-жадвал
Йиллар |
Жами ўқитувчилар |
Ўзбеклар |
Бошқа халқлар |
Рус ва бошқа Европа вакиллари |
|||
Жами |
Шу жумладан аёллар |
Жами |
Шу жумладан аёллар |
Жами |
Шу жумладан аёллар |
||
1941 |
35296 |
19869 |
5429 |
4138 |
717 |
11289 |
5069 |
Фоизларда |
56,3 % |
15,4 % |
11,7 % |
2 % |
32 % |
14,3 % |
|
1944 |
37786 |
14830 |
8422 |
5021 |
2581 |
17935 |
8666 |
Фоизларда |
39,2 % |
22,3 % |
13,3 % |
6.8 % |
47,4 % |
22,9 % |
Жадвалга кўра, 1941–1944-йиллар оралиғида ўзбек миллатига мансуб бўлган ўқитувчилар 56,3 % дан 39,2 % га камайган, бошқа халқлар (тожик, қозоқ, қирғиз ва бошқалар) 1,6 % га, рус ва бошқа Европа вакиллари эса (татарлар ҳам кирган) 15,4 % га ошган. 1944 йилда бошқа миллатга мансуб бўлган ўқитувчилар ўзбек ўқитувчилари сонидан 8,2 % ортиқ эди. Бу республикага халқларнинг кўчирилгани ҳисобига юз берди.
Таълим тизимининг энг оғриқли муаммоси – фан ўқитувчиларининг етишмаслиги эди. Бу даврда ўқитувчи кадрлар тайёрлаш жиддий муаммога айланди. Шу мақсадда қисқа ўқув курслари ташкил этилди, баъзи фанлар (мусиқа ва расм чизиш) ўқув дастуридан чиқарилди. Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг етишмовчилигини қоплаш учун олий ва ўрта педагогика ўқув юртларида қисқа тайёрлов курслар орқали ўқитувчиларни оммавий тайёрлаш бошланди. Ҳар бир вилоятда кундузги ва кечки ўқув курслари очилган. Масалан, Андижон кундузги ва кечки ўқитувчилар институти 1941-1942-ўқув йилида 17 ёшдан 40 ёшгача бўлганларни қабул қилган. Қабул қилинган аълочилар стипендия, бошқа жойдан келадиганлар турар-жой билан таъминланган. Ўқитувчи тайёрлаш курслари 10 ойга мўлжалланган бўлишига қарамай, кунлик дарс соатларини кўпайтириш эвазига (машғулот 6 соат ўрнига 8–10-соатдан давом этган) 10 ойдан 6 ойу 4 кунга туширилган. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди: биринчидан, ўқитувчи кадрларга бўлган заруриятнинг ортгани; иккинчидан, маблағнинг камлиги; учинчидан, ўқувчиларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъмин этилмаслиги.
Баъзи вилоятларда эса ўқитувчи кадрларнинг етишмаслиги натижасида колхозларнинг ташаббуси билан маблағ ажратилиб, ёшларни ўқув курсларига юбориш ҳолатлари учраб турган. Мисол учун, Бухоро вилоят Отбозор қишлоқ совети колхоздаги мактабни ўқитувчилар билан таъминлаш учун ёш колхозчилардан Мустафоев, Муҳаррам Ғофурова ва бошқаларни Бухоро билим юртига ўқишга юборади. Ҳар бир ўқувчи учун 1800 сўмдан моддий ёрдам ажратган.
1941–1944-йилларда бундай курсларда 16081 нафар (йиллар кесимида 1941 йилда 3865 та, 1942 йилда 7356 та, 1943 йилда 4860 та, 1944 йил умумий ҳисобда эса 16081 нафар) педагог кадрлар тайёрланган. Шунга қарамай, республика мактаблари 1943-1944-ўқув йилини 6700 нафар ўқитувчи етишмаслиги билан бошлади. Натижада ўқитувчи тайёрлашга киришган мактабларнинг 8–10-синфларига педагогика фани киритилган, педагогик тайёргарликдан ўтган 8-синф ўқувчилари бошланғич мактабларнинг 2-синфларига, 9-10-синф ўқувчилари эса 3-синфларига ўқитувчилик қилишган.
