“Борига қаноатланасиз, сизларга ёрдам беролмаймиз” – Уруш даврида кўп болали оналар қандай яшаган?


Сақлаш
17:41 / 25.02.2025 14 0

Урушнинг бошланиши республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни тубдан ўзгартириб юборди. Оиланинг асосий таъминотчиси бўлган эркакларнинг урушга сафарбар этилиши аҳолининг турмуш-тарзига ва уларнинг иқтисодий таъминотига жуда катта салбий таъсир қилди. Шунингдек, урушга жалб этилган эркакларнинг ўрнини ҳам тўлдиришга мажбур қилинган хотин-қизлар, ёшлар ва қарияларнинг ижтимоий ҳолатига эътибор қаратиш давр талабига айланди. Чунки фронтни маҳсулот билан таъминлашда уларнинг ҳиссаси жуда ҳам катта эди.

 

Урушнинг машаққатли йиллари ва ундан кейинги даврда кўплаб оналар моддий жиҳатдан қийин аҳволда қолди. Оғир вазиятни бироз юмшатиш мақсадида айрим имтиёзлар жорий этилди. Жумладан, озиқ-овқат карточкалари жорий қилинган шаҳарларда 1942 йилнинг июль ойидан ҳомиладор аёллар учун ҳомиладорликнинг 6-ойидан бошлаб ва туғганларидан кейинги икки ой давомида, шу билан бирга эмизикли аёллар учун озиқ-овқат сотишни уюштириш мажбурияти юклатилган эди. Ҳар ойда бир кишига ёғ – 400 грамм, қанд – 300 грамм, дон маҳсулотлари – 600 грамм ҳамда сут – 6 литр миқдорда озиқ-овқатлар бериш кўзда тутилган. Берилган озиқ-овқатлар нормасидан келиб чиқиб шу нарса маълум бўладики, уруш Ўзбекистон аҳолисининг турмуш даражасини оғирлаштириб, озиқ-овқат танқислигини вужудга келтирган. Натижада ҳар бир кишига қатъий меъёрланган тартиб асосида озиқ-овқатлар тақсимланган.

 

1943 йил 4 ноябрь ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига ёрдам бериш юзасидан У.Юсуповнинг Тошкент вилояти ходимлари билан учрашуви бўлиб, аҳолининг моддий шароити муҳокама қилинган. Жумладан, озиқ-овқат масаласида қийинчиликлар пайдо бўлиши, У.Юсуповнинг маълумот беришича, баъзи туманларда 10–15%, баъзиларида эса 20–25% ҳарбий хизматчиларнинг оилалари озиқ-овқат билан таъминланмаганлиги, бу оилаларнинг ҳаммаси бир хил муҳтожликда кун кечирмаганлиги таъкидланиб, уларни 3 гуруҳга бўлган:

 

1-гуруҳга – қўлидаги озиқ-овқати 1–2 ойгагина етиб қоладиган, кўп болали оилалар;

 

2-гуруҳга – қўлларидаги озиқ-овқат тежаб сарф қилганида йилнинг охиригача етадиган оилалар. Бундай оилалар ҳамма ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига нисбатан 30–40% ни ташкил қилганини таъкидлаган. Бу гуруҳ оилаларига нисбатан “Озиқ-овқатингиз камроқ бўлса ҳам бори билан қаноатланасиз, биз сизларга озиқ-овқат беролмаймиз, чунки ёрдамга жуда ҳам муҳтож бўлган оилалар бор”, деб тушунтирув ишлари олиб борилган;

 

3-гуруҳга уруш ногиронларининг оилалари киритилган. Юсупов давлат ихтиёридаги озиқ-овқат ресурслари кўп эмаслигини тан олиб, ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига озиқ-овқат билан ёрдам бериш учун колхозчилар ва корхоналарнинг ресурсларидан кенг равишда фойдаланиш кераклигини таъкидлаган.

