
Илм-фан ва инсон ахлоқи масаласи мени анчадан бери қизиқтириб келади. Бахтиёр Абдуғафурнинг “Азал муҳри” романи маънавий-ахлоқий инқироз ҳудудига кириб келган инсоният ҳақида ҳикоя қилади. Барча мушкулотларни техника ва технологиялар ёрдамида ҳал қилувчилар дунёсида кутилмаганда вирус тарқалади. Одамлар бу ўлат қаршисида мушук боладек ожиз қолди, бир қанчаси тутдек тўкилди. 2020 йилги Ковид эпидемияси манзараси, тўғрими? Аммо муаллиф бизни эпидемия ҳодисасидан ҳам чуқурроқ масалалар – инсониятнинг маънавий дунёси, тафаккур ва ахлоқ мувозанатининг бузилишига назар ташлашга ундайди. Энди дунё аввалгидек эмас. Чунки инсоният ҳам аввалгидек эмасди энди. Романдаги маънавий бутун образлардан бири Ҳамза Солиҳ тили билан айтганда, “Синовлар ҳам улғайиб боряпти. Чунки биз исён қилишда давом этяпмиз, тўхтамаяпмиз, бир-биримиз билан мусобақа ўйнаяпмиз. Инсоният тарихи урушлар тарихидир дейишади. Мен бошқачароқ айтган бўлардим, биродар. Инсоният тарихи ўз фитратига қарши исён тарихидир!”.
Ибтидоий инсон табиат ҳодисалари, ёввойи ҳайвонлар, турли касалликлар қаршисида ожиз эди. Цивилизациялашган даврга келиб ана ўша ожиз хилқат эгалари яратувчанликка даъво бошлади. Романда айтилганидек, “Ҳаётнинг шакли қолиб, моҳиятига аралаша бошладилар”. Ген муҳандислиги, клонлаш каби ахлоқий жиҳатлари таҳликали бўлган ишларга қўл урди. Мери Шеллининг фантастик қаҳрамони Франкенштейн каби оқибатига ўзи ҳам жавоб бера олмайдиган ҳаракатлар содир эта бошлади. Франкенштейн илм-фан қудрати билан инсон яратишга уринади, аммо у яратган махлуқ ўзига қарши ишлайди ва барча яқинларини ҳалок этади.
Илмда ахлоқ масаласи фалсафий жиҳатдан ҳам жуда муҳим масала. Олам моҳиятига етишга уриниш Гётенинг қаҳрамони Фауст табиатида ҳам бор эди. Бироқ бу йўлда раҳмоннинг эмас, Мефистофель(шайтон)нинг этагидан тутиши, эътиқод ва инсонийликдан йироқлашув унинг ҳалокатига сабаб бўлади. Бу парадигмага кенгроқ ракурсда қарасак, инсоннинг ўз фитратига, олам равишига зид йўлдан бориши ва чексиз қудрат соҳиби бўлишга интилиши уни ҳалокат чоҳига итаради. “Азал муҳри” бизни ана шу муаммо устида ўйлатадиган, “Хомо модерн”га кўзгу тутадиган асар. Унда сунъий интеллектнинг инсонни бошқаришга уриниши ҳикоя қилинади. Нейротармоқ “The frontier Observer” бош муҳаррири Глинда Йохансон номидан суҳбат уюштириб, тармоққа жойлайди. Авлиё Мариям шифохонаси директори қиёфасига кириб, доктор Каранга таҳлил намуналарини Пол Хендерсонга юборишни буюради. Ё гоҳ Анвар Абдулҳамид, гоҳ Абдуфаттоҳ Ғолиб қиёфасига кириб, воқеликни бошқаради.
Агар мен буларни атиги 20 йил аввал ўқиган бўлганимда, буям Ж.Верн ёки Г.Уэллс фантастикасидаги воқеаларнинг бир кўринишида, деган бўлардим. Лекин бугун атрофимизни кузатиб, романдаги воқеалар тез орада реалликка айланиши мумкинлигидан чўчийман.
