“Файзулла Хўжаев Абдуллага яхши шароит яратиб берганди” – Қодирийнинг тергов баённомасида нималар ёзилган?


Сақлаш
12:32 / 10.04.2025 280 0

Жадидчилик миллий ҳаракатининг йирик вакили Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳри “Самарқанд Дарвоза” маҳалласида туғилган. У кейинчалик таржимаи ҳолида оилавий шароити ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Бошида бой оилада туғилдимми ёки камбағал оиладами, албатта билмадим: Аммо ёшим етти-саккизга етгач, қорним ошга тўймаганидан аниқ билдимки, беш жоннинг томоғи фақат саксон ёшли бир чол отамнинг меҳнатидан, 1300 саржин (ярим гектардан кўпроқ ер) боғнинг ёзда етиштириб берадиган ҳосилидан келар экан. Агар баҳор ёмон келиб, боғ мевалари офатга учраб қолса, биз ҳам очликка дуч келиб, қиши билан жаврашиб чиқар эканмиз... ”.

 

Биз мазкур мақолада ўзбек романчилиги асосчиси ҳаёти ва фаолиятининг айрим нуқталарига урғу бермоқчимиз.

 

Абдулла Қодирий дастлаб икки йилча эски мактабда бошланғич билимни олгач, 12 ёшида ота-онаси томонидан мактабдан олиниб Расулмуҳаммадбой хонадонига хизматчиликка берилади. Расулмуҳаммадбой ўзининг русча ўқиш-ёзишни биладиган кишига эҳтиёжи борлиги сабабли ҳам уни рус-тузем мактабида ўқитади. 1908–1912 йиллари рус-тузем мактабида аъло баҳоларга ўқигани учун Абдулла Туркистон генерал-губернатори Самсонов томонидан кумуш соат билан тақдирланади. Мактабни тугатгач, Расулмуҳаммадбой унга мирзалик ишларини топширади ва катта қизи Раҳбаройга уйлантириб қўяди. Улар Назифа, Ҳабибулла, Адиба, Масъуд ва Аниса исмли беш фарзандни вояга етказган.

 

Абдулла Қодирий мирзалик қилиш билан бир пайтда рус, араб, форс ва турк тилларини мукаммал ўрганади.

 

Расулмуҳаммадбой уйида тез-тез илмий ва маърифий йиғинлар бўлиб, асосий иштирокчилар жадидлар эди. Йиғинларда “Садойи Туркистон”, “Ойина”, “Самарқанд”, “Турон” каби газета ва журналлар саҳифалари муҳокама қилинган. Абдулла Қодирий шундай муҳит таъсирида ижодга кириб келганини эътироф этади: “Садойи Туркистон”, “Самарқанд”, “Ойина” чиқа бошлағач, менда шуларга гап ёзиб туриш фикри уйғонди. 1913 йилда чиққан “Падаркуш” таъсирида 1915 йили “Бахтсиз куёв” деган театр китобини ёзиб юборғонимни ўзим ҳам пайқамай қолдим”.

 

***

 

Адиб асарларида қаҳрамонлари тақдири орқали чор ҳукуматининг кирдикорларини фош қилишга уринганини келтирган ҳолда, унинг ҳарбий соҳага бўлган фикрига тўхталсак.  

 

У даврий матбуотдаги чиқишларидан бирида аскарлик, ҳарбий иш бўйича ўз қарашларини илгари сурган. Ўзи муҳаррирлик қилаётган “Иштирокиюн” газетасининг 1919 йил 4 ноябрь сонида чоп қилинган “Бизда аскарлик масаласи” мақоласида миллий қўшин масаласини кун тартибига қўяди: “Бошқалар тарафиндан ҳуқуқингнинг топталмови, четларга маҳкум, мазлум бўлмаслик, чет миллатларга ўз товушингни эшитдируб эшитмоққа мажбур этувға шубҳа йўқким, қўлингдаги қуролингға, аскарий кучингға қараб бўлур”.

 

Европа ва Америка ҳарбий соҳани ривожлантириб, Шарқ мамлакатларини босиб олгани ва ҳарбий куч билан уларни мустамлака зулми остида сақлаётганини таъкидлайди. Аскар йўқлиги ва қуролсизлик туфайли Туркистон халқи ҳам шу ҳолатга тушиб қолганидан афсусланади. Миллий қўшин тузишнинг долзарблигини қўшни Афғонистондаги вазият билан кўрсатиб беришга ҳаракат қилган: “Бунинг учун далил қилиб афғон қариндошларимиздан кўрсатилса мумкиндирки, афғон халқи ҳозирда ва мундан элли-олтмиш йил илгарида ҳам маданиятча биз туркистонлилардан ортиқ бўлмай юрар эди. Лекин бошқа маданий миллатларнинг тахт ҳокимиятига ўткани йўқдир. Бу нимадан эди?.. Кўз олдимиздадирким, шу маданиятсиз афғон халқи бутун дунёга ҳокимлик даъвосига етишган Англиядан ўзининг озгина ҳарбий кучи ила ўз тилагини имзо этдирди”.

