
Бир пайтлар оддий сичқонча – Микки Маус билан бошланган Disney саргузашти бугунги кунда инсон тасаввурининг энг юксак чўққиларини запт этди. 1937 йилда “Оппоғой ва етти гном” филmми илк бор экранларда пайдо бўлганда, ҳеч ким бу кичик анимация студияси бутун инсоният маданиятини акс эттирувчи сеҳрли кўзгуга айланишини тасаввур ҳам қилмаган эди.
Аввалги мақоламизда Disney фильмларидаги севги ва романтиканинг қандай ўзгарганини таҳлил қилган эдик, аммо бу фақат ҳикоянинг бир қисми холос. Disney фильмлари – бу нафақат муҳаббат қўшиқлари ва сеҳрли эртаклар, балки жамият қиёфаси, қадриятларимизнинг ўзгариши акс этган улкан бир мозаикадир.
Disney дунёси вақт ўтиши билан ўзгаришда давом этди. Сеҳрланган ўрмонлардан океан соҳилларигача, Европа қалъаларидан Жанубий Америка тоғларигача – бу нафақат географик, балки маданий жиҳатдан ҳам катта саёҳат. Келинг, фильмлардаги шу ранг-баранг ўзгаришларни бирма-бир ўрганиб чиқамиз.
Оқ рангдан камалаккача: Disney қаҳрамонларининг ранг-баранг дунёси
Бир замонлар Disney олами оппоқ эди, худди абадий қор ёғаётган қиролликка ўхшарди. Энг биринчи маликалар: Оппоғой, Синдрелла, Уйқудаги малика – барчаси Европа афсоналаридан келиб чиққан, европача юз тузилиши ва кўринишга эга эди.
Аммо эллик йилдан кейин, студияда бошқа ранглар ҳам пайдо бўла бошлади. 1992 йилдаги “Оловуддин” ва 1995 йилдаги “Покахонтис” фильмлари бошқа маданиятларни акс эттириш йўлидаги дастлабки қадамлар эди. Бироқ бу фильмлар ҳали ҳақиқий маданият тасвиридан кўра, ғарб кўзи билан кўрилган шарқ эртаклари эди.
Кескин ўзгариш 2009 йилда “Малика ва қурбақа” билан бошланди. Тиана – Афро-америкалик қиз Disney маликаларининг расмий рўйхатида биринчи қора танли қаҳрамон бўлди. Ҳақиқий инқилоб эса кейинги ўн йилликда юз берди.
“Моана” (2016) фильмида Полинезия маданиятининг қадимий мероси, “Коко”да (2017) Мексиканинг “Ўликлар куни” байрамига сингдирилган фалсафа, “Рая ва сўнгги аждарҳо”да (2021) Жануби-шарқий Осиё маданий меросининг нозик жиҳатлари, “Энканто”да (2021) эса Колумбиянинг турмуш тарзи ва оилавий қадриятлари чуқур ҳурмат, аниқлик ва санъаткорона тафсилотлар билан акс эттирилган.
Disney маҳсулотларининг маданий асосини янада ишончли ва ҳаққоний қилиш учун жиддий изланишлар олиб бормоқда. Масалан, “Моана” фильмини ишлаш жараёнида Океания маданиятининг мутахассисларидан иборат махсус маслаҳат кенгаши ташкил этилган, “Энканто” яратувчилари эса Колумбияга саёҳат қилиб, маҳаллий урф-одатлар ва турмуш тарзини чуқур ўрганган.
Дастлаб Disney дунёси асосан оқ ранг билан чекланган эди. Бугунги кунда эса у тобора ранг-баранг тус олмоқда. У нафақат ташқи хилма-хилликни акс эттиради, балки турли маданиятларнинг ички фалсафаси, дунёқараши ва ҳаётни тушуниш усулларини уйғун тарзда ифодалашга интилмоқда.
Гўзаллик нимада? – Стандартлар ўзгармоқда
Disney қаҳрамонларининг ташқи қиёфаси жамиятдаги гўзаллик тушунчасининг қандай ўзгараётганини акс эттиради. Илгари гўзаллик стандартларини ўрнатган ушбу студио эндиликда уларни қайта кўриб чиқмоқда ва янада реалистик тасвирларга ўтмоқда.
