Армия модернизатори – амир Насруллонинг ҳарбий ислоҳoтлари


Сақлаш
16:24 / 07.04.2025 73 0

 

Бухоронинг қудратли амирларидан бири Насруллохон жуда иродали, жасур ва довюрак инсон бўлган. Айнан ушбу хислатлари туфайли унга «баҳодир», «ботир» унвонлари берилган. Бироқ, тарихда уни шафқатсизлиги сабаб танқид қилиб,«қассоб» дея атаганлар ҳам бор. Барча жиҳатларга қарамасдан амир Насруллохон Ўзбекистон тарихида замонавий, кучли армия тузган, мустаҳкам давлатчилик қурган ҳукмдор сифатида қолади.

 

Амир Ҳайдар ўғли Насруллохон 1806 йилда Бухорода таваллуд топади. Отаси уни 15 ёшлигидан давлат бошқарувига жалб этади. Насрулло отаси ҳамда инилари амир Ҳусайн ва амир Умар ҳукмронлиги даврида Қарши вилоятида ҳокимлик қилади.

 

Насрулло ниҳоятда қатъиятли шахс бўлгани боис, отаси уни барча юришларга ўзи билан бирга олиб борган. Насрулло ёшлигиданоқ отасидан ҳарбий ва давлат бошқарувига оид билимларни ўрганган. Манбаларга кўра, амир Ҳайдар бошқа ўғилларига нисбатан ҳамиша уни ўзига яқин тутган.

 

Отасидан сўнг қисқа курашларда иштирок этган Насрулло ниҳоятда моҳирлик билан тахтни эгаллайди. У Бухоро амирига айланган вақтда давлат қўшинлари аҳволи оғир, ҳатто маҳаллий бекларнинг қаршилигини синдириш армия учун қийин ишга айланганди.

 

ХИХ асрнинг 30 йилларида Бухоро амирлигида 20 минг атрофида аскар бўлиб, ҳарбий заруратга туғилганда Бухоро беклигидан 12 минг, Самарқанддан 2500, Қаршидан 2500, Майманадан ва Қоракўлдан 1000 нафар аскар етказиб берилган. Қўшиннинг асосий қисми найза ва қилич билан қуролланган, бир неча қисмидагина пилта милтиқ бўлган.

 

Амир Насруллохон тахтга келиши билан мамлакатда иқтисодий, сиёсий, ҳарбий ва маъмурий ислоҳотлар амалга оширишга киришади.

 

Замонавий қурол-яроғлар тайёрлаш ва фойдаланишни ўргатиш учун хориждан ҳарбий мутахассислар жалб этилади. 1834 йил Эрондан келган Абдусамад Табризий амирлик аскарларига европача услубдаги ҳарбий тартибни ўргатади ва 1837 йили махсус тўпчилар қўшинини тузади. Кейинчалик Бухорода тўп ва замбараклар қуйиш учун алоҳида тўпхона ҳам қурилади. Икки юз кишидан иборат инглиз ҳарбий андозасидаги махсус аскарий гуруҳ ташкил этилади. Амир Насруллонинг ўзига хос махсус гвардияси вазифасини ўтаган ушбу қисмга эроний қуллар ҳам киритилади ва унга Абдусамад Табризий бошчилик қилади. Табризий, ҳаттоки, Амир Насруллохоннинг ҳарбий маслаҳатчиси ва ноиби лавозимларида ҳам фаолият кўрсатади.

 

1837 йилда ҳар бири 800 кишидан иборат 50 та сарбозлар булуклари ва 250 кишилик тўпчилар гуруҳи ташкил қилинади. Мунтазам пиёда қўшин сони 40 минг кишига етказилади. Икки мингга яқин аскар найзали милтиқ, қилич ва тўппонча билан қуроллантирилади.

 

Қўшин таркибидаги сарбозлар асосан деҳқонлар, ҳунармандлар ва асирлар орасидан танлаб олинади. Амирлик ҳарбий қўшинида қизил куртка, оқ шалвар ва қалпоқдан иборат махсус ҳарбий кийим жорий этилади. Мазкур ислоҳотлардан сўнг, Бухоро амирлиги қўшинининг жанговар ҳолати, қўшин таркиби ва сифати яхшиланади. Россия империясининг амирликка босқини даврида ҳам қўшин Амир Насруллохон томонидан олиб келинган ўша эски қуроллар билан жанга кирганини кўришимиз мумкин.

 

Амир янги тузилган тўпчилар қисми учун, Ўғлон ва Талипоч дарвозалари олдида казармалар барпо этади. Шу тариқа, Бухоро атрофида «Сарбозхона» номи билан машҳур бўлган, 800 уйдан иборат ҳарбийларнинг мунтазам яшаш манзиллари пайдо бўлади. Амир Насрулло ташкил этган тўпчилар отряди таркибида 14 ноғарачи, 14 найчидан иборат мусиқачилар гуруҳи мавжуд бўлиб, ҳар бир юзликда иккита турк наъмунасидаги барабанчи, 4 та сурнайчи, 6 та трубачи фаолият кўрсатган. Бундан ташқари, рус ҳарбий асирларидан тузилган болобомчилар ҳам бўлган.

 

Амир Насруллохон учун энг қийин кечган Шаҳрисабз юриши 20 йил давом этган. Бу вақт оралиғида амир шаҳарга 32 марта ҳужум қилган ва 1856 йилда Шаҳрисабзни узил-кесил бўйсундирган. Шаҳрисабз марказий ҳокимиятга бўйсунгач, сулҳ рамзи ва ҳудуда ўрнашиб олиш учун Насруллохон маҳаллий ҳукмдор Искандар Валломанинг синглиси Кенагасхонимга уйланган.

 

Амир Насруллохон даврида амалга оширилган ҳарбий ислоҳотлар амирлик ҳарбий салоҳиятини оширди. Эрон, Россия ва Туркия армияларидан андоза олиб, қайта ташкил этилган, хорижлик мутахассислар жалб қилинган Бухоро амирлиги армияси Ўзбекистон тарихида замонавий армия бошланишининг ибтидоси бўлди. Афсуски, амир Насруллохондан кейинги ҳукмдорлар ҳарбий соҳага етарлича эътибор қаратмади, бу эса Бухоронинг Россия мустамлакасига айланишига олиб келди. Мустамлакачиларга қарши жанглардаги мағлубиятлар ва кўплаб ҳарбий хатоликларнинг асоси аслида амир Насруллохондан сўнг армияда модернизация ишлари олиб борилмаганида эди.

 

Завқибек Маҳмудов

Абдулла Авлоний номидаги миллий институти в.б. доценти

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17592
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//