Севги эртаклари қаерга кетди? Романтиканинг янги қиёфаси


Сақлаш
11:32 / 09.04.2025 193 0

Бу фақат болалар учун эмас, балки ҳар биримизнинг ичимиздаги бола учун. Фарқи йўқ, олти ёшдамизми ёки олтмиш. Мазкур сўзларни Уолт Дисней ўз анимацион тасвирларини дунёга тақдим этганида айтган эди. Ҳақиқатан ҳам шундай. Болалигимизнинг энг ёрқин хотиралари орасида албатта камида битта Disney эртаги бор. Ўша эртакни биринчи кўрганимизда юрагимиз ҳаяжонланган, ҳаёт ва севги ҳақидаги тасаввурларимиз шаклланган эди.

 

Сеҳрли ўпич билан уйғонган Уйқудаги Малика, денгиздаги ҳаётини тарк этиб инсон севгиси учун овозини қурбон қилган Ариел (Сув париси), қаҳрли махлуқ қўлини ушлаган Бел... Булар бизнинг ёшлигимизнинг қаҳрамонлари эди. Аммо бугун Disney фильмларини томоша қилар экансиз, ғалати бир туйғу пайдо бўлади – Шу ерда нимадур етишмаяпти...

 

Сўнгги ўн беш йилликда Disney студияси ажойиб ўзгаришни бошдан кечирди. “Улар узоқ ва бахтли ҳаёт кечирдилар” ёки “биринчи кўришда севиб қолиш” каби анъана аста-секин йўқолиб, ўрнига янги тушунчалар пайдо бўлди: шахсий куч, оилавий ришталар, дўстлик ва ўзлигини англаш.

 

Бу ўзгаришлар ортида нималар турибди? Нима учун Disney ўзининг энг машҳур формуласидан воз кечди?

 

Романтика: Кеча ва бугун. Ўтмишда қолган сеҳр

 

 

Disney фильмларининг олтин даври бир сеҳрли формулага асосланган эди: гўзал ёш қиз, унга ошиқ бўлган баҳодир шаҳзода ва уларни ажратувчи тўсиқ. Бу чиройли, оддий ва ишончли формула турли авлодларнинг юрагини забт этди.

 

Синдреллани эсланг: камбағал, қийналадиган қиз шаҳзода билан рақсга тушади, сўнгра оёқ кийимини тушириб қўяди. Шаҳзода бутун қиролликни кезиб, уни излайди. Нима учун? Чунки уларнинг тақдири бирлашиши керак. Ёки Оппоғойни олайлик: унда заҳарли олмадан ўлиб қолган қизни фақат ҳақиқий севги ўпичи қутқаради. Бу фильмларнинг асосий ғояси шундай эди: Ҳақиқий севги ҳар қандай тўсиқни енгади.

 

Бу эртакларда қизлар фаол эмас, улар пассив. Уларнинг бахтли ҳаёти шаҳзодага боғлиқ. Севги эса олдиндан белгиланган, тақдир томонидан ёзилган, биринчи кўришдаёқ юзага келадиган мўъжиза сифатида тасвирланади.

 

Бугуннинг янгича қаҳрамонлари

 

Янги Disney қизлари бизнинг замонамиз қизлари каби: мустақил, кучли, ўз тақдирини ўзлари белгилашни истайдиган. 2010-йиллардан бошлаб Disney фильмларида жиддий ўзгариш юз берди. Романтик севги ҳикоялари иккинчи планга тушиб, бошқа мавзулар кўтарилди:

 

 

“Муз Юрак” (Фрозен - 2013) – Disney анъанавий севги ҳикоясини буткул ўзгартирди. Анна дастлаб шаҳзода Ҳансни биринчи кўришдаёқ севиб қолади, аммо бу севги унинг ҳалокатига сабаб бўлади. Фильм бу ҳолатни тасвирлаш орқали анъанавий эртакларни пародия қилади. Ҳанс хоинона кулиб: “Сени кимдир чин дилдан севганида эди....” дейди. Аммо асл “ҳақиқий севги” Анна ва Элса ўртасидаги опа-сингиллик риштаси бўлиб чиқади. “Муз Юрак” “биринчи кўришда севги” концепциясини рад этади.

