
«Темур тузуклари» асари икки қисмдан иборат бўлиб, булар «Тузуки Темур» ва «Тузукоти Темур» бўлимларидир. Асарнинг биринчи қисмида соҳибқирон ҳаёти, марказлашган давлат барпо этиши ва йирик жанглари баён этилган.
Асарнинг иккинчи, асосий қисмида эса давлатни қандай идора этиш, армия тузиш, «устоз – шогирд» анъанаси ҳақида сўз юритилган. Мазкур асардаги Амир Темур қалами билан ёзилган «Салтанат ишларининг тўққиз улушини машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улушини эса қилич билан бажо келтириш зарур» ибораси ҳозирги замон учун ҳам актуал.
«Тўра ва тузукка таяниб салтанатда ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам сақлаб турдим», дейди Темур ўз тузукларида. Франциялик олим Алфонс де Ламартин «Европа на Искандарда, на Аттилада ва на Московия зафарини қучган янги фотиҳ Наполеонда адолатли қонунлар асосига қурилган бундай бошқарувни бунёд этган эмас» деб таъкидлайди.
Сиёсий ҳаётни янада мустаҳкамлаш мақсадида Амир Темур қўшни давлатлар билан доимий алоқалар ўрнатган. Босиб олинган янги ерларни обод қилиш, шаҳарлар барпо этиш ишларига алоҳида эътибор қаратган. Ва бу ишларда жонкуярлик кўрсатган халқ вакилларига имтиёзлар бериб борган.
«Кимки бирон саҳрони обод қилса, ёки ер ости сувларини тортиб оладиган иншоот қурса, ё, бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон ташландиқ ерни обод қилса, фақат ерни ўзлаштирганнинг учинчи йили (дастлабки икки йил тўламаган) қонун доирасида хирож солиғи олинсин» деб ёзилган ушбу тузукларда.
Тарихий манбаларда Амир Темур нафақат кучли ҳукмдор ва саркарда, балки устозига мос шогирд сифатида ҳам эътироф этилади. Соҳибқироннинг уч шайхга нисбатан ихлоси жуда баланд бўлиб, уларни ўзига пир (устоз) сифатида кўрган. Булар – шайх Шамсиддин Кулол, Мир Саййид Барака ва Зайниддин Таёбодийлардир.
Амир Темур устозларига салтанат ишларида, давлат бошқарувида, дин масалаларида мактуб йўллаб, тўғри йўлни танлашда маслаҳат сўраган. Масалан, Чингизхон авлодларидан бўлган Туғлуқ Темур Туронга юриш қилганда, кўплаб ҳукмдорлар Хуросон томонга чекинади. Соҳибқирон пиридан маслаҳат олиш мақсадида унга мактуб йўллайди. Темурга қуйидаги мазмунда жавоб хати келади: «Туғлуқ Темурхоннинг олдига боргил ва қўлидаги ўқ-ёйини тортиб олғил».
Амир Темурнинг Давлат бошқаруви тизимида доимо тўртта нарсага амал қилиши ҳам бевосита унинг устози билан боғлиқ эди. Амир Темур «Пирим, Зайниддин Абубакр Таёбодий менга ёзмишларким: Абулмансур (луғавий маъноси: «зафар, ғалаба қозонувчи», уламо ва машойихлар томонидан Амир Темурга берилган фахрли ном) Темур, салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин: ўзинг билан кенгаш; бошқалар билан машварату маслаҳат айла; 3 ҳушёрлигу мулоҳазакорлик билан қатъий қарор чиқар; 4 ҳамиша эҳтиёткор бўл!».
«Пиримнинг ушбу мактуби менга етгач, унда буюрилган ҳар бир нарсани бажо келтирдим. Салтанатим ишларини тартиб-интизомга солиб, салтанатим мартабасига тўра ва тузук билан зебу зийнат бердим. Салтанатимни ўн икки тоифадаги кишилар билан мустаҳкамладим. Салтанатим мартабаси бўлмиш тўра-тузуклар ва қонун-қоидаларни ҳам шу ўн икки тоифага боғлаб туздим. Бу ўн икки тоифани салтанатим фалагининг ўн икки буржи ва давлатим корхонасининг ўн икки ойи деб ҳисобладим», дейди Темур ўз асарида.