Ҳарбий хизматга яроқли ўқитувчиларнинг фронтга, меҳнат ишларига жалб этилиши, мактабларда дарсларнинг ўтилмай қолишига сабаб бўлган. Расм ва чиройли ёзув ўқитувчиси Тошканбоевнинг Фарҳод ГЕСи қурилишига жалб этилиши билан кўп дарси ўтилмай келинган. Шунингдек, архивларда ўқитувчиларнинг ўз касблари билан шуғулланишлари учун мурожаатлари ҳам сақланиб қолган. Ўқитувчи Ҳилол Каримов 1943 йилда Ўзбекистон ССР ХКС раиси – Абдураҳмоновга қуйидаги мазмунда ариза билан мурожаат қилади: “1941 йил 25 июлда фашист Германиясига қарши армияга ёрдам бериш учун Свердлов шаҳридаги 680-қурилиш жамоасида ишламоқдаман, келганимга 2 йил бўлди. Сиздан талабим шуки, 1942 йил 30 июлда 14088-сонли чиқарилган қарорга асосан ўқитувчиларни, яъни заводда ишчи хизматида бўлганларни бўшатиб, ўз вазифалари билан таъминлансин дейилган. Биз бу ердаги ўзбек ўқитувчлари бир қанча қийинчиликлар асосида олган илмимизга ачиниб, ер қазиш ишида ишлаб келамиз. Талабим шуки, биз Ҳилол Каримов, Абдуқодир Ҳайитметов каби ўқитувчиларни ўз ихтиёрларингизга чақириб олсаларингиз, биз Ўзбекистонда ўз вазифамизда ишласак”.
Юқоридаги омиллар натижасида бир синфда икки йил қолиш ҳолати ортиб борган. 1941-1942-ўқув йилида бир синфда икки йил қолган ўқувчилар 7,3 % ни, 1944-1945-ўқув йилида эса 14,4 % ташкил этган.
Совет ўқитувчисидан фақат болалар тарбиячисигина бўлиб қолмасдан, қишлоқларда катта маданий куч, ташвиқотчи, колхозчиларни янада яхшироқ ва самаралироқ ишлашга илҳомлантирувчи, ҳар бир ишда шахсан наъмуна кўрсатувчи, далаларда мактаб болаларининг самарали меҳнатини ташкил эта оладиган шахс сифатида намоён бўлши талаб этилган. Аёл ўқитувчилар мактаб ишларидан ташқари ўз ўқувчилари билан биргаликда қишлоқ хўжалик ишларида, мудофаа фондларига маблағ тўплаш, шанбалик ва якшанбаликларни уюштириш, аскарлар ва ленинградликларнинг болалари учун совға-саломлар тайёрлаш, рангли металл ва темир-терсаклар тўплаш, госпиталларни оталиққа олиш ва бошқа ишларда фаол қатнашишга мажбур қилинган. Бу вақтда таълим иккинчи даражага тушиб, ўқитувчиларнинг асосий вазифаси мудофаа ва хўжалик ишларида фаол иштирок этишдан иборат бўлган.
Ўзбекистон ССР Маориф халқ комиссарлигининг 1941 йил 19 июлдаги “Уруш шароитида шаҳар мактаблари ўқувчилари ва ўқитувчиларининг иши тўғрисида”ги қарорига кўра, барча ўқитувчиларнинг (биринчи навбатда, тарих, конституция, география, тил ва адабиёт ўқитувчиларини) аҳоли ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориши белгиланган эди. Бундан кўзланган мақсад аҳоли орасида фашизмга нисбатан нафрат уйғотиш, Москва томонидан қабул қилинган қарорларни ёйиш ва сиёсий воқеалардан хабардор қилиш бўлган.
