
“Бешик боласи бек боласи”, дейди халқимиз. Росдан ҳам шундайми?
Янги туғилган бола саломатлигида ювинтирилиши, йўргакланиши, ейиш-ичиши ва ухлаши кабилар катта аҳамият касб этади.
Абдурауф Фитрат “Оила ёки оилани бошқариш тартиблари” китобида: “Бу дунё кураш майдонидир. Бу майдоннинг қуроли соғлом жисму тан, ақл ва ахлоқдир”, дейди. Фитрат тарбиянинг ҳар бир қисми туғилишдан етти ёшгача аввал ота-она зиммасига тушади, саккиз ёшдан йигирма ёшгача мактаб ва мадраса зиммасига, кейин умрининг охиригача одамнинг ўз бошига тушишини айтади.
Абдулла Авлоний ўзининг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” китобида: “Баданнинг саломат ва қувватли бўлмоғи инсонга энг керакли нарсадур. Чунки ўқумоқ, ўқутмоқ, ўрганмоқ ва ўргатмоқ учун инсонга кучлик, касалсиз жасад лозимдур”, дейди. Авлоний болани соғлом ўстириш билан бирга тўғри тарбия қилишдаги бир қанча масъуллар ҳақида гапиради. Уй тарбияси – она вазифаси, мактаб ва мадраса тарбияси – ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифаси эканлигини ёзади. Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак, танини пок тутмак, ёш вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмак кераклигини таъкидлайди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф болани бешикка белаш ёки беламаслик кишининг ўз ихтиёрида эканини айтади. Болани бешикка белаганда ёстиғининг остига қайроқ тош, пичоқ, нон каби нарсаларнинг қўйилиши нотўғри амаллардан ҳисобланишини таъкидлайди.
Бешикнинг фойдали ҳамда зарарли томонлари ҳақида сўз борганда шифокорлар масалага ечим топишга ҳаракат қиладилар. Педиартлар бешик боланинг эркинлигини чеклайди деган фикрни қўллаб-қувватлайди ва бешикда ухлаш соатлари меъёрдан ошиб кетмаслиги кераклигини айтади. Бешик бола ўзига-ўзи зиён етказишидан асрашини, бошқа жиҳатдан, агар белаш вақти меъёрдан ошиб кетса, мушаклари ривожланишига ва қон айланишига салбий таъсир этиши мумкунлигини айтишади. Агар бешик устига ёпиладиган мато фаслга мос, ҳавони яхши ўтказувчи матодан танланса, болада ҳаво билан боғлиқ муаммо бўлмайди. Энг асосийси – бешикка белаш қоидаларига қатъий риоя қилиш деган фикрни билдиришади. Педиатрларнинг таҳлили бўйича, бешикнинг қуйидаги фойдали ва эҳтиёткорлик зарур бўлган томонлари бор. Фойдали томонлари:
- қадди-қомати ва умуртқа поғонаси бир текисда, равон ўсади;
- қўли билан ўзини ўзи жароҳатламайди, бармоғини сўрмайди;
- памперсга кетадиган харажат ва таглик ювишга кетадиган вақт тежалади;
- ухлатиш учун қулай, тебраниш вақтида ўз инерсияси билан ухлайди;
- таглиги доим қуруқ бўлади, ҳар хил тери касалликларининг олди олинади;
- қўлга ўрганиб қолмайди, кўтариб ўргатилган бола доимо шундай эътибор талаб қилади.
Меъёрга ёки қоидаларга риоя қилинмаса:
- боланинг кун бўйи, узлуксиз бешикда ётиши зарарли. Куз ва қиш ойларида бола терисига ёруғлик тушиши камаяди. Оқибатда Д витамини етишмовчилиги ривожланиши мумкин;
- боланинг қўл-оёқларини сиқиб боғлаш ўз навбатида қон айланиши бузилишига олиб келади;
- бола узоқ ётиши ҳисобига бошининг энса қисмида деформациялар юзага келиши мумкин;
- бешикда болани доимий бир томонлама эмизиш қийшиқ бўйинликка сабаб бўлиши мумкин;
- сумакдан фойдаланишда гигиена қоидаларига риоя қилинмаса, жинсий аъзолардаги инфекцион касалликларга сабаб бўлиши мумкин;
- бешикни қаттиқ ва тез тебратиш марказий асаб тизимидаги жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.
Миллат ойдинлари янги оламга келган болани ниҳолга ўхшатганлар. Улар болага тиббий жиҳатдан керакли бўлган омилларни оиланинг асосини ташкил этувчи ота ва оналар билишлари лозим деб ҳисоблаганлар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойина” журналининг 1915 йил 8-сонида босилган “Бешикларимиз миямизни ўядур” мақоласида болани бешикка белаш ҳақида ёзади. Маҳмудхўжа Беҳбудий ислоҳни бешикдан бошламоқ кераклигини айтади. Беҳбудий: “Инсон бошининг катталиги ва шакли кичикликдан, бешикда сиқилмасдан, зарб емасдан табиий ҳолатда ўсмоғини ақл ва истеъдоднинг зиёдалигиға албатта дахли борлигини аҳли дониш баён этган”, дейди. Туркистонда болани 7 кунлигидан бошлаб бешикка қаттиқ боғлаб, остини юмшатмай, 2-3 йил шу ҳолда катта қилишлари, шу сабабдан аксар болаларнинг бошини бешиклар сиқиб, орқа тарафи ялпоқ, баъзан ичига қараб чуқур бўлиб, юмурта ёинки олмага ўхшаган бошнинг асл шакли бузилиб кетишини айтади.