 

1918 йил апрелда тузилган Туркистон АССР ҳукуматида 1919 йилдан миллий кадрлар ҳам ўз фаолиятини бошлаган. Улар олдида турган муҳим масалалардан бири армия тузиб, мудофаа тизимини жорий қилиш бўлган. Аммо йигитлар армияга боришдан бош тортиб, мудофаа ишида иштирок этишни хоҳламаганлар. Абдулла Қодирийни туркистонликларнинг аскарликдан қочишга ҳаракат қилаётгани ранжитади: “Аммо биз Туркистон ишчиларига келганда оғзимизға қўюлган тайёр ошни ҳам эблаб ичолмаймиз. Қурол, кийим, жой ва овқат ҳозир бўлган ҳолда аскар бўлувдин фарсахларча йироқға қочамиз.

 

***

 

Абдулла Қодирий “Муштум” журналининг 1926 йил 2-сонида “Овсар” тахаллуси билан “Йиғинди гаплар” мақоласини нашр қилдиради. Унда совет ҳокимиятининг кирдикорларини Йўлдош Охунбобоевнинг савиясиз маърузаси орқали аёвсиз фош қилади. Унинг таълим тизими ҳақидаги фикрларини таҳлил қилар экан, Ўзбекистонга, ўзбек халқининг саводли бўлишига душман кишининг қарашлари деб баҳолайди. Йўлдош Охунбобоевнинг “Жумҳуриятимизда ҳар 200 мурассаъ чақирим ерга, ёхуд ҳар 4909 одамға битта мактаб бор. Ёки ўқиш ёшида бўлған болаларнинг ҳар (эмас, хўтук) 979 тасига бир мактаб тўғри келадир!” деган сўзларидан нафратини яширмайди: “Ана бу мияси ачимаганнинг гапига қаранг энди! Худоға шукр, қорнинг тўқ, қайғунг йўқ, бас, тинчкина фаройизхонлик қилмасдан оқсоқоллиғингни қилаверсанг бўлмайдими, уста Йўлдош!”.

 

Абдулла Қодирий айнан шу мақоласи учун ҳукумат раҳбарларини обрўсизлантиришда айбланган ва терговга тортилган. Уч ойлик терговдан сўнг, Ўзбекистон ССР Олий суди жиноят ишлари ҳайъатининг 1926 йил 16 июндаги ҳукми билан, Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 73-моддасида (контрреволюцион характерга эга адабиётларни тарқатиш ва тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ Ўзбекистон ССР Марказий ижроқўми Раёсатининг 1926 йил 17 июндаги қарорига асосан адиб жазодан озод этилган.

 

Ушбу воқеадан сўнг Абдулла Қодирий журнал таҳририятига ишга бормай қўяди ва ўзининг иккинчи буюк асари “Меҳробдан чаён”ни ёзиб тугаллайди. Аммо китобни чоп этишда бир қатор тўсиқларга учрайди. Чунки китоб гўё муҳаббат ҳақида ёзилган бўлса-да, аслида жамиятдаги муаммоларни очиқчасига кўрсатишни мақсад қилган эди. Адиб бу асарни нашр қилиш учун жиддий киришиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Акмал Икромов билан учрашган. Акмал Икромов асар қўлёзмасини ўқиб кўриб, устига босилсин, деб имзо қўйган. Шундан сўнг китоб 1928 йили нашр қилинган.

 

***

 

Қалами ўткир ёзувчи, қўрқмас ва толмас адиб ҳукумат раҳбарларининг доимий эътиборида туради. Файзулла Хўжаев Абдулла Қодирийни уч-тўрт марта чақиртириб, ундан колхозчилар ҳаёти ҳақида асар ёзиб беришини сўрайди. Адиб колхоз ҳаётига оид янги асар ёзиш учун Тошкент атрофидаги қишлоқларга бориб, колхозлар ҳаётини ўрганади. Ушбу ўрганишлар натижасида “Обид кетмон” (1932–1934) қиссасини ёзади. Муаллиф асар қаҳрамони Обид орқали ўша даврнинг ижтимоий ҳаётини ҳаққоний очиб беришга ҳаракат қилган. Колхозлар одамларнинг ташаббускорлиги, шахсий эгалик, манфаатдорлик туйғуларини йўқ қилиб юборишини уқтирган.

