Турк дунёсининг умумий нафаси – туркий адабиётдаги бугунги тенденциялар


Сақлаш
12:45 / 18.08.2025 8 0

Бугунги кунда туркий давлатлар ўртасида ҳар доимгидан ҳам яқин, илиқ ва истиқболли алоқалар ўрнатилган. Бу жараённи мамлакатлар ҳаётидаги ҳар бир жабҳада, хусусан, адабиётда ҳам кўриш мумкин. Озарбайжон Республикаси нодавлат ташкилотларини давлат қўллаб-қувватлаш агентлигининг 2025 йилги грант танлови ғолиби бўлган «Ўрта Осиё ва Жанубий Кавказ сўз эркинлиги тармоғи» нодавлат ташкилотлари иттифоқи «Турк дунёси: умумий меросдан умумий келажакка» номли лойиҳаси доирасида бир қатор ишларни амалга оширилмоқда. Жумладан, туркий давлатларда яшовчи таниқли мутахассислар иштирокида қатор мақолалар тайёрланяпти. Ушбу мақола ҳам айни туркумдан бўлиб, унда Халқаро «Алаш» адабий мукофоти совриндори, Жаҳон ёш турк ёзувчилари иттифоқининг фахрий раиси Акбар Қошали ва таниқли шоира, таржимон, «Шуҳрат» медали соҳиби Хосият Рустам билан турк дунёсининг умумий адабиёти ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

 

Акбар Қошали: Адабиёт – бир халқнинг руҳи, тарихи ва келажак йўлбошчиси

 

 

Агар турк дунёсини бир вужуд деб тасаввур қилсак, унинг юраги умумтуркий адабиётдир. Бу адабиёт географик чегаралар, сиёсий режимлар ва замонавий тақдирлар ажралишидан кучлироқдир. У илк турк ер юзига қадам қўйган кундан бошланади, «Дəдə Қорқуд» руҳи билан юксалади, Низомий, Насимий, Фузулий тафаккури билан бадиий камолга етади, Алишер Навоийнинг донишмандлик шеърияти билан давом этади, ХХ асрда эса Ҳусайн Жавид, Чўлпон, Халил Саид Хўжаев, Абдулла Қодирий, Мақсуд Шайхзода сингари сиймолар қаламида мафкуравий қаршилик воситасига айланади. Бугун бу адабий бирлик нафақат тарихий ришталар, балки маданий стратегиялар, давлат сиёсати ва технологик имкониятлар орқали мустаҳкамланмоқда. Озарбойжон ва Ўзбекистон (умуман Туркистон мамлакатлари) адабий ислоҳотлари билан умумий илдизларга ва замонавий чақириқларга жавоб бермоқда. Сўнгги йилларда Озарбайжон адабиётида қуйидаги асосий тенденцияларни кўриш мумкин:

 

Миллий-маънавий уйғониш – Қарабоғ ғалабасидан сўнг адабиёт янги босқичга ўтди. Ёзувчи ва шоирлар ғалабани куйлаш билан бирга, миллий идентитетни фалсафий ва тимсолли тилда ифода этмоқда;

 

Янги адабий авлод – ёш шоир ва носирлар анъаналар билан замонавий эстетикани боғловчи кўприк вазифасини бажармоқда;

 

Адабий рақамлаштириш – электрон адабиёт, интерактив шеърлар, виртуал адабий журналлар орқали миллий адабиёт глобал медиа майдонларда ўз ўрнини кенгайтирмоқда.

 

Низомий, Насимий ва Фузулий меросининг умумтуркий миқёсда тарғиботи учун халқаро симпозиумлар, таржима лойиҳалари ва умумий дарсликлар орқали ягона адабий системанинг асослари яратилмоқда.

 

Хосият Рустам: Ўзбек адабиёти умумтуркий маданият кодининг асосий ташувчисидир

 

 

Ўзбек адабиёти шарқ адабиёти ва турк шеърий тафаккурининг асосий устунларидан бири. Алишер Навоийнинг «Хамса»си фақат адабий ҳодиса эмас, балки умумий тил ва тафаккурнинг шеърий конституциясидир. ХХ асрда жадидлар – Беҳбудий, Қодирий, Фитратлар миллий уйғонишнинг адабий манифестларини яратдилар. Ҳозир ўзбек адабиётида қуйидаги хусусиятлар яққол кўзга ташланади:

 

Миллий Уйғониш (Ренессанс) – Жадидлар мероси қайта талқин қилинмоқда. Жамол Камол, Ҳамид Исмоил, Муҳиддин Холиқов сингари замонавий ёзувчилар совет даврининг травмаларини, глобал жамият муаммоларини бадиий тилга кўчиришмоқда.

