Абдулла Қодирийни қамоққа етаклаган мақола


Сақлаш
22:40 / 25.12.2023 550 0

1926 йилнинг 26 марти. Абдулла Қодирий “ўша давр ҳукуматини обрўсизлантирди” деган айбнома билан биринчи марта қамоққа олинади. Бунга “Муштум” журналининг 27-сонида чоп этилган “Йиғинди гаплар” мақоласи сабаб бўлганди.

 

Буюк адиб Ўзбекистон ССР Олий суди Жиноят ишлари ҳайъатининг 1926 йил 16 июндаги ҳукми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Бироқ Ўзбекистон ССР Марказий ижроия қўмитаси раёсати қарорига кўра ўша йили 17 июнда қамоқдан озод қилинади. Жорий йил 1 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати мазкур иш бўйича Абдулла Қодирийга нисбатан оқлов ҳукмини чиқарди. Қодирийни турма остонасига етаклаган ўша мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

 

Йиғинди гаплар

 

Ўқуғучилар билан дардлашмаганимга қарийб бир ой ярим бўлди.

 

– Қайси бурчакда ухлаб қолдинг? – деб сўрама, жиян. Бу ўлкада нима кўб экан, ухлайдирған бурчак ва унда ўмпайиб, тўмпайиб ухлағучи менга ўхшаш овсарлар! Мен сенга айтсам, ўзбекнинг ишчиси, деҳқони, маъорифи, маданияти, иқтисоди, шалтай-балтайи, хуллас, барчаси ҳам ухлайди. Аммо ўчоқбошини[1] холи топқан олақарғалар[2] бўлса, хўбам билган нимаъқулчилигини қилаяпти! Қилаверсин, эгасига товоқ-қошиқ керак бўлса, ахир бир кун қатрон-патрон қилиб олар-ов, оғайни! Ишқилиб, ўлмасдан баҳорга чиқиб олсақ бўпти… “Ўпса нетар, ювса кетар”, деган экан ота-бобо.

 

Мен шу дунёдаги одамзотнинг куйди-пиштисини темиртакда қийнаб ўлдурсам дейман:

 

– Ерлилашдириш! Ўзбеклашдириш! Фалончининг виждонига куйдирги чиқғанми? Ўлиб бўлдик-ку! (Тўнғиз қўпсанг йўқ дедимми!) Ярам янгиланди! Кўрчипқонимни кимнинг олдида ёрай?! (Бувингни олдида ёр!) Маҳалламданам мунчаси ишсиз, фалончаси оч! (Оч бўлса кафанни ҳозирла!)

 

Кўчага чиқсанг кўринган кишидан эшитадирган сўзинг шу. Қулоғингға пахта тиқмасанг, бошқа иложи йўқ!

 

– Вой ўша куйди-пиштини йиғиб, териб Эгам чақирсин!

 

Ҳали-ку бу оғзаки ғишғиша. Аммо кечаги кун газетда Охунбобоевдек[3] битта саркорингдан[4] ҳам феълим айний ёзди. Ҳаммадан ҳам буники қизиқ. Маданглик[5] маориф ходимчилари қурултойига маъруза ўқиб нима дейди, денг:

 

– “Жумҳуриятимизда ҳар 200 мурассаъ [6] чақирим ерга , ёхуд ҳар 4909 одамға битта мактаб бор. Ёки ўқиш ёшида бўлған болаларнинг ҳар (хар, хўтук эмас) 979 тасига бир мактаб тўғри келадир!”[7]

 

Ана бу мияси аччинмаганнинг гапига қаранг энди! Худоға шукр, қорнинг тўқ, қайғунг йўқ, бас, тинчкина фаройизхонлик[8] қилмасдан оқсоқоллиғингни қилаверсанг бўлмайдими, уста Йўлдош!

 

Тузик, чақирим-пақиримингга маним ҳам қаршилиғим йўқ. Раҳматли бўбой: “Саккиз чақирим[9] бир тош бўлади, бир тошни яхши отинг бўлса бир  соатда босасан, деб айтар эди. Икки юз чақиримингҳисобнинг калласи минан 24 тош бўлса, ҳалигидек отинг чаман[10] бўлмаса, бир қўниб эртасига туш чоғида аранг етиб борасан. Уловинг эшак бўлса-ку, ниятни сафарга қилиб, рўзангни баҳузур еявер![11]

 

Гап қаерда эди, ҳали… ҳа, айткандек ҳар беш минг одамға битта мактаб ёхуд 979 тагина уйида энасини зериктирган гўдакка биттагина эрмак тўғрисида эди.