Дастлабки маликаларни эслайлик: Оппоғой, Синдрелла, Уйқудаги малика – уларнинг қиёфаси ўша давр аёл идеалига мос эди. Нозик бел, катта кўзлар, ҳимояга муҳтож ва мулойим феъл-атвор – уларнинг гўзаллиги айнан шу заифликда эди. 1990-йилларга келиб, Disney қаҳрамонлари бироз фаолроқ бўла бошлади. “Сув париси”даги Ариел денгизга бўлган иштиёқи билан, “Соҳибжамол ва махлуқ”даги Бел эса китобларга бўлган муҳаббати билан ажралиб туради. Аммо уларнинг ташқи қиёфаси ҳануз классик стандартларга мос эди: ингичка бел, узун оёқлар ва катта кўзлар.
2012 йил бу борада ҳақиқий бурилиш нуқтаси юз берди. “Шерюрак қиз” (Браве) қаҳрамони Мерида – жингалак, тартибсиз сочлари, юзидаги сепкиллари ва мукаммал бўлмаган қомати билан анъанавий гўзаллик тушунчаларига қарши чиқди. Мерида камондан ўқ уза олади ва от минишни билади, ҳамда фильм охирида ўз тақдирини ўзи белгилайди. Шунингдек, “Музюрак”да (Фрозен, 2013) эса Элса ва Анна аввалги маликалар билан таққослаганда анча реалистик тасвирланган. “Энканто”даги (2021) Мирабел ҳам бутунлай бошқача – кўзойнак тақади, бўйи пастроқ, қомати оддий, бироқ унинг гўзаллиги ички кучи ва ҳаётга ижобий муносабатида намоён бўлади.
Ўзгаришлар фақат аёл қаҳрамонларгагина тааллуқли эмас. Дастлабки Disney шаҳзодалари идеал эркак қиёфасини акс эттирган: баланд бўйли, кенг елкали, мушакдор ва мутлақ мукаммал. Вақт ўтиши билан улар ҳам янада жонли ва реалистик бўла бошлади. “Мулан” (1998) филmмидаги Ли Шанг ҳануз кучли жангчи, аммо у фақат жисмонан эмас, эмоционал жиҳатдан ҳам ривожланган. “Атлантида” (2001) қаҳрамони Мило Татч эса бутунлай бошқача – озғин, кўзойнакли ва закий. “Лука” (2021) қаҳрамони нафақат нозик жисмоний қиёфаси, балки самимий ва ҳиссиётларга бой феъл-атвори билан ажралиб туради.
Қаҳрамонлик нимада?
Қаҳрамонлик жанг майдонидаги ғалабадами ёки ақл ва юрак донишмандлигида? Disney бу саволга жавобини ҳам вақт ўтиши билан ўзгартирди. Дастлабки фильмларда – масалан, “Робин Гуд”даги (1973) Робин ёки “Уйқудаги малика”даги (1959) Шаҳзода Филипларнинг қаҳрамонлиги асосан жисмоний куч, жасорат ва моҳирона қиличбозлик билан белгиланарди. Ғалаба қозониш учун бош қаҳрамон рақибидан кучлироқ бўлиши керак эди.
Аммо “Тошдаги қилич”да (1963) Disney ўзгача ёндашувни танлади. Артур – оддий, озғин бола, қилични ҳам кўтара олмайди. Аммо айнан у ўзининг ақл-заковати ва донолиги туфайли қилични тошдан суғуриб, Англиянинг келгуси қироли бўлади. Бу фильм илк бор қаҳрамонлик фақат жисмоний кучга боғлиқ эмаслигини кўрсатди.
Бу ғоя кейинчалик “Мулан”да (1998) янада ривожланди. Мулан жисмонан кучли эмас, аммо ақл, айёрлик ва мантиқий фикрлаш орқали душман устидан ғалаба қозонади. У тоғда қор кўчкисини юзага келтириб, бутун Хун қўшинини атиги битта ўқ билан тор-мор қилади. Бу янги қаҳрамон образини яратди – кучли эмас, балки ақлли ва топқир.
“Музюрак” (2013) фильмида куч тушунчаси янада чуқурлашди. Элса жисмонан бақувват эмас, аммо сеҳрли қудратга эга. Бироқ асарнинг асосий ғояси шундан иборатки, ҳақиқий куч – қўрқувни енгиш, ўзини тушуниш ва қабул қилишда. Элса ўзлигига ишонч ҳосил қилгач, кучларини бошқаришни ўрганади.
Ҳамма ёвуз туғилмайди: Disney антагонистлари
Ҳар бир қаҳрамонга қаршисида турган рақиб, душман керак. Аммо Disney ёвузлари ҳам вақт ўтиши билан оддий қора-оқ тасвирдан чиқиб, кўп қиррали шахсларга айланди. Илк фильмларда антагонистлар одатда соф ёвузлик тимсоли эди – улар шунчаки ёмон эди. Малефисента, Круелла де Вил ёки Синдрелланинг ўгай онаси – уларнинг қандай ёвуз бўлиб қолганлиги тушунтирилмасди. Томошабин эса уларни бир қарашдаёқ таниб олиши керак эди: қора кийим, совуқ нигоҳ ва шафқатсиз характер.
