
Жараён
Барчамизга маълумки, ҳозирги кундаги кўпгина иқтисодий тушунчалар ва ғоялар Ғарб олимлари, айниқса Адам Смит билан боғланади. Аммо илк Уйғониш даврида яшаб ўтган аждодларимиз ҳам Ғарб олимларидан қолишмаган ҳолда, баъзан улардан ўтиб, ўзларининг иқтисодиётга оид фикларини асарларида баён этиб кетишган. Айниқса Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино асарларида иқтисод, оила иқтисоди ва давлатнинг иқтисодий ривожланишига оид кўплаб бебаҳо қарашлар илгари сурилган.
Абу Райҳон Беруний
Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Ал-Беруний ислом оламининг забардаст олимларидан бири. Ислом олими Латифга кўра, кўплаб олимлар Берунийнинг рисолаларини ўрганишган, улар орасида Эдвард Сашау, Артур Жеффри, Камар Ониаҳ Камаруззаман, Франц Росентҳал, Брюс Лоуренс, Жак Варденбург ва бошқалар бор. Ҳусайний ўз мақоласида таъкидлашича, ўрта аср мусулмон мутафаккирлари ишлаб чиқариш ва унинг самарадорлиги, давлатнинг иқтисодий функцияси ва тартибга солиш, йўқотишларнинг олдини олиш учун активларни диверсификация (корхона (бирлашма)ларнинг фаолияти соҳалари ва ишлаб чиқарадиган маҳсулотлари турининг кенгайиши, янгиланиб туриш) қилиш, иқтисодий ривожланиш ва бошқа кўплаб масалаларни муҳокама қилишган. Беруний ҳаттоки, замонавий иқтисодий тушунчаларни, жумладан, Малтуснинг аҳолининг ўсиши ҳақидаги назариясини ундан олдин илгари сурган.
Беруний аҳолининг меъёрий ўсиши кераклигини ва бу орқали иқтисодий тарраққиётга эришиш мумкинлигини ўз асарларида тавсия қилади. Унинг ижодини тадқиқ этган ғарб олимларининг фикрича, унинг асарларида пулнинг миқдорий назарияси асослари ҳам ёритилган. Беруний асарларида аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши ҳам бир қанча муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини баён этган ва ҳар қандай ўсиш атроф-муҳит томонидан чекланишини таъкидлаган. У шунингдек, бирор турнинг сон жиҳатдан ўсиш имкониятлари чексиз бўлса-да, унинг ҳақиқий ўсиши чекловчи ва гўёки, асосан ташқи омиллар билан чегараланишини тан олган. Беруний бундан ташқари аҳоли сонининг ортиши босими табиий саралаш жараёнига олиб келиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтган.
Беруний оиланинг иқтисодий ривожланишида бойлик тақсимотининг муҳимлигини таърифлаб берган. У шундай деган: “Ҳеч бир миллат мунтазам никоҳ ҳаётисиз мавжуд бўла олмайди, чунки бу маданиятли киши нафратланадиган эҳтирослар тўполонининг олдини олади ва ҳар доим зарар келтирувчи ёввойиликка олиб борувчи сабабларни йўқ қилади”. Яъни, миллат агар оила муносабатларини тўғри тартибласа, оила ривожланади ва натижада мамлакат ҳам иқтисодий жиҳатдан ривожланиши мумкин.
Ибн Сино
Абу Али ал-Ҳусаин ибн Абдуллоҳ ибн Сино ҳам ислом оламидаги энг етук олимлардан бири ҳисобланади. Ибн Синонинг “ал-Сиёсат ал-Манзилийя” асари “илм тадбир ал-манзил” бўйича кейинчалик ёзилган асарларнинг асосий манбаси деб қаралади. Ибн Сино инсонни ўз эҳтиёжлари учун етарли даражада таъминланмаган мавжудот деб таърифлайди. У инсонни ҳайвонлар билан солиштиради. Ибн Синонинг фикрича, инсон нафақат кундалик озиқ-овқат ва сувга, балки келажакдаги эҳтиёжларини ҳам таъминлашга муҳтождир. Шу сабабли, инсон уйга ва моддий бойликка эҳтиёж сезади.
Ибн Синонинг яна бир иқтисодий ғояси “Тадбир ал-Манзил” номли қисқа рисоласида баён қилинган бўлиб, у ерда сиёсий ҳамжамият, ижтимоий ташкилот ва даромад-харажат бошқаруви элементлари кўриб чиқилган. У жамиятни иккита асосий синфга ажратган: дам олиш синфи (бўш вақтга эга табақа) ва тижорат ҳамда саноатда (ишлаб чиқариш) ишлаши лозим бўлган синф. Иккинчи синф шаҳарнинг тирикчилик манбаларини таъминлаш учун меҳнат қилиши керак деб ҳисоблаган.
Ушбу синфий бўлиниш ўша даврдаги аристократик ижтимоий тузилишга яқин эди. Ушбу бўлинишда ҳукумат функцияси энг юқори ўринда туради, ундан кейин интеллектуал касблар, масалан, астрология ва тиббиёт, энг қуйи поғонада эса ҳарбий зодагонлар жойлашган эди. Хусусан, имтиёзли мавқега эга бўлган шахслар ўз даромадининг бир қисмини закот учун ажратишлари лозим эди. Закот Исломнинг беш устунидан бири бўлиб, у камбағалларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган тозаловчи солиқ ҳисобланади. Ибн Сино харажатлар адолат мезонларига мос бўлиши лозимлигини таъкидлаган. Унга кўра, адолатли ўртача йўл – иқтисод (иқтисодий меъёрда юритиш) тамойилига асосланиши керак.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, биз тарихимизни чуқурроқ тадқиқ этиш орқали аждодларимизнинг нафақат иқтисодий билимларга оид фикр ва қарашларини, балки ҳозирги кундаги бир қанча иқтисодий муаммоларимизга ҳам ечим топишимиз мумкин.
Шоҳруз ШАРИПОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Жараён
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