 

Шу замонадаги баъзи одамларға ажаб ҳайрон қоламан. Бир минг болаға битта мактаб бўлса нима-ю, ўн мингига[12] битта тўғри келса, сен билан менга нима ҳасрат! Башарти муддао мирзабошиларни кўпайтириб, идораларни ерлилаштириш бўлса азбаройи Ленин ва Маркс узаткан оёқингни йиғма![13] Кўчага чиқсанг ҳар қадамда битта мирзабоши, ҳaсратидан чанг бурқийди: иш йўқ, куч йўқ, ўн тўққузта ерлилашкан идорадан ҳафта ўтмай чиртинг-пиртинг қоғозини олибдир. Ростини айтсам, “Қул ўлмас, ризқи камимасмақолини унча-мунча одам тўқиб ташламағин. Дарҳақиқат, ҳар беш мингига битта мактаб бўлса ҳам бечоралар йиғлаб, сиқтаб, яғирига кул сепиб, бир кунини кўраяпти. Бунинг устига кун сайин таппа-таппа келиб турған бешик-белик ва қадр, ҳурматлик меҳмонларга ҳам сиррини бергани маълум эмас[14]. Энди бир минггига битта мактаб тушкан ҳар беш мингнинг хўтуклари ҳам бир кунини кўриб кетар, деб ўйлаймиз. Битта-яримтанинг ўчоғига косов бўлар ёки отбоқарми, ахлат қоқарми, ишқилиб бир бало бўлар-ку! Бас, менга қолса, мундоғ майда гапларнинг қайғусини чекиш ҳеч арзимайдир.[15]

 

Энсамни қотирған гапларнинг яна биттаси анови кун бўлиб кечкан маданглик маориф ходимчиларининг қурултойидир. Тўғрисини айтканда, зиёнлиларни фойдалик қилиш масаласидир. Лекин ашаддий қаҳқаҳамга мужиб бўлған гап ҳам шуниси. Ўртоқ Акмалча Чўлпонбойнинг:

 

Зиёлимассен зиёнли хезлардан,

Упа-элик олудаси қизлардан.

Охунд бобо ўғли каби эр керак,

Боёнлардан олинғуси ер керак!

 

– деган шеъри билан зиёнлиларнинг афтига туфургани ҳолда яна нима учундир иймони сусайиб, “Хезлар тавба-тазарруъ қилса, фирқанинг  қучоғи уларга очиқ!” деб қўядир.[16] Дарҳақиқат, хезлардан биттаси тавба қилиб, истиғфор[17] айтса, Акмал жиндак бу тавбага ишонадими, йўқми, ҳозирча унинг ичига кириб чиқған махлуқ йўқ.

 

Бироқ бунга ишонар экан, Акмалингга айтадирган икки оғиз гапим бор: Сенга мисол бериш учун Шайх Саъдийнинг ҳикматига ва ё Калиланинг Димнасига[18] мурожаат қилиб ўлтурмайман. Мисолни худди нақ мутакаллимдан[19] эшит:

 

Мен ҳар куни Худоға тўққуз мартаба осий бўлиб, ўн саккиз мартаба тавба ва истиғфор айтаман. Исёним[20] бепоён бўлғанидек, истиғфорим ҳадсиз ва лекин исёнсиз қолған соатимга жуда оз учрарман! Бас, онглағилким, эй Акмал! Тавбага бўйин буккан банда, бандаларнинг энг ярамасидир, қуллиқ бунёд қилған расво-расволарнинг яна ашаддий расвосидир. Ўз бутунлиғини сақлай олмаған, бошқаға эн бўлаоладир, деган гапни ҳеч бир китобда учратолмадим. Айтмакчиманки, тавбаси бошини есин, сен бўлсанг ишингдан қолма, отингни чуҳ, де! Ҳақиқат олдида бўйин эгиш товбадир, ўзгаси ғовғадир!

