
Тошкент вилояти, Бекобод шаҳридаги зиёлилар оиласида беш қизнинг учинчиси бўлиб дунёга келган Шоҳиста Турдалиева тиббиёт коллежидаги таълимидан кейин Тошкент давлат аграр университетида бакалавр даражасини қўлга киритган. У кўп меҳнати ва уринишлари ортидан 2023 йил Венгрия ҳукумати молиялаштирадиган «Stipendium Hungaricum» гранти совриндорига айланган. Ҳозирда Венгрияда Қишлоқ хўжалиги ва ҳаёт фанлари университетининг магистратура босқичида таҳсил олиш билан бирга, мамлакатдаги энг таниқли ресторанлардан бирида фаолият юритади.
Шоҳиста чет элдаги талабалик ҳаёти, таълим ва тажрибаси ҳақида айтиб берди.
Барчасига улгуриш учун баъзан кунига 3-4 соат ухлайман
Венгриядаги талабалик даврим бутун ҳаётимни ўзгартирди. Бу ерда ўзлигимни англадим – асл Шоҳиста ким, у нимани хоҳлайди, ҳаётда ҳақиқий мақсади нима, шуларни тушуниб етдим. Болалигимдан турли қийинчиликларни бошдан кечирганман, бакалаврда ўқиш билан бир вақтда ишлар эдим.
Одамлар кўпинча ўғил болалар мустақил бўлиб кетади, қизлар эса бундай қила олмайди деб ўйлашади. Лекин бу нотўғри тасаввур. Агар қизлар ҳам меҳнат қилиб, қатъият билан ҳаракат қилса, ўзини бемалол эплай олади. Мен доим мувозанат сақлашга, ўқиш ва ишга тенг вақт ажратишга интиламан. Ишлаш мен учун муҳим, чунки бу ерга келганимдан кейин мустақил бўлишим, ҳатто уйга пул юборишим кераклигини билардим. Бунинг учун баъзида кунига атиги 3-4 соат ухлайман, лекин имкон топганимда дам олиш учун ўзимга вақт ажратишга ҳаракат қиламан – бу соғлиқ учун жуда муҳим.
Тежамкорлик мустақил ҳаётимнинг бир қисми
Венгрияда талабаларнинг ҳафтасига 30 соатгача ишлашига рухсат берилган. Мен аниқ соат асосида ишламайман, баъзида 20 соат, баъзан эса 28-30 соатгача ишлашимга тўғри келади. Иш ҳақи ва стипендиям асосий харажатларимни бемалол қоплайди: даромадим ижара, транспорт, овқатланишга, ҳатто оиламга юбориш ва саёҳат қилиш учун ҳам етади. Лекин бу истаганча сарфлай олишимни англатмайди. Даромадимни тўғри тақсимлашга ҳаракат қиламан: кўчада овқатланмай уйда ўзим тайёрлашга, маҳсулотларни улгуржи нархларда олишга ва кераксиз кийимларга пул сарфламасликка ҳаракат қиламан.
Яхшиям онам палов қилишни ўргатган экан
Венгрияга илк бор келганимда, ўзимга бир мақсад қўйган эдим: аввал ўқишга мослашаман, кейин иш излайман. Аммо ҳаёт режалардан тезроқ ҳаракат қилишни талаб қилди. Узоқ изланишлар, рад жавоблари, қисқа муддатли ишлардан сўнг ўзимга бир йўл танладим: Будапештдаги барча турк ресторанларини рўйхатга олиб, битталаб иш сўраб чиқаман. Шундай юриб-юриб, ҳозир ишлаётган, шаҳардаги энг нуфузли турк ресторанларидан бирига дуч келдим. Тўғрисини айтсам, аввалига ичкарига киришга ҳам чўчидим. Жуда ҳашаматли, обрўли жой эди. Лекин ўзимни қўлга олдим, ресторан ҳақида интернет орқали маълумот тўпладим ва ишга кириш учун хат ёзиб э-маил орқали юбордим. Орадан икки соат ўтмай менга қўнғироқ бўлди: суҳбатга таклиф қилишди. Шу тариқа, мен бу турк ресторанида тозаловчи сифатида иш бошладим. Ишим эрталаб, ресторан очилишидан олдин бўларди – ёлғиз ишлайман, дарсларимга халал бермасди. Вақт ўтган сайин, ошпазлар билан тил топиша бошладим. Ҳар куни ишдан кейин ошпазлар билан мулоқотда бўлиб, ишлаш жараёнларини қизиқиб кузатардим. Чунки болалигимдан овқат пиширишга меҳрим бор эди.