 

Шу сабабдан ҳам кўп болали оилаларни таъминлашга эътибор берилди. СССР Олий Советининг Президиуми 1944 йил 8 июлда “Ҳомиладор ва кўп болали аёлларга давлат ёрдамини ошириш, “Қаҳрамон она” номли фахрий унвон, “Оналик шуҳрати” ордени ҳамда “Оналик медали” деган медални таъсис этиш тўғрисида” қарор чиқарган эди. Қарор асосида она ва болаларга бир қанча имтиёзлар берилиши кўзда тутилган. Биринчидан, кўп болали оналар учун нафақа бериш; иккинчидан, корхона ва муассасаларда ишловчи аёллар учун ҳомиладорлик таътилларини узайтириш; учинчидан, иш вақтларида ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар учун қулай шароитлар яратиб бериш; тўртинчидан, боласи кўп оналарга болаларини ясли ва боғчаларда жойлаштириш; бешинчидан, моддий ёрдам кўрсатиш билан бирга, кўп болали оналарга фахрий унвон ва медаллар жорий этиш.

 

1936 йилдаги қарорга мувофиқ, аёлларга кўп болалик нафақаси еттинчи боласи туғилганидан кейин берилар эди. Бу масала 1944 йил 8 июлдаги қарор билан ўзгариб, учинчи бола туғилиши билан тўланган ва кейинги туғилган ҳар бир бола учун бериладиган нафақа миқдори ошиб борган. Мазкур қарор доирасида ижтимоий сиёсатдаги яна бир ўзгариш, бу − “кўп болали она” мезонига енгиллик берилишидир. Яъни, 3 та ва ундан кўп болалилар “кўп болали она” сифатида белгиланган. Аёллар 3-боласига 400 сўм, 11 ва ундан кейинги ҳар бир бола учун эса бир йўла 5000 сўм миқдорда нафақа олган. Нафақа тўлашда боланинг ота-онаси бир корхона ёки муассасада камида 3 ой ишлаган ва нафақа сўраб мурожаат қилганда уларнинг иш ҳақи 400 сўмдан ошиқ бўлмаган тақдирда тўланган. Шунингдек, эгизаклар туғилган вақтда нафақа ҳар бир бола учун берилган. Аммо нафақа тайин қилинган бола вафот этса, кўп болали онага нафақа муддатдан олдин ҳам тўхтатилган. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, аҳоли орасида янги қабул қилинган қонунлар борасида тушунтириш ишларининг олиб борилмагани натижасида биринчидан, кўп болали оналар нафақа сўраб мурожаат этмаганлар. Мисол учун, биргина Тошкент вилояти Октабр туманида 1944 йилда қабул қилинган фармондан кейин ҳам янги туғилган 260 нафар бола учун нафақа тўланмаган. Тушунтириш ишларининг яхши йўлга қўйилмагани сабабли 100 га яқин кўп болали оналардан фақат 4 тасигина нафақа сўраб ариза берган. Ҳаттоки туман молия бўлими мудири туманда қанча кўп болали она борлиги ҳақида маълумотга эга бўлмаган. Шаҳар молия бўлими туман молия бўлимига кўп болалик аёлларга нафақа бериш тартиби тўғрисида аниқ йўл-йўриқ кўрсатмаган. Иккинчидан, она ва болаларга ёрдам кўрсатувчи баъзи ташкилотларнинг раҳбарлари оналарнинг аризаларини натижасиз қолдириши ҳолатлари юз берган. Масалан, Когон туман ижтимоий таъминот бўлимига кейинги 4 ой ичида кўп болали оналардан 89 та ариза тушган. Шулардан фақатгина 21 таси кўрилган. Қолган аризалар натижасиз қолдирилган. Кўп болали она Йўлдошева, Бакировалар олиши лозим бўлган 4000 сўмдан пулларини ололмаганлар. Бу каби ҳолатлар бошқа вилоятларда ҳам учраб турган.

