Ҳатто тинчлик даврида уларнинг кўриниши ёки номи ҳаммани даҳшатга соларди – Турон ҳудудида ҳукмронлик қилган абдаллар кимлар эди?


Сақлаш
16:15 / 19.02.2025 36 0

Абдаллар илк бор ёзма манбаларда 4-юзйилликдан бошлаб тилга олинади ва турли номлар билан аталган. Бу номларнинг хилма-хиллиги, улар билан алоқада бўлган халқларнинг уларни ўз тилларида қандай аташидан келиб чиққан. Масалан, арман манбаларида “хептал”, “хеттал”, “тетал”; византия манбаларида “абдел”, “эфтал”, “оқ хунлар”; паҳлавий (ўрта форс) манбаларида “эфтал” ва “хефтал”; сурёний манбаларида “эпталит”; хитой манбаларида “е-да” , “е-диен”, “идан”; ҳинд манбаларида “хунлар”; араб манбаларида “ҳайтал” ва “ҳаятила” номлари билан аталган. Ўз танга ёзувларида – Абадало (ηβοδαλο ββγο) номи қайд этилган.

 

1-расм. Абдаллар кумуш идишида акс этган жанг тасвири. Лондондаги Британия Музейи: Инвентор: 1963. 1210.1

 

Тарихий тадқиқотларда юнон манбаларида қайд этилган “эфталийлар” атамаси кенг тарқалган. Бироқ улар ўзларини “абдал” номи билан атаганлар. Шу сабабли, тадқиқотларда “абдал” номини ишлатиш мақсадга мувофиқдир.

 

Абдаллар 5-юзйилликнинг ўрталаридан 6-юзйиллик ўрталарига қадар Турон ҳудудида ҳукмронлик қилган. Абдалларнинг марказлашган бошқарув ва кучли армияси давлатнинг қудрати ошишини таъминлаган. Улар ўз қудратининг чўққисига эришган вақтда давлатнинг чегаралари шарқдан ғарбга: Хўтандан (Шарқий Туркистон) Эрон чегараларигача ва шимолдан жанубга: ҳозирги Қозоғистон даштларидан Шимолий-ғарбий Ҳиндистонгача, яъни Марказий Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистоннинг бир қисми ва Хитойнинг (Шарқий Туркистоннинг бир қатор воҳалари) катта қисмини эгаллаган. Улар Сосонийлар ва Гупта империялари каби йирик давлатлар билан рақобатлашган ва уларга қарши муваффақиятли урушлар олиб борган. Абдалларнинг Турон ҳудудидаги ҳукмронлиги 6-юзйилликнинг ўрталарида Турк хоқонлиги томонидан тугатилган.

 

Абдалларнинг давлат бошқаруви ва ҳарб ишига оид маълумотлар асосан хитой, византия, паҳлавий, сурёний, арман манбалари, шунингдек, Афғонистонда жойлашган “Рават ҳукмдори” архиви маълумотларига асосланади. Минтақанинг турли жойларидан топилаётган абдалларга тегишли қабр қўрғонлардаги қурол-яроғлар, жангчиларнинг кийимлари, от-уловлари билан бирга қоятош суратларида тасвирланган жанг лавҳалари ҳам бу ҳақида янада аниқроқ маълумотлар беради.

 

Византиялик тарихчи Прокопий Кесарийский асарида: “..аслида абдаллар ҳам Хунлар зотидан, аммо улар бизга маълум бўлган хунларнинг ҳеч бирига қўшилмайдилар, чунки улар бошқа хунларга на қўшни ва на уларга унча яқин бўлган ерда яшайдилар... Улар бошқа хун халқлари каби кўчманчи эмаслар, балки узоқ вақтдан бери яхши ерда жойлашиб яшайдилар. Шунинг натижасида улар ҳеч қачон Рим ҳудудига бостириб кирмаганлар. Улар хунлар орасида оқ танли ва ёқимли юзга эга бўлган ягона халқдир. Шунингдек, уларнинг турмуш тарзи қариндошлариникига ўхшамайди ва улар каби ёввойи ҳаёт кечирмайдилар, аксинча, уларни битта шоҳ бошқаради ва қонуний тузумга эга бўлганликлари сабабли, улар ҳам римликлар ва форслар каби бир-бирлари билан ҳам, қўшнилари билан ҳам муомалада адолат ва ҳақиқатга риоя қиладилар...”, деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, давлатнинг “битта шоҳ томонидан бошқарилиши” абдалларнинг кучли марказлашган давлатга эга эканини, “қонуний тузумга эга” деб таърифланиши уларнинг жамиятида қонунлар ва қоидаларга асосланган бошқарув тизимининг мавжудлигини кўрсатади. Шунингдек, “бир-бирлари билан ҳам, қўшнилари билан ҳам муомалада адолат ва ҳақиқатга риоя қиладилар” деб таърифланиши, уларнинг давлат бошқарув тизимида адолат ва тенглик тамойилларига амал қилинганини англатади.