Бир кун ресторан менежери «Бирор таом тайёрлаб кўришни хоҳлайсанми?», деб сўради. Ҳайрон бўлдим, кутмагандим. Уларга биринчи бўлиб ўзбек паловини пишириб бердим. У барча ишчиларга, ҳатто ошпазларга ҳам бирдек маъқул бўлди. Кейин манти тайёрладим, бир неча ширинликлар ҳам пиширдим. Ҳар сафар улар мамнун бўлишди. Мен тайёрлаган таомларим орқали турк ошпазларининг кўнглига йўл топдим. Менда ҳеч қандай расмий тажриба йўқ эди, лекин улар менда қобилият кўришди. Вақт ўтиб, ресторан ошпазларидан бири бошқа ишга ўтди. Шунда бош менежерим менга таклиф билдирди: «Сен бизга ошпаз бўлиб ишласангчи?». Айнан ширинликлар ва мева декорацияси бўйича ошпазлик лавозими эди бу. Мен бунга ишонолмадим. Ахир мен бу жойга оддий тозаловчи бўлиб кирган эдим. Нуфузли ресторан ошхонасида, профессионал ошпазлар қаторида ишлашни орзу ҳам қилмаганман. Бу рўёдек туюлсада, айни ҳақиқат эди. Тажрибали ошпазлардан сабоқ олдим, доим ўрганишга очиқ бўлдим ва ҳозир ресторанда айнан шу лавозимда ишлаб келмоқдаман.
Албатта, ҳаётда «қўлимдан келмайди», деган вазиятларим ҳам бўлган. Бу ҳолат, очиғи, тез-тез учраб туради. Ҳозир чет элда ўқишни истаётган ёки тайёрланаётган қизларга бир гап айтаман: ҳеч қачон синаб кўришдан қўрқманг. Иш ёки ўқишга ҳеч ким мукаммал бўлиб кирмайди. Тажриба йўқ дейиш – қўрқувга берилиш дегани. Ишга, ўқишга кириш орқали сиз ўрганасиз. Сизга кўрсатма ва ёрдам берадиган одамлар ҳар доим учрайди. Кейинчалик эса сиз ҳам бошқаларга ўргата оладиган бўласиз.
Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган Мадина Раҳимова 20 ёшида Au Pair дастури орқали Германияга келган. Мазкур дастур шартномаси якунлангач, Франкфурт шаҳрида Ausbildung дастури асосида стоматология йўналишида таълим ола бошлаган.
Au Pair дастури – бир йил давомида немис оиласида яшаб, оила фарзандларига қараш ва уй ишларида ёрдам бериш давомида мамлакатнинг тил ва маданиятини бевосита ўрганиш имконини беради. Оила ҳар ой 280 евро миқдорида чўнтак пули тўлайди, йўл харажатлари қоплаб, тил курсларига қатнаш имкониятини беради. Кунига олти соатдан ишлаб, дам олиш кунлари Германиянинг турли шаҳарларини саёҳат қилиш мумкин. Айтилганда барчаси жуда осон эшитилади, жуда зўр имкониятдек туюлади, аслидачи?
Самолётга чиқмай туриб парвозим қулагандек эди
Германияга илк бор кетиш арафасида эдим. Виза аллақачон чиққан, юрагим қувончдан тўлиб-тошган, чамадонларим йиғилган, чиптам қўлимда. Энди орзуларим сари биринчи қадамни қўйишим керак эди. Мени кутаётган оила 3 нафар фарзанди бор стоматологлар оиласи эди. Оила билан ҳар бир майда деталларгача муҳокама қилинган: болаларнинг севимли ўйинлари, уй тартиби, тил даражаси… Мен бу хонадонга фақат Au Pair сифатида эмас, балки яқин инсон бўлиш ниятида бораётган эдим. Аммо бир куни телефонимга хабар келди. «Кечирасиз, биз бошқа қизни танладик. Сизга омад тилаймиз!» Ҳамма нарса бир зумда барбод бўлгандек эди. «Нега?» – деб ўзимдан сўрадим. Қандай оғриқ бўлганини фақат орзу билан яшаган одам тушунади. Ҳали самолётга чиқмаган бўлсам ҳам, парвозим қулагандек эди. Ўшанда тушундим: бу йўл орзуларингни синовдан ўтказади. «Бу йўлни танлаганингга ачинмаяпсанми, Мадина?» – деб ички овозим сўради. Йўқ, ачинмадим. Бу воқеа менга биринчи сабоқни берди: ҳеч нарса кафолатланган эмас, энг ишончли кўринган нарса ҳам йўқолиши мумкин. Мен яна оила қидира бошладим. Бир муддат ўтгач, Нюрнбергдан янги оила чиқди.