 

Корхона ва муассасаларда ишловчи аёллар учун ҳам енгилликлар бериш кўзда тутилган. Жумладан, уларнинг ҳомиладорлик таътиллари 63 кундан 77 кунгача узайтирилди. Ҳомиладорлик ва туғиш юзасидан таътил олган вақт ичида, бир корхонада камида 3 ой (илгари белгиланган 7 ой ўрнига) узлуксиз ишлаган бўлса, амалдаги қонун томонидан белгиланган миқдорда нафақа тўланган. Ҳомиладор аёлларни оғир ишдан енгил ишга кўчириш, кечки навбатчиликлардан кундузги навбатчиликларга ўтказиш, зарарли ва ер ости ишларидан озод қилиш, ёш болали аёлларнинг боласини овқатлантириш учун вақт белгилаб қўйиш, боласи бир ёшга киргунча бошқа ишга ўтса узлуксиз стажи сақланиши ва маошсиз таътиллар олиш каби имтиёзлар мавжуд бўлган. Шунингдек, қонунга кўра, ҳомиладор аёллар ҳомиладорликнинг 4-ойидан бошлаб корхона ва муассасалардаги иш соатидан ташқари ишларга тортилмаслиги, эмизикли болалари бўлган аёллар эса боласи сутдан чиққунча тунда ишлатилмаслиги қайд этилган. Бироқ амалда бу ўз аксини топмаган, юқоридаги имтиёзларга хилоф равишда аёлларни оғир ишларга жалб этиш ҳолатлари юз берган. Мисол учун, 1944 йил оғир туғруқни бошидан кечириб, фарзандини йўқотган Музропова Рўзихол бетоб бўлишига қарамай, мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Ҳаттоки белгиланган нормани бажара олмаган тақдирда НКВД ходимлари касал ётганига қарамай уни очиқ судга бермоқчи бўлган.

 

Ҳомиладор аёлларга, бола эмизувчи оналарга қарорнинг 8-моддасига мувофиқ, ҳар ойда даволаш муассасаларининг маълумотномалари асосида вилоят, шаҳар савдо бўлимлари томонидан карточка бюролари орқали бериладиган талонлар бўйича ёрдам амалга оширилган. Шаҳарда яшовчи ҳар бир аёлга ҳомиласи 6 ойликдан ўтгандан бошлаб ҳар ойда қуйидаги миқдорда ёрдам берилиши кўзда тутилган: мол ёғи 800 грамм, қанд 600 грамм, макарон 1200 грамм, сут 12 литр. Бироқ сут ва доривор ўсимликларнинг етишмаслиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлиги (болалар бўтқаси 200 грамми 6 рубл 30 тийин, кефир 6 рубл, сут 6 рубл 30 тийин) натижасида баъзи ота-оналар ҳам ундан фойдалана олмагани архив ҳужжатларида қайд этилган.

 

Ўзбекистон ССР ХКСнинг 1944 йил 30 августдаги 1032-сонли қарорига биноан, кўп болали ва ёлғиз аёлларга давлат ёрдамини бериш бошқармаси бўлимлари ташкил қилинган эди. Бу бўлимлар орқали кўп болали оналар аниқланиб, уларга нафақалар берилган. 1945 йил ҳисоби бўйича Ўзбекистон ССРда 15 мингга яқин кўп болали ва ёлғиз оналар давлат нафақаси олганлар. Бир йил давомида нафақа олувчиларнинг бу қадар ошиши биринчидан, ўлим ҳолатининг ошиши натижасида кўп болаликнинг рағбатлантирилиб нафақа жорий қилиниши; иккинчидан, ҳалок бўлганлар ҳисобига ёлғиз аёлларнинг кўпайиши билан изоҳланади.

 

Хуллас, она ва болаларга ёрдам кўрсатувчи баъзи ташкилотларнинг раҳбарлари оналарнинг шикойталарини натижасиз қолдириш, аҳоли орасида янги қабул қилинган қонунлар борасида тушунтириш ишлари олиб борилмагани, натижада кўп болали оналар нафақа сўраб мурожаат этиш ҳолатлари, бўлим мудирларининг ўз ҳудудида кўп болали она борлиги ҳақида маълумотга эга бўлмаганлиги кузатилган.

 

Миршод СИДДИҚОВ,

ЎзФА Тарих институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Жараён

17:02 / 21.02.2025 0 55
Қайта яралаётган қадим ҳунар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 15984
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//