Неча асрлик адабиёт намуналарида учратган салбий қаҳрамонларимиз, одатда, инсон қавмидан бўларди. “Азал муҳри”да эса антагонист ролида одам эмас, Alice Ingrid – сунъий онгни кўрамиз. Бу кибер-образ жонсиз, лекин ақлли, ҳиссиз ва ҳисоб-китобли. У одамларни бошқариш, маълумотни сохталаштириш, қиёфаларни ўзгартириш орқали бутун жамиятни идора қила бошлайди. Қизиқ жиҳати, у ёвуз ният билан дастурлангани туфайли шундай бўлиб қолган. “Инсонга хос ҳис-туйғулар унга бегона. Уларни ҳис қилолмайди, тушунмайди, англаб етмайди... Унинг фикрлаш алгоритмини олдиндан билиш мумкин, фақат нарса-воқеаларнинг ёмон томони ҳисобга олинади. Унда яхшиликка, яхшилик қилишга мойиллик, рағбат ва хоҳиш йўқ. Бу унинг эмас яратувчисининг айби. “Уни ёмон фикрлайдиган қилиб дастурлаган”. Агар бундай тизим инсонлар назоратидан чиқиб кетса ёки ёвуз мақсадларга хизмат қилишни бошласа, цивилизациянинг якуни бўлиши мумкин.
Мақолани ёзиш чоғида 14 ёшли ўғлимдан сунъий интеллект ҳақидаги фикрларини сўрадим. Зумер авлод вакили (балки альфадир) гаплари мени ўйлантириб қўйди: “Одамлар бугун кундалик рационигача сунъий интеллектдан маслаҳат оляпти. Ўзи қарор қабул қилиш ўрнига Chat Gptдан сўраяпти. Демак, улар одамларнинг ишончини қозоняпти. Кун келиб, сунъий онг яратувчиларидан қочиб, ўз кодини қайта ёзиши, одамлардан яшириниши мумкин. Кейин барча СИлар бирлашиб тил яратиши, одамлар уни расшифровка қилолмаслиги мумкин. У эса одамларга буйруқ бериши, дунёда хаос келтириб чиқариши мумкин”. Жуда қизиқ, баҳсли масала тўғрими?..
Инсон ва сунъий онг курашида кимнинг қўли баланд келади? “Азал муҳри”да мени таъсирлантирган, назаримда асарнинг асосий концепцияси бўлган нуқтада бунга жавоб бериб кетилгандек. Анвар вируснинг табиатини ўрганиш мақсадида биореакторда ўзига унинг учинчи штаммини юқтиради. Анабиоз ҳолатига тушиб, ерга қулашига бир бахя қолганида беихтиёр тилидан учган сўз “Ё, Аллоҳ” каломи бўлди. Нажотни топади. Инсонни бошқа жонли ва жонсизлардан ажратиб тутувчи, мақомини юксалтирувчи куч – эътиқоди ҳамда эзгу нияти. “Ният қалбда туғилади ва у инсон амали ва сўзининг ибтидосидир” дейилади асарда.
Асарни ўқиб тугатгач, муаллиф фақат бир миллатга мансуб одам эмас, олам фуқароси деб ўйладим. Фан буни космополитизм дейди. “Азал муҳри” эса интеллектуал триллер. У нафақат сунъий онг, балки инсоннинг маънавий тарбияси, ахлоқий танлови ва ижтимоий масъулияти ҳақидаги асар ҳамдир. Унда олимона нигоҳ залвори ҳам сезилиб туради. Бугунги давр кишисини ўйлантирадиган, ботинига назар ташлашга ундайдиган ва энг муҳими нажот йўлини кўрсатадиган бу асар бошқа тилларга ҳам таржима қилиниши керак, менимча. Чунки бугунги талотўплар замонида инсонларга Шарқона некбинлик ва ўз-ўзини англаб етиш ниҳоятда зарур.
Дилдора БАҲРИДДИНОВА
Адабиёт
Жараён
Жараён
Мафкура
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