 

Қўшин тузилиши ва қуроллар. Абдалларнинг ҳарбий тузилмаси жамиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан. Улар сиёсий жиҳатдан чорвадор ва ўтроқ аҳолини бирлаштирган қабила иттифоқидан иборат эди. Турли халқ ва элатларнинг ягона шоҳ ҳукмронлиги остида бирлаштирилиши эса уларнинг ҳарб ишининг ривожланишига замин яратган. Жанг пайтида абдаллар ҳар икки турдаги аҳолининг ҳарбий маҳоратидан унумли фойдаланганлар. Чорвадорлар отлиқ жангларда тажрибали бўлгани ҳолда, ўтроқ аҳоли қалъа ва мудофаа иншоотларини қуриш ва ҳимоя қилишда устунликка эга эди.

 

Ёзма ва археологик маълумотларда абдалларнинг қўшин тузилиши ҳамда улар томонидан ишлатилган қурол-яроқлар келтирилган. Хусусан, хитой манбаларида моҳир жангчи ва ажойиб камончилар сифатида тасвирланган. Улар от устида туриб ҳам, пиёда ҳолда ҳам аниқ нишонга олиш қобилиятига эга бўлишган. Сосонийлар ва Гупта давлатлари билан бўлган жанг тафсилотларига қараганда, пиёда аскарлар оғир гурзи билан қуролланган. Паҳлавий, сурёний ва арман манбаларида уларнинг асосий қуроли қилич бўлгани қайд этилган. Сосонийларнинг абдаллар билан тўқнашувларидан кейин, улар чап ва сўл томонига қилич осиш тизимини абдаллардан қабул қилганлар.

 

Юқоридаги маълумотларга таяниб, абдалларнинг қўшин тузилишини 3 хил: 1). Отлиқ аскарлар; 2. Пиёда аскарлар; 3. Қамал қиладиган алоҳида жангчиларга ажратиш мумкин.

 

Манбаларда абдаллар кучли отлиқ қўшинга эга бўлгани келтирилган. Хусусан, “Суй сулоласи тарихи” асарида: “...уларнинг беш-олти минг кишилик отлиқ армияси бор. Улар яхши жангчилар ҳисобланади”, деб қайд этилган. Яна бир хитой солномасида аҳолиси довюрак ва кучли жангчилар экани тилга олинган. Отлиқ қўшин ҳам 2 га бўлинган. 1. Енгил отлиқлар асосан  камон ва ўқ билан қуролланган моҳир чавандозлар бўлиб, тезкор ҳужумлар, пистирмалар ва душманни таъқиб қилишда муҳим рол ўйнаган. Улар, одатда, енгил совутлар (масалан, тери ёки матодан тикилган) кийишган. 2. Оғир отлиқлар эса асосан зирҳли отлар ва тўлиқ зирҳли жангчилар (масалан, тангачали ёки занжирли совут)дан иборат бўлиб, тўғридан тўғри тўқнашувларда ҳал қилувчи зарба беришга мўлжалланган. Улар найза, қилич ва тўқмоқ каби қуроллардан фойдаланишган. Абдаллар отлиқ қўшинларининг тезкорлиги ва эпчиллигидан усталик билан фойдаланишган. Улар душманга кутилмаган зарбалар бериш, қанотлардан айланиб ўтиш ва тезда чекиниш орқали устунликка эришишган.

 

Пиёда аскарлар эса найза, қилич ва гурзилардан иборат қуроллар билан қуролланган. Улар ҳимоя учун қалқонлар олиб юрган ва узоқдан ҳужум қилиш учун “отқич”[1]лардан фойдаланишган. Тарихий маълумотларда абдалларниннг чўқмор билан қуроллангани ҳам тилга олинади.