 

 

“Моана”да (2016) романтик сюжет умуман йўқ. Моана ўз қишлоғини қутқариш ва ўзлигини англаш учун саёҳатга чиқади. Унинг ҳеч қандай романтик шериги йўқ. Мауи билан муносабати эса устоз-шогирд ёки дўстлик муносабатидир, романтик эмас. Фильм қаҳрамоннинг ўз кучини топиши ва қабиладошларини қутқариши ҳақида ҳикоя қилади.

 

 

Энканто (2021) – бу оилавий ҳикояда романтик севги деярли учрамайди. Мирабел оиласидаги ҳар бир аъзонинг муаммолари ва қобилиятларини ўрганиб, уларни яқинлаштиради. Фильм оила бирлигини тиклаш, ўзаро тушуниш ва ҳар бир инсоннинг ўзига хослигини қабул қилиш ҳақида.

 

Нега биз менинг оқ отдаги шаҳзодам иборасини эшитмай қўйдик?

 

 

Шундай қилиб, ушбу формула етарли муваффақият келтирган бўлса-да, Disney нега романтик севгидан воз кечди? Бу эволюциянинг тўрт муҳим сабаби бор:

 

1. Жамиятимиз кўзгуси

 

Болалигимиз эртакларидаги романтика 1930–1950-йиллардаги ғарб жамиятига мос эди. Ўша даврда аёлларнинг асосий роли оила қуриш, турмушга чиқиш ва она бўлиш бўлган.

 

Бугун эса дунё ўзгарди. Аёллар мустақил, ўз мақсадларига эришишга интилмоқда. Энди “малика шаҳзодаси билан бахтли яшади” етарли эмас. Замонавий қизлар учун бахт фақат севги билан чекланмайди.

 

2. Глобал дунё, турфа қадриятлар

 

Disney энди фақат Америка учун эмас, балки бутун дунё учун ҳикоя қилади. Турли маданиятларда севги ва романтикага бўлган қарашлар фарқ қилади. Масалан, баъзи жамиятларда “биринчи кўришда севги” тушунчаси умуман мавжуд эмас. Шунинг учун Disney оила, дўстлик, ўзини англаш ва шахсий ўсиш каби универсал қадриятларни олдинга сурмоқда.

 

3. Ҳамма учун, фақат қизлар учун эмас

 

Эски Disney фильмлари асосан қизлар аудиториясига мўлжалланган эди. Аммо энди студия болаларни умумий қамрамоқда.

 

Тажрибалар кўрсатадики, ўғил болалар романтик сюжетларга камроқ қизиқади, лекин саргузашт, дўстлик ва қаҳрамонлик ҳикоялари ҳамма учун жозибали бўлиши мумкин.

 

4. Янги авлод, янги қадриятлар

 

Бугунги болалар учун “доим қутқарувчи шаҳзода” ғояси замонавий эмас. Улар экранда “Мен ўзимни ўзим қутқара оламан”, “Мен кучли ва мустақилман” деган фикрларни кўришни хоҳлашади.

 

Шундай қилиб, Disney маҳсулотлари болаларнинг янги дунёқарашини шакллантиришга ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, кўплаб психологлар фақат романтик севгига асосланган филмлар болаларда муносабатлар ҳақида нотўғри тасаввур шакллантиришини таъкидлашади.

 

Романтика ўлдими ёки ўзгардими?

 

 

Disney романтик севгидан бутунлай воз кечдими? Йўқ, фақат уни кенгайтирди, қайта шакллантирди, мураккаброқ ва рангбаранг кўринишда тақдим этди.