 

Давлат адабий стратегияси – Президент ташаббуси билан адабиёт миллий устуворликлар қаторига киритилди. Навоий номидаги институт, халқаро адабиёт кунлари, ёзувчиларга берилаётган мукофотлар бунга мисолдир.

 

Ўзбек адабиёти фақат бир халқнинг сўз хазинаси эмас, балки Туркистоннинг, умуртурк маданий кодининг муҳим ташувчисидир. Алишер Навоий яратган поэтик мактаб бу халқнинг фақат адабий кимлигини эмас, балки туркий цивилизациянинг маданий контурларини ҳам белгилаган. Бугунги Ўзбекистон адабиёти, айниқса, мустақилликдан кейинги даврда, миллий руҳнинг қайта уйғонган, жадид меросининг замонавий тил билан янгидан ёзилган бадиий босқичини бошдан кечирмоқда. Мустақилликдан сўнг Ўзбекистонда адабиёт мафкуравий назоратдан халос бўлиб, янги нафас олди. «Фақат расмий нашрлардагина эмас, балки мустақил платформалар – интернет порталлари, ижтимоий тармоқларда ҳам адабий ижоднинг тез суръатлар билан кенгайгани кузатилмоқда. Янги авлоднинг ифода имкониятлари кенгайди, шеърият ва насрда шахсий тажрибага таянган, дунёвий ва универсал мавзуларни қамраб олган асарлар кўпайди. Шунингдек, адабий институтлашув кучайди, Навоий номидаги давлат университети, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида яратилган қулай иш муҳити ва Президент ташаббуси билан таъсис этилган адабий мукофотлар, «Турк адабиётининг дурдоналари» 100 жилдлиги лойиҳаси ёзувчи ва шоирлар учун моддий ва маънавий таянч бўлди. Адабий фестиваллар ва халқаро тадбирлар мунтазам равишда ўтказилмоқда. Масалан, «Навоий – Турк дунёсининг даҳоси» номли симпозиумлар, бошқа туркий давлатлар билан адабий ҳамкорликлар – умумий маданиятга интеграцияни таъминлайди.

 

Бугун ўзбек адабиётининг келажаги энди фақат ички тараққиёт билан эмас, балки умуртурк маданиятига ҳисса қўшиш нияти билан ҳам ўлчанмоқда. Умумий поэтик платформалар яратилиб, турк адабиёти муаллифларининг иштирокида умумий адабий журналлар, танловлар, қўшма антологиялар тайёрланмоқда. Адабий чегараларнинг йўқолиши жараёнида шоир ва ёзувчилар ўртасидаги тил тўсиғи тобора камаяётганини кўриш мумкин. Таржима, тил ўргатиш курслари бу жараённинг асосий воситаларига айланган. Адабиёт фақат эстетик ҳодиса эмас, балки давлатлараро маданий алоқаларнинг устунларидан биридир. Ўзбекистоннинг маданий сиёсатида адабиёт шу жиҳатдан стратегик воситага айланмоқда.

 

Шунингдек, қардош ўлкаларда ҳам туркий адабиётга доимгидан муҳимроқ деб қаралаётгани, ижобий ўзгаришлар кўзга ташланяпти. Назаримда, бугунги қозоқ адабиётининг асосий йўналишларида қуйидагилар кўпроқ кўзга ташланяпти:

 

- Афсонадан реализмга ўтиш: қозоқ ёзувчилари, айниқса, янги авлод, этнографик тасвирлар ва мифологик тимсоллар асосида яратилган реализм орқали замонавий инсон изланишларини поэтик майдонга олиб чиқмоқда;

- Турксойнинг ўзаро муҳитини яратиш: Қозоғистонда туркий давлатлар адабий вакиллари иштирок этаётган «Адабиёт кунлари», «Абай академияси» каби платформалар, DGTYB (Dünya Genç Türk Yazarlar Birliği) ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳалар умумтурк адабий алоқаларининг муҳим марказларига айланган.