 

Абдаллар мустаҳкам шаҳарлар ва қалъаларга ҳужум қилиш учун манжаниқлар ва қўчқор юзли тўқмоқ[2] каби қамал қуролларидан фойдаланган. Манбаларда отлиқ ва пиёда қўшиндан ташқари шаҳар ва қалъаларни қамал қиладиган алоҳида қўшин бўлгани келтирилган.

 

Жанг услуби. Абдаллар турли географик шароитлар (чўллар, тоғлар, текисликлар)да жанг қилишга мослашган. Улар ҳар бир муҳитда энг самарали услубни қўллаган. Манбаларда отлиқ ва пиёдаларнинг алоҳида жанг усуллари бўлгани келтирилган. Жанг бошланган паллада душман қўшинларини узоқ масофадан ўқ ёғдириш орқали заифлаштиришган ва кейин яқиндан жангга киришган. Отлиқ қўшинларнинг жанг услуби тезлик, ҳаракатчанлик ва ҳужумкорликка асосланган эди. Отлиқ қўшинлар уларга тез ҳаракатланиш ва душманнинг заиф томонларига ҳужум қилиш имкониятини берган. Катта ва кичик жангларда абдаллар пистирма қўйиш усулидан ҳам фойдаланишган.  Улар душман қўшинларини ўзларига жалб қилиш учун кичик гуруҳлар билан ҳужум қилишган ва кейин асосий кучлар билан тўсатдан ҳужум уюштиришган. Шунингдек, абдаллар жангда тезкор ҳужумлар уюштириш ва кейин тезда чекиниш усулини ҳам қўллашган. Бу уларга душманнинг режаларини бузиш ва уларни чалғитиш имкониятини берган. Бундан ташқари, абдаллар душманнинг жанговар руҳиятини пасайтириш учун психологик уруш усулларидан фойдаланган. Арман тарихчиси Лазар Парпетси  асарида: “...ҳатто тинчлик даврида ҳам абдалларнинг кўриниши ёки номи ҳаммани даҳшатга соларди ва ҳеч ким уларга қарши очиқ уруш қилиш ҳақида ўйламасди, чунки ҳамма уларнинг сосонийлар шоҳига етказган фалокатлари ва мағлубиятларини жуда яхши эсларди. Нафақат оддий аскарлар, балки амалдорлар ва ҳарбий бошлиқлар ҳам абдаллардан қўрқишарди. Сосоний ҳукмдор Фируз юришга отланганда, унинг қўшинлари урушга кетаётган жангчиларга эмас, балки ўлимга маҳкум этилган одамларга ўхшаб олдинга қараб юришди”. Улар душман қўшинларини қўрқитиш ва уларнинг жанговар руҳини пасайтириш учун қўрқинчли кўринишга эга бўлган либослар кийишгани манбаларда келтирилган.

 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ўзбек давлатчилиги тарихида абдаллар ҳукмронлиги чоғи ҳарбий қудрат ва моҳир дипломатияни муштараклаштирган давр сифатида муҳим аҳамият касб этди. Уларнинг марказлашган давлат тузилмаси ва кучли қўшини нафақат кенг ҳудудларни назорат қилиш, балки Сосонийлар ва Гупта каби йирик империялар билан муваффақиятли рақобатлашиш имконини берди. Абдалларнинг ҳарбий ташкилоти ўтроқ ва кўчманчи аҳолининг жанговар анъаналарини ўзида мужассам этиб, пиёда ва отлиқ қўшинларнинг турли жанг услубларини моҳирона уйғунлаштирган. Бу эса уларга турли географик шароитларда самарали ҳаракат қилиш имконини берган.

 

Мардонбек РАЖАПОВ,

ЎзФА Тарих институти “Ҳарбий тарихни ўрганиш” маркази илмий ходими



[1] Отқич – тош отиш учун ишлатиладиган қурол.

[2] Қўчқор юзли тўқмоқ – бу қадимий замонларда қалъа деворлари, дарвозалари ва бошқа мустаҳкам иншоотларни бузиш учун ишлатилган қамал қуроли. У одатда катта, оғир ёғоч лог ёки темир билан қопланган ёғоч бўлган. Тўқмоқ одатда бир неча киши томонидан кўтариб юрилган ёки ғилдиракларга ўрнатилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Жараён

17:02 / 21.02.2025 0 17
Қайта яралаётган қадим ҳунар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 15803
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//