 

Севгининг янги қиёфаси

 

Бугунги Disney севгининг кўп қиррали эканлигини кўрсатади:

 

Оилага муҳаббатЭнкантода Мирабел ўз оиласини тушунишга ва бирлаштиришга ҳаракат қилади. Кокода эса Мигел бобо-бувиларининг севгиси билан боғланади ва бу боғланиш унинг ҳаётини ўзгартиради. Фильм оилавий ришталарнинг кучини, авлодлар ўртасидаги боғлиқликнинг аҳамиятини кўрсатади.

 

Дўстлик севгисиЛукада икки бола ўртасидаги дўстлик севгиси марказий ўринда туради. Улар бир-бирига ёрдам беради, қўллаб-қувватлайди, ва охир-оқибат бир-бирининг ҳақиқий дўсти бўлиб қолади. Бундан ташқари, Қалб(Соул)да Жо ва 22 бир-бирини тушуниб, ўзаро ёрдам беради. Улар ўртасидаги дўстлик ҳаётнинг маъносини англашга ёрдам беради.

 

Ўзини севишМоанада қиз ўз йўлини топади, Уммон билан бирлашади ва ўз қобилиятларига ишонади. Муз Юракда эса Элса ўз кучини ҳис қилишни ўрганади ва ўзини қандай бўлса шундай қабул қилгандан сўнг, у бошқаларга ҳам ҳақиқий севгини кўрсата олади.

 

Романтик севги йўқолмаган, лекин у эндиликда севгининг ягона шакли эмас. Бу худди жамиятдагидек, бизнинг ҳаётимизда ҳам ҳар хил севги бор ва уларнинг ҳар бири ўз ўрнига эга.

 

Романтиканинг янги модели

 

 

Агар Disney яна романтик севги ҳикояларига қайтса, улар анча бошқача кўринишда бўлади:

 

Қизлар ва ўғиллар тенг ҳуқуқли шериклар сифатида тасвирланади;

Севги фақат ташқи гўзалликка эмас, балки шахсий фазилатлар ва ўзаро тушунишга асосланади;

Биринчи кўришдаги севги эмас, балки вақт ўтиши билан ривожланадиган ҳиссиётлар кўрсатилади;

Қаҳрамонлар аввал ўзини топиш, кейин севгини излаш тамойилига амал қилади.

 

Муз Юракдаги Анна ва Кристоф муносабатлари бунга мисол. Улар дарҳол бир-бирига ошиқ бўлмайдилар. Аввал биргаликда саргузаштларни бошдан кечирадилар, дўст бўладилар, бир-бирини танийдлар ва кейин секин-аста севги пайдо бўлади.

 

Disney севги эртаклари эволюцияси

 

 

Disney севги эртакларидан воз кечмади, балки уларни янги авлод учун мослаштирди. Бу ўзгариш дунёқарашимизнинг, қадриятларимизнинг ўзгаришини акс эттиради. Болалигимизда эшитган “Менинг шаҳзодам келар бир кун” қўшиғи ўрнига (Оппоғойдан), бугунги кунда “Ўз ҳаётимни ўзим яратарман” деган янги қўшиқ янграяпти (Муз Юракдан).

 

Disney севги эртаклари йўқолмади – улар бизнинг ўзимиз каби ривожланмоқда. Болалигимизда шаҳзодалар қизларни қутқарар эди, бугун эса қаҳрамонлар аввал ўзини қутқаради, ўз кучини ҳис қилади ва кейин тўлақонли севгига тайёр бўлади.

 

Бу янги эртаклар болаларимизга нимани ўргатади? Балки ҳаётимиздаги энг катта саргузашт – ўзимизни англаш ва севишни ўрганишдир. Эҳтимол, бу барча эртакларнинг энг сеҳрли сабоғидир.

 

Бу янги сабоқ болалигимизнинг сеҳрли эртакларидан ҳам кўра чуқурроқ, ҳаётимиздаги ҳақиқий севгига яқинроқ бўлиши мумкин. Балки, айнан шу сабабли Disney ўз тарихида янги саҳифани очмоқда.

 

Самандар ЭРКИНЖОНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19273
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//