 

Қирғиз адабиётига келадиган бўлсак, у Манас достонидан илдиз олиб, халқ руҳи ва эпик нафасни замонавий тафаккур билан бирлаштирган. Чингиз Айтматов бу руҳнинг замонавий товуши, ХХI аср турк адабиётининг виждонидир.

 

Асосий тенденциялар эса қуйидагилар:

- Пост-Айтматов даври Айтматовдан кейинги адабиёт янги саволлар билан юзлашмоқда – ўтмиш билан тўқнашув, янги кимлик изланиши ва поэтик тилни сақлаб қолиш муаммоси;

- Адабий феминизмнинг ўсиши: Баъзи ёш аёл ёзувчилар янги мавзуларда, янги тилда ёзиб, адабиётда гендер нуқтаи назарини кучайтирмоқда. Умуман олганда, қирғиз адабиёти учун поэтик хотира – ҳануз асосий қадриятдир. Бу хотирани асраш учун туркий давлатлар билан қўшма таржима ва нашр лойиҳалари муҳим аҳамиятга эга.

 

Туркман адабиётининг классик даври, айниқса, ХVIII асрда Давлатмуҳаммад Азодий ва унинг ўғли Махтумқули Фароғий каби буюк шоирларнинг ижоди билан бойиган. Азодий ўзининг «Вази-Азод» номли дидактик-фалсафий поэмаси билан танилган. Асарда у жамиятнинг ахлоқий ва диний қадриятларини тарғиб қилган, комил инсон идеалини илгари сурган. Махтумқули эса туркман поэзиясининг энг ёрқин намояндаси ҳисобланади. Унинг шеърларида халқ ҳаёти, турмуши ва ҳиссиётлари ифодаланган, у туркман халқининг энциклопедияси деб эътироф этилади. Махтумқули классик ва халқ шеърияти анъаналарини бирлаштириб, туркман адабиётида реализм оқимини бошлаб берган.

 

ХХ аср охири ва ХХI аср бошларида туркман адабиётида янги йўналишлар пайдо бўлди: Бу даврда ёзувчилар, айниқса, 1980 йиллар охиридан бошлаб, социалистик реализм қолипларидан чиқиб, тарихий ва ижтимоий мавзуларга юзландилар. Асарларда туркман халқининг бирлиги, озодлик орзулари ва миллий идентитет масалалари илгари сурилди. Бугунги ижодкорлар Азодий ва Махтумқули каби класциклардан илҳом олиб, замонавий давр муаммолари ва чақириқларини адабиёт орқали ифода этмоқда.

 

 

Хулоса қилганда, Акбар Қошали таъкидлаганидек, умумтурк адабиётини тасаввур қилиш – бугунни англаш, эртани барпо этиш демакдир. «Адабий бирлик – фақат поэтик носталгия эмас, балки маданий стратегия, идентитет сиёсати, глобал дунёда кўриниш истагидир». Хўш, бундай шароитда ёш авлодга нима тавсия этилади, деган саволга Акбар Қошалининг жавоби қуйидагича бўлди:

 

«Биринчидан, умумий адабиёт дарсликлари масаласи эътиборда бўлиши керак. Яъни, Турк дунёсининг умумий поэтик харитасини тақдим этувчи дарсликлар, ягона ўқув дастурлари тайёрланиши лозим;

 

Иккинчидан, адабий таржима институтлари – ҳар бир турк республикасида фаолият юритадиган ва бошқа турк тилларига таржима ишларини тизимлаштирадиган муассасалар ташкил этилиши керак;

Учинчидан, «Умумтурк адабиёт антологияси» – тарихий ва замонавий муаллифларни қамраб олган кўп тилли нашрлар мажмуаси тайёрланиши лозим;

Ниҳоят, адабий фестиваллар ва кўргазмалар – «Турк адабиёт ҳафталиги» каби умумий лойиҳалар мунтазам ташкил этилиши керак.

 

Ишончим комилки, бу йўлда ёзувчилар, маданиятшунослар, таржимонлар ва ўқувчиларнинг умумий руҳий ҳаракати турк адабиётини янги босқичга олиб чиқади.

 

Жавод ШОҲВEРДИЕВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 20171
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//