 

Шу оралардағи муҳум ҳангамаларнинг яна биттаси Миллий қўшиннинг фирқа канференсияси деб арз қилсам, эҳтимолки, ҳеч кимнинг кўнглига оғир келмас.

 

Нафсиламир, қилай деса иши, ётай деса оғриғи йўқ йигитларимизни башарти мувофиқ кўрилса ва газармаларингиз бўш бўлиб, кўнгилларига гап келмаса, қўллариға милтиқ топилмағанда ҳам битта-битта кетмандаста бериб, қўруқчиликка қабул қилиш чакки бўлмас, деб хаёл қилурмиз. Яна раъйи ўзлариникидир.

 

Ер ислоҳоти муносабати билан Ўзбекистонда бошқа ислоҳотлар ҳам ясалар эмиш, деб эшитдим. Дарҳақиқат, мамлакатда ислоҳотга муҳтож масалалар кўбдир. Масалан, катталарга ақл ва басират[21] ислоҳоти, муҳаррирларга тил ва маъно, шоирларга илҳом ва услуб (маъно бўлмаса ҳам майли), ёшларға ахлоқ ва кийим, хотинларга жабру зулм, домлаларға дин ва салла, Муштум ёзишгучилариға фақат шахсларнинг ёқасига ёпиша беришлик ва бошқа мавзулар тўғрисида ўйлаб ҳам қарамаслик ва ҳоказо ислоҳотларга ниҳоят даражада эҳтиёж кўбдир[22].

 

ОВСАР

 

Муштум, 1926 йил 25 феврал, 2(27)-сон, 2-3-бетлар.

 

[1] Ўчоқбоши – ҳукумат.

[2] Олақарға – келгинди.

[3] Йўлдош Охунбобоев – Ўзбекистон ССР МИК раиси.

[4] Саркор – раҳбар.

[5] Маданглик – маданий.

[6] Мурассаъ – қийматли тошлар билан безалган, маърузачининг сўзида бу сўз мурабба (квадрат) деб берилган.

[7] Йўлдош Охунбобоевнинг маърузаси “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1926 йил, 4 феврал, 29-сонида босилган.

[8] Фаройизхонлик – ҳисобдонлик.

[9] Чақирим – 1,06 километрга тенг узунлик ўлчови.

[10] Чаман от – қирчанғи, секин, юрадиган от ёки эшак.

[11] Маълумки, сафардаги одам рўза тутмайди, рўзангни очавер, бари бир етиб боролмайсан, демоқчи.

[12] Мирзабоши – бу ерда: хизматкор, малай маъносида.

[13] Оёқ йиғмаслик – йўлдан, ниятдан қайтмаслик.

[14] Бу ерда чет эллардан ва марказдан келаётган меҳмонлар назарда тутиляпти.

[15] Давлат бошқарув аппаратини, умуман, Туркистонда Миллий жумҳуриятлар ҳаётини миллийлаштириш, ўзбеклаштириш идора хат-ҳужжат ишларини ўзбек тилида юритиш деганда, барча бошқарув аппаратини ерли аҳоли қўлига топшириш деган маъно тушунилади. 1919 йил 12 июлда РКП(б) МК Туркистон республикаларининг халқ комиссарларига Ерли аҳолини кенг ва мутаносиб равишда давлат фаолиятига жалб этиш зарурлиги тўғрисидажиддий фармойиш берган эди. РКП(б) МК бу масалани миллий жумҳуриятлар тузилгандан сўнг, чет эллик меҳмонлар келиб миллий масалалар жумҳуриятларда қандай ҳал этилаётганлигини кўриб, билиб кетаётганларидан сўнг қайта кўришга мажбур бўлди.