Бироқ 1990-йиллардан бошлаб Disney ёвузлари мураккаблаша бошлади. “Оловуддин”даги (1992) Жафар ва “Геркулес”даги (1997) Ҳад шунчаки ёвуз эмас, балки ақлли, айёр ва ҳатто ҳазилкаш персонажлар эди. Томошабин уларни нафрат билан эмас, балки уларнинг ўткир ақлига тан бериб кузатарди.
2000-йилларга келиб, “Шерюрак қиз” (2012) каби фильмларда анъанавий ёвуз қаҳрамонлар умуман йўқ бўла бошлади. Энди асосий қарама-қаршилик ёвуз куч эмас, балки тушунмовчилик, қадриятлар тўқнашуви ва оилавий келишмовчилик атрофида қурилди. Мериданинг душмани – аслида онаси эмас, балки улар орасидаги тушунмовчилик эди. Бу эса ташқи эмас, ички кураш – шахсий ўсиш ва қадриятлар ўртасидаги зиддиятга айланди.
Disney 2014 йилда янада дадил қадам ташлади. “Малефисента” классик ёвуз қиёфасини бутунлай қайта талқин қилди. Энди у шунчаки ёвуз эмас, балки ўз тарихига, чуқур жароҳатларга эга мураккаб персонаж бўлиб чиқди. Фильм ёвузлик ҳар доим ҳам шунчаки ёвузлик эмаслигини, унинг ортида оғриқ, алданиш ва хиёнат бўлиши мумкинлигини кўрсатди.
Ёш эволюцияси: вояга етиш ҳикоялари
Disney қаҳрамонлари нафақат ташқи кўриниши ва кучи, балки ёши ва етуклик даражаси билан ҳам ўзгариб келди. Бу ўзгаришлар замонавий томошабинларнинг эҳтиёж ва кутилмаларини акс эттиради. Шу тариқа Disney қаҳрамонларининг ёши ҳам вақт ўтиши билан ўзгарди. Оппоғой 14 ёшда, Ариел ва Мулан 16 ёшда эди. Бу ёшдаги қаҳрамонлар ҳаётнинг мураккабликларига тайёр эмасди, улар кўпинча тез ва осон ечимлар – шаҳзода, сеҳрли куч ёки мўъжизалар ёрдамида муаммоларни ҳал қилишарди.
2000-йиллардан сўнг Disney қаҳрамонлари ёшроқ ва етукроқ бўлди. “Моана” (2016) 16 ёшли қизнинг денгиз саёҳати, ўз халқи ва ўзини қутқариш йўлидаги қийинчиликларни кўрсатди. Бу фильм қаҳрамоннинг “шунчаки турмушга чиқиши” ҳақида эмас, балки ўз йўлини топиши ҳақида эди.
“Шерюрак қиз” (2012) ва “Муз юрак”да (2013) қаҳрамонлар ўзликни англаш, оила ва жамият билан муносабатни мувозанатлаштириш каби муаммолар билан юзлашади. Бу филmмлар ёшларнинг вояга етиш жараёни, ўз овозини топиш ва мустақил қарор қабул қилиш каби мавзуларни ёритади.
Хулоса
Бир вақтлар оддий қиз шаҳзода келишини кутса, бугун у ўз тақдирини ўзи белгилайди. Бир вақтлар қаҳрамон фақат жисмоний куч билан ғалаба қозонса, бугун у заковати билан енгади. Бир вақтлар ёвуз шунчаки ёвуз бўлса, бугун ҳар қандай антагонист ўз тарихига, ўз сабаб ва мотивларига эга.
Disney эволюцияси – бу бизнинг эволюциямиз ва мазкур саёҳат шубҳасиз ҳали тугамаган. Келажак фильмларининг қандай бўлишини олдиндан айтиш қийин, лекин бир нарса аниқ: улар ҳам ўз даврининг кўзгуси бўлади, бизнинг умидларимиз, қўрқувларимиз, орзуларимиз ва интилишларимизни акс эттиради.
Сеҳрли кўзгу ортида биз ўзимизни – жамият, маданият ва инсонлар сифатида кўрамиз. Бу кўзгудаги акс қанчалик ўзгармасин, доимо бир ҳақиқатни эслатиб туради: ҳар қандай ҳикоянинг марказида инсон қалби ётади.
Самандар ЭРКИНЖОНОВ
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