Покéмонни билмайдиган, кулгили ва зерикарли қиз эдим
Нюрнберг. Янги оила, янги шаҳар, янги имкониятлар… Ичимда эса шубҳа: «Бу сафар бошқача бўлармикин?» Бу оиланинг икки нафар ўғил фарзанди бор бўлиб, уларнинг бутун олами Покéмон ўйинидан иборат эди. У вақтлари менинг немис тили даражам ҳали А2, болаларнинг тез, аралаш ва болаларча гапларини тушуниш мен учун деярли имконсиз эди. Улар ҳар куни янги Покéмонлар ҳақидаги ўйинларга шўнғиб, мен билан ўйнашни исташмасди. Мен йиғлаб юбормасликка уринардим. Кўзларим ёшланса ҳам, лабим жилмайиб турарди. Уларнинг наздида мен Покéмонни билмайдиган, кулгили ва зерикарли қиз эдим. Охири бу оила билан хайрлашишга қарор қилдим. Чамадонимни йиғдим ва яна янги оила қидира бошладим. Мен яхши одамлар борлигини, фақат улар билан йўлларим ҳали кесишмаганини билардим.
Немис тилини ўрганиш учун вақтим ҳам, кучим ҳам қолмади
Ҳар сафар чамадонимни йиғганимда, ичимда икки хил туйғу уйғонарди: бири умид бўлса, бири хавотир. Кўнглимда эса битта ўй: «Балки шу сафар омадим келар…»
Янги оила турк миллатига мансуб эди. Отаси немис тилида, онаси инглиз, болалари эса фақат турк тилида гаплашарди. Мен бўлсам бу тилларнинг ҳеч бирини мукаммал билмасдим. Дастлабки кунларда ўзимни худди эшик ортида тургандек ҳис қилдим. Ичкарида ҳаёт қайнаяпти, лекин мен ундан четда эдим. Улар кулса мен гап нима ҳақида кетаётганини ҳам тушунмасдим. Ҳар куни тил билимларимни оширишга ҳаракат қилдим. Уч ой ичида турк тилим Б2 даражага етди. Бу оила сабабли мен янги бир тилни ўзлаштиришга эришдим, аммо Германияга қандай мақсад билан келганимни батамом унутдим. Болалар ҳар куни кечки 22:30 гача уйғоқ бўлишарди. Мен тун ярмигача уйларни тозалаб, уйқунинг етарли бўлмагани туфайли танамда доимий чарчоқ ҳис қилардим.
Улар менга 500 евро атрофида ойлик тўлаган. Ундан 70 евро тил курси учун, 50 евро жамоат транспортидан фойдаланиш учун чиптага сарфланарди, қолган сумма эса Германияда яшаш учун камлик қиларди. Оилада менга юклатилган вазифалар кўплиги сабаб немис тилини ўрганишга деярли вақт қолмасди. Шу каби сабаблар билан бу оиладан ҳам кетишга қарор қилдим.
Турк оиласи билан келишув қилингандик, афсуски улар менга керакли ҳужжатларни тайёрлаб бермади, берилган ваъдалар эса ваъдалигича қолиб кетди.
Дунёда сенинг миллатинг, тилинг, динингдан қатъий назар ёрдам қўлини чўзишга тайёр инсонлар бор
Германияга мен катта орзулар билан келгандим. Аммо жуда кўп синовли кунлар бўлди. Мен ҳали ота-онасини иссиқ бағридан четга чиқмаган, қийинчилик кўрмаган, меҳрли нигоҳлар ичида улғайган қиз эдим. Энди эса қаерга боришни ҳам билмайман, атрофим тўла бегона одамлар, бошим ўйлардан ёрилиб кетай дерди. Онамга телефон қилиб, бақириб йиғлагим келарди, ҳозироқ аэропортга бориб, Ўзбекистонга қайтиб кетишни истардим. Қалбим ҳувуллаб қолганди.