Беҳбудий мия ва бошқа бошдаги аъзо ҳамда томирлар, пайлар бешикнинг сиққани сабабидан етилмай қолиши натижасида ақл ва истеъдод, фаҳмнинг ноқислигига сабаб бўлишини бир неча мисоллар билан исботлайди.
Бола боши бешикка қаттиқ белангани сабабидан табиий ва аслий ҳолатидан чиқиб кетади, бош мия томирларининг сиқилиши, баъзи ҳужайраларнинг йўқ бўлиб кетиши оқибатида баъзи болалар келажакда соқов, ёинки гунг ва гапиролмаётгани, кўзининг ғилайлигига ҳам шуни сабаб сифатида кўрсатаётган шифокорлар бор. Шифокорлар фикрига Беҳбудий ҳам қўшилиб, бизнинг бешикларда бола йил бўйи қаттиқ боғлангани учун ошқозони беҳузур бўлиши, бошқа тарафдан ички ва ташқи аъзоларининг ривожланишига халал беришини таъкидлайди. Натижада бола тез катта бўлмайди ҳамда тез фурсатда юриб кетмайди.
Фитрат болани йўргаклашдаги қоидаларга алоҳида эътибор қаратади. “Болани қаттиқ боғламайдилар, қўлларини йўргак ичида қолдириш ҳам тўғри эмас, балки болани сустроқ боғлаш лозим, токи, бадани табиий ҳаракатдан қолмасин. Маълумки, нафас олиш жараёнида одамнинг кўкраги кўтарилиб тушади. Агар шу ҳаракатни ман этсак, нафас олиши қийин бўлади. Шунинг учун болани йўргакда қаттиқ боғласак, боланинг нафас олиб чиқариши қийин бўлади, кўкраги сиқилади”.
Қаттиқ боғлашда бирон аъзоси озор топиб, майиб бўлиши мумкин. Йўргакни қаттиқ боғлаш гўдакнинг қорнини сиқади ва ҳазм аъзоларига ўз вазифаларини бажариш учун халал беради. Бинобарин, бечора гўдак сутини ҳазм қила олмай, ичкетар касаллигига мубтало бўлиши мумкин. Ич кетиш, хусусан, болалар учун хатарлидир. Бугунги кунда тиббиёт илми исботалаганки, одам ҳаётининг асосини қон ва қон ҳаракати ташкил қилади. Агарда қон ҳаракати катта ва кичик томирлар орқали етарли даражада бўлмаса, яшаш учун хавфлидир. Гўдакни қаттиқ боғлаш, ана шу қон ҳаракатини қийинлаштиради. Шу сабабдан бола баъзи касалликларга чалинади.
Боланинг кийимлари озода бўлиши асосий омиллардан ҳисобланади. Кирлик, чиркинликдан барча касалликлар келиб чиқади.
“Бешиклари ҳам зиндондан қолишмайди”, дейди Фитрат. Жигарпорамизни ҳаракат, ёруғлик ва ҳаводан, яъни инсон ҳаёти учун зарур бўлган учта асосий нарсадан маҳрум қиламиз. Уларнинг қўл-оёқларини боғлаш, бешиклари устини қалин говрапўшлар билан ёпиш, яъни уларни ҳаракат, ҳаво ва нурдан маҳрум этиш, албатта, зарар. Бешик устини очиб қўйиш ҳам яхши эмас, чунки чивин ва пашша гўдакка тинчлик бермайди. Бинобарин, оналаримиз бола устини тўр ёки ҳарир билан ёпишлари лозим. Агарда болага қоронғу ёки иссиқлик зарур бўлса, бешикни эмас, уйни қоронғу қилиш ва иситиш лозим.
Хулоса шуки, жадидларимиз миллат келажаги ҳисобланган болаларнинг ҳолатига эътибор қаратганлар. Гўдакларнинг овқатланиши, уйқуси, поклик масаласи, ҳаракатланишига керакли шароитларни яратиш лозим деб ҳисоблаганлар. Шундай экан, болани бешикка белаганда асосий қоидаларга амал қилиш, бола саломатлиги масалаласига оид бўлган илмлардан ҳар бир она ҳамда ота хабардор бўлиши, ота-она ўзларига берилган тирик жоннинг омонатлигини ҳис қилиб, боланинг соғлиги, ақлий ва ахлоқий тарбияси устида бош қотиришлари лозим.
Маҳмуда ҒОЙИБНАЗАРОВА,
ЎзФА Тарих институти таянч докторанти
Тарих
Санъат
Адабиёт
Жараён
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