 

***

 

Адиб совет ҳукумати билан муроса йўлини танлаб, унинг сиёсатини адабий жиҳатдан тарғибот қилиш ишларига киришса-да, босқинчи ҳукумат уни йўқ қилиш йўлини танлади. 1937 йил 31 декабрда Абдулла Қодирий НКВД (Ички ишлар халқ комиссарияти) томонидан қамоққа олинади. ЎзССР Ички ишлар халқ комиссари, Давлат хавфсизлиги майори Апресян тасдиқлаган қарорда Абдулла Қодирийга қуйидагича айбловлар эълон қилинган:

 

1. “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти аъзоси бўлиб, қатор йиллар мобайнида совет ҳокимияти ва партияга қарши фаол аксилинқилобий-миллатчилик курашини олиб борган;

2. Матбуотда партия ва ҳукумат раҳбарлари сиёсатига нисбатан кескин аксилинқилобий-миллатчилик ва туҳматдан иборат мақолалар билан чиққан;

3. Шу кунларда тугатилган ўзбек аксилинқилобий-пантуркистик ташкилотининг аъзоси бўлиб, унинг аксилинқилобий ишида фаол қатнашган;

4. Йиғилишларда мунтазам равишда аксилинқилобий-миллатчилик, аксилшўровий-миллатчилик руҳидаги фикрларни баён қилган.

 

Қодирий мазкур қарор билан танишиб, унинг тагига “Ушбу қарор менга эълон этилган (ўқудим), бунда кўрсатилган айбларга рози эмасман ва бўйнимга олмайман” дея имзо чеккан.

 

Апресян бошлиқ НКВД ходимлари Қодирийни “жиловлаш”нинг уддасидан чиқишолмайди. Қодирийнинг бирор аксилинқилобий ташкилотга дахлдорлигига исбот тополмаган терговчилар ёз ойларида қамалган ёзувчиларнинг тергов баённомаларини титкилай бошлайди. Фақатгина тергов жараёнида Ғози Олим Юнусов билан Қаюм Рамазон Ўзбекистондаги пантуркистларни санаганларида Қодирий номини ҳам тилга олган, Абдулҳамид Сулаймонов (Чўлпон) Қодирий билан Шоҳид Эсонни миллатчи-аксилинқилобчилар қаторига қўшган, Мўмин Усмонов Файзулла Хўжаевнинг Қодирий, Элбек, Чўлпон ва Фитратга яхши шароит яратиб берганини эслаган, Аъзам Аюб эса Акмал Икромов “Туркистон” газетасига муҳаррирлик қилган вақтда Қодирийнинг ҳам шу газетада хизмат қилганини айтиб ўтгани каби “айбловлар”ни аниқлайдилар. Бу маълумотлар, аввало, номи тилга олинган шахслардан қийноқ остида олинган бўлиб, далил-ашёсиз, пуч гаплар бўлган.

 

Ўзига қўйилган барча сиёсий айбларни тан олмаган Қодирий тергов жараёнида ўз ҳақиқатини мардона ҳимоя қилади. Терговчилар уч ой мобайнида Қодирийга нисбатан энг даҳшатли қийноқ усулларини қўлласа-да, унинг иродасини синдира олмайди. У терговчилар талқинида ёзилган тергов баённомаларига имзо чекмайди. Шунинг учун ҳам имзо чеккан ягона тергов баённомасига “1937 йил, март” деб ёзилган бўлса-да, сана ўрнига уч нуқта қўйилган. Бу терговнинг нечанчи тергов эканини ҳам, 1938 йил мартининг қайси куни бўлиб ўтганини ҳам ҳеч ким билмайди.

 

Абдулла Қодирий ЎзССР Жиноят кодексининг 58-, 64- ва 57-моддалари бўйича, яъни Ўзбекистонни Совет Иттифоқидан ажратиб олиш мақсадида тузилган аксилинқилобий миллатчилик ташкилотининг аъзоси бўлганлик ва шу мақомда советларга қарши аксилинқилобий фаолиятни олиб борганликда айбланади. 1938 йил 4 октябрда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган НКВД махсус полигонида отиб ташланган ва шу ердаги хандақлардан бирида махфий равишда дафн этилган.

 

Адбулла Қодирий миллат ойдини ва миллат ходими сифатида Ватан озодлиги, миллий истиқлоли орзуси билан яшади. Ўзининг ноёб истеъдоди билан яратган асарлари орқали Туркистон халқини маърифатли қилишга интилди. Шу йўлда жонини фидо қилди. Мустақиллигимиз тикланган дастлабки кунларда унинг буюк хизматлари эътироф этилди. 1991 йили Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти ва “Мустақиллик” ордени билан тақдирланди. 1994 йили адиб таваллудининг 100 йиллиги, 2019 йили 125 йиллиги кенг нишонланди. 2019 йил декабрда Абдулла Қодирий яшаган уй ва унинг номи билан аталувчи боғда унга атаб музей ташкил қилинди, ҳайкали қад ростлади. Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ташкил қилинди.

 

Дилноза ЖАМОЛОВА,

ФА Тарих институти директор ўринбосари,

тарих фанлари доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17602
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//