Нюрнберг сари йўл олдим. Поезддан чамадонларимни тушираётиб оёғим тойиб кетди ва қаттиқ йиқилдим. Оғриқдан нафасим қисилди, жойимдан тура олмасдим. Бутун танам зирқираб оғриётгани эмас, миямда фақат суғуртам йўқлиги айланарди. Оёғим цинган бўлса нима қиламан, рентген қилиш камида 500 евро, менда атиги 100 евро бор. Бутун кучимни тўплаб ўрнимдан туришга ҳаракат қилдим. Бу 20 ёшли Мадинанинг ҳаётидаги энг оғир кунларидан бири эди. Яхшиямки, Нюрнбергда турадиган бир дугонам бор эди. Атиги уч марта учрашган дугонам менга 15 кун давомида ғамхўрлик қилди. Аста юришни бошладим. «Уйга қайтсамми?» деган ўйлар босими ҳам бироз камайди. Дугонам ишда бўлган вақтлари унинг покистонлик қўшниси ҳолимдан хабар олиб турарди.
Дунёда яхши инсонлар бор, миллати, тили, дини, эътиқоди ва қарашлари мутлақо бошқа бўлса ҳам, улар ёрдам қўлини чўзишга тайёр. Улар сабабли яна ўзимга келдим. Бу орада яхши бир оила чиқди. Немис тилини ҳам етарли даражада ўзлаштирдим.
Ҳозир Франкфурт шаҳрида стоматология соҳасида Ausbildung қиляпман. Бу дастур менга ойига 1000 евро стипендия беради, ҳафтасига мини-жоб орқали қўшимча 500 евро ишлаб топиш имконим бор. Энди бутун эътиборимни ўқишга ва келажакдаги касбимга қаратяпман. Барчаси яхши томонга ўзгарди. Орзуларим сари яна қатъият билан боряпман ва биламанки, энди ҳеч қандай йиқилиш мени тўхтата олмайди.
Тошкентда туғилган Вазира Ихтиёрова 2020 йилда International House-Tashkent академик лицейини тамомлаган. 35 дан ортиқ университетдан қабул хатларини олиб, АҚШ, Туркия, Венгрия ва Сингапурдаги тўлиқ грант дастурлари асосида таълим олишга таклиф этилган. 2021 йилда у нуфузли «Türkiye Bursları ISDB» грантини қўлга киритиб, Мармара университетида компьютер муҳандислиги бўйича ўқишни бошлаган. Кейинчалик Fenerbahçe университетида Fintech йўналишига ўқишини кўчириб, 2024 йил муваффақиятли тамомлаган.
Илмга, китобга меҳр билан қарашни ота-онам ўргатган
Ота-онам ҳар доим илмга, китобга меҳр билан қарашни, орзуларим ортидан қатъият билан боришни ўргатган. Инглиз, корейс ва турк тилларини ўрганишни мактаб пайтларим бошладим ва халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритдим. Билардимки, чет элда таҳсил олиш учун аввало хорижий тилларни яхши ўзлаштириш керак.
Аввалига Ўзбекистондаги Wэбстер университетига бакалавр босқичига ўқишга кирдим ва бу ерда бир йил давомида таҳсил олдим. Аммо қалбимда бир олов ҳануз ёниб турарди: «Мен четда ўқишим керак!». Саъй-ҳаракатларим натижасида 35 дан ортиқ халқаро нуфузли университетларга ўқишга қабул қилиндим. Улар орасида Türkiye Bursları, Stipendium Hungaricum ва Сингапур гранти ҳам бор эди. Туркия, Венгрия ва Сингапурда ўртача яшаш ҳаракатлари, таълим имкониятлари, маданияти, барча-барчасини яхшилаб ўрганиб чиқдим. Одатда грантлар айрим харажатларнигина қоплайди, яъни ўзингиз қўшимча ишламасангиз ёки сизга молиявий кўмак берувчи инсонлар бўлмаса унда четда қийин ҳолатларга тушиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. «Фақат ўғил болалар ўзини эплайдию, қизлар буни уддасидан чиқмайдими?» – деган ўйлар миямда айланарди. Отамнинг маслаҳати ва йўл кўрсатишлари билан Туркияни танладим. Маданиятимиз, тилимиз ўхшаш, динимиз эса бир. Қароримдан 8 кун ўтиб мен Туркияга учиб келдим.