Баъзи туман партия қўмиталари халқ маорифи муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам бериш ўрнига ўқитувчиларни қишлоқ советларига ҳамда колхозларга доимий равишда боғлаб қўйганлар. Шунингдек, маориф кадрларининг бошқа ишга жалб этилиши оқибатида қўнимсизлик кўп бўлган. 1944-1945-ўқув йили давомида вилоят, шаҳар ва туман маориф бўлимларининг 179 мудиридан 49 киши, 849 ўрта мактаб мудиридан 166 таси алмаштирилган.
Мактаб бинолари республикага кўчириб келтирилган ҳарбий корхоналар, госпиталлар, ишчиларга ётоқхона ва уруш билан боғлиқ бўлган бошқа мақсадлар учун фойдаланишга топширилган. 1941-1942-йилларда урушдан олдин қурилган 360 та шаҳар (бошқа адабиётда 200 дан ортиқ деб кўрсатилган) мактаб биноларининг бошқа мақсадларда фойдаланилиши туфайли республикада мактаблар сони камайиб кетган: (3–4-жадвалда йиллар кесимида мактаблар ва синфлар сони берилган).
3-жадвал
Мактаблар сони
Мактаб босқичлари |
1940/41 |
1941/42 |
1942/43 |
1943/44 |
Бошланғич |
2651 |
2470 |
2052 |
1873 |
Тўлиқсиз ўрта |
1670 |
1679 |
1773 |
1827 |
Ўрта |
474 |
496 |
545 |
733 |
Жами |
4795 |
4645 |
4374 |
4433 |
4-жадвал
Синфлар миқдори
Ўқув йили |
1–4-синф |
5–7-синф |
8–10-синф |
Жами |
1940/41 |
288668 |
10279 |
1392 |
40339 |
1941/42 |
25979 |
11268 |
1385 |
38632 |
1942/43 |
23089 |
10966 |
1232 |
35287 |
1943/44 |
21355 |
12082 |
1671 |
35108 |
Юқоридаги жадваллардан кўриниб турибдики, 1943-1944-ўқув йилида мактабларнинг умумий сони 1940-1941-ўқув йилига нисбатан мос равишда 362 мактабга, синфлар сони эса 5231 тага камайган. Натижада кўп сменали синфлар тизими вужудга келган. Тошкент, Самарқанд каби шаҳарлардаги аксарият мактаблар 3, ҳатто 4 сменада ишлаш тизимига ўтган. Таълим тизимида ҳам ўзгаришлар содир бўлиб, дарслар эрталаб соат 8 дан кечки вақтгача давом этарди. Ҳаттоки танаффуслар оралиғидаги вақтлар ҳам қисқартирилган. Бундай тартиб мактаб ва ўқувчилар ҳаётига салбий таъсир кўрсатган. Ҳар бир дарс урушга боғлаб олиб борилган. Билим юрти ва маҳаллаларда ҳар ойда икки марта урушдаги халқаро аҳволга доир маъруза ўтказилган.