Шу билан бир қаторда, Амир Темурни ўз пирларининг давомчиси сифатида талабчан, етук савияга эга меҳрибон устоз сифатида ҳам таъкидлаш жоиз. Манбаларда, Амир Темурнинг 313 нафар шогирдлари бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Хусусан, Темур ҳар бир набираси билан алоҳида шуғулланган, уларни жангларда ўзи билан бирга олиб юрган. Ҳар бир невара ва чеварасида суюрғол мулк ажратиб, уларда бошқарув кўникмасини шакллантиришга уринган. Унинг ўзига меросхўр этиб, ўғилларини эмас, невараси Пирмуҳаммад султонни танлаши ҳам, соҳибқирон ўзи тарбия берган авлодларига ишониши билан боғлиқ эди.
Бундан ташқари, Темур ва темурийлар салтанатининг садоқатли жангчиси амир Шоҳмаликни ҳам айнан Амир Темур ўзи тарбиялаган.
«Ҳар кимнинг ақли ва шижоатини синов тарозусида тортиб кўриб, бошқаларникидан ортиқроқлигини кўрсам, уни тарбиямга олиб, амирлик даражасига кўтарар эдим. Сўнгра кўрсатган хизматларига яраша мартабасини ошириб борардим», дея қайд этади буюк ҳукмдор.
«Темур тузуклари» да келтирилган шогирд ва лашкар тарбиясига оид Амир Темурнинг қуйидаги фикрларини алоҳида эътиборга лойиқ: «Бегига эътиқоди кучли навкар улким, унинг оғир-қаттиқ эътирозли сўзларидан ранжиб, кўнглида кек сақламайди. Бегидан танбеҳ эшитса, ўзини айбдор деб билади. Бундай навкар таъмину тарбияга лойиқдир».
«Сипоҳийларим билан қандай муомала қилишим тўғрисида фикр юргизиб, қайси бирини қандай тарбият қилишим керак, қайси ишни қай бирига топширсам, хато қилмаган бўламан деб, ҳар ишнинг олди-кетини ўйлар эдим» дея Темур, ҳар кимга ўзи яхши қила оладиган ишни топшириш борасидаги зукколигини намойиш этган.
Амир Темур ўз фаолиятидаги энг йирик жанг — Анқара муҳорабасида ғалаба қозонишида ҳам унинг аскарларига жуда сахий бўлиши фактори муҳим роль ўйнаган. Темур билан жанг арафасида усмонли султони Боязид Йилдирим лашкари бир неча ойдан бери маош олмаётган кўп сонли туркман ва ёлланма жангчилардан иборат эди. Темур ўрдуси эса, аксинча, яқиндагини тугаган Шом юришида катта ўлжалар қўлга киритган ва соҳибқирон унинг бир қисмини навкарларга тарқатганди. Кайфиятдаги ушбу устунлик Туркистон қўшини кўтаринкилик билан жангга киришига, усмонли лашкари эса жанг ярмида қарши томонга ўтиб кетишига сабаб бўлади.
Терек жангидаги Хўжа Сайфиддин отрядининг қаҳрамонлиги Темур аскарлари ҳукмдорига охиригача ишониши ва содиқлигига яққол далил. Олтин Ўрданинг моҳир чавандозлари қуршовига тушиб қолганига қарамай, Сайфиддин қўшини уларга қатъият билан қаршилик кўрсатади ва душман чап қаноти марказ томон юришига йўл қўймайди. Улар Умаршайх мирзо ва Жаҳоншоҳ баҳодир бошлиқ мадад кучлари келгунга қадар матонат билан курашади. Терек жанги тақдирини ҳал қилган ушбу ботирларга Темур жангдан сўнг катта совға-саломлар улашади ва кўпчилигига «тархон» унвонини беради.
Амир Темур – ҳақиқий саркарда эди. У уруш олиб боришнинг сабоғини яхши билган, ғалабанинг биринчи шарти: аскарлар ва қўмондон орасидаги илиқ муносабат эканлигини таъкидлаган. Соҳибқирон ана шу қоида асосида армияни бошқарди ва улкан зафарларга эришди.
Завқибек Маҳмудов
Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти в.б. доценти
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