Барчаси осон бўлади деб ўйлагандим
Грант ютиш энди ҳеч қандай қийинчилик бўлмаслигини англатмайди. Мени аэропортда ҳеч ким кутиб олмади, ётоқхона ҳам берилмади. Буни фақат Туркияга келгач билдим. Грант берувчи ташкилот ходимлари: «биз фақат пул берамиз», – деганида ҳайрон бўлдим. Илк марта чет давлатга боришим, танишларим йўқ, нима қилишни билмай қолганман. Ўша пайти энди ота-онаси доим муаммоларини ҳал қилиб берадиган қиз эмас, балки мустақил ҳаётга қадам қўйганимни англаганман. Ота-онамга айтсам, улар ваҳимага тушиши мумкин, энг ёмони барибир шу бугун етиб келолмайди. Шуларни ўйлаб, уларга ҳеч нима демаганман. Грант ажратадиган пулни олишга ҳам бироз вақт керак бўларкан, яхшиямки оз бўлсада онлайн ишларимдан йиғиб қўйган пулим бор экан. Интернет орқали меҳмонхона топиб жойлашдим, кейинроқ квартира топдим. Албатта, бу жараёнлар осон бўлмаган, менда «курашиш» йўли бор эди, «қайтиб кетиш» ни ҳеч қачон вариант сифатида кўрмаганман.
2021 йил Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Мармара университетида, Компьютер муҳандислиги йўналишида ўқишни бошладим, аммо кейин йўналишимни ўзгартиришга қарор қилдим. Fenerbahçe Университетида Fintech йўналишида таълимни давом эттириб, 2024 йил тамомладим. Туркияга таҳсил олиш учун келишим пандемия даврига тўғри келган. Иш топиш ҳар доимгидан бир неча баробар қийинлашган, иш ўринлари қисқарган, хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритадиган иш жойлари эса ёпилган эди.
Upwork платформаси орқали $20,000 дан кўпроқ ишлаб топдим
Айни шу вақтда дугонамдан Upwork платформаси ҳақида эшитиб, рўйхатдан ўтдим. Бу платформа онлайн ишлаш имконияти яратади ва унда дунёнинг исталган бурчагидан туриб, минглаб чақирим узоқликдаги компанияларда ишлаш мумкин. Дастлаб, соатига $7 дан ишлашни бошлаганман. Буюк Британия, Америка ва Туркиянинг турли маҳаллий ва халқаро компанияларида фаолият юритдим. Турли қийинчиликлар ҳам, албатта, бўлди. Муҳими, ўз устимда тинимсиз ишладим, бошқалар биринчи омадсизликдан кейин ишни ташлаб кетса, рад жавоблари мени ўз устимда кўпроқ ишлашга ундарди. Талабалик йилларим $20,000 дан ортиқ пул ишлаб топдим. Бу орқали мен ўзимнинг барча харажатларимни қоплашга эришибгина қолмай, шахсий ривожландим ҳам.
Туркия президенти билан учрашув
Туркияда талабаларга бўлган муносабат, қўллаб-қувватлаш тизими ҳар бир инсонни ҳайратга солади деб ўйлайман. «Öğrenci» – яъни ўқувчи мақоми жуда қадрли. Транспортда чегирмалар, кўплаб бепул семинарлар, халқаро талаба ташкилотлари, вақф ва хайрия жамғармалари ҳар доим талабалар учун турли ёрдамлар кўрсатади ва халқаро талабалар учун кўплаб имкониятлар беришади. Айниқса, Рамазон ойида ҳар куни бирор жойда ифторлик дастурхонлари ёзилади. Тасаввур қилинг: ўз давлатим президентини ҳали кўрмаган бўлсамда, шундай тадбирлардан бирида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан ва бошқа сиёсатчилар билан учрашиш имконига эга бўлдим.
Ўзимга ишонишни ўргандим
Рад жавобларидан кейин, ўзимга бўлган ишончни йўқотиб бу ишни давом эттирмаганимда Туркияда ўқий олмаган бўлишим, бошқа жисмоний хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаган бўлишим мумкин эди. Ёки Туркия аэропортидан чиқишим билан мени кутиб олган катта ҳаёт синовларидан ортга қайтганимда ҳозирги эришган ютуқларимни бирортасига ҳам эришмаган бўлардим. Мен ўз оёқларимда туришни, ўз кучим, ўз билимим ва ўз мақсадларимга ишонишни ўргандим. Энг муҳими, қайсидир маънода атрофимдаги дугоналарим, қўни-қўшнилар ва қариндошлар орасида қизларга бир намуна бўла олдим деб ўйлайман. Мен сабабли уларнинг бир қанчаси четда таълим оляпти, бошқалари эса Upwork орқали уйдан чиқмай халқаро компанияларида ишлашмоқда. Буларни ўйласам қийинчиликларни енгиб ўтганимдан севинаман. Бир инсон ҳаётининг яхши томонга ўзгаришига сабабчи бўлиш ҳисси қалбимни доим миннатдорлик билан тўлдиради.
Машҳура Раҳмонова,
Ойина.уз
Таълим-тарбия
Адабиёт
Жараён
Адабиёт
Мафкура
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