Бошқа хато ва камчиликлар ҳам етарлича эди. Асосий камчилик – таълим режасининг бажарилмаганида бўлган. Юқори синф ўқувчиларини корхона ишларига жалб этиш орқали фронтга кетган малакали ишчилар ўрнини қоплаш кўзда тутилган. Болаларнинг ўқишдан ажратиб қишлоқ хўжалиги ишларига сафарбар қилинишига қарши ҳеч қандай чора кўрилмаган. Ўқув йили бошидаги ўқувчилар сони йил охирида камайиб борган. Умуман олганда 1942/43-ўқув йили охирида болаларни таълимга жалб қилиш режаси 23,4 фоизга бажарилмаган. Сабаблари эса:
биринчидан, кўпгина оилаларда ўсмир ўқувчилар етим қолган кичик фарзандларнинг бирдан-бир боқувчилари эди. Шунинг учун юқори синфларда ўқиётган йигит ва қизларнинг бир қисми мактабни ташлаб кетишга ҳамда ишлаш учун саноат корхоналарига, колхоз ва совхозларга боришга мажбур бўлдилар;
иккинчидан, дарс қолдирган ўқувчиларнинг кўпчилигида кийиш учун кийим-кечакнинг йўқлиги эди. Ўқувчилар оёқ кийимнинг йўқлиги, устки кийимларининг юпқалиги, касалланиш ва бошқа сабабларга кўра дарс қолдирганлар. Натижада мактабларда ўқувчилар сони йилдан йилга камайиб борди. Қуйидаги жадвалда синфлар кесимида ўқувчилар сонининг камайиб боришини кўриш мумкин:
5-жадвал
Ўқув йили бошидаги ўқувчилар сони (минглаб кишилар)
Синфлар кесимида |
1940/41 |
1941/42 |
1942/43 |
1943/44 |
1–4-синф |
895,1 |
801,7 |
634,8 |
602,0 |
5–7-синф |
318,3 |
342,3 |
306,9 |
298,4 |
8–10-синф |
38,6 |
35,2 |
25,5 |
35,0 |
Жами |
1252,0 |
1179,2 |
967,2 |
935,4 |
Масалан, 1941/1942-йилларда Самарқанд вилояти мактабларида 7–9-синфларда 4300 киши ўқиган, улар 1944 йилда 10 йиллик мактабни битириб чиқишлари керак эди, аслида эса ўша йилда мактабни фақат 388 киши битирди. Чунки уларнинг бир қисми ишлаб чиқаришга колхоз ва совхозларга кетиб қолган бўлса, бир қисми эса дарс машғулотларидан ажратиб дала ишларига жалб этилган.
Марказнинг топшириғи билан Ўзбекистон Маориф халқ комиссарлиги 1941 йил 8 сентябрда 1852-сонли буйруғини қабул қилган. Унга кўра, республикадаги барча мактаб ўқувчиларининг пахта йиғим-теримига кенг равишда қатнашишлари мажбурий этиб белгиланган. Ҳаттоки, қуйи синф ўқувчилари ҳам пахта теримидан четда қолмаган. Ўзбекистон Маориф халқ комиссари – И.Разаков 1942-1943-ўқув йилида бошланғич ва ўрта мактабларнинг 4–5-синфлар дарс режасини ўзгартиришга мажбур бўлди. Ўзбекистон ССРнинг баъзи бир туманларида пахта йиғим-теримининг жуда кескин аҳволдалиги муносабати билан 5-синфдаги ўқиш режасини қисқартириб ўқувчиларни қишлоқ хўжалик ишларига сафарбар қилишга тўғри келди. 4-синф ўқувчиларига келган вақтда эса қоида бўйича улар пахта теримига фақат қишлоқ мактабларидагина сафарбар қилиниши белгилаб берилган. Бироқ айрим вақтларда пахта тайёрлаш билан боғлиқ кескин вазият 4-синф ўқувчиларнинг ҳам теримга мажбурий жалб қилинишига олиб келди.
СССР ХКС ва Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси “Пахта йиғим-теримида қишлоқ ва шаҳар мактабларининг ўқувчиларини, олий ўқув юртларининг талабаларини ва муассаса ҳамда ташкилотлари хизматчиларини сафарбар қилиш тўғрисида”ги 1943 йил 9–11 октябрдаги 1455-сонли қарорига кўра, пахтани йиғиш учун шаҳар мактаблари ўқувчиларини 6-синфдан, қишлоқ мактаблари ўқувчиларини 5-синфдан, олий ўқув юрти талабалари, шунингдек, муассаса ва ташкилотларнинг 20 % дан 30 % гача хизматчилари пахта теримига жалб қилинган. Юқоридаги ҳолатлар натижасида, республикада 1944-1945-ўқув йилининг бошида 162 минг бола мактабга тортилмай қолган, 90 минг ўқувчи ўқув йили давомида машғулотларга қатнамай қўйган. Республикада шундай вилоятлар борки, бу жойларда ўрта мактабни тамомлаган 1 та ҳам ўзбек топилмаслиги жуда ачинарли ҳолат эди. Масалан, Сурхондарё вилоятида аҳолидан 10 йиллик мактабни битирган бирорта ўзбек йигити ёки қизи йўқ эди. Қашқадарё вилоятида эса бор ёғи 15 та, Андижон шаҳар мактаби икки йилдан (1944–1945-йиллар) буён 10-синфни битирган бирорта ҳам ўзбек ўқувчи чиқармаган. Ҳолбуки, Андижон урушдан аввал олий мактабларга кирувчи ўзбек ёшлари тайёрлашнинг энг катта марказларидан бири эди.
