Эмоционал интеллект ёки бахт дарслари болани ҳаётга қандай тайёрлайди?


Сақлаш
18:22 / 18.08.2025 11 0

Дарвин (Австралия) шаҳридаги бошланғич мактабда ҳар тонг оддий бир маросим билан бошланади: ҳар бир бола қандай кайфиятда эканини айтиб ўтади – ғазабланяптими, хавотирдами, хурсандми ёки хотиржам. Финландияда эса биринчи синф ўқувчилари тонгги даврада ҳис-туйғулари билан ўртоқлашади. Ҳиндистон пойтахти Деҳлида бўлса минглаб болаларга ҳар куни 40 дақиқа давомида «бахт дарслари» ўтилади – машғулотлар ўз ичига онгли ҳушёрлик машқлари ва қадриятлар муҳокамасини олади. Бир вақтлар ноодатий туюлган ушбу жараён дунё бўйлаб тобора кўпроқ мактабларда одатга айланмоқда.

 

Хўш, бу қандай дарслар? Бу – фаровонлик, руҳий саломатлик ва энг муҳими, эмоционал интеллектга бағишланган дарслардир. Ўқитувчилар болаларга ўз ҳис-туйғуларини таниш, бошқариш, бошқаларни тушуниш ва ижтимоий кўникмаларни ривожлантиришни ўргатади. Эндиликда бу кўникмалар математика ёки ўқиш билан тенг даражада муҳим ҳисобланмоқда.

 

Бундай дарслар нега керак?

 

Бугунги мактаб ўқувчиси имтиҳонларга тайёрланиш билан бирга, ўзгарувчан, босимга тўла ва катта рақобатли ҳаётга ҳам мослашишга мажбур. Рақамли технологиялар, ижтимоий тармоқлардаги солиштириш, ёлғизлик ҳисси ва руҳий сиқилиш – буларнинг барчаси ёшлар онгини чарчатади. Шунга кўра, психолог, педагог ва ота-оналар «замонавий мактаб фақат академик билим бериш билангина чекланиб қолмай, боланинг руҳий ва эмоционал ривожланишига ҳам жиддий эътибор қаратиши керак», дея тобора кўпроқ мулоҳаза қилмоқда.

 

Эмоционал интеллект (EQ) – яъни ўз ҳис-туйғуларини англай олиш, бошқариш, бошқаларни тушуниш ва ижтимоий муомала қилиш қобилияти муҳим ҳаёт кўникмасига айланмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ЭҚ даражаси юқори болалар нафақат дарсда муваффақиятли, балки ҳаётда ҳам бардошлироқ, мулоқотга киришувчан ва ўзига ишочи баландроқ бўлади.

 

Америка Психологик Ассоциацияси томонидан чоп этилган тадқиқотга кўра, ўз ҳис-туйғуларини яхшироқ тушуниш ва бошқариш қобилиятига эга бўлган ўқувчилар, яъни эмоционал интеллекти ривожланганлар бу кўникмага эга бўлмаган тенгдошларига қараганда баҳолар ва стандарт тест натижалари бўйича яхшироқ натижаларга эришади.

 

Шу сабабли кўплаб мамлакатлар мактаб ўқув дастурига фаровонлик дарсларини киритмоқда. Мақсад – болаларни шунчаки тестлар учун эмас, балки ҳақиқий ҳаёт учун тайёрлаш. Чунки ҳис-туйғуларни тушунишни ўргатмаган таълим – ярим таълимдир.

 

Буюк Британия: PSHE орқали ҳис-туйғуларни ўрганиш

 

2020 йилдан буён Англиядаги барча мактабларда руҳий саломатлик ва фаровонлик бўйича таълим мажбурий ҳисобланади. PSHE (Шахсий, ижтимоий, соғлиқ ва иқтисодий таълим) дарслари орқали ўқувчиларга турли эмоциялар ҳақида сўз юритиш, ўзини англаш ва бошқариш ҳамда бошқаларга ҳамдардлик қилиш каби кўникмалар ўргатилади.

 

Масалан, Лондоннинг Cолумбиа мактабида болалар ҳар ҳафта «circle time» – доира шаклидаги суҳбатлар ўтказиб, ҳис-туйғуларини баҳам кўради. Бу ёндашув мактаб муҳитини илиқлаштирган, ўқувчиларнинг дарсларга қизиқиши ва қатнаш даражасини сезиларли даражада оширган.

 

Юқори синфларда эса бу суҳбатлар соғлом муносабат, ҳиссий мувозанат, стрессни енгиш каби мавзуларда олиб борилади. Ҳатто Этон коллежи каби нуфузли хусусий мактаблар ҳам медитация машғулотларини жорий қилмоқда. Мақсад эса эмоционал саломатликни мустаҳкамлашдир.

 

Финландия: Ҳар бир кун эмоционал барқарорликдан бошланади

 

Фин мактаблари эмоционал интеллектни дарс сифатида эмас, мактаб ҳаётининг ажралмас қисми сифатида кўради. Фин ўқув дастурида урғу боланинг «бутунликда ривожланиши»га берилади. Бу эса ҳис-туйғуларни бошқариш, соғлом муносабатлар ўрнатиш ва шахсий фаровонликни англатади.