РКП(б) МК ўзининг 12-қурултойида ҳар бир жумхуриятда идора ишларини миллийлаштириш масаласини қайта кўради. 1924 йил 29 март сонида «Зарафшон» газетасининг мухбири Муштум, танқидинг ўринсиз номли мақоласида шундай деб ёзиб ўтади: Ҳозирги хўжалик ишларимизнинг тўқсон фоизини, балки кўпраги оврўполик ўртоқларнинг қўлидадир. Шу вақтгача буларнинг ораларида синфий аюрма масаласи қўзғалганини кўрмаймиз. Балки иш нуқтаи назаридан оддий кишилар бир тарафда турсун, хўжаюн ва оқсуяклар қўюлгандир. Чунки улар ўзларининг мутахассисликлари орқасида кўб вақт зарар ўрнига фойда ҳам бера олурлар…

Халқ комиссариати қошида очилган ерлилаштириш комиссияси жойлардан синфий мансубияти, ижтимоий аҳволини текшириб, ўлка ва вилоят идораларига тажриба учун кўплаб кадрларни йиғиб жўнатадилар. Лекин бу тадбир ҳам самарасиз қолаётгани; юборилган кадрларнинг ҳеч бири лаёқат ва истеъдоди эътиборга олинмагани, бошқарма мудирлиги фаолиятини ўрганишга қўйилмай мухбирлик, кассирлик, қоғоз тикиш каби энг оддий ишлар билан овора бўлиб юрганлари ҳақида мухбирлар газета мақолаларида ёзиб ўтадилар. Болшевикларнинг бу тадбирларини Георгий Сафаров Мустамлака инқилоби, Туркистон сабоқлари (1921 й.) номли китобида Мустамлакачиларга ерли халқдан чиққан ҳақиқий раҳбар, ўзлари билан бир сафда турадиган тенг ҳуқуқли ўртоқ керак эмас эди. Уларга тилмочлар ва ижрочи миршаблар зарур эди, деб изоҳлаб ўтади

Октябрь инқилобининг ўн йиллиги муносабати билан Масковга борган француз ишчи делегациясининг бир гуруҳи Туркистонга ҳам ташриф буюради ва улар сафарлари якунида ўз таассуротлари билан декларация эълон қиладилар. Шу декларация муносабати билан 1928 йилда Парижда яшаб турган туркистонлик муҳожир, ватанпарвар Мустафо Чўқай ўғли Туркистон шўролар ҳокимияти даврида номли рисоласини ёзади. Адиб Абдулла Қодирийнинг ушбу Йиғинди гаплар фельетонида кўтарилган айни шу масалаларни Мустафо Чўқай ўғли ҳам ўз рисоласида батафсил таҳлил қилиб ўтади.

[16] 1926 ва 1927 йилларда Тошкентда Ўзбекистон маданият ва маориф ходимлари қурултойи бўлиб ўтади. Бу қурултойда большевикларнинг мамлакатда ўтказаётган бир неча хил кампанияларидан бири зиёлилар масаласи кўрилади. Унда зиёлилар иккига: пролетар ва эски зиёлилар гуруҳига бўлинади. Эскиларга миллатчи, пантуркист ёрлиқлари осилиб, уларга қарши қаттиқ сиёсий ҳужум бошланади. Махсус қарорлар қабул қилиниб, эскилар санъат, адабиёт, матбуот ишларидан, айниқса, раҳбарлик лавозимларидан четлаштирилади, баъзилари таъқиб остига олинади (архивларда бу икки қурултойга оид материаллар жуда кўп). Курултойни Акмал Икромов маъруза қилиб очади, бу маъруза “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1926 йил 21 январь, 18-сонида босилган.

[17] Истиғфор – кечирим сўраш, тавба қилмоқ.

[18] Калила ва Димна шаҳзодаларга таълим-тарбия берувчи, панд-насиҳат услубида ёзилган ҳиндларнинг Панчатантра китоби. Бу ерда А.Икромов шаҳзодалардек назарда тутиляпти.

[19] Мутакаллим – сўзловчи; нотиқ, ўзимдан.

[20] Осий, исён – Аллоҳнинг амрини бажармаслик.

[21] Басират – кўриш; кўзни очиш.

[22] Бу мақола босилгач Қодирий Ўзбекистон жиноят қонунлари мажмуасининг Аксилинқилобчи…, Раҳбар ходимларни обрўсизлантириш… моддалари билан қораланади, жиноий иш қўзғатилади, уч ойлик сўроқ-терговдан сўнг Ўзбекистон Олий Суди Қодирийни судлайди. Судда Қодирий ўзини оқлаб узрнамо маъруза сўзлайди.

 

Oyina.uz'ни Телеграмда ўқинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//