Одатда юқори синф ўқувчиларининг асосий қисми ёки 8-синфга ўтказилган ўқувчиларнинг 80–85 % и турли сабаблар билан мактабни битирмай чиқиб кетадилар. Айниқса қишлоқ мактабларида катта ёшдаги ўқувчиларни мактабга юбормай, улардан меҳнат кучи сифатида фойдаланиш кенг тус олган. Оқибатда улар таълим жараёнидан узилиб қолган. Қишлоқ мактабларининг кўпчилигида ўқувчиларнинг 40–50 % и дарсларга қатнаган, баъзи туманлардаги мактабларда эса машғулотлар бутунлай тўхтаб қолган. Ўқувчиларни машғулот вақтида мактабдан олиб қолмаслик тўғрисида махсус қарор чиқарилган бўлса-да, Москва томонидан кўрсатилган қаттиқ талабларни бажариш мақсадида колхоз раҳбарлари ҳам ўқувчиларни ҳафталаб, ойлаб мактабдан олиб қолиб, далада ишлатган. Нукус қишлоқ советидаги “Меҳнат гули”, “Ўзгариш”, “Қизил қурилиш” колхозларининг раислари – Нурматов, Норматов ва Полвоновлар 5–7-синфлардан ҳар куни 45–50 болани мажбурий равишда мактабдан олиб қолиб, далада ишлатганлар. Шу пайтда 6-синфда 29 боладан 3 таси дарсда қатнашган. Таътил вақтлари ҳам ўқувчилар меҳнат ишларига жалб қилинган. Мактаб ёшидагиларни мажбурий равишда дала ишларига жалб этиш, биринчидан, уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатига таъсир ўтказмасдан қолмаган; иккинчидан, дарсларни яхши ўзлаштирмасликларига сабаб бўлган.
Урушдан кейинги йилларда ҳам таълим режаси бажарилмаганини кўриш мумкин. 1946 йил Тошкент шаҳар партия комитетида шаҳардаги мактаб, маориф ходимлари ва оталиқ ташкилотларнинг кенгашида ўқув ёшдаги 5-6 минглаб болалар мактабдан четда қолиб кетгани таъкидланган. Бухоро вилоятидаги мактабларда 1945-1946-ўқув йилида ўқувчиларнинг 78 фоизигина мактабларга жалб қилинган. Мактаб бинолари ёмон аҳволда экани, ёқилғи билан етарли таъминланмагани қаттиқ совуқларда ва ёғингарчиликда ўқувчиларнинг мунтазам дарс қолдиришларига сабаб бўлган. Тарбиявий ишлар олиб борилмаслиги натижасида мактаб мулкига зарар етқизиш, ўқувчилар ўқитувчилар билан одобли муносабатда бўлмаслик ҳолатлари ҳам аниқланган. Бунга ўқитувчи ва ўқувчиларнинг оммавий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этилиш натижасида ўқитувчиларнинг нуфузи пасайиши, кўп ҳолатда мактабларда ўқув машғулотлари олиб борилмаслиги сабаб бўлган
Миршод СИДДИҚОВ,
ЎзФА Тарих институти таянч докторанти
Тарих
Тарих
Адабиёт
Мафкура
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