 

Espoo шаҳридаги бир мактабда болалар ҳар тонг давра ташкил этиб, ҳар бири қандай ҳолатда эканини айтиб беради. Жараёнга ўқитувчи ҳам қўшилади. Улар бу билан боланинг ҳис-туйғулари тан олинаётганини, у ўзини хавфсиз ҳис қилаётганини таъминлайди. Асосий тамойил эса аввало фаровонлик – кейин таълимдир.

 

Финландияда ўқитувчилар эмоционал тарбия бўйича ҳам чуқур тайёргарликдан ўтишади. Дарсни тўхтатиб, болани тинглаш ёки эмоционал вазият ҳақида суҳбат қилиш – бу эрда одатий ҳол. Мактабларда психолог, ҳамшира ва маслаҳатчилар ишлайди. Рақобат ўрнига ҳамкорлик, тестлар ўрнига ишонч устувор ҳисобланади.

 

АҚШ: Ижтимоий-эмоционал таълимнинг кенгайиши

 

Америка Қўшма Штатларида бу жараён SEL (Social and Emotional Learning – ижтимоий ва эмоционал ўрганиш) номи остида олиб борилади. 2023-2024-ўқув йилида мактаб раҳбарларининг 80 фоизи мактабларида SEL дастури мавжудлигини билдирган.

 

Бу дарсларда болалар ҳиссиётларни аниқлаш, бошқариш, эмпатия, соғлом муносабатлар ва масъулиятли қарорлар қабул қилишни ўрганишади. Баъзи мактабларда ҳафталик SEL дарслари бўлса, бошқаларда бу кўникмалар бошқа фанлар орқали сингдирилади – адабиётда қаҳрамоннинг ҳис-туйғуларини таҳлил қилиш, гуруҳ ишларида мулоқотни ўрганиш кабилар орқали.

 

SELʼнинг афзалликлари аниқ: ўқувчилар стрессни камайтиришни ўрганишади, ижтимоий кўникмалари яхшиланади, ҳатто баҳолари ҳам ошади. Албатта, бу борада баҳслар ҳам йўқ эмас, аммо кўпчилик ўқитувчилар SELʼни фарзандлар учун зарур деб ҳисоблайди.

 

Австралия: Ҳар тонг – ҳис-туйғулар билан суҳбатдан бошланади

 

Австралияда ҳам фаровонлик дарслари тобора кенг тарқалмоқда. Мамлакат бўйлаб «Be You» дастури кенг жорий қилинмоқда. Бу мактабларда эмоционал саломатликни мустаҳкамловчи ёндашувлар илгари сурилади.

 

Дарвин шаҳридаги Лудмилла бошланғич мактабида ҳар тонг ўқувчилар ўз кайфиятларини айтишади ва нега бундай ҳис қилаётганликларини тушунтиришади. Бунга махсус дарслар ҳамроҳ бўлади – масалан, қандай қилиб яхши дўст бўлиш, ёрдам сўраш, зиддиятни тинч ҳал қилиш каби мавзулар. Шу тарзда болалар ҳаётий вазиятларга тайёр, руҳий барқарор ва соғлом муносабатлар қура оладиган инсон бўлиб вояга етади.

 

Австралия мактабларида медитация, онгли ҳушёрлик, «мияни дам олдириш» машқлари ҳам мавжуд. Мактаблар буларни спорт, соғлиқ дарслари ёки алоҳида ижтимоий-эмоционал дастурлар орқали амалга оширади. Эътиборли жиҳат шундаки, бу дарслар маҳаллий маданиятга ҳам мослаштирилган: масалан, абориген жамоалари билан ҳамкорликда юритиладиган дастурлар мавжуд.

 

Ҳиндистон: Ҳар куни 40 дақиқа – бахтга бағишланган дарс

 

Ҳиндистон эса барчани ҳайратга солган лойиҳани бошлади: Деҳли шаҳрида 800 мингдан ортиқ ўқувчи ҳар куни 40 дақиқа давомида махсус «Бахт дарслари»ни ўтади. Бу дарслар онгли ҳушёрлик (миндфулнесс), ахлоқий мазмундаги эртаклар, ижтимоий кўникмаларни ривожлантирувчи машғулотлар ҳамда ижодий фаолиятлардан иборат бўлади.

 

Ҳамма дарслар медитация билан бошланади ва якунланади. Бу орқали болалар ўз ҳиссиётларини англайди, бошқаради, бошқаларга меҳр-оқибат билан муносабатда бўлишни ўрганади. 2025 йилдан бошлаб бу лойиҳа «Яшаш илми» номи остида янада кенгайтирилди – энди унга рақамли саломатлик, стрессни енгиш ва рақамли детокс каби мавзулар ҳам қўшилган.

 

Юқоридагиларда келиб чиқиб, эмоционал интеллект дунёнинг кўплаб мамлакатларида муҳим таълим йўналишига айланмоқда. Баъзи жойларда бу алоҳида дарс шаклида, бошқаларида эса кундалик ҳаётга сингдирилган ҳолда амалга оширилмоқда. Аммо мақсад битта: болаларни нафақат билимли, балки бахтли, барқарор, меҳрибон ва ҳаётга тайёр қилиб етиштириш.

 

Наврўзахон Бўриева,

Ойина.уз

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 20178
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//